Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


22.07.2025 | 08:49

img336

Академик Абдулла АЪЗАМОВ: “ИЛМГА АСОСЛАНИБ ИШГА КИРИШМОҚ КЕРАК”

– Бу суҳбат айнан “Жадид” газетаси мухлисларининг илтимосига кўра ташкил этилмоқда. Бунга икки ой муқаддам газетанинг солнома китоби тақдимотида табиий ва аниқ фанлар, IT технологиялари ва сунъий интеллект ривожи ҳақида сўзлаганингиз, миллат ойдинларини, ёшларни бу илмларни эгаллашга ундаганингиз кўпчиликда қизиқиш уйғотгани туртки берди.

– Ҳа, шундай бўлган эди. Аслида мен ўшанда “Ҳазрат Навоий – замондошимиз” мавзусида чорак соатлик чиқиш тайёрлаган эдим. Бироқ… замоннинг шиддати шу қадар жадалки, бир соат ичидаёқ оламда ахборот маконини ағдар-тўнтар қиладиган воқеалар юз бермоқда. Тадбир арафасининг тунида, кексаларга хос уйқусизлик сабаб интернетни титкилаган эдим, Флорида штатидаги Вест-Пойнт базасида Илон Маскнинг Америка ҳарбий академияси ректори билан бўлган суҳбатига дуч келдим. Суҳбатда академия устозлари-ю тингловчилар ҳозир эди. Унда бугунги дунёнинг энг номдор технологи энг қудратли ҳарбий салоҳият намояндаларига келажак урушлари қандай бўлиши ҳақида ўзининг башоратларини сўзлар, ҳарбийларни шунга тайёр бўлишга даъват этар эди. Суҳбат тафаккуримни безовта қилди, чуқур ўйга толдирди. Ахир, ўзингиз мавзуга эътибор беринг: “Келажак урушлари қандай бўлиши керак?” Ё алҳазар, наҳотки АҚШ ҳукуматида таъсирли лавозимга тайинланган буюк ихтирочи ва новатор-тадбиркор ўзининг нодир истеъдодини дунёда тинчлик, халқлар ўртасида аҳилликни устувор қилиш ўрнига, келажак урушлари қандай бўлишига йўналтирса? Бироз алам ҳам қилди – сўнгги тўрт йил давомида университетлар учун “Дифференциал тенгламалар” курси бўйича дарслик ёзиб, унга Илон Маскнинг “Мотивация билан, нима учун кераклигини тушунтириб дарс ўтиш керак” деган сўзларини эпиграф қилиб олган эдим-да.

Ҳарбий академия ректори билан бўлган суҳбатда Илон Маск билдирган фикрларнинг мағзи шундай эди: бундан кейинги ҳарбий можароларда асосий “жангчи” сунъий интеллектга асосланган қуроллар бўлади. Уларнинг имконияти қудратда ҳам, аниқликда ҳам инсонга, яъни ҳарбийларга нисбатан беқиёс даражада юксак ва тезкорки, урушларнинг бориши мутлақ ўзгаради. Дарвоқе, биз ҳозирнинг ўзидаёқ бунга гувоҳ бўла бошладик.

Чамаси, кўз уйқуга илинган бўлса ҳам, туни билан бу мавзу онг остини банд қилган бўлса керак, юқоридаги китоб тақдимотида руҳий ҳолат ҳамда мажлис раисининг “Математикларга хос бўлсин” деган писандаси боис, тунги ўй-ташвишларимни имкон қадар лўнда ифода этишга тўғри келди.

Очиғи, ўшанда кўнглимдаги фикрларнинг бир қисмигина тилга кўчди, холос.

Бугунги шиддатли асрида газетадай кўҳна восита нима демоқчи бўлсанг, ҳаммасини батафсил баён этишга имкон беради. Суҳбатга таклиф учун раҳмат.

– Чиндан ҳам, бу борада газетанинг ўрнини ҳеч бир интернет саҳифаси боса олмайди. Имкониятдан фойдаланиб, бу борадаги фикрларингизни биз билан баҳам кўрсангиз.

– Бугун дунё харитасига боқсак, тараққиёт пойгасида табиий ресурсларга бой давлатлар эмас, айнан илмий-техника соҳаси ривожланган давлатлар пешқадам эканини кўрамиз. Кошки, улар ўзларининг бу натижаларидан тинчлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлида фойдаланса, йўқ, аксинча, уларнинг энг қудратлилари ўз таъсир доирасини кенгайтириш, дунё бозорларини қайта тақсимлаб олиш, геосиёсат маркази бўлиш, қарз эвазига ҳудудларни эгаллаш, бир сўз билан айтганда, суперхоқонлик иддаоси йўлидан бораётгани ташвишли.

– Бу ҳол барчани ташвишлантирмоқда. Мана шундай шароитда мамлакатимиз ойдинлари қандай йўл тутишлари лозим?

– Юз фоиз аминманки, буюк бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий йўлини тутган одам ютади. Бу йўл ўз даврида жадидлик, Беҳбудийнинг издошлари эса жадидлар (мужаддидлар) деб аталган. Афсуски, юртни, элнинг тафаккурини янгилашга интилган жадидлар “раҳмат” ўрнига “қадимчи”лар деган мухолифатга дуч келган, ҳатто бир жадидга юзлаб “қадимчи” тўғри келган. Жадидлар улар томонидан тазйиқ, ҳақорат ва қатағонларга учраган.

