12.08.2025 | 15:05
189
УМИД ҲУЖАЙРАСИ
Қулоғига чиғаноқ қўйиб, денгиз товушини тингладим, дейди баъзилар. Аммо аслида у денгиз товушини эмас, вужуди бўйлаб ҳаракатланаётган ўз қонининг овозини эшитаётган бўлади.
Қон танадаги кўплаб функцияларни бажарадиган суюқ тўқима бўлиб, майда-йирик томирлар орқали барча аъзолар қатори қулоқларгача ҳам етиб боради. У қон айланиш системаси бўйлаб кислород ташийди ва тўқималарда яшовчанликни таъминлайди. Биз қон овозини чиғаноқсиз ҳам эшита билганимизда эди, унинг ҳаётимиз учун нақадар муҳим эканини ҳар лаҳзада ҳис этган бўлар эдик.

Қон бир дақиқадан кам вақт оралиғида инсоннинг бутун танасини айланиб чиқади. Унинг шу даражада югурик ҳаракати учун ҳазилакам энергия керак, дейсизми? Таниш-нотаниш одамларнинг “қони кам-да, ҳоли йўқ” деган гапларини тез-тез эшитиб қоламиз. Аслида қон томирдан табиий тарзда тўкилиб кетмайдики, унинг миқдори камайса. Ҳамма гап ундаги лейкоцит, эритроцит, тромбаситларем каби шаклли элементларнинг кўрсаткичи билан боғлиқ.
Бемор нимадан шикоят қилишидан қатъи назар, биринчи галда қон топшириши ва унинг таҳлили кераклиги айтилади. Бу бежиз эмас. Ҳар қандай касалликка тўғри ташхис қўйиш учун қон таркиби гематологик текширувдан ўтказилиши шарт. Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда тиббиётимизнинг барча соҳаларида бўлгани каби гематологияга ҳам катта эътибор қаратилди.
Ташхислашнинг ривожланган хорижий давлатлар тажрибаларига монанд усуллари, замонавий технологик диагностика, даволашнинг янгича методологиялари жорий этилиб, касалликни эрта аниқлаш, тез ва самарали даволашга эришилмоқда.
Соҳанинг бундан йигирма йил олдинги ҳолати билан ҳозирги салоҳиятини таққослаб бўлмайди. Айниқса, тана аъзолари трансплантациясининг жорий этилиши дунё тиббиётида мутлақо янги тараққиёт даврини бошлаб берди. Хусусан, гематология йўналишида ҳам ўта оғир хасталикларни трансплантация йўли билан даволаш кенг йўлга қўйиляпти. Мамлакатимизда тана аъзоларини кўчириб ўтказиш марказлари ташкил этилиб, сўнгги русумдаги техник жиҳозлар билан бойитилди.
– Сурункали ва ўткир лейкоз, миелом касалликлари билан оғриган беморлар сони бутун дунёда ошган, жумладан, республикамизда ҳам, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассис-гематологи, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази трансплантация бўлими мудираси Гулчеҳра Муҳаммадалиева. – Вилоятлар кесимида бу касаллик Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Оролбўйи ҳудудларида бир мунча кўпайган. Бунга кўпроқ экологик муҳитнинг ёмонлашуви сабаб бўлмоқда.
Тиббиёт давр билан ҳамқадам, керак бўлса, бир қадам олдинда юриши керак. Бугунги эҳтиёжни инобатга олиб, марказимиз қошида қондан ўзак ҳужайра ўтказишнинг икки турини ўзлаштирдик: бири аутотрансплантация – ўзак ҳужайрани беморнинг ўз суяк тўқималаридан ўзига, иккинчиси аллогентрансплантатсия – бегонадан (қонунчилигимизга кўра, фақат қариндош-уруғлардан олинади) кўчириб ўтказишни йўлга қўйдик.
