Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


18.12.2025 | 13:30

img276

ЖУРЪАТ САБОҒИ

Истеъдодли олим, иззатли адабиётшунос Иззат Султоннинг “Навоийнинг қалб дафтари” китоби ўз вақтида жуда катта изланишлар ва олимнинг тинимсиз машаққатли меҳнати эвазига майдонга келган. Асар бугунги кунда қайта нашр этилиб, ўқувчилар қўлига етиб борди. Китобда бир қатор ўзига хосликлар бор. Унда олим буюк шоир дилига котиблик қилади, Навоийни сўзлатади – ўзи хусусида шоирнинг ўзи сўзлайди. Китоб услубий жиҳатдан “буюк инсоннинг ўзи ҳақида айтган иқрорномаси ва шаҳодатномаси” йўлида ёзилган.

Олим меъёрни сақлаган ҳолда, “ёзувчининг таржимаи ҳоли – унинг асарларидир” деган тамойилга амал қилиб, Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ёритишда, аввало, шоир асарларидаги маълумотларга мурожаат қилади. Шунингдек, замондошлари ёзиб қолдирган илмий, адабий ва тарихий асарлардан жамланган биографик маълумотлар берилади. Китоб композицион жиҳатдан Алишер Навоийнинг “Чор девон”и структурасига таянади. Бунда саҳифалар инсон умрининг фасллари билан чегаралаб олинади.

Яқин тарихда Алишер Навоий хусусида бор ҳақиқатни айтиш учун изн берилмас, хусусан, Амир Темур ва Темурийлар даврида бадиий адабиёт юксалганини очиқча таъкидлаш мумкин эмас эди. Олим бундай ўринларда ҳам бор масъулиятни Алишер Навоий зиммасига юклайди ва ора-орада “Навоий фикрича”, “Навоий тушунчасича”, “Алишер Навоийнинг тарихий назари… фалон воқеликка тушди” каби таъбирларни қўллайди.

Масалан, имкон топиб, Хожа Абдуқодир билан Амир Темур ўртасидаги ибратли бир ҳодисани келтиради: “Хожанинг камолотидин бири Қуръон ҳифзи ва қироат илми эрди, филҳол бийик ун бирла Қуръон ўқимоқ ­бунёд қилдиким, ул ҳазратнинг (Амир Темурнинг) ғазаби лутфға мубаддал бўлиб, фазл ва камол аҳли сори” қараб, “Қаландар қўрққанидан мусъҳаф (Қуръон)га чанг солди”, мазмунли мисрани ўқийди. Сўнгра шоирга юксак эҳтиром кўрсатади. Бундай мисолларни давр тарозиси, китоб табъи ва табиати кўтарганча, жуда эҳтиёт бўлиб ёзади олим.

Бир дунё маълумотлар, жумладан, рамзий маънодаги “Қақнус ва қақнусбача” – устоз-шогирдлар, шоирнинг “Черик чекмай Хитодин то Хуросон”ни олгани, шундай шон-шуҳрати сарҳадлари, ўнлаб туркигўйлар аҳволлари, шоирнинг неча ёшида “шеърнинг паришон савдосиға гирифтор бўлгани” ва “назмнинг пароканда восвосига машғул” бўлгани қайта эсга олинади китобда.

Бир саҳифада Алишер Навоийнинг арузни сабзавор­лик Дарвеш Мансурдан ўргангани айтилади. Шоир йигитлик чоғида “шеърда сеҳрсоз ва назмда фусунпар­доз шуаронинг ширин ашъори ва рангин абётидин эллик мингдан ортуқ йод тутубмен”, деган эътирофи қуввайи ҳофизасининг чўнглигидан дарак беради. Айни чоғда, у зотга замондош соҳиби девон шоир Ҳилолийнинг ўттиз-қирқ минг байт йод билганидан ҳайратга тушамиз.

Албатта, бу тарихий далил шоирлик йўлига кирган ­бугунги ижодкорлар, айниқса, ёшлар учун нақадар ибратга лойиқ экани хаёлга келади.

Ҳазрат Алишер Навоий ўз даҳоси, иқтидори, Худо берган таланти кўламини ўзи жуда теран англаган, яхши билган, бадиий тафаккурининг қамровини сезиб турган. Акс ҳолда, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”ни ёзиш учун ўттиз йил сарф қилдим”, деган сўзларига муносабат билдириб, “Хамса” учун менга ўттиз ой кифоя”, деган гапини айтмаган бўларди. Яна бир маснавийсида: “Ўтуз йилки они Низомий демиш, Қошимда эрур икки-уч йил иш”, деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, 1482–1485-йиллар орасида шоҳ асар – “Хамса” ёзилди.

