Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


09.09.2025 | 12:49

img200

ЎЗБЕКИСТОН–ЯПОНИЯ: ХАЛҚЛАРНИ МАЪНАВИЯТ БИРЛАШТИРАДИ

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 27 август куни Япония ташқи ишлар вазири Такеши Иваяни расман қабул қилиши, аслида, протоколдан кенгроқ маъно касб этди. Унда Ўзбекистон–Япония стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон–Япония маркази фаолиятини кенгайтириш ва келгусида унинг негизида Япониянинг етакчи университетлари иштирокида қўшма университет ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан, “Марказий Осиё + Япония” форматидаги бўлажак саммитни ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

* * *

Тарихга назар солсак, Японияда Марказий Осиёга қизиқиш XIX аср охирида янги босқичга кўтарилган. Бу япон давлат арбоби ва дипломати Ниши Токудзиро (1847–1912) номи билан бевосита боғлиқдир.

1847 йилда туғилган Ниши Токудзиро Мейдзи даврида янги ҳукумат томонидан Россияга юборилиб, Санкт-Петербург университетида таҳсил олди. Бу ерда у тил, маданият ва сиёсий муҳитни чуқур англади. Кейинчалик муваққат элчи сифатида фаолият кўрсатди ва ана шу тажрибалар унга тарихий воқеликни кузатиш ва таҳлил қилиш малакасини берди. Шу боис, 1880 йилдаги саёҳат унинг ҳаётидаги бурилиш нуқтасига айланди.

XIX аср охири – дунё харитаси қайта чизилаётган, эски йўллар янги мазмун касб этаётган, янги қудратлар тарих саҳнасига қадам қўяётган давр эди. Ана шу бурилишлар гирдобида ёш япон дипломати Ниши Токудзиро ўз ҳаётидаги энг жасур қарорлардан бирини қабул қилди: у денгиз йўлидан қайтиш ўрнига қитъа ичкарисига – Туркистон тупроғига қадам қўйди. Бу тасодифий танлов эмас, балки тарихий изланиш ва маънавий жасоратнинг ифодаси эди. Унинг расмий мақсади Россия ва Хитой ўртасидаги асосий баҳс – Или (Еттисув) масаласини ўрганиш эди, аммо йўл уни бундан ҳам кенгроқ маъно излашга етаклади.

Йўл Петербургдан бошланди. Июль ойида расмий вазифаларини топшириб, у Оренбург орқали Қазалинга йўл олди ва Сирдарё бўйлаб Тошкентга келди. Йўл манзаралари – рус қўшинлари, янги маъмурий тартиблар ва эски карвон йўлларининг қоришуви, бозорлардаги тинимсиз ҳаракат, одамларнинг янги тартибга энди-энди кўникаётган ҳолати – барчаси Нишининг кундалигида жонли тасвирланди.

У учун Тошкент фақат географик нуқта эмас, балки янги марказ эди: ҳарбий қувват, савдо йўллари ва маданий иплар айни шу ерда туташарди. Нишининг йўли мантиқий давом этар экан, кейинги манзил Самарқанд эди. Дунёга машҳур бу улуғ шаҳар ўзида тарих ва замон қувватини мужассам этган: Регистон майдони ва мадрасалар улуғворликни, бозорлар ва карвонлар эса ҳаётнинг жўшқин ритмини намоён этарди.

Самарқандда у нафақат шаҳарнинг улкан руҳини ҳис этди, балки “Катта ўйин”нинг – Россия ва Англия ўртасидаги сиёсий беллашувнинг яхлит манзарасини ҳам англай бошлади. Бу ерда унинг зиммасига шунчаки фактларни қайд этиш эмас, балки келажак манзарасини англаш масъулияти тушди.

Сафарнинг навбатдаги йўналиши Нишини Бухорога етаклади. 1880 йил сентябрь ойида у амир Музаффар ҳузурига кирди. Саройнинг қатор қоидалари, маросимнинг ўзига хос оҳанги, сиёсий ва диний ҳаётнинг чамбарчас тартиби – барчаси унинг кундалигида ўз аксини топди. Ниши бу манзарани бефарқ кузатувчи сифатида эмас, балки “Шарқ юраги”ни ҳис этган зиёли сифатида қайд этди. У Бухорода ҳокимиятнинг фақат ташқи суратини эмас, балки унинг ортидаги маънавий моҳиятини ҳам кўра олди. Шу жиҳати билан унинг қайдлари шунчаки сафар хотираси эмас, балки ичига руҳ жойланган тарихий ҳужжат сифатида қадрлидир.

