29.07.2025 | 12:38
565
ЎЗБЕК КЕЛАЁТИР…
Ўзбекистон деганда ўнг қўлим беихтиёр кўксимга қандай кўтарилганини ўзим ҳам сезмай қоламан. Айниқса, Янги Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги улкан зафарларининг хуш муждаларини эшитганимда қувонганимдан ўзимни қўярга жой тополмайман.

Аслида, камтарин ижодим намунаси бўлган “Ўзбек келаётир…” балладаси бир пайтлар “ўзбек иши”ни уюштирганларга жавоб ўлароқ ёзилган. Шеър улуғ о‘збек тарихининг тараннуми билан бошланса-да, кейинги даврда Янги Ўзбекистон зафарларининг илҳомбахш куч-қудрати тасвири билан бандма-банд кўпайиб, кенгайиб борган. Сиз-у бизга яхши таниш бўлган “Ватан” журналида мазкур балладанинг ихчамроқ варианти акс этган, холос. Асарнинг нисбатан тўлиқ нусхаси яқинда ўзбек тилида нашр этилган китобимга киритилган. Мен “Ватан” журналининг ижодий жамоасидан миннатдорман, айнан шу журнал орқали “Ўзбек келаётир…” адабий давраларда кенг тарқалди.
Эсимда бор, журнал муқовасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг сурати, шунингдек, менинг шеъримдан парча берилганини кўриб, ўзимда йўқ севиниб кетганман. Кейинроқ Олий Мажлис Сенати аъзоси, журнал бош муҳаррири Ҳусан Эрматов билан учрашдим. Ўзаро суҳбат чоғида “Менинг Президентим” ва “Миллатпарвар” асарларини озарбайжон тилига ўгириш фикри туғилди. Айнан ўша лаҳза “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби дунёга келиши учун асос бўлди.
Ўзим Озарбайжонда туғилиб-ўсганим, ҳозир унда яшаётганимга қарамай, ҳаётимнинг катта қисми, хусусан, айни кучга тўлган йигитлик йилларим қадрдон ўзбек диёрида ўтган. Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистонга алоқадор янгиликларни диққат билан кузатиб бораман. Айниқса, сўнгги йилларда Республикада юз бераётган ижобий ўзгаришларни бутун дунё эътироф этмоқда. Ниятим – Озарбайжон халқини ўзбек адабиёти билан яқиндан таништириш баробарида шу юртнинг муҳим сиёсий ютуқларини таъкидлаш, тарғиб қилиш. Юқорида номлари келтирилган асарлар айни янгиликларни худди кўзгудек акс эттиради. “Менинг Президентим”ни бир неча марта ўқиб, ҳар гал хаёлга чўмардим. Мутолаадан таъсирланган ҳолда, китобни филология фанлари доктори, профессор Яшар Қосимга юбордим. У киши ҳам Ўзбекистонда яшаган. Ҳар гал кўришганда шу жаннатмонанд заминда кечган ёшлигимиз, устозларимиз ва дўстларимизни эслаймиз. Янги Ўзбекистоннинг ютуқларидан қувонамиз.
Ҳеч йодимдан чиқмайди, 2024 йилнинг 12 ноябрида қўнғироқ қилишиб: “Тайёр бўлиб туринг, Ўзбекистон Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёев эртага соат 10:00 да Боку шаҳрида ўзига ажратилган қароргоҳда сизни қабул қилади”, дейишди. Хушхабардан бошим осмонга етди. Бир сўз билан айтганда, ўша ҳаяжонли воқеа ҳаётимнинг энг унутилмас ҳодисасига айланиб қолди. Бироқ шу қабулнинг тафсилотларини ёки ўша учрашувдан олинган барча таассуротларни бир суҳбатга ёхуд бир эсдаликка асло сиғдириб бўлмайди. Бу ҳақда кейинроқ батафсил ёзиш ниятим бор.
Озарбайжонда қўлига қалам олган тенг-тўшларим бўладими ёки ёш ижодкорлар бўладими, йиғилиб қолсак, суҳбат ўз-ўзидан Янги Ўзбекистонда охирги йилларда амалга оширилган эзгу ишлар ҳақида боради. Улар орасида ижод мактабларининг очилгани алоҳида, айтиб, адо қилиб бўлмас мавзу ҳисобланади. Бир пайтлари ўзим ёнида юрган, озми-кўпми, ижодий мактабидан баҳра олган улуғ адиблар номига мактаб очилишини эшитиб, тўлқинланиб кетганман. Нафақат ўзбек, балки бутун туркий адабиёт учун севимли бўлган Огаҳий, Исъҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби ижодкорлар изидан боришга интилган ёшларни бир жойда жамлаш, уларни нафис сўз санъатига ошно этиш, мутафаккир боболар қолдирган бой илмий меросни ўргатиш, замонавий таълимнинг илғор ютуқларидан баҳраманд этишга қаратилган хайрли ишларнинг амалдаги исботи ҳам ана шу таълим масканларидир.
