16.07.2025 | 08:36
298
“ЎЗ ЮРТИДА ОНА ТИЛИН УНУТГАНЛАР…”
Светлана КИМ:
– Мен Ўзбекистонда туғилиб-ўсдим. Юртимни жуда яхши кўраман. Кимёгарман. Москвада ўқир эканмиз, курсдошларим ўша ерда қолишга ёки яхши йўлланма олишга интилишарди. Менга Белорусдаги йирик кимё заводига йўлланма беришди, аммо ундан воз кечдим. Чунки уйга – Ўзбекистонга қайтишни истадим. Рости, бошқа жойда яшашни тасаввур қилолмайман. Тошкентга қайтиб, ишга жойлашдим.

Миллатим корейс, рус тилида таълим олганман. Ўзбекистонда яшаганим боис ўзбек тилини мукаммал ўрганиш истаги болалигимдан юқори бўлган. Аслида, ўзбек тилини билиш – бу зарурат, фуқаролик бурчидир.
Ўзбекчани янада яхши ўрганиш учун тил курслари билан қизиқдим. Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида бошқа миллат вакилларига ўзбекча ўргатадиган курс борлигидан хабар топдим. Биринчи дарсдан кейин гуруҳларга бўлиндик. Бизнинг 17 кишилик гуруҳимизга педагог Азизбек Бердиев дарс бера бошлади. Чет тилини ўрганаётган киши учун ўқитувчининг ўрни беқиёс. Муваффақиятнинг ярми, ҳатто ундан ҳам кўпроғи ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ.
Жиддийроқ шуғулланиб, ўзбекча ўқиш ва ёзишни ҳам ўзлаштириб олмоқчиман. Дарсларга қатнай бошлаганимдан бери қўшниларим билан янада осонроқ мулоқот қиляпман. Мендан кўра кўпроқ улар қувонганини кўриб, иштиёқим янада ошмоқда.
Отам узоқ йиллар ўзбеклар билан бирга ишлаган. У ҳам ўзбек тилини яхши билади. Отам ҳаётий ҳақиқатга асосланган бир мулоҳазани тез-тез такрорлаб туради: “…1937 йилда депортация қилинган биз корейслар айнан ўзбек халқининг саховати туфайли омон қолиб, бегона юртда ҳам ўз миллийлигимизни сақлаб қололдик”. Биз буни доим йодда сақлаймиз. Бутун умр ўзбек халқининг нақадар меҳмондўст, меҳрибон, бағрикенг эканини эътироф этишдан чарчамаймиз.
Ўзбек тилини ўргана бошлагач, атрофимдагиларнинг менга ҳурмати янада ошганини яққол ҳис қила бошладим. Ҳозир лотин алифбосидаги ўзбек ёзувини ўрганаётганимиз сабабли қўшниларим билан “СМС”лашганда лотинча ёзаман. Тўғри, ҳозирча хабарларим қисқа жумлалардан иборат, лекин меҳрибон қўшниларим ҳаракатимни-да астойдил қўллаб-қувватлашмоқда.
Тажрибадан маълумки, тил ўрганиш учун икки муҳим жиҳат сабаб бўларкан: истак ва эҳтиёж. Кимдир карера ёки бошқа сабабдан тил ўрганишни шарт деб билса, бу – мажбурият. Аммо истак, бу – бутунлай бошқа нарса. Бу тилга бўлган муҳаббат, тил орқали маданиятга чуқурроқ кириш имконияти.
Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказидаги шароитлар алоҳида мавзу. Дарсларда замонавий технологиялардан унумли фойдаланилади. Шунингдек, дастур ҳам жуда яхши. Тилни ўзлаштиришда дастур жуда катта роль ўйнайди. Шундай шароитда ўзбек тилини ўрганаётганимдан жуда мамнунман.
Бир мулоҳазамни айтиб ўтмоқчиман. Ҳозир айрим ўзбеклар ҳам ўз тилини қўйиб бошқа тилда гаплашади. Ҳатто, оилада ҳам бошқа тилда мулоқот қилишлари мени ҳамиша ҳайрон қолдирган. Худди шунинг акси бўлган яна бир ҳолат эса мени доим қувонтирган. Яъни, бошқа миллат вакилларининг ўзбек тилини жуда яхши билишига гувоҳ бўлганман ва уларга ҳавас қилганман. Яқинда интернет тармоқларида япон йигитнинг давлат тилида гапирган видеосини кўрдим. Унинг гаплари жуда бамаъни, қўшиқдек эшитиларди.
Ҳар қандай халқ маданиятида энг муҳим қадрият – тилдир. Мусиқа, рақс ё бошқаси эмас, айнан тил. Чунки у миллийликни, ўзликни белгилаб берадиган энг асосий омил.
Ўзимни “ўзбек корейсиман” деб ҳисоблайман. Менинг бахтим шунда!
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ ёзиб олди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 11 июлдаги 28-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
833
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
827
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
861