“Жадид” сўзининг луғавий маънолари – янги, яқинда пайдо бўлган, замонавий, сўнгги русумдаги, одат тусига кирмаган, анъанага тескари. Замонавий ибора билан айтганда, новаторлик, инновация деганидир.

– Юртимизда XX аср бошларидаги жадидлик ҳаракати нимадан бошланган? Қандай зарурат бунга туртки берган, деб ўйлайсиз?

– Таълимни янгилаш учун ҳаракатдан бошланган. Сиртдан олиб қараганда, эски мактабларда турли ёшдаги болалар аралаш, бўйрада ўтириб ўқишган, мадрасалардаги таълим усули ҳам ундан йироқ бўлмаган, жадидлар эса ўқувчиларнинг парта ва ёзув тахтаси билан жиҳозланган синфхоналарда сабоқ ўтиши тарафдори бўлишган. Аммо бу жадидликнинг сиртқи жиҳати эди, холос. Қадимчиларнинг қаршилигига учраган асосий жиҳат – таълим мазмунини янгилаш бўлган. Беҳбудий Туркияга сафари чоғида усмонлиларнинг илғор ойдинлари билан суҳбатлашиб, бу мамлакатга эндигина таъсир ўтказа бошлаган Европа мактаблари ва университетларидаги таълим тизими билан танишган. Ўзимизни буюк бобомизнинг ўрнига қўйиб кўрайлик: бир ёқда алгебра у ёқда турсин, ҳатто арифметика ҳам ёлчитиб ўқитилмаётган таълим, иккинчи томонда эса математик физика, органик моддалар синтези, генетика ва ҳоказо. Оқибатда, бу ёқда уловли ёғоч аравалар, у ёқда автомобиллар ва электр чироқлари. Бу фарқни бир сўз билан “даҳшатли” деб ифодалаш тўғри бўлади.

Миллат тақдирига бефарқ, худбин одамлар бунга парво ҳам қилмас эди. Аммо жадид боболаримиз буюк миллатпарвар эдиларки, жамиятни тараққиёт сари юзлантириш ҳаракатини бошлаганлар, бу борада улкан натижаларга эришганлар ҳам (биргина ўзбек матбуотига асос солганлари учун уларни то қиёматгача алқашга бурчлимиз), алал оқибат бу йўлда жонларини қурбон қилдилар.

Аслида, жадидлик ҳаракати раҳнамоларининг барчаси жамиятда обрў-эътиборга эга, ўзига тўқ ва ҳатто, кўпчилиги бой-бадавлат инсонлар эди. Ҳаётнинг жамики ноз-у неъматларидан роҳатланиб яшашларига ҳеч бир монелик йўқ эди.

– Нима сабабдан улар осойишта ҳаётдан воз кечиб, даставвал маблағ ва мулкларини, кейинроқ мартабаларини, энг охирида ҳаётларини бу йўлга тиккан? Сиз бу борада қандай хулосага келгансиз?

– Аслан жадидлик тагида таълимнинг шакли эмас, мазмуни ётади. Беҳбудийнинг ўрнига ўзимизни қўйиб кўрайлик-да, шундай савол қўяйлик: 1910 йилларда Европа гимназия ва лицейларида, айниқса, университетларида таълим дастури қандай эди-ю, бизнинг таълим муассасаларимизда қандай бўлган? Бирор тадқиқотчи буни ўрганса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу нарса аниқки, бизда математика, ҳатто, Муҳаммад Хоразмий алгебрасини ўқитиш ҳам унутилган эди ўша вақтларда. Беруний ва Улуғбеклар давридаги сферик тригонометрияни тилга олмаса ҳам бўлади. Худди шу даврда Германия университетларида янги физика, кимё, физиология каби фанлар Нобел мукофоти соҳиблари томонидан ўқитилаётган эди.

Муҳими, Ғарбда таълим жамиятдаги илмий-техника тараққиётининг локомотивига айланган, шу туфайли ички ёнув двигателларини жорий этиш, электрлаштириш каби мўъжиза бўлиб туюладиган янгиликлар ҳаёт тарзини кескин ўзгартириб юбораётган, бизда эса ҳолат эскилигича қолаётганди. Ана шу фарқни англаган, бутун фитрати билан миллатпарвар бўлган жадидлар тараққийпарварга айланишди. Бугун энди уларнинг таълимоти ҳам, кураши ҳам, аччиқ тақдири ҳам барчага яхши маълум. Бу нарсалар “Жадид” газетаси саҳифаларида батафсил ёритилмоқда. Ҳар томонлама хайрли бўлган бу ишни давом эттириш керак, албатта.

Айни пайтда, агар жадид боболаримиз тирик бўлишганида, қандай йўл тутган бўлар эдилар, деган саволни кўтариш вақти аллақачон етган.

– Бугун замон ўзгача демоқчисиз, шекилли?

