Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


30.12.2025 | 10:20

img329

ҲИСОБОТ ҚУРБОНИ

1930 йиллар қатағонининг қонли тиғига дучор бўлган инсонлардан бири Абдукарим Тўхтабоев эди. У 1898 йили Наманган вилоятининг Ғалча қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келади. Болалигиданоқ ер ҳайдаб, деҳқончилик ҳадисини олиб улғаяди. Дастлаб Наманган шаҳрида эски усулдаги Абдулаҳад Махсум мактабида уч йил таҳсил олади. Сўнгра Тўрақўрғондаги рус мактабида беш йил ўқийди. Навбатдаги босқичда Наманган гимназиясида бир йил таълим олади.

Ўша йилларда Наманганда савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги, маориф соҳалари кенгаяётган палла эди. Абдукарим ҳам болше­вик­лар партиясига қабул қилиниб, жамият ишларида фаолроқ бўлишга интилади. 1924 йилдан Наманган тумани қишлоқ уюшмаси тизимида ишлай бошлайди. Аммо кўп ўтмай сиёсий муҳит кескинлашиб, манзаралар бошқача тус олади. Кечагина ишонч билдирилган кадрларга нисбатан шубҳа, гумон ва таъқиблар кучаяди. Умумий сиёсий тортишувлар, асоссиз айб­ловлар таъсирида Абдукарим Тўхта­боев ҳам партия сафидан чет­латилади.
1930 йиллар ўрталарига келиб, Наманганда пахтачилик қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бирига айланган, бу соҳага мала­кали кадрларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган эди. Ана шу жараёнда Абдукарим Тўхтабоев ҳам пахтачилик соҳасида тажрибали мутахассис бўлиш учун турли ўқув курсларида малакасини оши­ради, пахта тайёрлаш, ҳисоб-китоб, ташкилий ишлар бўйича билим ва кўникмаларга эга бўла­ди. Наманган вилоятининг Косон­сой, Уйчи каби туманлари ва бошқа ҳудудларга юборилиб, пахта тайёрлаш ишларига раҳ­барлик қилиш, жойлардаги ташкилий ишларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
Бу давр мамлакат бўйлаб қата­ғон сиёсати авж олган, инсон тақдири бир зумда ҳал бўлиб кетадиган даҳшатли йилларга тўғри келган эди. Абдукарим Тўхтабоев ҳам шу зулматли даврнинг навбат­даги қурбонига айланади. 1937 йил 14 октябрь куни у Наманган вилояти Уйчи туманига қарашли Яккатой қиш­­лоғидаги пахта тайёр­лаш пунктида хизмат вази­фасини бажара­ётган пайтда кутил­маганда ҳибс­га олинади. Уни қандай айб ва кимнинг кўрсатмаси билан олиб кетиш­­гани ҳақида на ўзига, на оила аъзоларига ҳеч қандай изоҳ берилмайди. Ўшандан бошлаб Абдукарим Тўхтабоев учун ҳам, унинг оиласи учун ҳам оғир синовлар бошланади.
Хўш, аслида унинг айби нима эди?
Ички ишлар халқ комиссарлиги ҳузуридаги “Учлик” баён­нома­ларида Абдукарим Тўхта­боев ҳақи­да “собиқ қулоқ”, “жадидлар ҳаракати иштирокчиси”, “Миллий иттиҳод”­нинг аъзоси”, “босмачилар билан алоқада бўлган шахс” каби турли айбловлар қайд этилган. Табиий­ки, тергов жараёнлари таҳдид-у босим­лар остида олиб борилади. Унинг “айб”и асосан зиёлилар ҳақида шахсий фикрлар билдиргани, баъзан Чўлпон, Файзулла Хўжаев каби инсонларнинг номини тилга олгани, уйида “Ўткан кунлар” романини сақлагани эди.
