Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


22.10.2025 | 14:35

img432

ЖАВОБГАРЛИК ЖАСОРАТИ

Етмиш йиллик умримнинг учдан икки қисми шу таҳририятда ўтди. Мусаҳҳиҳдан бўлим мудиригача бўлган узун йўлда ўн уч нафар бош муҳаррир раҳбарлигида ишлаган бўлсам, улар орасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг ўрни алоҳида. Таниқли адиб Хайриддин Султон “Навоий-30” китобида Одил ака билан бирга ишлаган давридаги таъсирли воқеаларни келтириб ўтган. Камина эса газета муҳаррири сифатидаги фаолияти ҳақида ёзмоқчиман.

ЯНГИ НОМ ВА ЯНГИЛАНГАН ЖАМОА

2024-йил 1-январдан “Жадид” номи остида чоп этилаётган газетамиз 1956-йил 4-январда “Ўзбекистон маданияти” сифатида ташкил этилган. 1981-йил (Асқад Мухтор раҳбарлиги даврида) нашр номи “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”га ўзгарди. Газета номи ўзгаргач, таҳририят олдига янги вазифалар қўйилди. Уларни адо этишга жамоанинг қуввати етмай қолди. Асқад Мухтор ички маданияти юксак шахс сифатида ходимлар кўнглини оғритиб қўйишдан, хато-камчиликлар учун жазо қўллашдан ўзини тиярди. Ҳатто, маломат тошларига ҳам қоядай сукут сақларди.

Вазият тақозосига кўра, 1982-йилда газетага атоқли ёзувчи Одил Ёқубов бош муҳаррир этиб тайинланди. Бу вақтда у киши “Улуғбек хазинаси” романи муаллифи сифатида шуҳрат қозонган, қатор ижодий ташкилотларда муҳаррирлик қилиб, бой тажриба тўплаган сўз заргари эди. Албатта, ҳаммамиз янги бош муҳаррирнинг асарларини ўқигандик, яхши танирдик. Шундай бўлса-да, барибир, барча ходимлар саросимада, нима бўлишини кутиб, тараддудда юрак ҳовучлаб турарди.

Одил ака жамоа билан танишгач, иш жараёни қизиб кетди. Икки ҳафтада таҳририят ходимларининг ярмидан кўпи алмашди. Баъзилар бошқа ишга ўтказилди, баъзилар ўз ихтиёри билан кетди, баъзиларга эса росмана чора кўрилди. Эҳ-ҳе, иссиқ ўрнини, қилаётган (ёки қилмаётган) ишини давом эттирмоқчи бўлганлар не найранглар ўйлаб топмади, “юқори”дан қанча қўнғироқлар бўлмади, дейсиз. Аммо барчаси Одил аканинг олмосдай ўткир ва мустаҳкам қатъиятига тегиб, хом кесакдай парчаланиб кетди.

Жамоа ўртасида вазифалар қайта тақсимланди. Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров бош муҳаррир ўринбосари, Маматқул Ҳазратқулов масъул котиб сифатида иш бошлади. Ўзгаришлар мени ҳам четлаб ўтмади. Одил ака мақолаларимни кузатиб юрган эканми, кўп ўтмай санъат бўлимига ишга ўтказди. Диплом ишим дубляж санъати ҳақида бўлгани учун бу соҳага жуда қизиқардим.

Хуллас, жамоада ҳар жиҳатдан тартиб-интизом ўрнатилди. Ҳарбий тилда айтганда, жамоа жанговар ҳолатга келтирилди.

АДОЛАТ МАНЗИЛИ

Ўша пайтларда, 1982–1987-йилларда газета адади салкам бир миллион нусхага яқинлашди. Устоз замон нафасини теран ва нозик ҳис қилар, долзарб мавзуларни ўз вақтида белгилар ва ким қайси масалани тўлақонли ёрита олишини аниқ биларди. Маълумки, у вақтларда танқидий, дадил таҳлилий мақолаларни эълон қилиш осон эмасди. Лекин шундай вазиятда ҳам Одил ака қалтис, аммо зарур материалларни тақдим этишнинг йўлини топарди. Ишда талабчан ва қаттиққўл бўлган устоз ҳаётда ниҳоятда оқкўнгил, бағрикенг, самимий инсон эди.

Одил Ёқубов қисқа муддатда ишчан, илмли, истеъдодли журналистлар жамоасини тўплади, ёшларга алоҳида эътибор қаратди. Улар ҳар сонга жамиятнинг энг оғриқли муаммолари, кечиктириб бўлмас вазифалар ҳақида аниқ фактлар билан бойитилган шов-шувли мақолалар тайёрлаб, бош муҳаррир столига қўярди.

Шу билан бир қаторда, Одил ака ҳамиша таҳририятга келаётган хатларга жиддий эътибор бериш кераклигини таъкидларди. Хатларнинг деярли ҳаммасини шахсан кўриб чиқишга ҳаракат қиларди. Ҳатто, “Куюнчак газетхонлардан хатлар” деб номланган рукн учун мурожаатларни ўзи саралаган вақтлар ҳам бўларди. Шикоятларга алоҳида эътибор билан муносабатда бўлар, кўпинча ҳолатни ўрганиш учун ходимларни жойларга хизмат сафарига юборар, сўнг газета саҳифаларида халқ кўнглидаги гаплар, умуммиллат муаммолари ва жамият иллатлари акс этган мақолалар пайдо бўларди. Шундай қилиб, газетамиз адолат манзили сифатида донг таратди, даврнинг ошкоралик минбарига айланди. Бу адолатпарварлик Одил Ёқубовга қимматга тушганини кейин-кейин билдик. Ўткир танқидий мақолалар, суд очерклари, журналистик суриштирув каби материаллар юзасидан сўроқ-саволлар бўлса, ҳамма жавобгарликни бош муҳарриримиз ўз зиммасига оларди. Ўзлари ҳам эътироф этишса керак, Маматқул Ҳазратқулов, Ашурали Жўраев, Карим Баҳриев, Камол Матёқубов, Шарифа Салимова ва бошқалар Одил Ёқубов мактабидан чиққан журналистлардир.