2014 йилда сурункали лейкозларни даволашда илк бор аутотрансплантация амалиётини қўллаган эдик. Бу жараён, ниҳоятда жиддий тиббий трансплантатсияолди тайёргарликлар билан амалга ошириладиган мураккаб амалиёт саналади. Биринчидан, қон трансплантологиясида бемор жуда катта миқдорда кимётерапия муолажасини олади. Организм чарчайди, оқибатда танадаги вируслар фаоллашиб, ёндош касалликлар ҳам кучаяди. Биргина беморни трансплантацияга тайёрлашдан тортиб оёққа тургунигача қарийб 50 нафар тиббиёт ходими у ёки бу даражада масъул бўлади. Таъкидлаш жоиз, беморларимизнинг соғайишига кетадиган барча маблағ давлат томонидан тўлаб берилади. Фақат ўзи рўйхатдан ўтган поликлиникадан трансплантация ўтказиш учун ордер олиб келса кифоя.
Гулчеҳра Муҳаммадалиева суҳбатлаша туриб, бизни ёш трансплантологлар консилиум хонасига таклиф қилди. Бир гуруҳ навқирон шифокорлар яқин кунда ўткир лемфобластик лейкоз ташхиси билан аллогентрансплантатсия ўтказилиб, кеча тунда тўсатдан иссиғи кўтарилган наманганлик бемор ҳолатини муҳокама қилишаётган экан. Уларнинг қизғин баҳсларини тинглаб, юзимизда ташвиш ифодаси пайдо бўлди чоғи, бизни бемор ётган хонага олиб боришди. Очиғи, уни жуда оғир алфозда бўлса керак, деган хаёлда эдик, кулиб турганини кўргач, ҳадигимиз тарқади.
– Икки ойча бўлди, синглимдан суяк кўмиги кўчириб ўтказишди, – дейди Муқаддас Абдуллаева. – Ҳозир анча яхшиман. Кўнглим бироз айнийди, чунки дориларнинг баъзилари қайт қилдиради. Бошқа шикоятим йўқ. Турмуш ўртоғим, уч ўғлим қарови ҳам менга далда бўляпти. Чет элга бориб даволанишга мажолим ҳам, етарли пулимиз ҳам йўқ эди. Хайрият, ўзимизда иложи бор экан. Шифокорлардан, давлатимиздан жуда миннатдорман.
Мутахассислар беморнинг иссиғи донорқон қаршилиги туфайли ёндош касаллик хуружи билан юзага чиққан, деган тўхтамга келди. Уларнинг айтишича, трансплантациянинг мана шунақа асоратлари ҳам бор. Ҳужайранинг кўчириб ўтказилган эгасига нисбатан донор реакцияси бўлади. Илик ҳужайра суюқ кўринишда бўлгани билан, у ҳам тана аъзоси ҳисобланади. Ҳужайра кўчирилганда иликка жойлашиши мумкин, лекин янги муҳитни қабул қилмай “бегонасираш”ни бошлаш эҳтимоли йўқ эмас. Агар у жойлашган ўрнидан “ётсираса”, ғалаён кўтаради ва беморнинг соғайишига қаршилик кўрсатади. Одатда, бундай ҳол юзага келмаслиги учун махсус дорилар берилади. Уларни ичиш тартибига қаттиқ риоя қилиш керак. Қолаверса, трансплантациядан сўнг бемор айтилган вақтда тиббий кўрикдан ўтиб туриши шарт. Акс ҳолда, касаллик қайталанади.
Ҳозирги кунда республикамизнинг кўплаб туманларидаги шифохоналар гемоанализаторлар билан таъминланган. Бу замонавий тиббий ускуналар 24 турдаги қон таҳлилини қила олади. Лекин четда жойлашган баъзи қишлоқ шифохоналарида фақат гемоглабин, эритроцит, лейкотсид миқдоригина текширилади. Бу билан қон касалликларини аниқлаб бўлмайди. Бундай таҳлил фақат камқонлик даражасинигина кўрсатади, холос. Бизнинг марказда қон касаллигига тахмин қилинган беморлар суяк кўмигини биопсия қилиш орқали, яъни иликдан ҳужайра олиш йўли билан текширилади. Ҳозирда бу диагностиканинг ҳам енгилроқ усуллари татбиқ қилиняпти. Лекин лейкоз ва бошқа оғир категорияли касалликларга гумон қилинганда, албатта, иликдаги қон текширилиши лозим.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, сурункали лейкозни имкон қадар эртароқ аниқлаш керак. Айни даврда бу касалликни ҳатто ўн йил олдиндан аниқлаш иложи бор.
