Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


06.11.2025 | 10:17

img101

УЙҒУНЛИК ЭҲТИЁЖИ

Академик Бахтиёр Ибрагимов билан суҳбат

– Ассалому алайкум, домла! Фаолиятингиз билан танишиш жараёнида Сиз танлаган супрамолекуляр кимёнинг жаҳон илм-фанида мураккаб ва ёш соҳалардан бири эканига амин бўлдик.
– “Супрамолекуляр кимё” атамаси биринчи марта 1978 йилда Нобел мукофоти лауреати Жан-Мари Лен томонидан киритилган. У янги тармоққа “молекуляр кучлар таъсирида бир-бирига боғланган икки ёки ундан ортиқ кимёвий турларнинг бирлашиши натижасида юзага келадиган мураккаб объектларни тавсифловчи кимё” деб таъриф берган. Оддий қилиб айтганда, бу икки ёки ундан ортиқ молекула ўзаро бирикиб ҳосил қилган янги тизимларни ўрганадиган фан.
Аниқроқ тасаввур ҳосил қилиш учун қулф ва калит тимсолида тушунтираман. Қулф (мезбон молекула) бу асосий, мураккаб молекула бўлиб, махсус бўшлиққа эга. Калит (меҳмон молекула) эса қулф бўшлиғига айнан мос келади (мос келмаганлари эса, табиийки, киролмайди). Улар ўзаро бирикади, лекин мустаҳкам боғ ҳосил қилмайди. Аммо қулфлаш ёки очиш вазифасини бажараверади.
Супрамолекуляр моддаларда молекулалар ўзаро водород боғлари, Ван-дер-Ваалс кучлари ёки координацион боғланишлар орқали бирлашади. Бундай тизимлар табиатда ҳам кенг тарқалган: ҳужайра мембранаси, оқсиллар, нуклеин кислоталар мажмуаси ва ҳоказо.
– Сизни дунё кимёгарлари “Ибрагимов қоидаси”нинг асос­чиси сифатида таниб, ҳурмат қилар экан. Йигирмадан зиёд хориж­лик олимлар томонидан ­эътироф этилган, дунё бўйлаб ўнга яқин дарсликка киритилган қоида моҳиятини қисқача тушунтириб берсангиз.
– Қоидани соддароқ тушунтириш қийин, у полиморфизм ҳодисаси билан боғлиқ. Полиморфизм бу, бир хил кимёвий модда турли кристалл тузилишларда мавжуд бўлиши мумкин, дегани. Тадқиқотларда аниқладикки, ҳа­ро­рат ўзгарган сари ҳосил бўла­диган полиморф модификат­сия­лар таркибида “мезбон” ва “меҳ­мон” молекулалари ўзаро ҳар хил муносабатда бўлади. Бу клатрат деб аталадиган модда­лар турига киради: уларда катта молекула (мезбон) ичига бош­қа, кичик молекулалар (меҳ­мон) жойлашади. Ҳарорат қанча­лик юқори бўлса, меҳмон моле­кула­нинг жойлашиш ҳажми шун­чалик кичик бўлади. Мана шу қонуният кейинчалик кўплаб амалий ишларда қўл келадиган қоида сифатида шаклланди. Албатта, буни чуқур тушунтириш учун термодинамика, рентген-структура таҳлили, кристаллография каби мурак­каб илмий ёндашувларни қўллаш керак.
Энди, нима учун бу “Ибрагимов қоидаси” деб аталади, деган саволга келсак. Шу вақтга­ча ўт­тизга яқин давлатда бўлиб, турли конференцияларда маъруза қил­дим. 2003 йили Австралияда госсипол номли модданинг поли­морф шакллари ҳақида маъруза қилганимда, у ердаги олимлар мен илгари сурган назарияни шу модда учун ҳам тўлиқ мос келишини тан олишди. Шунда улар: “Бу ҳолатни сиз таклиф қилган қонуният билан тушунтириш мумкин, уни “Ибрагимов қоидаси” деб атайлик”, дея таклиф қилишди. Инглизчада “Руле developed by Ibragimov”, яъни “Ибрагимов томонидан ишлаб чиқилган қоида” деб юритила бошланди.
Бугунги кунда ҳам бу қоида жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан тан олинган ютуқ сифатида қайд этилади.
– Таржимаи ҳолингизда ҳар бир илм аҳли ҳавас қилгулик натижаларни кўриш мумкин. Яъни, Сиз шу вақтгача уч юздан ортиқ илмий иш, жумладан, ўнта ихтиро муаллифисиз. Бу ихтироларнинг амалиётда қўлланиши қандай кечмоқда?
