Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


27.07.2025 | 15:30

img285

АЙБИН БИЛМАЙ КЕТГАН ФУЗАЙЛ ШЕРАҲМЕДОВ

Ўтган асрнинг 20 йилларида Германияда таҳсил олган туркистонлик талабалар мавзуси кейинги вақтда кенг ёритилган. Бу изланишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу мавзудаги дастлабки илмий тадқиқотлар заҳматкаш олим Шерали Турдиевнинг “Улар Германияда ўқиган эдилар” китоби (1992 йили)да, марҳум устозларимиз – Бегали Қосимов, Наим Каримов, Бойбўта Дўстқораевнинг мақолаларида ўз ифодасини топганини адолат юзасидан таъкидлаш лозим. Шунингдек, 1998 йили “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан мазкур китоб асосида икки қисмдан иборат ҳужжатли фильм (сценарий муаллифи – Хайриддин Султон, режиссёр – Шуҳрат Маҳмудов) ҳам яратилган эди.

Эътиборингизга ҳавола этилаётган мақолада ана шундай истеъдодли талабалардан бири ҳақида ҳикоя қилинади.

Фузайл Шераҳмедов 1908 йил 3 майда Тошкент шаҳридаги 2-Қорёғди маҳалласида, йирик савдогар бойлардан бири саналган Исроил Шераҳмедов хонадонида дунёга келган. Онаси Рухсорахон замонасининг билимдон аёлларидан бўлиб, таниқли муаллим Икромхон домланинг қизи эди. Фузайл аввал жадид мактабида, сўнг Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Намуна” мактабида таҳсил олди.

Ҳужжатларга кўра, “Намуна”да бир неча юз бола ўқиган. Бу мактабда ўз даврининг энг истеъдодли ёшлари дарс беришган. Уларнинг қўлида таълим олган ўқувчилар орасидан кейинчалик Ҳамза, Қаюм Рамазон, Ойбек, Маннон Уйғур каби истеъдодли адиб ва санъаткорлар етишиб чиққан.

1922 йили юзлаб туркистонлик иқтидорли талабалар “Кўмак” жамияти орқали Берлин, Москва, Петербург, Боку, Ганжа шаҳарларига йўл олади. Улар асосан, Фитрат ва Файзулла Хўжаев ажратган Бухоро Халқ Республикаси сармояси, “Кўмак” ташкилоти томонидан йиғилган пуллар ва айримлари ўз ота-оналари ҳисобидан йўлга чиқади.

Ўша йили Нажмиддин Шераҳмедов икки укаси – Насриддин ва Фузайл ҳамда синглиси Саидани Германияга ўқишга юборади. Бир оиладан уч нафар фарзанднинг бир вақтда чет элда таҳсил олиши Шераҳмедовлар хонадонида таълимга, илм-у маърифатга жиддий ёндашилганини кўрсатади. Шу тариқа, қаҳрамонимиз Тошкентда шакллантирилган 16 кишилик гуруҳ билан бирга Берлинга етиб боради.

Насриддин, Фузайл, Саида ва уларнинг ҳамшираси Зуҳра Кашаева алоҳида хонадонга жойлашиб, хусусий муаллимлардан немис тилини ўрганади. Шундан сўнг Фузайл Шераҳмедов Германиянинг Штрейлитс шаҳридаги олий техника мактабининг йўл муҳандислиги факультетига ўқишга киради. 1926 йили ёзги таътилда Ватанга келади, бироқ унга  Германияга қайтиб кетиши учун рухсат берилмайди.

Фузайл ва Саидани иқтисодий қўллаб-қувватлаш йўллари ҳам тўсилади. Ваҳоланки, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарларидан бўлган Акмал Икромов Фузайлнинг тоғаси эди. Нажмиддин Шераҳмедов Мунаввар қори Абдурашидхонов орқали Афғонистон консулхонаси ходими Ғулом Жайлоний билан боғланиб, ундан Саидага 50 сўм ва хат юборади. Нажмиддин синглисига “Мамлакатда тўлиқ деспотизм, ўзбекларда умуман ҳокимият қолмади. Советлар ҳаммани қўрқитиб олди”, деб ёзган эди.

Фузайл Шераҳмедов талабалик йилларида Штрейлитсдан ташқари Берлин, Ҳайделберг шаҳарларида амалиёт ўтаб, Европанинг замонавий архитектураси, илмий ва техник ютуқлари билан яқиндан танишади. 1929 йил олий маълумот ҳақидаги дипломни қўлга киритгач, Тошкентга қайтиб келади.

Фузайл Германияда орттирган бор илм-тажрибасини Ўзбекистонда йўл қурилиши соҳасини ривожлантириш йўлида ишга солди. У Тошкент, Фарғона, Қўқон ва бошқа шаҳарлардаги йўл қурилиши идораларида бош муҳандис бўлиб ишлади.