– Худди шундай. Жадид боболаримиз даврида таълим соҳасида биздаги ва Европадаги фарқ нақадар катта бўлса, бугун илмий-техник тараққиёт ва инновациялар жадаллигидаги фарқ ҳам ундан кам эмас. Сиртдан қараганда, бу борада ҳам ривожланиш қониқарли, ташвишга ҳожат йўқдай туюлади. Қаерга қараманг, ҳамма ерда янги маҳсулотлар, янги техника ва технологиялар жорий этилмоқда. Шу жумладан, сунъий интеллект воситаларини ўрганиш ва фойдаланиш борасида ҳам. Аммо масаланинг мағзи – қай тарзда деган саволда. 99,9 фоиз ҳолда сотиб олиш ёки ўзлаштириш эвазига. Атрофимизга бир назар ташлайлик. Учоқлар, чархучарлар, радиолокация, геолокация, автомобиллар, электротехника, электроника ва электроэнергетика жиҳозлари, совиткичлар, телевизорлар, телефон, компьютер, қисқа тўлқинли электр-ўчоқлар, қурилиш асбоб-ускуналари ва материалларининг деярли ҳаммаси Ғарб мамлакатларида, асосан АҚШда ўйлаб топилган. Ҳатто автомобилни ёмғир ёққанда ҳам ҳайдашга имкон берувчи “дераза фаррошлари”ни Мери Андерсон деган АҚШлик аёл ўйлаб топган. Бу мамлакатда от ўрнига двигатель қўшилган аравадан то сунъий интеллект билан қуроллантирилган автогача минглаб ихтиро жорий қилинган.

Компьютер ва коммуникация технологиялари соҳаларида ҳам шу аҳвол. Айрим супердавлатлар бу соҳаларда жаҳон бозорини эгаллаб олгани уларга улкан иқтисодий фойда келтиришдан ташқари, геосиёсий устунлик ҳам бермоқда. Интернетлашган бугунги дунёда мижозга сездирмасдан унинг хос маълумотларини ўғирлаш, компьютерларга вирус юқтириш ёки махсус дастур воситасида исталган пайтда уларни ишдан чиқариш, дастурлаштирилган автомобиль, учоқлар ва банкларга тажовуз имкониятлари нақадар хавфли. Қолаверса, булар ҳаммаси – бугунги аҳвол, эртага бу борада қандай “ихтиро”лар қилинади, уларни қандай ниятли кучлар бошқаради, оқибати нима бўлади – тасаввур ожиз.

Бундай хавф-у хатар долзарб бўлмаган тақдирда ҳам шуни унутмаслик лозимки, бренд даражасида сотилган биргина ихтиро келтирадиган фойда анча-мунча мамлакатнинг бир йиллик бюджетидан каттароқ бўлиши мумкин. Масалан, APPLE компаниясининг 2024 йилдаги даромади 400 миллиард доллар атрофида бўлди. Бироз кулгили бўлса ҳам яна бир мисол: АҚШлик Мария Донован деган хоним ихтиро қилган сувшимар таглик (памперс) ҳозиргача бу мамлакатга триллион долларга яқин фойда келтирди.

Ҳар қандай маҳсулот ёки технология янгиланар экан, у жуда катта қўшимча қиймат билан сотилиши табиий. Шунинг учун харид қилувчилар йил саин кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур бўлади. Бу айниқса, информацион технологиялар бозорида яққол кўзга ташланади. Компьютер ва мобил телефонларнинг авлодлари жуда тез янгиланмоқда.

– Мана шундай муҳитда бугунги жадидлар деб кимларни айтиш мумкин?

– Ихтиро қилишга интилаётган, қилган ихтиросига патент олиш учун курашаётган, ихтиросини амалиётга жорий қилиб, янги маҳсулот ишлаб чиқаришга интилаётган ва уларни экспорт қилиб, “ўзбек бренди”ни дунёга олиб чиқишни ният қилаётганлар – жадидлардир. Миллатга ўзлигини англатишни, юрт ёшларини илм-ҳунар эгаллашга даъват қилишни, Ватанга яхшилик соғинишни касб қилганлар – жадидлар. Мен бошқача бўлишини тасаввур этолмайман.

– Айнан шундай. Фақат жавобдан озгина ажабланган жойим бўлди. Нега энди ихтирога патент олиш учун курашиш керак?

– Ҳамма гап шунда-да. Бир пайтлар фақат ихтирога патент, кашфиётга гувоҳнома бериш билан шуғулланадиган бюро бўлган. 2011 йили Интеллектуал мулк агентлиги тузилиб, техник ихтироларни патентлаш, мусиқа асарларига ва бошқа ижодий маҳсулотларга муаллифлик гувоҳномаси бериш ҳам ана шу идора зиммасига юкланди. Сабаби аён – у ҳам янгилик, бу ҳам янгилик, ҳар иккиси ҳам ижод маҳсули. Аммо бизнинг шароитда энг эзгу ишнинг ҳам авра-астарини ағдариш одатий ҳол. Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг – қўшиққа муаллифлик гувоҳномаси оладиган отарчига муносабат қаёқда-ю, ўз ёнидан пул сарфлаб ихтирони амалга оширган ва бир қучоқ ҳужжат ҳозирлаган муҳандис ёки илмий ходимга муомала қаёқда? Артистлар учун бу иш хамирдан қил суғургандай осон кечмоқда, ихтирочилар эса…

Йиллаб овора бўлган ва бўлаётган ихтирочилар бор. Бир пайтлар патентчилар ихтиронинг қай даражада янгилигини махсус бюллетенларни титиб аниқлашар ва бу анча вақт талаб этар эди. Ҳолбуки, биз ҳозир ахборот инқилоби даврида яшаяпмиз. Хўш, нега ҳалигача ихтирони экспертизадан ўтказиш ойлаб вақт талаб этяпти? Бу ҳолат тушунарсиз.

Эҳтимол шунинг учун ҳам аҳоли жон бошига патентлар сони бўйича мамлакатимиз паст ўринда, уларни жорий этиш бўйича эса яна ҳам қуйироқдадир.