Бундан ташқари, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам янги биноси, унинг атрофида бунёд этилган Адиблар хиёбони, унда туркий адабиётнинг йирик намояндалари сиймосида қад ростлаган ҳайкаллар, Дўрмон ижод боғининг қайта таъмирланиши, қалам аҳлининг эркин ва қулай ижод қилиши, ўз навбатида мароқли ҳордиқ чиқариши учун Заркент ижод уйининг қурилиши, Зомин санаториясидан ижодкорларга қўшимча ўринлар ажратилиши, ҳар йилги анъанавий тарзда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин семинарининг ташкил этилиши каби ҳавас қилса арзийдиган ишлар, очиғини айтиш керак, унча-мунча давлатда йўқ.
Ўзбек халқининг маорифи, адабиёти, санъати, келажак авлоднинг эркин ва ҳурфикрли бўлиши, озод яшаши, ҳеч кимдан кам бўлмаслиги учун курашган жадид боболарга ҳурмат ва эҳтиромни айтмайсизми! Улар ҳақида фильмлар ишлаш, ҳайкаллар ўрнатиш, мактаблар очиш, грантлар ажратиш, бебаҳо асарларини қайта-қайта чоп этиш ишлари кундан-кунга жадал тус олиб боряпти. Бу эса, Ўзбекистонда ўттиз йил яшаган, қардошлар ҳаётини ўзгача иштиёқ билан мунтазам кузатиб борадиган каминани қувонтирди, албатта.
Ўрни келганда айтиш керакки, Тоғли Қорабоғнинг тикланишига биринчи совға Ўзбекистон томонидан берилган. Муҳтарам Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг апрелида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоконференсия шаклида ўтказилган норасмий саммитида Ўзбекистон узоқ йиллар давом этган қамалдан озод этилган тупроқларимизда кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирганди. 2023 йилнинг августида Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифининг иккинчи кунида икки давлат раҳбарлари Фузулий шаҳрига ташриф буюриб, ўзбек халқининг буюк фарзанди Мирзо Улуғбек номини олган 960 ўринли мактабнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этганди. Бу хабарни ўқиган ёки эшитган кишида савол туғилиши табиий: Ўзбекистон ҳукумати қардош ўлкага ёрдам беришни нега мактаб қуришдан бошлади? Чунки ўзбек халқи азалдан илм-у маърифатни, адабиёт ва санъатни қадрлаб келган. Фузулийда очилган мактаб ҳам ушбу эзгу анъананининг давоми десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон адабий, маърифий, сиёсий дўстлиги кечагина бошланиб қолган ҳодиса эмас, унинг илдизлари чуқур. Бу алоқалар асрлар давомида шаклланиб, Низомий Ганжавий, Алишер Навоий асарлари ҳамда икки халқнинг фузулийхонлик, машрабхонлик кечалари билан янада мустаҳкамланган. Бу орада Бокуда ўзбек санъати ва маданияти, Тошкентда Озарбайжон кино ва адабиёти кунлари ўтказилгани ҳам алоҳида эътиборга молик ҳодиса. Жуда яхши эслайман, 2018 йил 14 декабрь куни Тошкентда, 21 декабрь куни эса Бокуда ўзбек драматургиясининг забардаст вакили, таржимон, устоз, Озарбайжоннинг машҳур фарзанди Мақсуд Шайхзода таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан илмий анжуман, шунингдек, Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси билан тайёрланган, Мақсуд Шайхзодага бағишланган “Икки халқ ифтихори” номли ҳужжатли фильм, “Ўзбек шеърияти гулчамбари” китоби тақдимоти бўлиб ўтганди. Ундан кўп ўтмай, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси билан Ўзбекистонда икки халқ ўртасидаги маданий-адабий алоқаларга бағишланган “Азалий дўстлик ришталари” ҳужжатли филми тақдим этилганди. Хуллас, ана шу эзгу анъанани давом эттириш, икки халқ маданий алоқаларини мустаҳкамлаш учун камтарин ижодим билан кўприк бўлишни муқаддас бурчим деб биламан ва сўзимни Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулида фахр ила ўқиган шеъримдан парча келтириш билан якунлайман:
Асрий орзуларнинг авжига етган,
Наҳанглар диққатин ўзга қаратган,
Не бахтки, жаҳоннинг бош минбаридан
Нутқини жонажон тилда янгратган
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!
Шавкатини тиклаб буюк Туроннинг,
Авлодлар комида мужассам жоннинг,
Ўз давлати билан порлаб сафидан
Туркистон, Туркия, Озарбайжоннинг,
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!
Йўл бўшат, дилларда музлаган армон,
Йўл бўшат, менсимай хор қилган нодон!
Янги мингйилликнинг тонготаридан
Йўл бўшат, замона, йўл бўшат, жаҳон!–
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!!!
Акиф АЗАЛП,
шоир, адабиётшунос
“Жадид” газетасининг 2025 йил 25 июлдаги 30-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



