13.01.2026 | 16:31
406
ВАФО ВА САДОҚАТ
Олмазор тумани Янги Себзор маҳалласидаги мўъжаз кутубхонада ўтадиган тадбирга таклиф этилгандим. Бу ерда китобларнинг кўплиги ва ранг-баранглиги ақлимни шоширди. Ҳеч жойдан топа олмаётган асарларга кўзим тушганидан, севинчим ичимга сиғмай кетди.
Ушбу даргоҳ эгаси Дилором Ҳамдамова бўлади. Дилором опа нақ 42 йил Ўзбекистон телерадиокомпаниясида ишлаб, кўплаб кўрсатувларни олиб борган. “Оналар мактаби” кўрсатуви эсингизда бўлса керак? Журналист пенсияга чиқса ҳам, зиёли ҳеч қачон пенсияга чиқмайди. Фидойилик шунси билан аҳамиятлики, у меҳнат дафтарчасига тушмайдиган меҳнат ва заҳматдан иборатдир.

Бундан бир қанча муддат аввал қаҳрамонимиз кўп қаватли уйлар ҳовлисида кутубхона очиш ҳаракатини бошлайди. Аввало, маҳаллдошлар, айниқса, хотин-қизлар бўш вақтида ярим соат – бир соат китоб ўқиши мумкин, қолаверса, шиддатли замонда мутолаа иштиёқи бор, лекин туман кутубхонасига боролмайдиганлар қанча. Барчасини обдон ўйлаб кўриб, Олмазор тумани ҳокимлигига фикрини билдиради. Ташаббус мутасаддилар томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади.
Дилором опа фақат ташаббусни илгари сурмай, амалга ошишида ҳам жонбозлик кўрсатади. Маҳалла кутубхонаси фондининг 90 фоизи айнан опанинг шахсий кутубхонасидан ташкил топган. Ўзи эса кутубхоначи. Тенгдошлари каби гап-гаплашлару сайр-саёҳатлардан қолиб, икки мингта китобга жавобгар бўлиш, уларни китобхонларга бериш ва қайтиб олиш, таъмирлаш, сақлаш билан банд бўлиш учун одамга ҳазилакам ҳавас, китобга муҳаббат ва фидойилик керакми? Опанинг уйида ҳам доим стол устида уч-тўртта китоб келган варағида очиқ турар экан.
Шу атрофда ўтирган икки қизнинг суҳбати қулоғимга чалинди.
– Китобни ўқиб чиқдим, энди топширишим керак, – деди бири.
– Топшириш жуда қийинми? – деди иккинчиси.
– Сен Дилором опани билмайсан-да, жуда синчков кутубхоначи. Ўқиган асаринг ҳақида гапириб беришинг керак. Бўлмаса, қайта ўқитади…
Бугунги кунда кутубхонада 500 нафардан зиёд китобхон мунтазам аъзо. Барчаси китобни қайтаришда опанинг имтиҳонидан ўтади. Ҳатто, ўқитувчидан тортиб, маҳалла мутасаддилари ҳам асар мазмунини гапириб беришдан қоча олмайди.
Шинам жавонларда қўр тўкиб турган жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари бугун Янги Себзор маҳалласи аҳлининг маънавий мулкига айланган. Бу ерда ҳар куни кўнгиллилар иштирокида тадбир уюштирилади. Бир кун тиббиёт ходимлари келса, эртаси куни мактаб, кейин боғча, ундан кейин нуронийлар, оналар, ёшлар – қўйингки, Дилором опанинг тадбирлар тақвими жуда тиг‘из, бирор бўш куни йўқ.
Суҳбатда аён бўлдики, Дилором Ҳамдамованинг ажойиб фалсафаси бор: дунёда шифокор ва ўқитувчининг хатоси кечирилмайди, худди шундай, кутубхоначининг ҳам хато қилишга ҳаққи йўқ. Нега? Чунки ҳар бир олинган маълумот ва таассурот бир умр хотирада қолиб кетади, одамнинг феъл-атворига, дунёқарашига, хатти-ҳаракатига таъсир ўтказади. Қолаверса, сўровчига нотўғри китоб бериб қўйдингми – тамом, уни бир умр мутолаадан совутиб қўйиш мумкин. Шунинг учун кутубхоначи психолог бўлиши шарт.
Маҳалла кутубхонасига кирар экансиз, доим иссиқ чой, қанд тайёр туради. Дастлаб у чой ичишга ундайди ҳар бир китобхонни. Бир пайтлар буюк бобомиз, жадидлар отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам Самарқанддаги “Беҳбудия” кутубхонасида китобхонларни қайноқ ширин чой билан сийлаган экан.
Яқинда “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими ташаббуси билан пойтахтимизда “Ёшлар тарбиясига масъулмиз” шиори остида ўтказилган “Бувижонлар мактаби” тадбирида Дилором опа “Вафо ва садоқат учун” нишони билан тақдирланди. Менимча, бу мукофот опанинг ўз касбига, зиёлилик бурчига вафоси ҳамда китобхонликка садоқати туфайли берилган.
Фахриддин БОЗОРОВ
“Жадид” газетасининг 2026 йил 9 январдаги 2-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



