Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 12°C

TAVSIYA QILAMIZ


10.09.2025 | 17:15

img146

ЁЗИШГА ЭМАС… САНАШГА-ДА УЛГУРМАЙМИЗ

Ҳув ўша замонларда – ўтган асрнинг 80 йиллари адоғида уч йилча туман газетасида ишлаганман. Бош муҳаррир ўринбосари ўлароқ, ҳар ой учун режа тузиш зиммамда эди. Газетанинг доимий рукнларидан бири “Долзарб қурилиш иншоотларида” деб аталар ва ҳар ойда қайсидир қурилишнинг бориши тўғрисида лавҳа, репортаж тайёрлаш мажбурияти юкланганди бизга.

Ёдимда, ўша вақтда туманда шундай икки иншоот: 640 ўринли мактаб ва яна бири 150 ўринли болалар боғчаси қурилиши бўлиб, ҳар ойда шу жойдан катта-ю кичик мақола тайёрлаб, газетада чоп қилардик. Бу бевосита райқўм назоратида бўлгани учун мавзу тасодифан унутилса, жавобгарлиги қаттиқ бўларди.

Газетада иш бошлаганимда ўша мактаб қурилиши бошланганига ярим, боғчага эса бир йилча бўлиб қолганди. Ҳар иккиси ҳам икки қаватли бўлиб, қурилишда тумандаги тўртта механизациялашган қурилиш колоннасининг бириси бутун таркиби билан “кеча-ю кундузи жавлон уришарди”.

Икки марта шахсан ўзим бориб шу “долзарб қурилиш”дан репортаж тайёрлаганман. Репортажга “Мактаб Октябрь инқилобининг 70 йиллигигача ўқувчиларга қучоғини очади” деган кўтаринки сарлавҳа қўйганман. Аммо негадир ўша мактаб белгиланган муддатда “ўқувчиларга қучоғини очмади” – битиши анча чўзилди.

Шу тариқа, ўша даврда катта-кичик қурилишлар бошланганидан токи битгунича матбуотнинг доимий мавзуси бўларди. Аввалида “Фалон қишлоқда фалон ўринли мактаб, қишлоқ врачлик пункти, ҳаммом ва ҳоказо қурилиши лойиҳалаштирилди” мазмунида хабар берилар, кейин қурилиш бошлангани ҳақида салкам бир бетлик мақола тайёрланар, унда бинога илк ғишт қўйилиши жараёни батафсил ёритилар, уч-тўртта сурат ҳам илова қилинарди.

Ўз даврида “Бутуниттифоқ долзарб қурилиши” мақомини олган Туямўйин сув омбори қурилишида вилоят газеталари ва телевидениесининг доимий штаби тузилиб, унда уч-тўрт нафар мухбир доимий ишлаган. Салкам ўн йилда ишга тушган сув омборидан вақтли матбуот лофи билан айтсак, мингдан ортиқ хабар ва лавҳалар берган бўлиши керак.

…Уч йил олдин жияним Боғот тумани марказидан келин туширди. Келинни олиб келиш учун бориб, туман марказининг шундоқ биқинида чинакам бир шаҳарча қад ростлаганини кўриб, ҳайратга тушдим. Беш, етти қаватли ўта шинам ва чиройли тураржойлар, уларнинг оралиғидаги болалар майдончалари, қўшимча хизмат шохобчалари икки йил ичида қуриб битказилган экан-у… бехабар қолибмиз. Бу ёқда бизга қўшни қишлоқда учта кўпқаватли тураржой биноси шундоқ катта йўл ёқасида тўрт ойда қуриб битказилиб, одамлар кўчиб кириб яшаётганини тасодиф билиб қолдим. Ёки туман марказига ёндош масканда етти ва тўққиз қаватли турар жой бинолари кўз ўнгимизда гўё ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардек пайдо бўлганини биров билди, биров билмади. Бу орада Қорақум саҳросига чегарадош ҳудудда пахта заводи иш бошлаганидан ижтимоий тармоқ орқали хабар топдим.

Қўшни Ҳазорасп туманида яшайдиган иним Бахтиёр Шерматов фермер хўжалиги эгаси эди. Кейин фермер хўжалигини топширди. Сабаби, унинг илкидаги ерлар туман марказига туташ бўлиб, марказни кенгайтириш режаси ишлаб чиқилган экан.

Ўтган йили тасодиф Ҳазорасп бозорига бораётиб, марказга ёндош – бир вақтлар Бахтиёр деҳқончилик қилган ўн беш гектарлик майдонга кўзим тушиб, оғзим очилиб қолди. Бу ерда беш, етти ва тўққиз қаватли турар жой бинолари гўё “бир кечада ердан ўсиб чиққандек” – аксари битган, қолганларида қурилиш ишлари кетаётганди. Бир йил олдин шу ердан ўтганимда қийғос очилган пахталарни кўрганим бор эди…

Буларни нимага ёзяпман?

Мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишлаб Урганч шаҳрида ўтказилган байрам тадбирида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов элдошларимизни улуғ байрам билан табриклар экан, ўн дақиқалик чиқишида қуйидаги рақамларни санаб ўтди, холос. Вилоятда ҳозирда 433 та лойиҳа амалга ошириляпти. Мустақиллик байрами арафасида элликка яқин мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, соғлиқни сақлаш муассасалари фойдаланишга топширилибди. Ҳозирда қиймати салкам бир ярим миллиард АҚШ долларига тенг йирик лойиҳалар ижроси бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланай деб қолибди. Вилоят марказига ёндош ҳудудда Президентимиз ташаббуси билан ал-Хоразмий шаҳарчаси сўнги икки йилда пайдо бўлди-турди.

Ҳоким ўз табригида тадбиркорлар томонидан бунёд қилинаётган турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод ва фабрикалар, маиший хизмат шохобчалари ҳақида гапирмади. Ҳатто санаб ўтмади ҳам. Санаса, томошабинларнинг камида ярим соат вақтини олган бўларди.

Бугун юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Хоразм ҳам улкан қурилиш майдонига айланган. Йўлларда ҳаракатланаётган машиналарнинг тенг ярмини қурилиш материаллари юкланган ёки бетон қоришмасини ташиётган замонавий уловлар ташкил қилади.

Байрам арафасида вилоят ҳокимлиги расмий сайтида ишга туширилган бир нечта объект ҳақида қисқа хабар берилди, вилоят телевидениеси ишга туширилган янги иншоотлар, турар жойлар ҳақида тўлиқ хабарлар беришга улгурмади. Сабаби, бунга эфир вақти ҳам етмайди.

…Арафада фойдаланишга топширилган иншоот ҳақида лавҳа тайёрлаб, ўзим ишлаётган республика газетасига жўнатаман. Бош муҳаррир узрини айтади: “Беролмаймиз. Барча вилоятлардан ҳам шундай хабарлар келяпти, қайси бирини берайлик”.

“Долзарб қурилишлар жабҳаси” деб бонг уриладиган ҳув ўша замонларда вилоятда тўртта қурилиш трести, туманларда уларнинг камида биттадан қурилиш-монтаж бўлими ёки механизациялашган кўчма колонна отлиқ ташкилотлари бўларди. Бу ташкилотларнинг ҳар бирида уч юз-тўрт юз нафар қурувчи ишлар, техникалари сони ҳам уч рақамларда саналарди. Ана шу ташкилотлар уч-тўрт йилда битта мактаб қуриб битказса, буни улкан ютуқ ҳисоблаб бонг уришар ва ҳатто илғорлари давлат мукофотлари олишарди. Бугун бирорта туманда неча гектарлаб ерни эгаллаган шунга ўхшаш қурилиш ташкилотлари йўқ, аммо қурилишлар сифати ва миқдори ўша даврдагидан бирор юз мартага ошган. Шу ўринда доно халқимизнинг “Иш билганга минг танга” мақоли эсга тушади. Энди мақолни “Бугун бир қурувчи эски замоннинг минг қурувчиси ишини қиляпти”, деб ўзгартирсак-да, бўлаверади.

…Бу ёқда ҳар бир қишлоқда қурилиш моллари билан савдо қиладиган тўрт-бештадан дўконлар тинимсиз ишлаяпти. Аҳоли эски иморатларини бузиб, ўрнида замонавий услубдаги чиройли, икки ва ҳатто уч қаватли уйлар қурмоқда. Энди иморат қурмоқчи бўлган одам дўконма-дўкон юриши шарт эмас. Қурилиш учун зарур барча материаллар дўкондорлар томонидан “этказиб бериш хизмати” орқали муҳайё қилинаётир. Нима керак, қанча керак, қўнғироқ қилсангиз бўлди – кўпи билан ярим соатда етказиб беришади. Юклаш, тушириш хизмати ҳам дўкондорлар зиммасида.

Бугун шахсий секторда, яъни фуқаролар томонидан қилинаётган қурилишлар ҳажми, миқдорини ҳеч иккиланмай ўн рақамлик долларда белгиласак-да, адашмаймиз. Бу қадим юрт минг йиллик тарихида бу қадар сонсиз-саноқсиз қурилишларни кўрмаган. Бу айни ҳақиқат!

…Совет замонида бир латифа юрарди. Совет давлатига келган европалик бир сайёҳ шаҳар бўйлаб олиб бораётган киракашдан йўл ёқасидаги қурилишларни кўрсатиб, уларни қанча муддатда қурилганини сўрайди. Киракаш тўққиз қаватли бинони кўрсатиб, “Уч йилда қурилди” дейди. Сайёҳ “Бундай бинони бизда бир йилда қуриб битказишади”, дейди. Навбатдаги ўн икки қаватли бино қанча муддатда қурилгани ҳақидаги саволга киракаш энсаси қотиб “Тўрт йилда” деса, сайёҳ бош чайқаганча, “Бизда буни икки йилда қуришади”, дейди. Ва ниҳоят сайёҳнинг нигоҳи ўн олти қаватли бинога тушиб яна шу саволни беради. Киракаш ўша томонга қараб, елка қисганча, “Кеча ўтганимда йўқ эди”. дейди.

Ўша эскирган латифадаги ҳазилни бугун юртимиздаги қурилишларга нисбатан чин маънода айтсак бўлаверади.

Рўзимбой ҲАСАН

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855