Бухорода у шундай хулосага келди: ҳар қандай маросим, ҳар қандай тантана ортида маънавий мазмун яширинган бўлади. Агар тарихда Бухоро маросими шарқона одоб ва ахлоқнинг рамзи бўлган бўлса, бугунги Тошкентдаги дипломатик қабул ҳам худди шундай – замонавий одоб ва ҳурматнинг ёрқин ифодаси сифатида намоён бўлмоқда. Зотан, халқлар ўртасидаги муносабатларда энг ишонарли тил – ҳурмат ва ишонч тилидир.

Шундан кейин, сентябрь ойининг охирларида Ниши яна йўлга чиқди. У Тян-Шан тоғлари шимолий йўлидан Илига ўтди. Бу сафарда у яна бир муҳим манзилга – геосиёсий аҳамияти беқиёс чорраҳага етди. 1880 йил ноябрь ойида Еттисув юраги, Шарқий Туркистон ва Марказий Осиё чорраҳаси унинг кундалигидаги энг диққатга сазовор саҳифалардан бирига айланди. Чунки бу ерда савдо оқимлари, халқлар турмуш тарзи, йўл-у ёлғонлар, дипломатик манфаатлар бир нуқтада тўқнашарди. Бозорлардаги ҳаракат, карвонлар қадамлари, турли халқларнинг юзларидаги умид ва хавотир аломатлари – Ниши барчасини диққат билан қайд этди.

Шундан сўнг, у яна узоқ йўлга чиқди. Сибирнинг кенг ўлкалари, Мўғулистон саҳролари, Хитойнинг шаҳар ва қишлоқларидан ўтди. Ҳар бир манзил унинг кундалигида битта жумла ёки қисқа қайд билан эмас, балки жонли воқеа, диққат билан кузатилган ҳолат сифатида акс эта борди. Ва ниҳоят, 1881 йил апрель ойида у Токиога қайтиб келди.

Саккиз ойлик бу саёҳат юзлаб бекатлар ва ўнлаб шаҳарлар манзарасини ўзида жамлади. Ҳар бир бекат – тарихий далил, ҳар бир манзара – маънавий гувоҳ эди. Нишининг кундалиги ана шу гувоҳликларни келажакка етказди. Бугунги қабул эса ана шу гувоҳликларнинг давомидек – ўтмишдан келган маъно бугунги мулоқотда янги мазмунга айланмоқда.

Ниши Токудзиронинг шахсий тажрибаси илмий меросга айланди: 1886 йилда у икки жилдлик “Марказий Осиё йилномалари” асарини нашр этди. Унда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Или ҳақидаги сатрлар, шаҳарсозлик, савдо оқимлари, темирйўл ғоясига қизиқиш, рус маъмурияти тутуми ва маҳаллий анъана каби жиҳатлар жонли ҳужжат сифатида қайд этилади. Бу китоб Японияда Марказий Осиёни англаш пойдеворларидан бири сифатида қабул қилинди; кейинги йиллардаги таржималар ва қайта нашрлар эса унинг манба сифатидаги қийматини янада мустаҳкамлади.

Тарихда баъзи воқеалар борки, содир бўлган пайтда оддийдек кўринади, аммо йиллар ўтгач, унинг асл моҳияти намоён бўлади. Ниши Токудзиронинг 1880 йилдаги саёҳати ҳам ана шундай воқеалар сирасига киради: у шунчаки йўл эмас – икки халқ ўртасидаги маънавий эшик бўлган.

Эндиликда тарихий из ва замонавий мулоқот ўртасидаги риштани янада очиқроқ кўрамиз: Тошкентда янги саҳифа очилди – Нишининг Тошкентдаги қайдларида “янги марказ” ҳисси бор эди; Самарқандда Ниши улуғворликни ёзган – бугунги мулоқот ҳам улуғ ният ва ҳаётий амал уйғунлигини кўзлайди; Бухорода у дипломатик одобни кузатган – бугунги қабул ҳам одобнинг замонавий қиёфасини кўрсатади.

Якунда бир ҳақиқат янада равшан кўринади: халқларни бирлаштирадиган куч қурол ёки босим эмас – илм, маданият ва маънавиятдир.

Бўри ҚОДИРОВ,
Алишер АТАEВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ходимлари

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859