Шу ўринда, ўша давр манза­расини янада тўлиқроқ тасаввур қилиш учун ада­биёт­шунос олим Озод Шарафид­диновдан яхлит ҳолат чизгиларини келтириб ўтсак: “Жазо органлари маҳаллий халққа қарши курашда турли йўллардан кенг фойдаланган. Жумладан, улар қамоққа олинганларни жисмо­ний қийноқларга дучор қилиш билан бирга руҳий эзиш, иродасини синдириш, инсоний ғурурини кам­ситиш, иззат-нафсини таҳқирлаш йўли­дан ҳам борган. Бу мақсад­лари йўлида ҳеч нарсадан қайтган эмаслар. Масалан, атоқли олим ва адиб Фитратни қамоққа олишдан аввал унинг уйида тинтув ўтказилади. Хўш, терговчилар унинг уйидан Фитратнинг “жиноят”ига алоқадор нималарни олиб кетган? Аёлларнинг шоҳи костюми, шерст юбка, эркакларнинг жигарранг пальтоси, тўртта қавилган кўрпа, иккита па­лос, битта гилам, соат, жавон, керосин билан ёндириладиган само­вар, юмшоқ стуллар, битта ёзув столи, иккита сандиқ, патефон, муси­қа асбоблари, шахмат, ҳар хил ликопчалар, лаганлар, 13 та пичоқ, 16 та санчқи, 8 та темир қошиқ, 22 та ёғоч қошиқ, 82 та ҳар хил китоб ва бошқалар. Бу буюмларнинг “жиноят иши”га нима дахли борлигини минг ўйласангиз ҳам топа олмайсиз…”
1937 йил 16 ноябрда ўтка­зил­ган сўроқда қаҳрамонимиз қаер­­ларда ўқигани, кимлар билан ишлагани ҳақида баён қилади, аммо бу кўрсатмалар ҳам уни қутқара олмайди. “Учлик” қарори билан Абдукарим Тўхтабоев 10 йил муддатга меҳнат-тузатув ла­гери­га ҳукм қилинади. Бу қарор унинг иштирокисиз, суд ва ҳимоя ҳуқуқисиз чиқарилган, унинг тақ­дири бир неча дақиқаларда ҳал қилинган-қўйган.
Абдукарим Тўхтабоевнинг қамоқ­қа олиниши оқибатида меҳ­­нат қилиш қобилиятига эга бўл­маган 8 киши – аёли ва етти нафар фарзанддан иборат оила қаров­сиз, қийинчилик гирдобида қолади. Фарзандлари мактабда ўқиш имко­ниятидан маҳрум бўлади.
Бу ёқда эса лагер ҳаётининг азоб-уқубатлари Абдукарим Тўхта­боевни бутунлай эзарди. 1941 йил 1 май куни у Ярославл вилояти Рибинск шаҳрида жойлашган Волга-Москва меҳнат лагери маҳбуси сифатида СССР Ички ишлар халқ комиссарлигига шико­ят аризаси йўллайди. Унда ҳибсга олиниши, терговда кўрилган зулм­лар, таҳдидлар, мажбурлаб имзо қўйдиришлар ҳақида ёзади ва шундай дейди: “Отамнинг бутун ўтмиши ва менинг ўтмишимдан, ишонаманки, яхшиликдан таш­қари бирон нарса топа олмайсиз”.
Шу тариқа у ўзининг ҳеч қандай жиноят содир этмагани, отаси ва оиласи бутун умр ҳалол меҳнат билан ҳаёт кечирганини изтироб билан ёзади. Ўшанда қаҳрамонимиз ҳали 42 ёшда, ёлғиз ўзи боқиб келган етти нафар ёш фарзанди отасиз қолган… бу эса бешинчи марта ёзаётган арзномаси эди. Шунга қарамай, у нима айби учун қамалгани юзасидан асло тайинли жавоб олол­майди.
Шундай, қатағон домига тортиш учун инсоннинг бой ё йўқсил, зиёли ё ишчи бўлиши шарт эмас эди. Оддий деҳқон оила­си­дан чиққан, умрини тирикчи­лик ғамида андармон, ҳалол меҳнат, бола-чақасини боқиш фикри­да ўтказган одам ҳам бир зумда “халқ душмани”га айла­ниб қоларди. Совет қирғин маши­наси одам танламас, Сталин­­нинг махсус қарори билан рес­пуб­ликалар раҳбарларига қанча “халқ душмани” топиш ва қатл этиш режаси белгилаб берилгандики, Абдукарим Тўхтабоев ҳам айбини билмай кетган ана шундай аянчли тақдир эгаларидан бири эди.
Орадан йигирма йилдан ортиқ вақт ўтгач, 1958 йилда расман оқланиб, унга қўйилган барча айбловлар асоссиз, туҳмат экани тан олинган бўлса-да, унинг қаер­да, қачон, қандай шароитда ҳаёт­дан кўз юмгани, афсуски, номаълум.
Абдукарим Тўхтабоев тақ­дири шу ҳолича якка бир шахс фожиаси эмас, бутун миллат боши­дан ўтказган синовлар инъикоси, ўрганилишга муҳтож илмий-маъна­вий сабоқдир. Зотан, бу каби тақдирлар бизга ҳуррият, инсон қадри, адолат тушунчалари қан­ча­лар азиз ва қимматли эканини мудом эслатиб туради.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 декабрдаги 51-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img825

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859