Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


16.12.2025 | 09:38

img455

ЖАДИДЛАР ҲАЛҚАСИ

1938 йилнинг 5 октябрида ҳукми эълон қилинган, бироқ 4 октябрдаёқ ёппасига отиб ташланган 36 нафар ватандошимиз тўғрисида ҳар гал ўқиганимизда, жон-танимизга титроқ киради. Ўттиз олти қурбоннинг халқимиз тақдирига дохил ўттиз олти ҳикояти бор.

Қудратулла Юнусов 1896 йили Тошкент шаҳрида ишчи оиласида туғилди. Унинг болалик даври жадидлар фаолияти шаҳри азимда кенг қулоч ёйиб бораётган вақтларга тўғри келди. Хусусан, бу пайтда, Абдулла Авлонийнинг “Таржимаи ҳоли”дан маълум бўлишича, 1904 йилда Тош­кентда яширин “жадидлар тўдаси” иш бошлайди. 1909 йил 12 майда Мунаввар қори Абдурашидхонов, Мулла Абдулла Авлонов (Авлоний), Баширулла Асадиллахўжаев, Тошҳожи Туёқбоев, Низом қори Ҳусанов муассислигида “Жамияти хайрия” ташкил этилади. Мазкур жамият бир йил кейин Бухорода тузилган “Тарбияи атфол” жамияти билан бирга истеъдодли ёшларни чет мамлакатларга ўқиш­га юборишдек хайрли ишни бошлаб юборади.

Сўнгра, 1913 йили “Турон” жами­яти, 1914 йили эса Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Муҳаммаджон Пошшахўжаев, Тўла­ган Хўжамиёров (Тавалло) ва бош­қа­лар муассислигида “Нашриёт” ширкати ишга тушади. Мазкур маърифий ташкилотларнинг тузилиши, бун­дан аввалроқ янги усул мактаб­ларининг очилиши, ўзбек тилида қатор газеталарнинг босила бошлаши Туркис­тонда бир маромда кечаётган ҳаёт денгизини тўлқинлантириб юборади.

Тошкентлик шоир ва ёзувчилар “Ал-Ислоҳ” журналида, “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Осиё”, “Садойи Туркистон” газеталарида ўз асарларини чоп этиш имконига эга бўлади. Китоб нашр қилиш ишлари ҳам йўлга қўйилиб, турли баёз ва мажмуалар чиқа бошлайди.

Тошкентдаги ушбу маърифий муҳит, жадидлик руҳи Қудратулланинг шахсий камолотида маънавий таянч бўлиб хизмат қилади. Гарчи у ота-онаси кўмагидан баҳраманд ўсган бўлса-да, жамият шароити болани барвақт меҳнатга олиб кирди: олдинига оддий ишчи, сўнг қадоқловчи ва котиб бўлиб ишлади. Шунга қарамай, ўқиб-ўрганишга доим вақт топди, иштиёқини сўндирмади. Тилларни пухта ўрганди, олий маълумотга эга бўлиб, нуфузли библиограф, турк-татар тиллари бўйича моҳир таржимон ҳамда муҳаррир бўлиб етишди. Шу тариқа, секин-аста ўзининг илмий-амалий фаоли­ятига хос маскан – ўша даврда СССР миқёсида халқаро библиография марказига айланган Бутуниттифоқ китоб палатасида ишлай бошлади. Қудратулла Юнусовнинг Москвада ана шу нуфузли муассасадаги меҳнати унинг маърифатпарварлик руҳини чархлаб, жадид анъаналарига садоқатини кучайтирди. Турли тиллардаги адабий ва илмий манбалар билан танишгани сайин, тасаввури янада кенгайди, ўз миллати тақдири учун маърифатнинг қандай беқиёс қудратга эга эканини англай борди.

