08.10.2025 | 09:39
282
ЎЗБЕК ТИЛИ ЎЗБЕКОНА ТАФАККУР ТИЛИ БЎЛСИН
Бу оламда ҳар бир халқнинг мавжудлиги ва маънавий қиёфаси унинг миллий тилида намоён бўлади. Шу боис, миллий тил – ота-она ва Ватандек табаррук тушунчалар сирасига киради. Маданиятли халқлар ўз тиллари ер юзининг барча қитъаларида кенг тарқалиши, шу тилда бошқаларнинг сўзлаши билан фахрланадилар. Ҳар бир миллат тилининг асрлардан-асрларга ўтиши ва инсонлараро мулоқот мақомини сақлаб қолиши учун ўша тил соҳибларининг меҳр-муҳаббати, диққат-эътибори, фаҳм-фаросати ҳамда ўша тилда ёзилган жаҳоншумул илмий-адабий манбалар восита бўлади.

Ҳар қандай миллий тил инсон руҳияти билан узвий боғлиқ. Инсоннинг нутқ таҳлили натижасида унинг “мен”ини англаб, қандай шахс эканини билиб олиш қийин эмас. Тил воситасида одамлар нафақат мулоқот қилади, балки бир-бирининг табиати, турмуш тутуми ва ижтимоий мавқейига ҳам баҳо беради. Шу боис, кўпгина филологик таълим марказларида психолингвистика, социолингвистика, културалингвистика, психобиография каби соҳалар бошқа фанлар билан уйғун ўргатилади.
Абдурауф Фитрат ўзбек тилини дунёдаги “энг бой, энг бахтсиз” деб сифатлаганига салкам бир аср бўлди. Дарҳақиқат, ўзбек тили XX асрнинг бир неча ўн йиллари давомида ҳам шу “энг бахтсизлик” тамғасидан қутула билмади. Фақатгина давлат тили мақоми берилгач ва Истиқлол йилларида ўзбек тили ўмганини, мавқейини баланд кўтарди.
Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши оддий ҳодиса эмас. Мен Мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидек муаззам тарихий воқеани табиатда юз берадиган бир ҳодисага ўхшатаман.
Маълумки, баҳор келишидан аввал қалдирғочлар – баҳор даракчилари пайдо бўлади. Истиқлол арафасида миллий тилнинг расмий ҳужжатларда юксак бир мақомга кўтарилгани юртнинг озод баҳоридан, мустақиллигидан дарак берган шундай бир бебаҳо мужда эди, дегим келади.
Ўтган йиллар мобайнида ўзбек адабий тили ва унинг қўлланиши мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйди. Ишдаги ҳужжатлар, маъмурий, расмий, идоравий иш қоғозларининг давлат тилида тақдим этилиши, шунга оид мезонларнинг ишлаб чиқилгани ва бошқа омиллар тилимизни илм-фан тилига яқинлаштирди.
Бугун дунё олмон ёки японларга ҳавас қилади. Уларнинг илм-фандаги ютуқларини олқишлайди. Бунинг бош омили бевосита тафаккурга, тафаккур эса миллий тилга бориб боғланади. Бу тараққиётнинг сабаблари миллий тафаккурга тааллуқли эканини олимлар аллақачон исботлашди ҳам. Демак, ўзбек тили бугун ўзбекона тафаккур тили бўлиши лозим.
Тилга эътиборли инсон шу элнинг дард-у ғамига, келажагига, маънавиятига бефарқ бўла олмайди. Аслида, зиёли инсон ўзининг ёзма ва оғзаки нутқи билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Ёзма нутқ ҳуснихатнинг ўзигина эмас. Ёзма нутқнинг асосий белгиларидан бири – саводхонлик тушунчаси орфография қоидаларига риоя қилган ҳолда, ҳар бир сўзни тўғри ёзишдан тортиб, зарур сўзни танлаш, гапни тилнинг барча қоидаларига асосан тузиш, нутқни ёзилаётган матн табиатига мослаш каби жуда кўп масалаларни қамраб олади. Бисотида барчага тушунарли сўзлар тургани ҳолда, бошқаларга қийинчилик туғдирадиган сўзларни ноўрин қўллаш оқибатида ғализлик юзага келади. Натижада ўқувчи ёзилган матнни тушунишга қийналади.
Фикр ифодасида мантиқ ҳам муҳим. Албатта, ҳар ким ҳам гапириш ҳуқуқига эга, бироқ унда маъно, фикр, мазмун бўлмаса, бундай нутққа “вайсамоқ” феъли мос тушади. Сог‘-саломат бўлиш фақат тана сифати эмас, у маънавият, маърифат ва манданиятга ҳам, айни дамда, нутққа ҳам тааллуқлидир. Бу соҳаларга мараз юқса, уни соғайтириш қийин. Ўзбекона бадиий тафаккурнинг чўққиси саналмиш ҳазрат Алишер Навоий айтадики:
“Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз. Кимнинг миясида иллат бўлса, сўзида мантиқ бўлмайди. Мияси соғлом бўлса, гап-сўзи ёқимли ва хатосиз бўлади. Сўзида паришонлик – ўзида пушаймонлик”.
