14.01.2026 | 10:53
435
АСКАР БОБОСИ
Тарихга назар ташласак, миллатимизнинг салкам бир ярим асрлик истибдод домига тушишига Туркистон заминидаги икки хонлик ва бир амирлик бошида ўтирган ҳукмдорларнинг ҳарбий салоҳият масаласига эътиборсизлик билан қарагани, ёв ташқарида фурсат пойлаб турган кезларда ҳам арзимаган баҳоналар билан бир-бирининг устига қўшин тортиб, юртда – миллат орасида парокандаликни юзага келтиргани, қўшин тузиш, уни сақлаш, жангларга ҳозирлаш борасида неча минг йиллик анъана ва тажрибалар унутилгани сабаб бўлгани айни тарихий ҳақиқатдир.

Юртимиз мустақилликка эришгач, миллий қўшинни шакллантириш масаласи бирламчи вазифага айланди. Бунда аввало офицерлар таркибини тўла шакллантиришга алоҳида эътибор берилди, шу мақсадда ҳарбий соҳанинг барча турлари бўйича командирлар тайёрловчи олий ўқув юртлари очилди, ҳарбий ўқув юртларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Бундан ташқари, бир қатор вилоятларда сержантлар мактаби очилиб, ҳарбий соҳага иқтидори бор ёшлар ўқитилиб, улар ҳарбий қисмларда энг асосий бўғин – ҳарбий хизматга чақирилган ёшларни ҳар томонлама пухта тайёрлаш, замонавий ҳарбий амалиётларда тоблаш жараёнига бош бўлди. Фақат бугина эмас. Бугун Янги Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Темурбеклар мактаби”, “Жалолиддин мактаби”га қаттиқ синов остида қабул қилинаётган ҳар бир ўсмир келгусида Ватанимиз Қуролли Кучларининг офицерлар қатламини мунтазам тўлдириб боришда катта аҳамият касб этади.
Қуролли Кучларимиз энг замонавий қуроллар билан тўла таъминлангани алоҳида мавзу. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини миллий армиямиз халқаро миқёсда ўтказилаётган ҳарбий мусобақаларда ҳамиша энг олдинги ўринларни эгаллаб келаётганида яққол кўрамиз.
Жиянимнинг ўғли водийдаги нуфузли ҳарбий қисмда хизматни ўтаб қайтди. Куни кеча мактабни тамомлаган ўсмир бир йилда ҳақиқий аскарга айланибди. Унинг ҳар ойда ҳаводан десант тушириш амалиётларида қатнашгани, парашютда сакраганини эшитиб, ҳайратландик. Негаки, ўтган асрнинг етмишинчи йиллари адоғида собиқ иттифоқнинг чекка бир ҳудудидаги қурилиш қисмида ҳарбий хизматни ўтаганимизда, ҳатто бирор марта қўлимизга милтиқ ушлаб кўрмаганмиз – икки йиллик армия қурилиш майдонларида ғишт ташиш, бетон қуйиш билан ўтиб кетган.
Ўтган йили 18 апрелда пойтахтга отландим. Ҳазорасп поезд бекатида 88 ёшли амаким билан учрашиб қолдим. У синглиси, келини билан Фарғонага хизматга юборилган неварасининг ҳарбий қасамёдида қатнашиш учун кетаётган экан. Шу куни “Хива – Тошкент” йўловчи поездига чиққанларнинг аксари айнан фарзандлари ҳарбий қасамёд қабул қилиши муносабати билан чақирилган ота-оналар эди.
Неварасининг ҳарбий қасамёдида қатнашиб қайтган амаким турли давраларда аскарларга яратилган шароитлар ҳақида узоқ вақт гапириб юрди.
“Замон жуда илгарилаб кетган экан, – дер эди амаким. – Бизлар хизмат қилган давр билан ҳозирги даврни таққосласанг, ер билан осмонча фарқи бор. Ҳарбий қасамёд қабул қилинганидан сўнг неварам билан аскарлар ошхонасида бирга овқатландик. Ошхонаси эски замонларнинг ресторанларидан ҳам зўр экан! Биринчи, иккинчи таомлар, чой, нон ва турли салатларни аскарлар ўзлари танлаб олар экан. Овқатларнинг мазаси, тўйимлилигини айтинг! Яшайдиган биноларидаги шарт-шароитларни кўриб оғзим очилиб қолди. Барча шароит бор. Армия эмас, курорт дейсиз!”
Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида ҳарбий хизматни ўтаган амакимнинг ҳайратларини тушуниш мумкин.
Бир пайтлар армияга бормаслик учун таниш-билишларни ишга солиш кузатилган бўлса, бугун, аксинча, ҳарбий хизматга бориш учун таниш-билиш топишга интиладиганлар бор. Сабаби, бугун ҳарбий хизмат шарафли вазифага, мард ўғлонларнинг синов майдонига айланган. Ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаган йигитлар олийгоҳларга имтиёз асосида қабул қилиниши мамлакатимизда ҳарбий соҳага, шу соҳага дахлдор фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир юксак кўринишидир.
Мустақил давлатимиз қисқа фурсатда ўзининг қудратли армиясига эга бўлди. Бугун Қуролли Кучларимиз мамлакат чегараларини мустаҳкам қўриқлаб турибди – бир вақтлар жадид боболаримиз орзу қилган ҳарбий салоҳиятга эга бўлганимиз билан фахрлансак арзийди.
Рўзимбой ҲАСАН
“Жадид” газетасининг 2026 йил 9 январдаги 2-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



