Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


16.07.2025 | 12:43

img286

БЕҲБУДИЙНИНГ ХЎЖАНДЛИК МУҲИБЛАРИ

Нуъмонжон Ғаффорий,
тарих фанлари доктори, профессор
(Тожикистон Республикаси):

– Хўжандлик Саид Бобохон Аҳрорий Туркистон жадидлари сарвари бўлмиш Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг шогирдлари ва тарафдорларидан биридир. У киши 1910 йилда Хистеварз қишлоғи ва ён-атрофдаги ҳудуд болалари учун янги усул мактабини очади.

Таълим муассасасининг илк ўқувчиларидан бири бобом Абдуғаффор Ҳасанов бўлган. Аҳрорий домла вафотидан олдин бобомга “Ойина” журналининг 68 та сонини ишониб топширади. Ушбу тахлам ҳозиргача оиламизнинг энг қимматбаҳо бойлиги сифатида эъзозда. Отам, тарихшунос олим Усмонжон Ғаффоров ҳам илмий изланишларида улардан унумли фойдаланган.

Мен Беҳбудийга ихлоси чексиз бўлган ана шундай оилада ўсиб-улғайдим. Бу ихлос, ҳатто, қонимизда бор, десам муболаға бўлмас. Бобом тез-тез каминани ёнига чақириб, устозидан эшитган хотираларни айтиб берар, улар орасида албатта, Беҳбудийнинг нурли сиймоси порлаб турарди.

Улғаяр эканман, бобом ва отамдан эшитганларим мени илм йўлига бошлади. Олис ва машаққатли сафарда эса Ҳазрат йоди маёқ каби порлаб турди. Беҳбудийнинг сиёсий ва жамоатчилик фаолияти ҳақидаги илк рисолам 1997 йили Душанбеда чоп этилди. Шундан сўнг номзодлик, кейинроқ докторлик ишини ҳимоя қилдим. Ҳар иккисида ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий ва “Ойина” журнали асосий суянчим бўлди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бутун Марказий Осиё ва ундан ташқарида муҳим ўрин тутган, минтақадаги халқлар тараққиёти учун жон куйдирган жадидларга эътибори бир беҳбудийшунос сифатида мени беҳад қувонтириб, илҳомлантириб келяпти. Айниқса, “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор нафақат Ўзбекистон тадқиқотчилари, балки минтақа жадидшунослари учун ҳам янги изланишлар, кашфиёт ва мунозара учун беқиёс имконият эшикларини очди.

Тожикистонда ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илмий ва ижодий мероси тадқиқ этиб келинмоқда. Масалан, академик Соҳиб Табаров Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Абдулвоҳид Мунзим меросини ўрганиб, икки жилдлик китоб ёзган. Таниқли олимлар Иброҳим Усмонов, Абдухолиқ Назарий ва бошқа тадқиқотчилар ҳам Беҳбудий, “Ойина” борасида илмий изланишлар олиб боришган.

Беҳбудий географик ва этник чегараларга сиғмайдиган гениал шахс эди. У асос солган “Ойина” саҳифаларида фақат Марказий Осиё ижодкорларининг эмас, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, ҳатто Ҳиндистонда яшаётган кишиларнинг ҳам мақолалари босилган. Улар орасида тожик журналистлари ва маърифатпарварлари ҳам бор эди. Маълумки, ўша даврларда Самарқанд ва Хўжанд ўртасидаги маърифий алоқалар мустаҳкам бўлган. Бежиз Хўжанддаги дастлабки мактаблардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий номи билан аталмаган эди.

Бу муносабатларнинг давомийлигида Беҳбудий ва Айнийнинг дўстлиги ҳам аҳамият касб этган. Улар орасида бор-йўғи уч ёш фарқ бўлса ҳам, Айний Беҳбудийни устоз санаган, ғоятда ҳурмат қилган. Кўп ишларни бошлашда ундан маслаҳат олган. Масалан, 1908 йили Бухорода янгича усулдаги мактаб очиш учун бир гуруҳ зиёлилар Самарқандга, Беҳбудий ҳузурига боришган. Улар орасида Садриддин Айний, Абдувоҳид Мунзим ва Абусаид Ҳамдий бўлган. Беҳбудий бу мактаб учун дарсликлар тайёрлашда ёрдам кўрсатиб, ҳатто харита тузиб берган. Беҳбудийнинг умри бевақт хазон этилмаганда, у ҳам Айний каби узоқ умр кечирганда, бундан-да буюк ишларни амалга оширган бўларди. Лекин…

Шу ўринда яна бир маълумот келтириб ўтмоқчиман. “Падаркуш” драмаси фақат Тошкент ва Самарқандда эмас, балки Хўжандда ҳам муваффақиятли қўйилган. Мен бу ҳақда маълумот топганман – бу Хўжандда спектакль қўйилиши борасидаги афиша-эълон.

Беҳбудийга замондош зиёлиларнинг эҳтиромига яна бир мисол шуки, ўз даврида “Шуълайи инқилоб” журналининг бир сони тўлиқ унга бағишланади. Мазкур мажаллада Садриддин Айний, Саидризо Ализода ва бошқа жадидларнинг Беҳбудийга бағишланган мақолалари, Фахриддин Рожийнинг шеъри ўрин олган. Ўрни келганда, мазкур мажалладаги Беҳбудийнинг сурати ҳозирда кўп нашрларда босилаётганини айтиш жоиз.

Тўғри, совет даврида Беҳбудийгагина эмас, балки барча жадидларга нисбатан душманлик кайфияти “қадимчи”ларда ҳам, аввал чор маъмурияти, кейин большевиклар фирқаси фаолларида ҳам кучли бўлган. Нега? Чунки Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз давридан анча йилларга ўзиб кетган, келажакни олдиндан кўра олган маърифатпарвар инсон эди. Табиийки, бундай илғор тафаккур эгаларига ҳеч қайси замонда енгил бўлмаган.

Аммо олтин зангламайди. Вақт ўтиб, тарихий адолат тикланди. Жадидлар оқланди, уларнинг фаолиятига муносиб баҳо берилди. Шунинг учун ҳам миллат ойдинларининг ҳаёти ва ижоди фақат Ўзбекистонда эмас, балки қўшни мамлакатларда, олис хорижда ҳам мунтазам ўрганиб борилмоқда. Бу тадқиқотлар янги тараққиёт йўлига чиққан навқирон давлатларимиз учун бемисл “йўл харитаси” вазифасини ўтайди.

Биз эса Беҳбудий тимсолида яна бир карра икки халқ ўртасидаги дўстлик, бағрикенглик ва ҳамкорликни тараннум этамиз.

Ўринбой УСМОН ёзиб олди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 11 июлдаги 28-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855