1915-йилга келиб Низомиддин Хўжаев, Абдулла Авлоний, Салоҳиддин Муфтий, Шокиржон Раҳимий, Миразиз каби етакчи зиёлилар ташаббуси билан “Турон” жамияти фаоллашади ва у жадид мафкураси ҳамда миллий ўзига хосликни тарғиб этувчи муҳим марказга айланади. Қудратулла Юнусов ҳам айнан шу даврдан бошлаб мазкур жамият фаоллари сафига қўшилади.

1917 йили Россияда рўй бер­ган ўзгаришлар Туркистон ўлкасига ҳам таъсир қилиб, бошбошдоқлик ва сиёсий беқарорликка олиб келгани, Туркистон ўлкасида совет тузумини қарор топтириш учун болшевиклар маҳаллий ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллагани тарихдан маълум. Шу боис, миллий давлат ғоясини қўллаб-қувватловчи маҳаллий зиёлилар сиёсий майдондан мутлақо четлатилган эди. Оқибатда, миллий манфаатни ҳимоя қилишга қаратилган яширин ташкилотлар пайдо бўла бошлайди. Ана шулардан бири 1919 йили Мунаввар қори Абдурашидхонов ва Садриддин­хон Шарифхўжаев ташаббуси билан Тош­кентда ташкил топган “Миллий иттиҳод” эди. Ташкилот тез орада миллий озодлик ғояси марказига айла­ниб, 1920 йилнинг кузида Қудратулла Юнусов ҳам унга қабул қилинади.

1921–1922 йилларда “Миллий ­иттиҳод” таркибида алоқачи сифатида фаолият юритиб, аввал Тошкентда Мунаввар қори билан учрашиш орқали ташкилот кўрсатмаларини қабул қилиб туради. У ҳар бир топшириқни бажариш жараёнида алоқалар доирасини босқичма босқич кенгайтириб борар, шу орқали Саъдулла Турсунхўжаев ҳамда Абдуқодир Қушбегиев билан мулоқотга кириб, Бухорода ҳам ишончли боғланиш нуқталарига эга бўлади.

Айни шу даврда Тошкент­даги “Туркистон ширкати” магазини асосий алоқа марказига айланади ва 1922–1923 йиллар давомида шу ерда шифрли хабарларни қабул қилиш ва етказиш ишларида Юнусов узлуксиз иштирок этади. 1923- йилдан жараён Бухорога кўчади, Юнусов бир неча марта ушбу шаҳарга сафар қилиб, Али Расулов хонадо­нида ўтган йиғилишларда шах­сан шифрли маълумотларни топшириб, қабул қилиб боради. Шу орқали у Бухоро тармоғининг ҳам ишончли алоқа бўғинига айланади.

1924 йилга келиб, қаҳрамонимиз иштирокида маълумот алмашинув жуғрофияси яна кенгайганини куза­тамиз. Бу гал алоқа занжирига Москва йўналиши ҳам қўшилади. Қудратулла Юнусов Темирқул ва Ғулом Икромов орқали Москвадан келган маълумотларни Тошкент марказига етказар, шу билан бир қаторда, Тошкентдан Москвага хабарларни ҳам мунтазам узатиб борарди. 1921–1924 йиллар давомида у Тошкент, Бухоро ва Москва ўртасида ахборот алоқасини узлуксиз таъминлаб турган шахсга айланади. Бу жараёнда Мунаввар қори, Саъдулла Турсунхўжаев, Абдуқодир Қушбегиев, Али Расулов, Темирқул ва Ғулом Икромов ўз йўналиши, ҳудуди доирасида муҳим вазифани бажарган бўлсалар, Юнусов ана шу тармоқларни ўзаро боғлаб турувчи мустаҳкам ҳалқа эди.

