09.01.2026 | 12:50
345
ҚАЛАМНИНГ ҚУДРАТИ
Моҳир жамоат арбоби, тарихчи, атоқли педагог ва таржимон Саид Ризо Ализода серқирра фаолияти, маърифатпарварлик руҳи ва ўткир қалами орқали Самарқанд жадид матбуоти ривожига, халқ онги ва тафаккури уйғонишига салмоқли ҳисса қўшган зиёли сифатида тарихда ўчмас из қолдирди.

Саид Ризо Ализода 1887 йил 15 февралда Самарқандда туғилган. Отаси ҳожи Мирмахсум эронлик мансабдор шахс бўлиб, 1882 йилда Хуросондан Бухоро орқали Самарқандга кўчиб келган. Онаси Ҳадичабегим эса машҳур озарбайжон бастакори Узайир Ҳожибековнинг қариндоши ҳисобланади.
У илк таълимни аввал Самарқанддаги мадрасда, кейин озарбайжон олими Шайх Абулқосим томонидан ташкил этилган янги усул мактабида олган. Қисқа муддатда мактабни юқори баҳоларда тамомлаганидан сўнг, шу ерда муаллимликка олиб қолинган. Иш жараёнида мактаб кутубхонасидаги Озарбайжон, Эрон ва Ҳиндистонда нашр этилган газета ва китобларни мунтазам ўрганиб, билим доирасини кенгайтириб борган. 1906 йилдан Демуров номли босмахонада ҳарф терувчи сифатида фаолият юритган, кейинроқ рус тилида чиқадиган “Самарқанд” газетасида мусаҳҳихлик қилган. Бу унга тилни чуқур ўрганиш ва рус тилидаги адабиётлар билан яқиндан танишиш имконини берган. У олий таълимни олти йил давомида Машҳад мадрасасида олган.
Саид Ризо Ализода жадидлар саркори Маҳмудхўжа Беҳбудий билан ҳамкорликда ўзбек тилида чоп этиладиган “Самарқанд” газетасини ташкил этган, 1913 йилдан бошлаб “Ойина” журналида фаолият юритган. Ушбу нашрларда Туркистон мактаблари ва мадрасаларидаги эски таълим тизими танқид қилинган ҳамда ислоҳотлар ўтказишга қаратилган мақолалар мунтазам эълон қилиб борилган. Юқоридаги нашрларда “Телеграф хабарлари” саҳифалари берилишида ҳам унинг ҳиссаси катта бўлган.
Саид Ризо Ализоданинг 1917 йилда “Бухоро, уйғон!” номли мақоласи “Бухоройи шариф” газетасида эълон қилинганидан сўнг, Файзулла Хўжаев уни Бухорога таклиф қилган. Шу йили у “Шарқ”да муҳаррир, “Ҳуррият”да эса таржимон ва мухбир сифатида фаолият юритган.
1922 йилдан бошлаб Саид Ризо Ализода “Зарафшон” газетасида бўлим мудири сифатида меҳнат қилган. Шу билан бирга, “Туркистон хабарлари”, “Камбағаллар ўқи”, “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Бухоройи шариф”, “Турон”, “Самарқанд овози” газеталари ҳамда “Машраб”, “Мулла Мушфиқий” журналларида мунтазам равишда мақола ва фелетонлари билан қатнашиб турган. У ўз асарларида Баҳлул, Замбур, Ранжбар, Боғишамолий, Шапалоқ, С.А. каби тахаллуслардан фойдаланган. Матбуотдаги фаолияти болшевик ҳокимиятини қаттиқ ташвишга солган, бунинг яққол мисоли сифатида “Мен суддан қўрқмайман” мақоласидаги қатъий ва очиқ позициясини келтириш мумкин. Ушбу мақолада у жасорат билан қуйидаги жумлаларни ёзади: “Ҳибсда ётишни ўзим учун фахр ва эътибор деб санайман. Чиқинг майдонга, мен суддан қўрқмайман!”
Саид Ризо Ализода маҳаллий бойларни янги усул мактабларига маблағ ажратишга кўп марта тарғиб қилган. Таълим соҳасидаги фаолияти 1907 йилда “Ҳаёт” ва 1909 йилда “Мактаби исломия” мактабларини очиш билан бошланган, бу мактаблар асосан камбағал оилалар фарзандларига таълим беришга мўлжалланган эди.
Унинг ўқувчилар учун тайёрлаган дарсликлари қаторидан “Сарфи араб”, “Туркий алифбо”, “Тарих”, “Жуғрофия”, “Риёзиёт”, “Ҳандаса”, “Табиат”, “Дин вожиблари”, “Низомнома”, “Бадан тарбияси”, “Илми фазо” каби китобларни санаб ўтиш мумкин. Бошланғич синфлар учун мўлжалланган бу дарсликлар ўқувчиларни савод чиқаришга, аниқ ва табиий фанлар бўйича билим ва кўникмаларга эгалик қилишга йўналтирилган.
