31.07.2025 | 12:25
268
ШОХИГА УРСАНГ, ТУЁҒИ ЗИРҚИРАЙДИ
“Менга ёқди”, “Унга ҳам ёқди”, “Ўҳ-ҳў! Жуда кўп одамга ёқибди”… Ижтимоий тармоқларда бу каби хулосалар учун “пойга” бошланиб кетганига анча бўлди. Аммо “Нима ёқибди?”, “Кимга ёқибди?”, “лайк”чиларнинг савияси қандай?” деган саволлар, афсуски, жавобсиз…

Тарихан қайсидир ғоя ва мақсадларни юзага чиқариш ёки сиёсий жараёнлардаги ўзгаришларни амалга ошириш учун оломончилик кайфиятидан устомонлик билан фойдаланилган. Ҳозир ана шундай тоифанинг қизиқишларидан келиб чиқиб, медиамаҳсулотининг ижтимоий-маънавий зарари, ғайриахлоқий жиҳатларини англамаган ҳолда кўнгилхушлик ва “лайк” ишқибозлиги ортидан пул топаётганлар ҳам бор. Мен бундай кимсаларни кўр-кўрона жарлик томон бораётган, ортидан ўз яқинлари, бошқалар ва келажак авлодни ҳам эргаштириб кетаётган манқуртларга ўхшатаман.
Яқинда ижтимоий тармоқларда бир видеолавҳа тарқалди. Келинчак тор-танқис, очиқ-сочиқ кўйлакда бойвачча қайнотасига мастонавор чой узатяпти. Қайнота ҳам кўча кўрган, енгилтак келин билан тезгина тил топишди. Хўш, нима бўпти, оддий видео-ку, дейишингиз мумкин. Йўқ, ахир ўзбек хонадонида келин қиз, қайнота ота ўрнида эмасми? Қайси эс-ҳуши жойида бўлган падар фарзандининг жуфти ҳалолига бундай шум назар билан қарайди?
Аслида бундай лавҳалар орқали миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган, миллат шаънига иснод келтиргувчи шоулар яралмаяптими? Тўғри, кимдир бу эпизоддан ёқа ушлади, яна кимдир маломат қилди, бошқа бировлар эса Ғарбнинг таъсири эканини таъкидлади. Томоша эса катта контентда ҳамон кўриляпти. Уни ижтимоий тармоқ саҳифаларига жойлаганлар “просмотр” сони ошаётганидан хурсанд, аммо… Бизни ташвишлантираётган асосий гап – шу зайл оммани ахлоқсизликка кўниктириб бораётганимиз. Аввалига одамлар бундай ҳолатларга, албатта, танқидий кўз билан қарайди, кейин “илгари ҳам шунақасини эшитгандим” дейди, бора-бора оддий ҳол билиб, қўл силтаб қўя қолади. “Гапираверсанг бети қотади”, деган гап бекорга эмас-да…
Бу каби эпизодларни суратга олаётганлар ва уни молиялаштираётганлар айнан нимани кўзда тутишади ўзи? Бугун оммавий коммуникация тарғибот ва ташвиқотнинг жуда катта каналига, кучига айлангани рост. Медиамаҳсулотлар ва уларнинг турлари ҳам шу қадар кўпки, барчасини назорат ва таҳлил қилишнинг иложи йўқ. Ҳеч бўлмаса, келажагимиз давомчилари бўлмиш болаларимиз учун махсус тайёрланаётган кичик видеолавҳалар, мультипликацион фильмларнинг ҳам улар тарбияси, дунёқараши ва ғояларига қай даражада таъсир кўрсатишини ўрганиб бўлмай қолди.
Бир қараганда дуппа-дуруст фильм намойиш қилиняпти, аммо қайсидир жойига келганда ёшгина қиз ва муштумдай болакайнинг ўпишган саҳнаси чиқиб қолади. Ёки баъзи мультфильмларда қизалоқларнинг лабчалари чўччайтириб бўялгани, болачаларнинг таналарини кўз-кўз қилиб ўтишлари кўрган фарзандларимиз ўзларининг келгуси қиёфаларини қандай шакллантиради? Боз устига, бу каби қаҳрамонлар ижобий роллар орқали намоён бўлган бўлса… Мультфильмдаги воқеалар ривожи эса ростдан ҳам қизиқ, гоҳида катталарни ҳам ўзига тортади.
Биз, катталар воқеалар ортидан кетаверамиз-у, уларнинг замирида яширинган ва болажонлар онгига сингдирилаётган “кийиниш маданияти” ва ими-жимида сиздирилаётган фаҳш ғояларга эътибор беришни унутиб қўямиз. Шундай, асосий ғоя ҳамиша орқа фонда, саҳна ортида ёки қизиқарли воқеалар чулғамига ўралиб, “яширин” тарзда кўзга кўрсатилиб, онгга ўрнаштирилади.
Маълумки, халқимиз ҳаётида асрлар бўйи жамоавийлик ҳисси устун бўлиб келган. Бу – бировнинг боласи, бу – менга бегона, деган қарашлар халқимизга хос бўлмаган. Кексалар кўча-кўйда ҳам боламан деганини керак жойда тергаб, ўрни билан тарбиялаб кетаверган. Улар ижтимоий ахлоқ меъёрларини, тарбия асосларини шу тариқа асрашган. Бугун биз ҳам медиамаҳсулотларнинг маънавий моҳиятини кузатиб боришда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз лозим.
Аҳли илм ёки ижод вакилларининг кузатувчилари ва уларнинг постларига қўйилган “лайк” белгилари айш-у сафо саҳналари акс этган лавҳаларникидан юзлаб баробар кам. Бу эса жамият учун хавфли бўлган ҳолат – омма диди ўтмаслашиб бораётганидан дарак берувчи жиддий хатардир. Ўзи ўша омма ҳам аслида биз, бизнинг яқинларимиз, болаларимиз. Агар бундай постларни кузатмасак ва эътибордан четда қолдирсак, энг муҳими, фарзандларимизнинг медиа дидини, медиа эҳтиёжини тўғри тарбиялай олсак, бу оммавий дидни оширишнинг муҳим бир босқичи бўлади. Тўғри, бу осон эмас. Негаки, кўрма деган нарсани кўриш, олма деган нарсани олиш – одамзод табиатига хос. Демак, тарбия усулларини ҳам, ижтимоий тарбия тизимини ҳам шундан келиб чиқиб яратишимиз ва амалга оширишимиз лозим.
Хуллас, шов-шув яратаётган ва миллий қадриятларимиз ўзагига чанг солаётган медиамаҳсулотлар замиридаги маънавий бузуқ ғоялардан огоҳ бўлиш – миллат келажаги учун қайғуриш демакдир.
Камолиддин ТЎРАEВ,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Жадид” газетасининг 2025 йил 25 июлдаги 30-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