– Амалиётда кенг фойда­ланилаётган ихтироларимиздан бири – тоза госсипол олиш усули. Госсипол пахта чигитида учрайдиган биоактив, аммо заҳарли модда; у жуда кучли биологик таъсирга эга – кам миқдорида дори хусу­сиятлари бўлиши мумкин, лекин кўп миқдорда заҳардир. Госсиполнинг тарихий кашфиёти қизиқ: баъзи Хитой вилоятларида маълум давр мобайнида бефар­зандлик ҳолати кузатилган ва бунинг сабабини тадқиқ этганда пахта ёғининг қайта ишлаш услубидаги ўзгаришлар билан боғлиқ госсипол излари топилган. Шу сабабли, госсиполнинг фарма­ко­логик имкониятлари ўрганилди, аммо у ножўя таъсирлари туфайли кенг қўлланилмайди – ҳозир унинг ҳосилаларидан ва модификацияларидан фойдаланиш йўли изланмоқда.
Бизнинг гуруҳ бир неча патент олган: 1980 йилларда Полша, АҚШ, Германия ва Италияда рўй­хат­ланган патентларимиз бор. Уларнинг ичида госсиполни тоза­лаш усули ҳам мавжуд – бу усул ҳозирда айрим ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланмоқда.
Яна бири “Ибрагимов қоидаси”дан келиб чиқадиган амалий дастурлар. Кўплаб фармацевтик модда­лар кристалланаётганда эритувчи моле­кулалари билан солват ҳосил қилади. Эритувчи молекулалари дори­нинг таркибига кирса, ножўя таъсирлар юзага келиши мумкин, қоидамиз шу ҳолатни бартараф этиш йўлини кўрсатади. Эритувчининг қайнаш ҳароратига яқин шароитда кристалланишини ташкил этиш орқали нохуш солватлардан қутулиш мумкин – бундай ёндашув ҳозир амалиётда қўлланмоқда. Шу билан бирга, дори модда­ларнинг металл комплексларини олиш ва уларни текшириш ҳам амалда қўлланмоқда. Кўп дори моддалари (кислород ва азот атомлари мавжуд бўлганлари) металл ионлари билан координацион бирикмалар ҳосил қилади, натижада кимёвий ва биологик хоссалари ўзгаради. Баъзи ҳолларда биологик фаоллик ортади ва ножўя таъсирлар камаяди. Масалан, диклофенакнинг рух комплексини олиш орқали унинг ошқозонни эритувчи (эрозиявий) таъсири сезиларли даражада камай­гани кузатилди – бу амалий синовларда ижобий натижа бермоқда. Ҳозирги кунда юзлаб табиий ва синтетик моддалар билан металл комплекслари яратиб, уларнинг биологик хоссасини текшириш иш­лари олиб борилмоқда.
Умуман олганда, ҳозир­ги тад­қи­қотларимизнинг асосий мақ­­сади – мавжуд дори модда­лар­­нинг хавфсизлигини ошириш, улар­нинг ножўя таъсирларини камай­­ти­риш ва янги, самарали комби­­натсияларни амалиётга тат­биқ этишдан иборат.
– Ҳазрат Навоий “Нафъинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур”, деб ёзади. Дарҳақиқат, бу­гун илм ва меҳнатингиз ҳоси­ласи ўлароқ, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлдингиз, юзлаб шогирд­ларга устозлик қиляпсиз. Давлатимизнинг “Меҳнат шуҳ­рати”, “Дўстлик” орденлари билан тақдирландингиз. Бу ман­зилга етиб келгунча босиб ўтган йўлингизга назар ташласак.
– 1949 йил 11 майда Тошкент шаҳрида, ишчи оиласида туғил­ганман. Болаликдан физика ва кимё дарсларига қизиқишим бўлакча эди. Ҳатто, физика бўйича икки марта собиқ иттифоқ олимпиадасига қатнашиш имко­нига эга бўлдим. Мактабни олтин медаль билан тамомлагач, Тошкент давлат университети­нинг физика факультетига ҳужжат топшир­дим.
У пайтлар олимпиада ғолибларига бугунгидек кенг имтиёзлар ва моддий рағбат берилмасди. Фақат олтин медалли абитуриент сифатида асосий фан – физикадан имтиҳон топширганман. Имтиҳонда “тай­ёрланмасдан жавоб берадиганлар борми?” деб сўрашганда, қўл кўтардим. Учинчи саволдаги мураккаб масалага кўп ўйлаб ўтирмай жавоб бердим. Домлалар ҳайрон бўлди-да, ўзлари қоғозга еча бошлади. Анча вақтдан кейин тўғри деб топишиб, бу масалани қаердан ўрганганимни сўрашди. Синовга тайёргарлик босқичида кўзим тушганини, жавобини эслаб қолганимни айтдим. Қолган саволларга ўтмай имти­ҳондан ўтказиб юборишди.