1937 йил 10 сентябрда Ўш асосий йўли қурилиш идораси бўлим бошлиғи Фузайл Шераҳмедов ЎзССР ЖКнинг 60, 67-моддалари билан айбланади ва Германия жосуси сифатида қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарилади. 1937 йил 13 сентябрь куни у Тошкент шаҳри, Зирабулоқ кўчаси, 42-уйда ҳибсга олинади. Муштипар онаси Рухсора Икромова, турмуш ўртоғи Шарифа Шераҳмедова, 2 ёшли Наимахон ва 5 ойлик Фавзияхон исмли фарзандлари унинг ортидан қон йиғлаб қолади.

1937 йил 22 сентябрь куни илк сўроқда Фузайл Шераҳмедов ўзига жосус ва аксилинқилобчи сифатида қўйилган айбловларни буткул рад этади. Бироқ ўта ваҳшиёна қийноқлардан сўнг (27, 29 сентябрь кунлари) қўлига тутилган барча қоғозларни имзолашга мажбур бўлади. Қизиғи, 1937 йил сентябрь санаси билан аллақачон машинкада тайёрланган қарорга кейинчалик Михайлянтс томонидан  алоҳида ручка билан “20” рақами тиркаб қўйилган. Бу эса Фузайл Шераҳмедовга нисбатан ҳақиқий қарор анча аввал, бутунлай бошқа одамлар томонидан чиқарилганлигини англатади.

1937 йил 20 октябрь кунги сўроқ якунида Фузайл Шераҳмедов тергов баённомасига “Барча аксилинқилобий фаолиятимни айтдим, менинг бошқа гапим йўқ! Қўшимча қилмайман!” деб имзо чекади. Шундан сўнг уни анча вақт безовта қилишмайди.

1938 йил 23 сентябрда у Штрелитсда бирга ўқиган Омонулла Насратулла билан, 1938 йил 29 сентябрда Саттор Жаббор билан, 1938 йил 3 октябрда Султон Матқул билан юзлаштирилади. Юзлаштириш қаттиқ руҳий босим ва жисмоний қийноқлар остида олиб борилади. Аммо Фузайл бирор марта ўзининг айбдорлигини тан олмайди. 1937 йил 5 октябрда Фузайл Шераҳмедов ишига оид айблов баённомасини собиқ Иттифоқ генерал прокурори Вишинский номидан унинг ёрдамчиси имзолайди. Ҳужжатда Ф.Шераҳмедовга нисбатан “У 1926 йил Тоҳир Шокир томонидан “Озод Туркистон” аксилинқилобий ташкилотига тортилган, 1932 йил Абдуваҳҳоб Муродийнинг турмуш ўртоғи Марта орқали, 1933–1935 йиллари эса Саттор Жаббор орқали Гестапога жосуслик мақсадида материаллар юбориб турган”, деган бўҳтонлар битилган эди.

1938 йил 9 октябрь куни бўлиб ўтган машъум “учлик” йиғини Фузайл Шераҳмедовни айбдор деб топиб, уни  олий жазога ҳукм қилди. Ўзбекистонга не-не эзгу орзу ва умидлар билан қайтиб келган қаҳрамонимиз аслида 8 октябрда отиб ташланган эди.

Ўша пайтда Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 45-уйда яшаган Фузайл Шераҳмедовнинг онаси Рухсора Икромова ўғлининг ишини қайта кўришларини сўраб аввал СССР генерал прокурори, сўнг ЎзССР прокурори номига аризалар йўллайди. Ниҳоят, бошқа қатағон қурбонлари қатори Фузайл Шераҳмедовнинг иши ҳам қайта кўриладиган бўлади.

1957 йил 25 августда сўроққа чақирилган Рухсора Икромова: “Менинг етти фарзандим бўлиб, ўғилларим Исмоил, Фузайл, қизларим Зарифа, Шарифа, Марҳима, Ҳакима, Руҳима эди. Бугун Зарифа ва Шарифадан бошқа барчалари дунёдан ўтиб кетган. Чет элдаги Саида Шераҳмедова турмуш ўртоғим Исроил Шераҳмедовнинг акаси Ҳожиаҳмад Шераҳмедовнинг қизи бўлади. Ҳозирда бизнинг Саида билан умуман алоқамиз йўқ”, дейди.

Фузайл Шераҳмедов 1958 йил 27 мартда СССР Олий суди томонидан оқланди. Бироқ бу кунларга унинг икки қизи етиб келмади. Улар гўдаклигида оналари билан уйсиз сарсон-саргардон юрган вақтларидаёқ касалликка чалиниб вафот этган эди…

Фузайл Шераҳмедовнинг айбсизлигини тан олишди, аммо ундан тортиб олинган мол-мулклар қайтарилмади. Фузайлнинг ҳамон уйсиз юрган беваси Шарифа Шераҳмедова 1971 йил 13 октябрда уй сўраб ҳукуматга мурожаат этади. Аммо уй олиш насиб этмай, омонатини топширади.

Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

“Жадид” газетасининг 2025 йил 18 июлдаги 29-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855