17.07.2025 | 12:39
213
АВЛОНИЙНИНГ ГУЛИСТОНИ
Улуғ маърифатпарвар адиб Абдулла Авлонийнинг невараси, кимё фанлари номзоди, фалсафа доктори, полимерлар ва нанотехнологиялар кимёси бўйича муҳандис Жамшид Авлоний узоқ йиллар АҚШда яшаб, нуфузли компанияларда раҳбар лавозимида фаолият олиб борган. Бугунги кунда эса, олим бобоси номи билан аталган малака ошириш институти билан ҳамкорликда мамлакатимизга илғор технологияларнинг кириб келишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Жамшид Авлоний 1956 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1991 йилдан бошлаб, АҚШда кимё йўналишида фаолият олиб борган. 2015 йилдан 2017 йилгача Son Tech LLC компанияси директори лавозимида ишлаган.

Бугунги кунда Жамшид Авлоний бобосининг бой илмий, адабий ва маърифий фаолиятини тарғиб қилиш, асарларини қайта нашр этиш ва ёш авлодга етказиш борасида бир қатор хайрли ишларга бош бўлмоқда. Бу эса, олтин силсила даврлар оша узвий барқарордир, маърифат шажарининг пойдор илдизларида ҳаёт суви югуриб, сурх навдалар куртак отмоқда демакдир.
Жамшид Авлоний бобосини хотирлаб шундай дейди:
– Мен Абдулла Авлонийнинг Кенжа исмли ўғилларининг ўғли бўламан, демак, невараман. Дадамнинг айтишича, раҳматли бобом кўпроқ китоб ўқиш кераклигини, мактаб ва оила ҳаётда жуда муҳим тарбия воситаси эканлигини, ватанпарварлик эса ҳар бир инсоннинг нафақат қалбида, балки қонида ҳам бўлиши зарурлигини бот-бот таъкидлар эканлар. Амакиларимдан бири Оврўпа тилларига ортиқча ружу қўйгани муносабати билан бобомиз ҳар бир сўзни алоҳида-алоҳида урғулаб “Имконинг борича тил ўрган, бу яхши, лекин ўз она тилингни ҳаммасидан мукаммал билишинг шарт! Ўзбек ўз тилини йўқотса, миллат сифатида йўқ бўлиб кетади!” деганларини кўп эслашарди. Бобом ўзи каби жадидлар билан биргаликда ёшларни илмли қилишга, миллатпарварлик руҳида тарбиялашга, юртнинг эркин, ҳур ва обод бўлишига ҳаракат қилган.
Уларнинг ҳаёти ва фаолияти мен учун юксак намуна ва ибрат вазифасини ўтайди, бобом ўзбек педагогикасининг асосчиси сифатида дарсликлар рўйхатига математика ва география фанларини киритиб, авлодларига улкан маънавий бойлик қолдириб кетди. Бу нафақат мен учун, балки барча юртдошларимиз учун фахр.
Отам Кенжа Авлоний ҳам бобомнинг изидан бориб, кўп йиллар таълим соҳасида фаолият юритган. Болалигимда мен ҳам бобом ва отамга ўхшаб ўқувчиларга дарс бериб, уларнинг саводини чиқаришни истардим. Отам 25 йил олийгоҳда (илгариги Политехника институтида) полимер-кимё соҳасида талабаларга дарс берган бўлса, онам шу институтнинг оқсиллар лабораториясига мудир бўлган. Ана шундай илмий муҳитда ўсганим учунми, илмга қизиқишим устунлик қилиб, кимё йўналишини танладим. Шу соҳага иштиёқим туфайли олийгоҳда ўқидим, илмий иш қилдим, 30 йилдан зиёд давр оралиғида Америкада фаолият олиб бориб, бир қатор ихтиролар ҳам қилишга муваффақ бўлдим.
Инсон бирор мақсадга эришиш учун интилади, изланади. Нобел мукофоти соҳиби, америкалик олим Алан Макдиармид менга устоз бўлгани ҳаётимда муҳим воқелик ва ютуқларимга асос бўлган.