Мамлакатимизда ихтирочилар кўп, ижтимоий тармоқларда энергия тежамли бетонқоргич, янги қурилиш материали, оригинал қишлоқ хўжалиги агрегати ва ҳоказоларни яратаётган ҳамюртларимиз ҳақида хабарлар тез-тез чиқиб туради. Аммо ҳозиргача бирор юртдошимизнинг янги ихтироси оммавий ишлаб чиқарила бошлангани, дунё миқёсида шов-шув бўлганини эшитмадик.

Нега? Қачонгача?

Ихтирочилик ҳаракати иқтисодий тараққиётнинг локомотивига айланиши учун патент бюроси қайта тикланиши мақсадга мувофиқ. Муҳими, у патент хизмати кўрсатадиган, иш услуби моҳиятан бюрократик идорадан фарқ қиладиган, қаерда ихтирочи бор бўлса, излаб топадиган, нафақат ихтиронинг янгилигини экспертизадан ўтказиб гувоҳнома берадиган, балки уларни жорий қилиниши учун масъул идора сифатида ўзи елиб-югурадиган объектга айлантирилиши керак.

– Бунга нима халақит беряпти?

– Ким билсин. Балки патент бюросининг бюджетини асосан ишлаб чиқаришдан топиладиган даромаддан олинадиган улуш эвазига шакллантириш усулини жорий этиш керакдир. Шунда патентшунослар айнан самарадор ихтироларни тезроқ патентлашдан манфаатдор бўлади. Бунинг учун Патент бюроси ихтиёрида лойиҳалаштириш институти ва тажриба-конструкторлик корхонаси бўлиши ҳам керак. Дарвоқе, ихтирога ҳаммуаллифлик иддаосини қилмасликлари учун Патент бюроси ходимларига ихтирочилик билан шуғулланиш ман этилиши керак. Бу идора айни пайтда ихтирочиларни ишлаб чиқарувчилар билан боғловчи вазифасини ўташи лозим. Янги ихтиро қилинган ишланмалар ва маҳсулотлар (хизматлар, технологиялар)нинг доимий кўргазмаси юритилиши, йилда бир марта ярмаркаси ташкил этилиши ҳам айни муддао бўлар эди.

– Устоз, Сизни айримлар адабиётшунос, бошқалар эса математик олим сифатида танийди. Ихтирочилик борасида, унинг муаммолари ҳақида бунчалик пухта тасаввурга эгалигингиздан хаёлимга шу савол келди: ўзингиз ҳам ихтирочилик муаммолари билан тўқнаш келганмисиз?

– Ярага туз сепдингиз. Камина соф назариётчи аҳли илмга мансубман. Айни пайтда математиканинг ихтирочиликка туташадиган нуқталари ҳам йўқ эмас. “Мёбиус япроғи” деб аталадиган геометрик сиртдан ҳар икки томони қумли силлиқлаш лентаси ясалган. XIX асрда С.Блек “Ўн беш” ўйинини ихтиро қилган. У ўз даврида венгер ихтирочиси Эрнё Рубик ўйлаб топган “кубик-рубик” ўйинидан ҳам машҳурроқ бўлган. Ҳатто, газеталарда “15” ўйинига берилиб кетган машинист поездни бошқаришни унутиб, унинг ҳалокатига сабаб бўлгани ҳақида ҳам ёзишган. Рубик кубчаси оммалашиб кетгач, унинг патентини сотиб олиш ҳам қимматлашиб кетган. Ҳолбуки, оддийгина ўйинчоқ Венгрияга шуҳрат ва миллиардлаб даромад келтира бошлаган эди. Шунда собиқ Иттифоқ ва Венгрия ҳукуматлари бошқотирғич айирбошлашга келишган. 1989 йили “Комсомолская правда” газетаси бошқотирғичлар танловини эълон қилди. Камина “Додекаэдр” деган математик бошқотирғич билан унда иштирок этиб, ғолиблардан бири бўлдим. Янгиликларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш совет иқтисодиётида қийин иш эди. Ўнта ихтиромнинг бирортаси ишлаб чиқарилмади. Мен янги бошқотирғичларни ўйлаб топишда давом этдим. Улардан бирига патент олишга уриниб кўрилди, қанча вақт Бешёғочда жойлашган патентлар кутубхонасида ихтиронинг янгилигини асослашга сарф бўлди. Аммо уринишларим зое кетди. Ариза бир қанча ҳужжатлар илова қилиниб, Москвадаги патент бюросига почта орқали жўнатилар эди. Аризалар бирда униси кам, бирда буниси етишмайди, деган важ билан қайтарилди. Бу орада СССР пароканда бўлди, мустақил Ўзбекистоннинг ўз патент бюроси тузилди. Афсуски, у собиқ Иттифоқ бюросининг иш услубини айнан кўчириб олган эди. 2000 йилларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи С.Исматхўжаев бир ихтиросини математик асослаш масаласи билан мурожаат қилди. Иссиқлик электростанциялари самарадорлигини оширишга қаратилган бир ихтиро учун у киши билан бирга патент олишга муваффақ бўлинди, аммо яна бир шундай ихтиро учун берилган ариза бир йилдан кўпроқ сарсон қилинди. Ҳолбуки, у амалиётга жорий этилиб, самара бера бошлаган эди. Лабораториямизда иссиқлик алмашув жараёнлари соҳасига қизиқиб, яна бир принципиал янги ихтиро ғоясига патент олмоқчи бўлдик. Унинг асосий қисмларидан бири мураккаб геометрик тузилишга эга эди. Патентга ариза бериш учун унинг чизмасини, ишлаш принципини асослаш учун реал макетини тайёрлаш лозим эди. Чизмаларни-ку компьютерда ясаш имконияти туғилган, аммо макет-чи? Картондан макет ясалди, аммо бирор токарь уни металда ясаб бера олмади. Хуллас, бу хоббини йиғиштиришга тўғри келди. Энди тасаввур қилинг, чекка қишлоқда яшайдиган ҳаваскор самарали қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича ихтиро қилди, дейлик. Хўш, у қаерга боради?