Одил аканинг одиллиги яна шунда эдики, ўртамиёна материалга тоқатсиз бўлиб, ким ёзишидан қатъий назар, уларни саҳифага йўлатмасди. Қалам ҳақи “чўғли” бўлгани учун баъзи муаллифлар мақоланинг ҳажмини кўпайтираман деб, лақмаликка ўтиб кетарди. Бундай матнлар муҳаррирнинг ўткир қайчисидан омон қолмас, таҳрирдан кейин настарингулдай очилиб, газетани безаб турарди.

“МЕН ЖАВОБ БЕРАМАН!”

Одил аканинг ўзи айтганидек, “Хотин жафосиз бўлмас, китоб хатосиз”. “Адабиёт ва санъат” саҳифаларида ҳам ҳар қанча синчковлик ва эҳтиёткорлик қилмайлик, хатолар ўтиб кетарди.

…Навбатдаги сон муҳокамасида маълум бўлишича, биринчи саҳифадаги мақолада йирик партия арбобининг фамилиясидан бир ҳарф тушиб қолибди. Ҳаммамиз зудлик билан бош муҳаррир хонасига йиғилдик. Хона жимжит. Барча саҳифанинг бир нуқтасига қараб турибди. Бирдан ҳукумат телефонидан қўнғироқ бўлди. Одил ака вазминлик билан гўшакни кўтарди. “Ҳа, мен – Одил Ёқубов”, деди хотиржам. Нариги томондан асабий товушлар эшитила бошлади. Сўзловчини эшитиб турган раҳбаримиз эътирозга ўрин қолдирмайдиган қилиб: “Мен жавоб бераман!” деб гапни кесди. Трубкани жаҳл аралаш жойига қўйди. У томоннинг айтадиган гапи ичида қолди.

Устоз кимнинг саҳифаси эди, навбатчи ким, деб ўтирмай, Марказқўмга кетди. Гарчи “ошкоралик даври” деб аталса ҳам, ҳамон қаттол тузумнинг қиличи қонсираб турарди. Бош муҳаррир бу вазиятда тартиб бўйича айбдорни топиб, унга тегишли чора кўриб, баённомасини юборса ҳам, ҳеч ким эътироз билдира олмасди. Аммо бир ҳарф можароси идеология масъулларига алоқадор бўлгани учун оддий одамни янчиб ташлаши ҳеч гап эмасди. Одил Ёқубов азамат чинор эдики, унча-мунча бўрон йиқолмасди.

Марказда бош муҳаррирга қандай муносабат бўлганини билмадик, ўзи ҳам айтмади. Миннат қиладиган одати йўқ эди устознинг. Кейин маълум бўлишича, қўл қўйилган саҳифада ҳаммаси тўғри бўлган. Сехдаги саҳифаловчи газетага қўл қўйиб бўлингандан сўнг ўша раҳбарнинг фамилиясини қайта терганида хато кетган экан.

ФИДОЙИЛИК

Одил Ёқубовнинг таржимайи ҳолига эътибор берсангиз, 1982-1987-йилларда бирорта йирик асари ва китоби чоп этилмаган. “Кўҳна дунё” романи бош муҳаррирликка келган йили, кейинги китоби – “Оққушлар, оппоқ қушлар” эса 1988-йилда чиқарилган. Чунки бу беш йилликда катта адибимизнинг бор кучи, диққат-эътибори газетага қаратилган эди. Шундай бўлса ҳам, иш жараёнида бўлажак китоблари учун материал тўплашдан тўхтамади. Бунга қандай улгуришига ҳайрон қолардик. Балки улуғлик сири ҳам шундадир.

Адиб ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири айнан газетада ишлаган даврига тўғри келади. 1985-йилда Одил Ёқубовга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилди. Кейинги йили нуфузли орденга лойиқ кўрилди.

1987-йилда Одил Ёқубов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биринчи котиби лавозимига ўтказилди. У кишининг кетишини қабул қилиш таҳририят учун оғир бўлди. Бош муҳаррирликка Аҳмаджон Мелибоев келгач, юрагимиздаги ҳовур бироз пасайгандай бўлди. Аҳмаджон ака устоз бошлаб берган йўлни муносиб давом эттирди.

Буюклар ҳақида ёзиш осон эмас. Хотирамнинг қирқ йиллик саҳифаларини баҳоли қудрат варақлашга ҳаракат қилдим. Бу – денгиздан томчи, холос. Келгуси йили Одил Ёқубов таваллудига 100 йил тўлади. Бу сана катта адабиёт байрамига айланишига ишонаман.

Гулчеҳра УМАРОВА

“Жадид” газетасининг 2025 йил 17 октябрдаги 42-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855