Навоийнинг ижод олами билан бирга, ижтимоий фаолияти, қурдирган иншоотлари, уларнинг сон-саноғи, мол-дунёсининг миқдори Иззат Султон назаридан четда қолмайди: “Унинг вақфининг миқдори беш юз тумандан ортар эди” (1970-йилларда бу миқдор 5 миллион рубл бўлган экан). Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асаридан далил: “Алишернинг бир кунлик даромади (“ҳосили амлоки”) ўн саккиз минг шоҳруҳий динор эди ва у бу даромаднинг ҳаммасини хайрли ишларга сарф этар эди”.

Иззат Султон жуда кўп тарихий далилларга, шоирнинг ўз иқрорларига, ижод психологиясига, муҳим назарий қарашларга, ҳатто айрим баҳсли масалаларга ҳам эътибор қаратади. Ўрни келганда, шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаронинг қўчқор, хўроз уриштиришлари, каптарбозликлари-ю ичкиликка берилишларигача эслаб ўтади. Халқ орасида юрган ривоятларни мавзу доирасига сингдиради.

Бир ўринда Навоийнинг топқирлиги, донолигини шундай баён этади:

“Чорвадор Навоий бозорга мол олиб киради ва бозорда молларини насияга сотмоқчи эканини эълон қилади”. Харидорларнинг: “Пулини қачон тўлаймиз?” деган саволига: “Қарзингизни подшоҳ Ҳусайн Бойқаро ўлган куни тўлайсизлар”, дейди. Бу гапни шотирлар подшоҳга етказишади.

Навоийни зудлик билан подшоҳ ҳузурига олиб келадилар. Савол берилади: “Нега бу гапни айтгансиз?” Навоий жавоб беради: “Подшоҳим! Мендан насияга мол олган ҳар бир киши энди ҳар куни беш маҳал намози чоғида: “Эй Худо, подшоҳ Ҳусайн Бойқарони ўлдирма, мен қарзимни тўламай”, деб дуо қилади. Зеро, шундай дуолар ижобат топиб, Худо сизнинг умрингизга умр қўшса. Молимни насияга сотишдан ниятим шу”. Подшоҳ қаҳр минбаридан ерга тушиб, мулойим тортади – Навоийнинг лутфидан мамнун бўлади.

Китобни ўқиш давомида бир фикр хаёлга келди. Агар отахон адабиётшунос бу асарини бугунги маънавий муҳит об-ҳавосидан эмин-эркин нафас олиб ёзганида, Алишер Навоий “қалб дафтари”нинг диний-эътиқодий саҳифаларини ҳам, сирли-илоҳий нуқталарини ҳам кенгроқ ва чуқурроқ очиб берган бўлар эди. Эҳтимол, янги даврда олим: “Ўзларининг дунёвий мазмуни билан Навоийнинг ғазаллари диний эътиқодларга зид бўлган фикр ва туйғуларнинг адабиётда чуқур ўрин олишига хизмат этадилар” (186-бет) каби гапларни асло ёзмаган бўлар эди. Бундай фикрлар тарихий шарт-шароит ва тарихийлик тамойилининг ўзига хос мезонлари билан изоҳланади, албатта.

Иззат Султон оқил ва донишманд олим эди. Унинг мазкур асари яшаётган ва яшайдиган, бугунгача ўқилган ва келажакда ҳам ўқиладиган китоблар сирасига киради.

Илдирги: 1995-йили 7-июнда номзодлик диссертациямни ҳимоя қилганимда, Иззат Султон Кенгаш раиси эди. Ҳимоя кўнгилдагидек ўтди. Раис Вадуд Маҳмуднинг танқидчилик фаолияти хусусида яхши, илиқ гаплар айтди. Расмий ҳужжатларни ҳозирладим. Домланинг имзоси зарур эди. Бир жойга мажлисга кетган экан. Излаб бордим. Ҳали йиғилиш бошланмаган, аммо домла Президумда мажлис аҳлига юзланиб ўтирган экан. Улкан залнинг бир четидаги бўш ўриндиққа бориб жойлашдим. Олдига боришга тортиндим. Кутиб ўтиравердим. Мажлис бошланди. Ундаги гаплар мен учун унча қизиқ эмас, имзо эса муҳим. Орадан бир соатлар ўтиб, танаффус бўлди. Домлани холи топиб, ёнига бориб салом бердим, кейин ҳужжатларга ишора қилдим. Имзо қўя туриб, Иззат Султон менинг аллақачон келиб, анча кутиб қолганимни назарда тутиб: “Бундай маҳалда дадилроқ бўлмоқ керак. Вақтни қадрлаш лозим”, деб насиҳат қилди. Бу инсон жуда зукко ва сезгир эди. Иззат Султон домладан шунда журъат сабоғини олгандим. Буни имзоталаб ёшларга нисбатан ҳали-ҳануз қўллайман.

Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 декабрдаги 50-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img829

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img822

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857