Америка Қўшма Штатларининг қудрати ҳам, шуҳрати ҳам асосан ихтирочилик учун максимал қулай муҳит яратилганида деб ўйлайман. Бугун шундай муҳит Хитойда ҳам мавжуд, шу сабабли дунё бозорларини “Маде in China” тамғали маҳсулотлар босиб кетди.

Беихтиёр қиёслайсан: бизда-чи? Қайси ўзбек ихтирочисининг янгилиги товарга айлантирилиб, дунё бозорига чиқарилди?

Бундан 15 йилча аввал водийлик бир ўсмир қўлбола дрон (квадрокоптер) ясаб учиргани ҳақида хабар тарқалган эди. Дрон бошқарилмайдиган бўлгани учун қўшни давлат ҳудудига қўнган. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга кўра, йигитчага маъмурий чора кўрилган. Албатта, дрон ясаш янгилик эмас. Аммо у йигитчада ихтирочиликка мойиллик ва иқтидор бўлган. Агар у қўллаб-қувватланганида, балки кейинчалик бошқариладиган дрон ясаган бўлармиди…

Ахир, Сергей Королёв ҳам бош конструктор бўлиб дунёга келмаган, илк фаолиятини оддий фанердан қўлбола учиш мосламаси ясашдан бошлаган. Туркиялик ака-ука Халук ва Салжуқ Байроқдорлар ҳам шундай йўлни босиб ўтишган.

– Сизнингча, бугун иқтисодиётимиз учун энг долзарб ихтирочилик соҳаси қайси?

– Яхши савол. Мамлакатимиз иқтисодиётида пахта хомашёсини тайёр маҳсулотга айлантириш салмоқли ўрин эгаллаши маълум. Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон пахта толасини экспорт қилиб келди. Бу – меҳнатни деҳқон қилиб, фойдасини хорижлик фабрикантлар кўради, дегани эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса пахта толасини имкон қадар чуқурроқ қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириб, сўнг сотиш сиёсатига катта эътибор қаратмоқда. Мамлакатимиз экспортида тайёр кийим-кечак улуши ортиб бораётгани қувонарли. Бу борада яна бир муҳим масала кун тартибига чиқмоқда. У ҳам бўлса, пахтани қайта ишлаш – толани чигитдан ажратувчи, ип йигирувчи, газлама тўқувчи ва охирги босқичда тикувчи асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришдир. Ҳозиргача улар асосан хориждан сотиб олинмоқда. Ҳолбуки, ҳар қандай дастгоҳ вақт ўтиши билан эскиради. Ҳам техник жиҳатдан, ҳам “маънавий” жиҳатдан. Шу маънодаки, аввал сотиб олинган техника ўз ўрнини янгисига, самаралироқ, энергиятежамкорроқ, компютерлашган (яқин йиллар ичида эса сунъий интеллект бошқарадиган) янги авлодларига бўшатиб беради. Бу ҳодисани юқорида информацион технологиялар мисолида ҳам айтиб ўтдим. Дастгоҳларнинг янги авлоди аввалгисидан анча қиммат бўлиши, пахта хомашёсининг нархи эса жуда секин ўсиши ҳисобга олинса, пахтачиликдан келадиган даромад йил саин пасайиб боради, деган хулоса чиқади. Шундай экан, пахтани тайёр маҳсулотга айлантирадиган ускуналардан камида бир-икки турини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарур. Фақат бу билан чекланмай, ана шундай ускуналарни мунтазам янгилаб боришни таъминлайдиган технология яратилиши ҳам ниҳоятда долзарб. Бунинг узвий схемаси яхши маълум: илмий-тадқиқот институти – ихтирочилик ва рационализация маркази – тажриба-конструкторлик бюроси – синаб кўриш нусхасини ясайдиган устахона – завод.

Бундан ташқари, инновацияларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими ҳам яратилиши керак.

АҚШ иқтисодиётининг юксалиши айнан пахтадан бошланганини эслаш ўринли. Ўша даврларда (бизда XIX аср охирларигача) пахтанинг толаси чигитдан қўлда ажратилган. Тасаввур қилинг-а, миллионлаб тонна пахтани шу тариқа толага айлантиришнинг ўзи бўладими? 1793 йилда Эли Уитни пахта тозаловчи “жин-машина” ихтиро қилади. Шу туфайли толанинг таннархи кескин арзонлашиб, АҚШ пахта бозорида бошқа давлатларни синдиради.

– Юртимизда ихтирочиликни ривожлантириш борасида қайсидир ташкилотларга ўз таклифларингизни берганмисиз?

