Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 12°C

TAVSIYA QILAMIZ


09.12.2025 | 11:00

img162

ҲЎЛ-У ҚУРУҚ БАРОБАР…

Машҳур тарихчи ва адиб Николай Карамзиннинг тарих ҳақида шундай гапи бор: “У кафанларни юлқиб, ўликларни уйғотувчи, дилларга ҳаёт қонини қуювчи, тилларга сўз бахш этувчи, кунпаякун салтанатларни қайта яратувчи, ўтиб кетган асрлар силсиласини бутун ҳаяжон-у атвори билан кўз ўнгимизда намоён этиб, ҳаётимиз сарҳадларини кенгайтирувчи мўъжизадир. Унинг маънавий қудрати ила биз барча кечмиш замонларнинг одамларига ҳамдам-у ҳамнафас бўламиз”.

Ҳа, биз ҳам ҳар гал қатағон қурбонлари ҳақида сўз юритар эканмиз, ўша даврнинг оғир нафасини юракдан ҳис қиламиз. Ноҳақ жабрланган миллатдошларимиз­нинг тақдирини ўйлаб қайғурамиз. Бугунги қаҳрамонимизнинг тақдири ҳам шундай қайғулидир.

Набирхўжа Саидхўжаев 1879 йили Тошкент шаҳрида диний хизматчи оиласида туғилади. Дастлаб маҳаллий мадрасада хат-савод чиқариб, билимга чанқоқлиги билан устозлар эътиборини қозонади. Иқтидори ва интилиши тенг-тўшлари қатори уни ҳам Бухоро сари бошлайди. Бу даврда Бухорода қадимчилар ва жадидлар ўртасидаги қарашлар тўқнашуви айни кескинлашган маҳал эди. Масалан, тараққийпарвар ва маъри­фатпарвар муаллим, ношир, хаттот ва шоир Абдувоҳид Мунзим ўша пайтларда ўз уйида тожик тилида дарс берувчи илк усули жадид мактабини очади. Бироқ бу хайрли иш эски тартиб тарафдори бўлган қадимчиларнинг тазйиқига учрайди. Мулла Қамар, Мулла Холмурод, Мулла Абдурасул Закун, Мулла Абдурауф каби мударрислар уламолар вакили сифатида қушбегидан мактабни ёпишни қатъий талаб қилади. Мактаб ёпиб қўйилса-да, жадидларнинг ғайрати заррача сўнмайди.

Ўша йили иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни хорижда ўқитишни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Тар­бияйи атфол” (“Болалар тарбияси”) жамияти тузилади. Жамиятнинг Тер­миз, Карки, Янги Бухоро ва Ғижду­вонда 28 та бўлинмаси бўлиб, улар ­амир­лик ҳудудидаги иқтидорли ёш­ларни аниқлаб, Истанбул, Оренбург, Уфа, Қозон, Боғчасарой каби шаҳарларга ўқишга юборар эди. Жамият таркиби Бухоро жадид­ларининг ёрқин намоянда­лари Садриддин Айний, Аҳмаджон Ҳамдий, Ҳамидхўжа Меҳрий, Ҳожи Рофе, Мукаммал Бурҳоновдан иборат эди. Шунингдек, жамият Бухорода илк бор жадид мактабларини дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминловчи “Маърифат” ширкатини очади, қисқа фурсат бўлса-да, ўзбек тилида “Турон”, “Бухоройи шариф” газеталарини чиқаришга муваффақ бўлади, нашрлар бутун Туркистон ўлкасида шуҳрат ва эътибор қозонади.

…1914 йили қадимчиларнинг урини­ши билан Бухорода иккинчи марта жадид мактаблари ёпи­лади. Ҳукумат ва қадимчилар­нинг доимий қаршилигига қарамай, Бухоро жадидлик ҳаракати 1915 йилга келиб шиддат билан ривожланиб, сиёсийлаша бошлайди. Жадидлар энди фақат маданий ислоҳотлар билан эмас, қонунчилик, савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги, солиқларни тартибга солиш бўйича талаблар билан ҳам майдонга чиқади.

Набирхўжа Саидхўжаев шу муҳитда Бухорода олти йил таҳсил олади. Ёш зиёли сифатида жадидлар ҳаракатини шахсан кузатади. Илм қиймати, дунёвий фанларнинг аҳамияти, жамиятни таълим билан ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақидаги баҳс-у мунозараларга гувоҳ бўлади. Таъқиб­лар натижасида мактаблар ёпи­либ, газета нашрлари тўхтатилган бўлса-да, жадидларнинг таълим ислоҳи­дан чекинмай, янада олға интилиши қаҳрамонимизда мактаб очиш истагини пайдо қилади. У Тошкентга қайтиб, Қорёғди ма­ҳал­ласида мактаб очади ва 1916–1921 йилларда ўқитувчилик қила­ди. Бу пайтда қаҳрамонимиз момоси билан яшар, ота-онаси вафот этган эди.