Ўткир лейкоз эса ўз номи билан ўткир, яъни касаллик тўсатдан юзага чиқади. Беморнинг ҳолати оғирлиги даражасига қараб, жуда кучли муолажа бошлашга тўғри келади. Чунки дард заифлаштирган тана ички қаршиликлар туфайли касаллик билан мустақил кураша олмайди. Афсуски, биз асосан ана шу сабабли беморни йўқотамиз. Агар бу касаллик ривожланишидан аввалроқ, яъни қон шу касалликка тайёргарлик кўраётган вақтдаёқ чора кўриш бошланса, унинг қайталаниш муддатини кечиктириш мумкин.
Нега энди кечиктириш, бутунлай соғайтириш эмас? Чунки бундай беморлар қонини касал ҳужайрадан юз фоиз тозалаб бўлмайди. Айниқса, аллогентрансплантатсия мураккаб амалиёт сифатида дунё бўйича ҳам муваффақият кафолати “элликка эллик” дейилади.
– Ўзи қон онкологик касалликларида тиббиёт ривожланган давлатларда ҳам ўлим эҳтимоли 20 фоиз деб белгиланган, – дейди ёш шифокор Камолиддин Олимжонов. – Биз миллий тиббиёти ривожланаётган давлатмиз. Шу жиҳатдан трансплантация жараёнида йўқотишларимиз ҳали сал кўпроқ. Бироқ буни тўғри қабул қилиш керак. Одамлар кўпда бизнинг ишимизни ривожланган давлатлар клиникалари иши билан солиштиради. Орадаги тажриба ва маблағ тафовутини ҳисобга олишмайди. Аламлиси, ўша “инстадокторлар” бизнинг муваффақиятсиз, уларнинг эса муваффақиятли амалиётларини овоза қилади. Ваҳоланки, биздаги шифокорлар малакаси ҳам чет элдаги нуфузли клиникалар шифокорлариникидан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмас. Бунданам аламлиси, бизда бемалол амалга ошириш мумкин бўлган тиббий амалиётни бошқа давлатлардаги ўзлари келишув тузган клиникаларда ўтказиш учун бемор “овлайдиган”ларнинг урчиб кетгани. “Овлайдиган” дейишимиз боиси, улар беморни ўзига оғдириш учун шифокорларимизни атайлаб уқувсизга чиқаришади, тиббиётимизни қолоқ қилиб кўрсатади.
Халқимизда вақт олий мезон, деган ўлмас ҳикмат бор. Ўзбек мутахассисларининг қўли енгиллиги, инсофи ва маданияти сабаб бугун ушбу марказда қўшни давлатлардан ҳам шифо излаб келаётганлар топилади. Мана, яқиндагина тожикистонлик дардман аутотрансплантация қилинди. Ушбу амалиётни ўтказиш Туркияда 40 минг, Ҳиндистонда 30 минг, Россияда 25 минг доллар туради. Бизда-чи, халқимизга мутлақо бепул, бошқа мамлакат фуқароларига 12 минг АҚШ долларга тушади. Бизнинг мутахассислар салоҳиятига ишониб ўзга давлатдан келишса-ю, ўзимизникилар бошқа мамлакатларга бориб, трансплантация қилдиришса. Аслида, халқимиз ғамини еб, уларнинг мушкули осон бўлиши учун йўлга қўйиляпти-ку, бундай имкониятлар.
Ушбу марказ республикамиздаги гематологик ва онкогематологик касалликларни диагностика қилиш ва даволашга ихтисослашган ягона тиббий муассаса бўлиб, 180-200 ўринга мўлжалланган. Трансплантация бўлимининг ўзи эса 12 ўринли. Бу ерда йилига йигирмадан зиёд беморга ўзак ҳужайра кўчириб ўтказиляпти. Ёш ва интилувчан кадрлар Ўзбекистонда бу соҳани янада такомиллаштириш мақсадида Россия, Туркия, АҚШ, Ҳиндистон каби давлатларда малака ошириб келмоқда.