– Йигирма йилча бурун бир қадрдоним  олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасига раҳбарликка тайинланди. Қутлагани бордим. Суҳбат асносида “таклифларингиз бўлса, айтинг”, деди. “Қани энди, касб-ҳунар коллежлари ва техника олий ўқув юртларида оммавий ихтирочилик ҳаракати бошланса”, деб ишни ҳар йили ўрта махсус ва олий таълим муассасаларининг талабалари ўртасида “Ёш ихтирочиларнинг республика кўрик-кўргазмаси”ни ўтказишдан бошлашни таклиф қилдим. У маъқул топди. Кўрик бир марта ўтказилди ҳам. Аммо негадир давом эттирилмади. Балки бу соҳага эътибор суст бўлгани учун биринчи йилиёқ шов-шувли натижа чиқмагандир. Агар у изчил давом эттирилиб, ҳукумат миқёсига олиб чиқилганда, ҳозиргача муҳит ўзгарган бўлармиди.

– Бундай муҳитни яратиш учун энди нималар қилиш керак?

– Биринчи навбатда “ҳечдан кўра кеч” деганларидек, мазкур кўрик-кўргазма-танловни тиклаш, ҳатто уни ихтиролар аукциони даражасига олиб чиқиш айни муддао бўлади. Сўнг ёшлар орасида илмий-техник тафаккур шаклланишига эътиборни кучайтириш керак. Бир пайтлар америкалик ёшларнинг маъбудлари Мерилин Монро каби киноюлдузлар, Элвис Пресли каби эстрада юлдузлари, машҳур баскетболчи ва бейсболчилар бўлган. Аммо шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Томас Эдисон, ака-ука Райтлар ҳам машҳурликда улардан қолишмаган. Ахборот технологиялари инқилоби бошланиши билан Билл Гейтс (Миcрософт), Стив Жобс (Аппле), Ларри Пейж ва Сергей Брин (Гоогле), Марк Сукерберг (Фаcебоок) каби инновация дарғалари америкалик ёшлар учун йўлчи юлдузга айланди.

Бугун АҚШлик ёшлар ўртасида машҳурликда ҳеч бир юлдуз Илон Маскнинг яқинига ҳам йўлай олмайди. YouTube каналида Илон Маскнинг янги маҳсулотлари тақдимоти ёки сунъий интеллект ҳақидаги суҳбатлари залда ўн минглаб томошабинни йиғади, ижтимоий тармоқлардаги кузатувлар сони эса юз миллиондан ошади. Дарвоқе, асрда дунёда энг машҳур собиқ Иттифоқ фуқароси ҳам айнан ихтирочи М.Калашников бўлган. Бугун ҳам Россия айнан ҳарбий ихтирочи-муҳандислари билан қудратли бўлиб турибди.

Яна бир муаммо – ёшларнинг илмий-техник тафаккурини шакллантиришга оммавий ахборот воситаларининг лоқайд бўлиб келаётгани. Бир замонлар “Ёш техник”, “Куч – билимда”, “Фан ва турмуш”, “Рулда”, “Техника”, “Электроника”, “Ёш натуралист”, “Квант” деган журналлар миллионлаб нусхаларда нашр этилган, марказий телевидениеда ихтирочилик ва илмий-техникани тарғиб қилувчи дастурлар анча оммалашган эди. Уларни ўқиган, кўрган ўқувчиларнинг катта қисми техникага шайдо бўлар, ниманидир ўз қўли билан ясаш иштиёқига тушар эди. Бу эса бўлғуси муҳандис, ихтирочилар учун дастлабки зарурий қадамлардир.

Бугун аҳвол қандай? Бошқа МДҲ давлатларида аҳвол қандайлигини билмайман, аммо бизда телевидениенинг асосий қаҳрамонлари ҳамон қўшиқчилар, раққосалар, ҳатто тележурналистларнинг ўзлари…

Қатъий таъкидлаш жоизки, юртимизнинг шон-шуҳратини дунёга ёйишда спортга тенг келадиган соҳа ҳозирча йўқ. Халқаро мусиқа ва опера танловларида ғолибликни қўлга киритишга қодир истеъдодлар ҳам шундай мақтовга лойиқ. Қолаверса, куй-қўшиқларсиз тўй-тантана тасаввурга сиғмайди. Булар икки карра икки тўрт деганларидек, равшан ҳақиқат. Фақат шовқин билан чекланиш ёмон. Кимларгадир оғир ботса ҳам қайд этиш лозим: спорт ҳам, санъат ҳам бугунги ҳаёт учун зарур, ихтирочилик, инновацион тадбиркорлик эса давлатнинг қудратини, миллатнинг келажагини белгиловчи омиллардир.

Яна такрорлаймиз, бу соҳаларни бир-бирига зид қўйиш ақлдан эмас. Аммо қушнинг икки қаноти ҳам соғлом, бақувват бўлсагина у юксакларга парвоз қила олади. Ўхшатиш тушунарли бўлса керак. Хўш, бизда тараққиёт лочинининг у қаноти қандай-у, бу қаноти қай ҳолда? Бу борада журналистларимиздан гина қилишга ҳақлимиз. Айниқса, тележурналистлардан. Токайгача лапар-у яллачиларни осмонга олиб чиқиб, юлдузга айлантириш билан шуғулланасиз? Улар билан бир қаторда, ҳатто биринчи навбатда ихтирочиликка интилаётган истеъдод эгаларини излаб топишга киришинг (уларнинг кўплигига шубҳа йўқ), халққа танитинг, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашинг. Шуни билингки, уларда мўмай пул топиш имкони йўқ, аксинча, ўз фаолиятида деярли ҳар қадамда объектив ва субъектив тўсиқларга дуч келишади. Уларни қўллаб-қувватлашга маҳаллий ҳокимият ва сармоядорларни жалб қилинг, керак бўлса, уларни бюрократлардан ҳимоя қилинг. Уларнинг ҳар бир муваффақиятини кенг тарғиб қилингки, халқ билсин, яқиндан танисин.