Шунингдек, у ўзбек мактаблари учун “Биринчи йил” алифбосини яратиб, янги усул мактабларига бепул тарқатган. Мактабдорлик фаолиятидан ташқари, у шаҳардаги руслар учун кечки курслар ташкил қилиб, уларга ўзбек ва тожик тилларини ўргатган.
1916–1922 йилларда театр санъатида ҳам фаол иштирок этган Саид Ризо Ализода Беҳбудийнинг “Падаркуш”, Мольернинг “Зўраки табиб”, Узайир Ҳожибековнинг “Аршин мол олан”, “Лайли ва Мажнун”, “Асли ва Карам” ҳамда Ҳусайн Жовиднинг “Шайдо”, “Шайх Санъон” асарларини саҳнага қўйишда иштирок этган ва айрим ролларни ижро этган.
Полиглот, қомусий билим ва жасорат соҳиби Саид Ризо Ализода фаолияти хориждаги илм-фан, давлат ва жамоат арбоблари томонидан ҳам эътироф этилган. Жумладан, набираси Фарҳод Ализоданинг маълум қилишича, Афғонистон ҳукмдори Омонуллохон фармони билан Саид Ризо Ализода форс тилида “Асри саодат”, “Одоби икром”, “Тарихи ислом”, “Тарихи Туркистон”, “Маданияти ислом”, “Фан дар борайи коинот” ва бошқа асарларни ёзган ва улар 1923–1933 йилларда Покистоннинг Лоҳур шаҳрида нашр қилинган.
Маърифатпарвар мутафаккир луғатшунослик соҳасида ҳам фаолият юритган. 1933–1934 йилларда 61 минг сўздан иборат икки жилдлик русча–тожикча луғатни нашр эттирган. Шунингдек, таржимонлик билан фаол шуғулланиб, Александр Пушкиннинг “Евгений Онегин”, “Дубровский”, “Капитан қизи”, Фёдор Гладковнинг “Семент”, Николай Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди”, Синклер Эптнинг “Юз фоиз”, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асарларини тожик тилига таржима қилган. Шунингдек, у афғон тараққийпарвари Маҳмуд Тарзий билан ҳамкорликда Жюль Верннинг “Ер юзи бўйлаб 80 кунлик саёҳат” асарини форс тилига ўгирган.
Саид Ризо Ализода 1933–1937 йилларда Самарқанддаги университетда араб ва форс тилларидан дарс берган ва умрини миллат равнақи, маърифат ва янги қарашга эга авлод тарбиясига бағишлаган.
Афсуски, уни 1938 йил 3 февралда дарс бериб турган хонасининг ўзида НКВД ходимлари қамоққа олади. Олдин Самарқанд, сўнг Тошкентда, кейинроқ Тобольск ва Владимирда 8 йил қийноқлар остида тутқунлик азобини тортган Саид Ризо Ализода 1945 йил 24 декабрда қамоқхонада сил касалидан вафот этади. Аммо қатағон машинаси оила бошлиғини йўқ қилиш билан тинчиҳмайди. Мустабид тузум жаллодлари Ализоданинг ўғли Саид Тоғизодани ҳам 10 йилга Сибирнинг совуқ ўрмонларига сургун қилади. Оиланинг бошқа аъзоларига ҳам бир неча йиллар мобайнида тазйиқлар ўтказиб келинади. Саид Ризо Ализоданинг номи 1958 йил 16 январда ЎзССР Олий суди ёпиқ мажлисида кўриб чиқилиб, реабилитация қилинган эса-да, аммо бу тўлақонли оқланиш эмасди.
Қадимги Рим ҳуқуқшуноси Улпиан “Адолат ҳамманинг ҳақини ўз эгасига қайтариб беришдир”, деб ёзган эди. Саид Ризо Ализоданинг ҳақ-ҳуқуқлари, пок номи айнан мустақиллик йилларида элимизга қайтарилди, барча жадид зиёлилари қатори унинг порлоқ хотирасига муносиб эътибор кўрсатилди. Хусусан, у яшаган уй 1998 йил ноябрда музейга айлантирилди ва ҳаёт йўлини очиб берувчи кўргазмалар ҳамда илмий мероси билан бойитилди. Самарқанд шаҳри кўчаларидан бирига, шаҳардаги 14 мактаб ва ўзи яшаган маҳаллага Саид Ризо Ализода номи берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи кутубхонасига Саид Ризо Ализода номи берилди. Унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм тайёрланди. Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан 2017 йилда тайёрланган рисолага Саид Ризо Ализоданинг ҳаёти ва тақдири, қолдирган бой илмий мероси ҳамда уй музейи ҳақида маълумотлар киритилди.
Бу эзгу ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, муҳтарам Президентимиз томонидан жадидлар меросини ҳар томонлама ўрганишга қаратилган изчил эътибор ва мазкур йўналишда қабул қилинган муҳим қарорлар билан узвий боғлиқдир. Ана шу сиёсий ирода ва маънавий таянч натижасида жадид ҳаракатининг маърифий-тарихий аҳамиятини янада теран англаб етмоқдамиз.
Бахтиёр ҲАСАНОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори,
тарих фанлари доктори, профессор
“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 декабрдаги 52-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