Даставвал, мен у киши олиб борган тажрибалар ва мақолаларни катта қизиқиш билан кузатиб борардим. Сўнг у инсонга илмий тадқиқотлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларимни билдириб, кўплаб хатлар ёздим. Ниҳоят, Алан Макдиармид билан Германия ва Австрияда ўтказилган конференцияларда юзма-юз учрашишга муваффақ бўлдим. Бевосита суҳбатдан кейин у мени ўзи билан бирга ишлашга таклиф қилди. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Шундай қилиб, олимнинг лабораториясида 1991 йилдан 1995 йилга қадар ишлаб, катта тажриба орттирдим. Бу инсон асрнинг 70 йилларида полимерларга оид изланишлар олиб борган.
2000 йилда устозим Алан Макдиармид, АҚШлик яна бир олим Алан Хигер ва япониялик олим Хидеки Сиракава Нобел мукофоти билан тақдирланди. Ушбу ихтиро яралишида менинг ҳам камтарона ҳиссам бор. Алан Макдиармид умри давомида саноқли мутахассис билан ишлаган бўлса, улардан бири менман. Бирдан-бир мақсадим – ўз лабораториямни очиш ва билган барча сир-асрорларимни бобом каби ёш авлодга ўргатиш.
2017 йилда Президентимиз БМТга борганлар. У ерда асли ўзбекистонлик бўлиб, хорижда фаолият олиб бораётган 15 нафар таниқли профессор, олим ва тадбиркорларни йиғиб суҳбатлашган. “Келинглар, илм билан, фан билан бошқатдан қурайлик Ватанимизни”, дея бизни она Ватанимиз Ўзбекистонга чорлаганлар. Давлатимиз раҳбарининг бу гапларини эшитиб жуда хурсанд бўлганман. Бироз вақт ўтиб мени элчихонага чақиришди ва бир қанча таклифлар беришди.
Шундақ қилиб, 2018 йилда билим ва тажрибаларимни юртимиз тараққиёти йўлида қўллашни мақсад қилиб қайтиб келдим. Бугунги кунда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Нанотехнологияларни ривожлантириш марказида илмий текшириш лабораторияси мудири сифатида фаолиятимни давом эттириб келмоқдаман. Шу билан бирга Самарқанд давлат университети магистр талабаларига саноатдаги инновация соҳасида таълим бераман. Озми-кўпми ҳаёт тажрибасига эга зиёли сифатида шуни айтмоқчиманки, муҳтарам Президентимиз оламшумул ислоҳотларга бел боғлаган. Бу қадар кенг қамровли янгиланишлар дунё тарихида кам учрайди. Асосийси, Раҳбаримиз ҳар бир соҳадаги ўзгаришлар илм-фанга асосланган бўлиши шартлигини, мамлакат тараққиёти учун аниқ фанлар муҳим эканлигини қайта-қайта уқтириб келяптилар. Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий ва ихтисослашган Президент мактаблари таълим тажрибасида кўрилмаган воқелик. Ўйлайманки, бу ва бошқа мактабларимиздан келажагимизнинг атоқли намояндалари, жадид боболаримизнинг муносиб издошлари етишиб чиқади.
Авлоний бобом каби маърифатпарварларнинг ҳаёти, ижоди ва фаолияти барчамиз учун ибратдир. Мен “Жадид” газетасининг шиорига юкланган чуқур маънони юртдошларимизга яна бир бор эслатмоқчиман: “Тилда, фикрда, ишда бирлик!” Биз миллат бўлиб тилимиз бир, фикримиз, ишимиз ягона мақсадга бўйсундирилган чоғдагина Янги Ўзбекистонни барпо қила оламиз. Учинчи Ренессанснинг асоси ҳам бизнинг бирлигимизда, аждодларимиздан мерос анъанани, яъни дунё илмининг байроқдори бўлишимизда! Бунинг учун миллат етакчисининг ўзи шахсан бош бўлиб турибдилар. Ҳолбуки, айни ана шу ғоя учун бир пайтлар жадид боболаримиз бошига не кўргиликлар тушмаган дейсиз… Шеърда айтилганидек, “Белни боғлаш чоғидир бу, ўзни чоғлаш чоғидир!”
Зарнигор ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 11 июлдаги 28-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