Унутмаслик керакки, тадбиркорлик эркин гуллаб-яшнайдиган муҳитдагина ихтирочилик униб-ўсади. У ҳосилга кирганида эса мамлакат шуҳратини юзлаб йиллар давомида оламга ёяди. Юртимизнинг тараққий қилган давлатлар сафига қўшилишида ўта муҳим роль ўйнайди.

Бу борада “Жадид” газетасига бир таклифим бор: таҳририят жадид боболаримиз фаолиятини ёритишга бир саҳифа ажратса, бугунги жадидлик, яъни ихтирочилик ва инновацияларга икки саҳифа ўрин ажратиши керак. Шунда маърифатпарвар аждодларимизнинг ҳам руҳи шод бўлади.

Қани энди, ҳар йили мустақиллик байрами арафасида мукофотланадиганлар қаторида ўз ихтироси билан танилган ихтирочилар, новаторлар сони санъаткорларникидан кам бўлмаса. Қани энди, ҳар йили мамлакат ихтирочилари анжумани ўтказилиб, улардан энг муносиблари шараф шоҳсупасига кўтарилса… Орзуга айб йўқ.

– Гап оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий тафаккурга таъсирига келиб тақалган экан, яна бир ўта баҳсли мавзуга тўхталмасдан илож йўқ. У ҳам бўлса – Ўзбекистонда атом электростанциясининг қурилиши мавзуси. Бу мавзу бўйича ижтимоий тармоқларда неча бор айюҳаннос кўтарилди. Эмишки, атом электростанцияси қурилиши мамлакат мустақиллигига путур етказади, халқимиз бошига Чернобил фожиасини солади ва ҳоказо…

– Ана шундай муҳокамалар авж олса, ҳамма ўзича доно бўлиб кетади. Ҳеч ким, бир оғиз мутахассислардан сўрайлик-чи, демайди. Ҳалиям яхши эслайман. Камина 1998 йили “Тафаккур” журналига берган интервьюмда мамлакатимиз учун атом электростанциялари (ҳа, худди шундай – бир эмас, бир нечта, керак бўлса, ўнлаб станциялар) зарур, деган фикр билдирган эдим. Тўғриси, ўшанда журнал бош муҳаррири икковимиз айюҳанносчилар бу фикрлар учун бизни “фалонқулдан писмадонқулга” солишларини кутган эдик. Аммо бирон бир акс садо бўлмади. Чамаси, Фейсбукда гапни қиядиганлар “Тафаккур” деган журнал борлигини ҳам билишмайди. Албатта, атом электростанциясидан хавфсирайдиганлар орасида холис ўйлайдиган аҳли афкор ҳам бор. Аммо улар ҳам қарши далил келтирганлари йўқ. Имкониятдан фойдаланиб, мулоҳазаларимизни батафсилроқ баён қилайлик. Биринчидан, АЭС қурилиши мустақилликнинг “тагига сув қуйиши”га бирон бир мисол йўқ. Америка қитъасидаги барча АЭСлар АҚШ энергетиклари томонидан қурилган. Жумладан, АҚШ билан муносабатлари доим ўзгариб турадиган Бразилияда ҳам. Аммо бирор марта Америка ўзи қурган АЭС орқали у ёки бу давлатга босим ўтказгани ҳақида маълумот йўқ. Ёки “Росатом”ни олайлик. Бу компания томонидан хорижий мамлакатларда ўндан ортиқ АЭС қурилган. Ҳозирги кунда Хитой ва Ҳиндистон каби йирик мамлакатлардан ташқари Туркия, Эрон, Венгрия, Миср, Бангладеш давлатларида АЭС қуришни бошлаган, яна ўнга яқин давлат, жумладан, Қозоғистон билан келишувлар имзоланган.

АЭС қурилишига қаршиларнинг иккинчи далили – бундай станциянинг портлаш хавфи бор. Шуни билишимиз лозимки, АЭС асло атом бомбаси дегани эмас. Чернобилдаги фожиа сабаби инсон омили билан боғлиқ (навбатчи муҳандис сархуш ҳолатда реакцияни секинлаштирадиган мурват ўрнига тезлаштирадиганини босиб юборган). Бундай анқовлик АЭСда эмас, оддий ўчоқдаги оловдан ҳам фожиа келтириб чиқариши мумкин. Япониянинг Фукусима-1 станциясида рўй берган фожиага эса станция қурилишига жой нотўғри танлангани сабаб – денгиз кўрфази тўлқинни кучайтириб, цунамига айлантириши мумкинлиги ҳисобга олинмаган. Зилзила бошланиши билан ҳимоя воситалари ишга тушиб, реакторлар тўхтатилган аммо сув босиши фалокат келтириб чиқарган. Дарвоқе, Фукусима-1 станциясидан 10 чақирим масофадаги Фукусима-2 атом станцияси ҳамон бир маромда ишлаб турибди.

Бу икки йирик ҳамда яна бир неча кичикроқ авариялар сабабли бугун АЭС қурилиши ва эксплуатациясининг хавфсизлиги инсон қўли билан бунёд этилган ва этиладиган барча иншоотлар хавфсизлигидан бир неча марта юқорига кўтарилган.