Ўқишга киргач, астойдил ўқий бошладим. Мени энг юқори стипендияга тавсия қилишди – миқдори 100 сўм (оддий стипендия 35 сўм) эди.
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим керак. Ўша пайтда ўзбекистонлик талабаларнинг Евро­па ё Америка университетлари тугул, ҳатто собиқ иттифоқдаги нуфузли олий таълим даргоҳларига бориб ўқиши ҳам анча мушкул масала эди. Ҳозиргидай “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ТОП-50, ТОП-100, ТОП-300 рўйхатларидаги университетларда давлат ҳомийлиги асосида ўқишни орзу ҳам қила олмасдик.
Шунга қарамай, ўзимни омад­ли талабалардан десам бо‘­ла­ди. Олий таълимни тўртинчи бос­­қичдан Ленинград давлат университетининг физика факультетида давом эттирдим. У ерда “рентген-структур таҳлили” деган янги фанни ўргандим. Бу моддаларнинг ички тузилишини рентген нурлари ёрдамида ўрганиш усули экан. Шу нарса кейинги фаолиятимга катта таъсир кўрсатди. – Кўз олдингизда Ўзбе­кис­тонда илм-фанга бўлган муно­са­батнинг эллик йилдан ортиқ даври ястаниб ётибди. Асл ҳолат қиёсда билинади. Бугунги кунда илм-фанни ривож­лантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар Сизни қаноатлантирадими?
– Мен Ўзбекистон Фанлар ака­демияси тизимида 21 йил фаолият юритдим: 14 йил бош илмий котиб, 7 йил витсе-президент сифатида. Афсуски, бир пайтлар айрим илмий институтлар ёпилиб, айримлари бошқа идораларга қўшиб юборилди. Бир-бирига яқин, бироқ мустақил фан тармоқларига оид илмий фаолиятни молиялаштириш тўхтатиб қўйилди. Моддий-техник базанинг ғариблиги орқасидан ёшлар фан билан деярли машғул бўлмай қўйди. Ўрта ёш вакиллари орасида бошлаган илмий ишларини рўзғор ғами орқасидан ташлаб кетганлар бўлди. Улар орасида илмий салоҳияти юқори, истиқболи порлоқ кадрлар йўқ эди, дейсизми?
2017 йилдан бошлаб вазият ўзгарди – йўқолган институтлар тикланди, янгилари ташкил этилди, илм-фанга, илм аҳлига эътибор кучайди. Сўнгги йилларда олим­ларга зарур асбоб-ускуналар берилди, уларнинг хорижий сафарларга чиқиш имкониятлари кенгайди, энг муҳими, ёшларни илм-фанга жалб этиш бўйича тизимли ислоҳотлар бошланди. Шароит яхшиланиб, маошлар оширилди. Бу ишлар илмий муҳитни жонлантирди. Шу боис, ҳозир Янги Ўзбекистон илм-фани кўплаб истеъдодли ёшлар билан бойимоқда.
Бу йўналишдаги ўзгаришлар самарасини келажакда эмас, шу йилларнинг ўзида кўра бошладик. Масалан, бизнинг натижаларимиз, яъни тузилиши аниқланган янги кристалл бирикмаларимиз, аллақачон Кембриждаги халқаро маълумотлар базасида “ўзбек олимлари” номи билан қайд этилмоқда. Бу – илмий соҳада миллий ғуруримизни ифода этувчи ҳолат.
Ишончим комил, Ўзбекистон илм-фанининг келажаги порлоқ, ёш олимлар сафи кенгаяди ва биз уларнинг ютуқлари билан фахрланиб юрамиз.
– Асл илм кишилари тер тўкиб, ҳаққоний равишда илмий даража ва унвонларга эришаётган бир пайтда хусусий ташкилот очиб, одамларга маълум пул эвазига “академик”, “профессор” рутба­ларини тарқатаётганлар ҳам учраб туради. Ўзбекистон Фан­лар академиясининг ҳақи­қий аъзоси сифатида бунга муноса­батингиз қандай?
– Мамлакатимизда фақат иккита муассасада – Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Бадиий академиясида акаде­мик­лар сайланади. Бошқа ташки­лотларнинг гувоҳномалари расман академиклик мақомини бермайди, халқаро ва маҳаллий аҳамиятга молик эмас. Масъулияти чек­ланган жамиятлар берган гу­воҳ­номалардан одам ўзини ўзи хурсанд қилишда фойда­ланиши мум­кин.
Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига сайловлар 1995 йилда ўтказилгач, орада 22 йил танаф­фус бўлди. Кўп олимларнинг ёши улғайди, айрим муносиб устозлар оламдан ўтиб кетди, академиклар сафи янги авлод вакиллари билан деярли тўлдирилмади. Ниҳоят, 2017 йил 29 декабрда Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Фан­лар академиясининг ҳақиқий аъзо­­­ларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Бундан мақсад иқтисодиётни инновацион ривожлантиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, жойларда илмий мактабларни мустаҳкам­лаш ҳамда тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларини ҳал қилишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, иқтидорли ёшларни илмий фаолият­га жалб қилиш, халқаро миқёсда мамлакат илм-фани нуфузини оши­ришдан иборат эди.
Фармонда академиянинг ҳайъ­ати ва фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзолари тавсиясига кўра, 32 нафар олим янги ҳақиқий аъзоликка тасдиқланди. Аъзолар қатори­дан жой олганим менга чексиз фахр бағишлади.
Бунда ҳар бир номзоднинг илмий жамоатчилик томонидан тан олингани, илм-фанни шахсий ютуқлари ва йирик илмий натижалари билан бойитгани, ўз йўналиши­да янги илмий мактаб ташкилот­чи­си ва раҳ­бари бўлгани ёки мавжуд илмий мактабни ривожлан­тиришда бево­сита иштирок этгани, амалиётга жорий этилган иш­лан­маларга эга бўлгани ёки ўзи раҳбарлик қилаёт­ган жамоа ходимлари томони­дан эри­шил­ган фан ютуқларини ишлаб чиқа­риш­га ёки амалиётга жорий этишда бевосита қатнаш­гани каби бандлар инобатга олинди. Кўр­япсизми, қанчалик юқори талаб ва мезонлар асосида танла­нади академиклар. Чунки Фан­лар академиясининг ҳақиқий аъзо­лари дунё миқёсида ўша давлатнинг илм-фан бўйича сало­ҳиятини кўрсатиб берувчи шахс­лар ҳисобланади. Авваллари “мухбир аъзо” деган оралиқ мақом мавжуд эди – бу академикдан олдинги босқич бўлиб, ёш олимлар учун катта имконият яратарди. Энди шу институтни қайта жорий этиш ҳақи­да ўйланяпти. Агар бу тизим қайтадан йўлга қўйилса, ёш олимлар орасидан ҳам академиклар етишиб чиқиши осонлашади.
– Янги давр илм-фани ворислари бўлган ёш олимларда қайси фазилатлар жам бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Ёшлардан талаб қилинади­ган учта асосий нарса бор: ўз соҳасини чуқур билиш; чет тиллари, хусусан, инглиз тилини чуқур ўрганиш; сунъий интеллект технологияларидан унумли фойдаланиш. Бугун барча соҳада жадаллик билан рақам­лаш­тириш жараёни кетмоқда. Демак, рақобатбардош кадр сифати­да шаклланиш учун илмий ишни халқаро стандартларга мос равишда тақдим этишни ҳам билиш керак. Истеъдод ва истакнинг ўзи билан иш битмайди. Меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
Юқорида таъкидладикки, супра­мо­лекуляр кимёда энг муҳи­ми – молекулалар уйғун­лиги. Илмда ҳам шундай: истеъдод ва меҳнат уйғунлигисиз натижадор­ликка эришиб бўлмайди.
Яна бир гапни айтишим керак. 2016 йилда кимё бўйича Нобел мукофоти супрамолекуляр йўнали­шидаги кашфиёти учун бир йўла уч олим – Жан-Пер Соваж, Жеймс Фрейзер Стоддарт ва Бернард Ферингага берилган. Бу йил ҳам ушбу мукофот­нинг илм-фан блокидаги номинация­лар уч кишилик жамоалар ўртаси­да тақсимланди. Бунинг ҳикмати нимада? Одамнинг билиш дара­жаси чегараланган. Бир олим қийнал­ган масалага иккинчиси ойдинлик киритиши мумкин. Шунинг учун жамоавий фаолият олиб бориш кам вақт сарфлаб, йирик натижага эришишга омил бўлади. Ёш олимларимиз ҳам аҳиллик, муроса ва ўзаро илмий фаолиятдан хабардорлик йўлини тутса, нур устига нур бўларди.
– Мазмунли ва мароқли суҳбатингиз учун раҳмат! Илмий ишларингизда муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Васила ҲАБИБУЛЛАEВА суҳбатлашди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 31 октябрдаги 44-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859