2023-йилда фойдаланишга топширилган шбу ихтисослаштирилган гематология маркази илмий, диагностик, клиник фаолият олиб борадиган етакчи мажмуадир. Мамлакатимиздаги тиббиёт институтларининг учта кафедраси марказ негизида ишламоқда. Режада эса республика аҳолисининг саломатлигини яхшилаш йўлида яна бир муҳим қадамни ташлашга тайёргарлик бор: Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Хоразмда марказнинг трансплантатсия бўлими ўз филиалларини очишни кўзлаган.
– Мен Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомладим, – дейди ёш шифокор Сардор Муҳаммадиев. – Санкт-Петербургдаги Раиса Горбачёва номли Болалар гематологияси ва трансплантология марказида икки йил таҳсил олдим. Тиббиёт соҳасига онам, трансплантологияга эса Камолиддин Олимжонов туфайли кириб келдим. Камолиддин ака билан бир институтда ўқиганмиз. У киши гематологик трансплантология янги йўналиш экани ва бу йўналиш умиди сўнган минглаб юртдошларимизга умид бағишлашини, уларни ҳаётга қайтаришини айтиб, бирга ишлаш таклифини берди. Мана бугунгача 126 та аутотрансплантатсия, 43 та аллогентрансплантатсияни устозлар кўмагида амалга оширдик. Бу дарддан бутунлай фориғ қилиш қийиндир, аммо транплантатсиядан кейин бемор ҳеч бўлмаганда яна беш-ўн йил бу касалликни унутади, кимётерапия олмайди, ётиб қолиб бировга муҳтож бўлмайди.
Албатта, беморга ўзак ҳужайрани кўчириш амалиётининг энг муҳим жиҳати – танага мос донор қонни топиш. Бизнинг қонунчилигимизда беморга бутунлай бегона инсондан трансплантатсия қилиш мумкин эмас. Аммо бу катта муаммо туғдирмайди. Чунки бизда кўп болалилик ва қариндош-уруғ тенденсиялари яхши ривожланган. Шу сабабли гематологик касалликлар билан хасталанган беморлар қон билан боғлиқ муаммони ўз донорлари билан ҳал қилади. Қолаверса, замонавий ускуналар ёрдамида қон захирасини кенгайтириш бўйича ҳам изланишлар тизимли амалга оширилмоқда.
Марказга Америкадан аферез (сепаратор аппарат)лар олиб келинган. Япон олимлари томонидан ихтиро қилинган бу ақлли аппарат икки соатдан олти соатгача вақт оралиғида қондан 200-400 миллилитр атрофида ўзак ҳужайрани ажратиб олади. Унинг қулайлиги шундаки, илгарилари донордан ўзак ҳужайра одамнинг ваҳми келадиган йўғон нинали катта шпритсни суякка суқиб, кучли оғриқлар билан тортиб олинарди. Сепараторлар вена қон томирига юборилган катетер орқали керакли ўзак ҳужайрани ўзи йиғиб беради. Аппарат ёрдамида фақат ўзак ҳужайра йиғилади, қон эса айланма ҳаракат тарзида эгасига қайтарилади. Илгари қон топширган донорлар боши айланиб, ўзида лоҳаслик сезган. Чунки қон миқдори камайган. Ҳозир эса қон топширувчи учун бундай хавф йўқ.
Қон олиш ускунасининг яна бир яхши томони, донорнинг қон таҳлили хулосалари тақдим этилмаса ишламайди, яъни қоннинг аниқ таҳлилига қарабгина донордан ҳужайра олади. Бунда қон берувчининг аҳволи, қондаги элементлар резерви, гемоглабин миқдори тўлиқ электрон назоратда бўлади. Шунингдек, донор қон томирига иккита катетер баравар уланиб, биридан эритротсит, плазма ёки тромботсит ажратиб олинади, иккинчиси орқали эса қолган қон компонентлари эгасига қайтариб юборилади.
Хуллас, қон топширувчининг ҳам хавотири ариган. Тиббиёт ҳамишагидек ўзгаришлар палласида. Инсон қадри, умр узайишига эришиш замонавий тиббиётнинг бош шиорига, давлатимизнинг изчил ислоҳотлари тамойилига айланди.
Муҳайё РУСТАМОВА
“Жадид” газетасининг 2025 йил 8 августдаги 32-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
829
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
822
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
857