Яна бир контр-далил – қурилиш сифатига кафолат йўқ деган рўкач. Биринчидан, АЭС қурилиши бажарувчи мамлакатнинг махсус назорат органи томонидан кузатиб борилади. Ахир, АЭСнинг хавфсизлиги шу мамлакат обрўси учун ҳам, иқтисоди учун ҳам нақадар муҳимлиги кундай аён. Иккинчидан, қурилишнинг ҳар бир қадами БМТнинг атом энергетикаси бўйича махсус ташкилоти – МАГАТЕ агентлиги томонидан назорат қилинади. Учинчидан, буюртмачи қурилиш жараёнини исталганча кузатиш ва назорат қилиш, жумладан, кун-у тун ишлайдиган видеокамераларга ёзиб бориш имкониятига эга. 

Ўзбекистонлик ўнга яқин ядрочи физикларимиз дунёнинг етакчи ядровий тадқиқот марказларида ишлаганлар, улардан бир нечтаси МАГАТЕ инспектори вазифасини ҳам бажарган. Атоқли ўзбек олими Беҳзод Йўлдошев машҳур Стенфорд ва Вашингтон университетларида ядро физикаси бўйича профессор бўлган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг 1956 йили ташкил этилган Ядро физикаси институтида 1959 йилда ядро реактори ишга туширилган. Бу реакторнинг ишлаш принципи АЭС реакторидан катта фарқ қилмайди. Шунча йилдан буён юртимиз атомчиларининг бир неча авлоди реакторнинг хавфсизлигини таъминлаб, мамлакат фани ва иқтисодиётининг юксалишига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Юртимиз ерости бойликлари рўйхатида уран рудаси салмоқли ўрин эгаллайди. Бу руда ҳам табиий газ ва кўмир каби бир ёқилғи, АЭС ўчоқларида ёниб электр энергияси бериши керак. Мактабда физикани тузукроқ ўқимаган одам ходалар билан сим тортиб келинса бас, электр ўзи оқиб келаверади, деб ўйлайди. “Атом электр станцияси – бомба!” деган иддао ундан кўп фарқ қилмайди.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун барча шароит ҳам, ўткир зарурат ҳам бор. АЭС электр энергияси ишлаб чиқариш баробарида сувни чучуклаштирувчи восита ҳамдир (Исроилда шу усулда олинган сув истеъмол қилинади). Шунингдек, АЭС қурилиши бошланишининг ўзиёқ мамлакатнинг халқаро обрўсини юксалтиради – юртимиз “Ядро энергетикаси клуби”га аъзо давлатлар сафига киради, муҳандис кадрлар таркибида сифат ўзгариши юз беради, иқтисодий тараққиёт учун ҳам, ижтимоий ривожланиш учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратилади. Зотан, юртимизда газ ва кўмир захиралари ҳисобли, сув ва шамол энергетикаси имкониятлари чекланган, қуёш станцияларини эксплуатация қилиш аккумулятор ва панелларни утилизация қилиш муаммосини келтириб чиқаради. АЭС эса энг арзон ва экологик тоза, айни пайтда чекланмаган миқдорда электр энергияси ишлаб чиқаришга имкон беради.

АЭС мавзусидаги баҳсларда мухолифлар шундай аргумент билан оғзингга урадилар: “Авария юз бермаслигига кафолат берасизми?” Аслан тўғри савол. Унга савол билан жавоб бериш тўғри бўлади: “Учоқларда учасизми? Уларнинг доимо соғ-саломат қайтиб ерга қўнишига кафолатингиз борми?” Физика-математика бўйича мутахассис сифатида кафолат бераманки, АЭСни эксплуатация қилиш ҳаво лайнерларини бошқаришдан бир неча чандон осон. Ҳолбуки, йигитларимиз қирувчи учоқларда мураккаб олий пилотаж фигураларини ясаб учмоқдалар. Кўз тегмасин, ҳозиргача “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг парвозлари хавфсизлик бўйича дунёда энг юқори ўринлардан бирини эгаллаб турибди.

Яқинда ёзувчи Хайриддин Султон қаламига мансуб янги “Осмон-у фалакларда” китобининг тақдимоти бўлди. Китобдан ўзбек учувчилари ҳақида учта ҳаётий новелла ўрин олган (Новелла персонажларидан бири ҳамда китобда баён қилинган воқеаларнинг бир неча шоҳиди тақдимотда ҳозир эдилар). Новеллаларнинг бирида ўзбек учувчиси шассилари очилмай қолган йўловчи учоғини эсон-омон қўндиргани ҳақида ҳикоя қилинган. Албатта, бу – авиация тарихида бўлиб турадиган ҳолат. Новеллада сўзланган ҳолатда юртдошимиз учоқни шундай қўндирган эканки, нафақат бирор йўловчи, ҳатто учоқ ҳам, бўёғи қирилганини айтмаса, умуман зиён топмаган.

Хуллас, илм-фанга асосланиб ишга киришмоқ керак, тамом-вассалом. Замоннинг талаби шу!

– Айтганларингиз, келтирган далилларингиз кишини соғлом мулоҳазага ундайди. Ҳатто ёшларимизга мотивация беради, деб ўйлаймиз. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур, устоз.

Суҳбатдош: Абдулҳамид МУХТОРОВ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 18 июлдаги 29-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img825

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859