Буюк саркардалар қилич билан забт эта олмаган ўлкаларни нотиқлар таъсирли нутқлари билан забт этгани ҳақида тарихда мисоллар бисёр. Кўплаб машҳур нотиқлар инсониятни тўғри йўлга бошлагани, одамлар уларга эргашиб, жамият ҳаётида бунёдкорлик руҳи устувор бўлгани ҳам тарихий ҳақиқат. Аслида, бундай нодир қобилият – ишонч билан сўзлаб, одамларнинг қалбидан жой олиш ва уларга илҳом бахш этиш ҳаммага насиб этавермайди.
Ҳозирги кунда турли хориж тиллари бўйича юксак билим ва малакага эга ёшлар сони ортиб бормоқда. Дунёнинг етакчи университетларида ўқиш, қайси бир мамлакатда тижорат билан машғул бўлиш, сайр-у саёҳат қилиш – буларнинг барчасини маъқуллаган ҳолда, бир гап айтмоқни истайман. Хориж тилларини она тилидек биладиган ёшлар дунёга ўз миллатининг шон-шуҳрати ва муаззам тарихини, алломалари меросини, гўзал хулқ-одобини тарғиб-ташвиқ қилмоғи лозим.
Хориж тилларини яхши ўрганган одамда ўз она тилининг ифода имкониятлари, луғат бойлиги, балоғат ва фасоҳати каби бир қанча қирраларини ўзга тил билан солиштириш имкони пайдо бўлади. Масалан, бир қиёс. Ўзбек тилидаги “тўй” сўзи кўпмаъноли. Ҳам от, ҳам феъл туркуми таркибида келади. Ўзбек тўйлари изоҳи учун катта бир рисола ёзиш мумкин.
Олмон тилида “тўй” “ҳоҳсайт” сўзи билан берилади. Бу яхлит сўз эмас. Иккита сўздан қўшиб ясалган, таржимаси “юксак вақт” деган маънони англатади. Олмон тилида биздаги каби кўпмаъноли ва мукаммал “тўй” йўқ.
Қадим туркий сўзларни тирилтириш, айрим шевалардаги сўзларнинг луғат китобларидаги ҳуқуқларини тиклаш, ажнабий сўзлар учун мосларини топиш, ясаш каби муҳим илмий-амалий изланишлар бугун ниҳоятда долзарб масала. Яқинда бир шевада қўзиқориннинг “кўмалак” (“кўмилган нарса” маъносида), ёш болалар юришига мўлжаллаб ясалган мосламанинг “адоқарава” (оёқ аравача) эканини билиб қувондим. Ҳайратландим.
Ўзимча баъзан “учак (уйнинг тепаси, устки учли қисми), “отоқи” (ҳашар-кўмакда лой отадиган киши), “борлама қилиш” (“йўқлама қилиш” бирикмасининг муқобили), “бирлама” (ғўзани ягона қилиш), “чакар” (қудуқдан сув тортиб оладиган челак-мослама), “қалқи” (қармоқнинг сув юзасидаги попуги, бу енгил буюм сувда қалқиб тургани учун ҳам “қалқи” деб аталади), “кучала тош” (батарея), “қўнимдор” (прописка) сингари ўнлаб сўзлар бугунги ўзбек адабий тилида фаол қўлланиши мумкин бўлса керак, деб ўйлаб юраман.
Бизда халқ оғзаки ижоди намуналари юз жилдда нашр бўлмоқда. Бундай бойлик дунёнинг қайси миллатида бор? Бугун ўзбек тили дунёнинг кўпгина машҳур университетларида ўрганилаётгани нақадар қувончли. Бу тилнинг бадиий ифода имкониятларини Алишер Навоий ўз шеърий девонлари, “Хамса”си билан исботлаб қўйган. Биз буни англашимиз шарт.
Ўзбек тилига давлат миқёсида юксак эътибор берилаётган бир паллада унинг муаммолари шу ҳолича қолиши мумкин эмас. Маълумки, ўқув муассасаларида она тилимиз ўқитилади. Бу ўқитиш жараёни олий ўқув юртларининг нофилологик таълим йўналишларида ҳам давом этиши зарур. Чунки ҳар бир мутахассис ўз соҳасининг ҳақиқий билимдони бўлиши билан бирга, ўз она тилида фикрини аниқ баён эта олиши шарт.
Олмон адиби Ҳерман Ҳессе: “Ўз тилини яхши билмайдиган, севиб-ардоқламайдиган, уни ҳимоя қилмайдиган халқнинг шоириман деб кўкрак керишдан ор қилади киши”, деган экан. Тилга доир бу муҳим фикрни нафақат ижод аҳлига, балки ҳар бир фуқарога нисбат бериш ўринли бўлади.
Баҳодир НУРМУҲАММАД
“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
825
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