Қаҳрамонимиз 1931 йилда хизмат сафари билан Москвага юборилиб, гарчи ўқиш мақсадида бўлса-да, “Миллий истиқлол” ташкилоти­нинг ўша ердаги тармоғи билан фаол боғланади. У ерда Абдулҳай Тожиев, Муҳитдин Турсунхўжаев, Назир Шоабдурасулов, Мирмуслим Шер­муҳаммедов ва Юсуф Алиев билан бир сафда иш олиб боради. Бу муҳитда Юнусов фаолияти расмий таълим билан чекланмасдан, ўзбек талабалари орасида миллий руҳдаги суҳбат ва муҳокамалар билан бойиди: тарихий хотира, ўзлик, Туркистоннинг келажак мақоми каби масалалар мунтазам муҳокама қилинди. Бу мулоқотлар, илмий-бадиий баҳс ва миллий руҳни мустаҳкамловчи суҳбатлар юртнинг келгуси бошқарувида иштирок этадиган ёш кадрларнинг ўзини англашида ғоят муҳим эди.

Эътиборли жиҳати, Қудратулла Юнусов Москвада Бутуниттифоқ алфавити бўйи­ча комитет котиби сифатида ҳам ишлайди. Бу иш янги алифбо, янги таълим тизими орқали халқлар маданияти ва ёзиш усулини янгилаш билан боғлиқ эди. Бироқ ушбу жараёнда тил, маърифат ва таълимга эътиборнинг кучайиб кетиши совет расмийлари назаридан четда қолмади. Улар бу иш ортида халқнинг миллий ўзликни англаш хавфини кўра бошлади. Бу эса кейинчалик Юнусов тақдирига ҳам таъсир этмай қолмади.

1930 йиллар охирига келиб, СССРда сиёсий муҳит кескинлашди, оммавий равишда “халқ душмани” деган сунъий образ ишлаб чиқилди. Натижада жадид зиёлилари, фикр соҳиблари ҳамда мустақил тафаккурга эга шахслар кенг қамровли таъқиб ва кузатув остига олинди. 1937 йил 28 август куни Қудратулла Юнусов Москвадаги яшаш манзилидан ҳибсга олинади. У аввал Бутирка қамоғида сақланиб, сўнг 1937 йил 15 сентябрда Тош­кентга этап қилинади.

Тергов давомида унга совет ҳокимиятини ағдаришга қасд қилиш, чет эл разведкаси билан алоқа ўрнатиш, Қобулдаги инглиз консуллиги билан шифрли ёзишмалар олиб бориш, Миён Бузрук орқали инглизлар билан алоқа қилиш каби бир қатор айблар қўйилади. Бу ўринда унинг “инглизлар орқали икки адад ёзув машинкасини келтиргани”, “бир ярим йил давомида квартирасида инглиз тили мутахассисини сақлагани” ва шунга ўхшаш важлар ҳам “далил” ўрнига ўтади.

Тақдирнинг аччиқ ҳақиқати шундаки, Қудратулла Юнусов бор умрини бағишлаган барча эзгу ишлар: таълим, тарбия, таржима, тил ­ислоҳоти, талабалар билан маънавий суҳбатлар… бари бир кунда “жиноят” сифатида айбловга айлантирилади. 1938 йил 5 октябрда Тошкентда ўтган СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг сайёр сессиясида Қудратулла Юнусов отувга ҳукм қилинади…

Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Шукруллонинг хотиралари эсга келади: “Ўттизинчи, эллигинчи йил­лар­да халқимизнинг минглаб асл фар­зандлари бегуноҳдан бегуноҳ сур­гун қилиндилар, ҳибсга олиниб, отиб таш­лан­дилар. “Қамалдилар, отиб таш­ландилар”, дейиш осон! Аммо бу – қамалган, отиб ташланганларнинг оҳ-у нолалари, азоб-у хўрликлари, уларнинг хонавайрон бўлган оилалари, бола-чақалари, эри­дан айрилган аёлларнинг фарёдлари, дарбадарликларини ҳамма ҳам бир дам кўз олдига келтириб, юракдан ҳис қила олади, дейсизми?

“Отиб ташланди!” Бегуноҳ қатл қилинаётган одамнинг ҳолатини ҳис қила оласизми? Йўқ! Унга ачинасиз, албатта, “аттанг” дейсиз, аммо унинг жувонмарг орзу-мақсадлари-чи?!”

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 декабрдаги 49-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859