Тошкентдаги фаолияти уни дин арбоби ва маърифий шахс сифатида элга танитади. 1921–1928 йиллар­да Қорёғди масжидида имомлик қилади, Марказий диний мадрасалар бошқармасига қарашли Хўжа Аҳрор ва Эшонқул мадрасаларида дарс беради. Билим доираси кенглиги, ўзбек, араб ва форс тилларини мукаммал билиши боис, таълим соҳасида обрўси ошиб боради. 1928–1931 йилларда Валиҳожи ва Шайх Зайнуддин ота масжидларида имомлик қилади. Шу билан бирга, бўш вақтини турли жамоат ишларига бағишлаб, “Туркистон ипаги” ташкилоти боғида хизмат қилади.

Советлар замонида диний уламо­ларга айниқса қийин бўлгани тарихдан яхши маълум. Бу ҳақда тарихчи олимлардан бири шундай ёзади: “1928 йилдан мамлакат бўйлаб “худосизлар” жамиятлари ташкил топиб, барча диний муассасаларга аёв­сиз ҳужум бошланди. Дин пешво­лари – муфтилар, имом хатиблар, қорилар, бошқа улуг‘ зотлар, шунингдек, шажарали саййидлар авлодлари фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум этилди ва қаттиқ таъқиб остига олинди. Мол-мулки тортиб олиниб, ўзлари узоқ ўлкаларга бадарға қилинди”.

Ўша даврда имомлик кўп жиҳатдан жамоат қўллаб-қувват­ловига суянган бўлса-да, тергов­лар­нинг бирида Саидхўжаев “аҳоли томонидан ҳеч қандай мод­дий ёрдам кўрсатилмасдан ҳам, Абназир маҳалласидаги масжидда хатиблик қилгани” ҳақида билдиради. Кўриниб турибдики, қаҳрамонимиз бу вазифани маънавий масъулият сифатида қабул қилган. Шу боис, унинг халқ орасида ҳурмати ошиб, эътибори кучайиб борган. Аҳолининг унга ишончи баланд бўлган бир пайтда, 1936 йилнинг ёзида унинг “аҳоли кун-у тун ишласа ҳам ўзини нон билан таъминлай олмаяпти”, деган сўзи расмий идоралар томо­нидан иқтисодий вазият танглиги борасидаги мулоҳаза эмас, давлат сиёсатига қарши чиқиш сифатида талқин қилинади. Шундан сўнг, унинг фаолияти жиддий кузатув остига олинади.

1937 йил 7 августда ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлигининг Давлат хавфсизлиги бошқармаси 4-бўлим вакили Мусин томонидан тузилган айблов ҳужжатларида унга “йирик эшоннинг ўғли”, “имом-хатиб сифатида кенг таъсирга эга”, шунингдек, “Хитойнинг Ғулжа шаҳридаги Шайх Зайнуддин ота қабристонида минглаб киши қатнашган оммавий йиғинлар ўтказган” деган айблар қўйилган. Шу тариқа тазйиқ ва босимлар кучайиб, Саидхўжаев 1937 йил 9 август куни ҳибсга олинади. Шу билан унинг “иш”и “сиёсий хавфли шахс” сифатида тергов ихтиёрига ўтади.

Аслида, Саидхўжаевнинг бошига тушган бу кулфат ўша йилларда бутун мамлакат бўйича ёйилиб кетган қатағон тўлқинининг бир қисми эди. “Қатағон қурбонлари” китобида (“Шарқ” нашриёти, 2-жилд, 2007 йил) келтирилган қуйидаги маълумотлар ҳам ўша даврнинг қаттол сиёсати, халқ бошига тушган фожиали жараён­ларни яққол очиб беради: 1937 йил 14 октябрда Давлат хавфсизлиги лейтенанти Яковлев имзолаган 24-сонли баённома асосида 182 киши отувга, етти киши 8–10 йиллик меҳнат-тузатув лагерларига ҳукм қилинган, фақатгина 1 нафар кишини қамоқдан озод этишга қарор қилинган. Қатағонга учраганлар таркибига назар ташлаймиз: 101 собиқ “кулак”, 3 нафар ўртаҳол аҳоли вакили, 30 нафар имом, эшон, қори ва домла, 3 нафар ишчи ҳамда 33 нафар хизматчи ва раҳбар ходим…

Мана шу 182 нафар шахс орасида 4574-сонли иш бўйича отувга ҳукм қилинган Набирхўжа Саидхўжаевнинг ҳам номи бор эдики, бу ҳол унинг тақдирини умумий фожиа билан боғлайди. Афсуски, Набирхўжа Саидхўжаев ҳақидаги маълумотлар йиллар давомида махфий архивларда сақланиб келгани боис кенг илмий муҳокамаларга киритилмай қолди.

Қадимги юнон тарихчиси Полибий: “Ўтмишни билиш бошқа ҳар қандай фанлардан кўра кишиларга тезроқ фойда келтириши мумкин, тарихдан олинган сабоқлар маърифатга борадиган энг тўғри йўлдир”, деб бежиз таъкидламаган. Набирхўжа Саидхўжаев сингари фидойи инсонлар ўз ҳаёт йўли билан бизга мудом сабоқ беради. Бинобарин, тарихга назар ташлаш орқали ўзимизни, ўзлигимизни теран англай бошлаймиз.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img833

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img827

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img861