03.08.2025 | 09:00
295
ДЎСТЛИК ЧИНОРИ
Бағри ва кўнгли кенг мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшамоқда. Ватандошларимиз тўлақонли ҳаёт кечиришлари, ўз миллий анъаналари ва қадриятларини ривожлантиришлари учун 157 та миллий-маданий марказ, 42 та дўстлик жамияти қизғин фаолият олиб боряпти. Миллий маданий марказлар фаолиятини ривожлантириш учун ҳудудларда “Дўстлик уйлари” ташкил этилган бўлиб, ҳар йили Парламент фонди томонидан молиявий қўллаб-қувватланади. Шунингдек, хориждаги юздан ортиқ ватандошлар жамоат бирлашмалари давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда юртимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳити, миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлигини мустаҳкамлаш, чет эллар билан маданий-маърифий алоқалар, халқ дипломатиясини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича дастурий амалиёт олиб бормоқда.

2021 йилдан бошлаб 30 июль санаси юртимизда Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг миқёсда нишонлаб келинмоқда. Президентимизнинг ушбу айём муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида юртимиз заминида қадимги даврлардан буён давом этиб келаётган этник хилма-хиллик ноёб ижтимоий ҳодиса экани, бугун – Янги Ўзбекистон шароитида эса бу янгича маъно-мазмун ва анъаналарга эга бўлиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг қутловида, жумладан, шундай сатрларни ўқиймиз: “Дунёнинг турли минтақаларида миллий ва диний асосда турли низолар давом этаётган ҳозирги ўта таҳликали шароитда ягона Ўзбекистон ғояси асосида энг катта бойлигимиз – юртимиздаги осойишталик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, билим-маърифат, касб-ҳунарлар эгаси этиб тарбиялаш, инклюзивлик тамойилларини чуқурлаштириш борасидаги ишларимизни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз”.
25–31 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита томонидан уюштирилган “Дўстлик” фестивалининг моҳиятида ҳам Юртбошимиз таъкидлаган эзгу ғоялар ўз аксини топган. Ушбу анжуман юқори савияда ўтказилди. Бир ҳафта мобайнида тақдимотлар, халқаро анжуманлар, мусиқий дастурлар, кўргазмалар, ҳунармандчилик ярмаркалари, ижодий учрашувлар, танлов ва кўнгилочар концерт дастурлари тақдим этилди.
Фестиваль арафасида миллий маданий марказлар павильонларининг очилгани мамлакатимизда яшаб келаётган барча миллат ва элатларнинг ўз маданияти ва урф-одатлари, анъаналарини сақлаб қолиш, ривожлантириш учун яна бир улкан имкониятга айланди. Павильонлар ўзаро маданий алмашинув майдони вазифасини бажариши кўзда тутилган.
– Юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнида миллатлараро тотувлик, ўзаро аҳиллик ва биродарлик давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Кўп миллатли халқ вакилларини ўз атрофига бирлаштириб, бағрикенгликни, тинчликни, биродарликни тараннум этган “Дўстлик” фестивали ҳам бу борадаги оқилона ҳамда узоқни кўзловчи сиёсатнинг амалдаги ёрқин намунасидир, – дейди Қўмита раисининг ўринбосари Беҳзод Шукуров. – Тадбирнинг уюшқоқлик билан ташкил этилиши мамлакатимизда миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Туркман маданият маркази раиси Гулдана Авездурдиеванинг таассуротларига ҳам қулоқ тутдик:
– Жонажон юртимизда миллий маданий марказларнинг самарали фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Биз, миллий маданият марказлари вакиллари ҳар доим ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келяпмиз. Ҳозирда Ўзбекистонда туркман миллатига мансуб 202 мингдан зиёд киши истиқомат қилади. Ўзбек ва туркман халқлари қадимдан азим Амударёнинг икки қирғоғида аҳил-иноқ яшаб келаётган қондош-қариндошлар саналади. Икки элнинг урф-одати, қадриятлари бир-бирига ҳамоҳанг. “Дўстлик” фестивали тадбирларида марказимиз вакиллари ҳам яхшигина фаоллик кўрсатишди. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда инсон қадри ва шаънини улуғлаш, барча миллат ва элат, диний конфессиялар вакилларига ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш борасида олиб борилаётган одилона сиёсатдан далолатдир.
Ҳар йили ҳафталик доирасида Озарбайжон миллий маданий марказининг фаолияти юқори баҳоланади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Бу ҳақда марказ бошқаруви раиси Мобил Мамедов шундай дейди:
– БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ, 30 июль бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланади. Ўзбекистоннинг кучли бағрикенглик сиёсати туфайли бу байрам, мана бир неча йиллардан бери ҳафталик фестиваль шаклида ўтказиб келинмоқда. Кўп миллатли халқимиз бу санани кўтаринки руҳда кутиб олмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Президентининг табригидан ўрин олган “Биз ўзининг ҳалол меҳнати, ватанпарварлик фазилатлари билан республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган турли миллатга мансуб юртдошларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз”, деган сўзлардан ниҳоятда шодландик. Табиийки, қуёш мўл-кўл нур сочиб, муҳит оби-тобида бўлса, ҳар қандай боғ гулшанга айланади. Биз жонажон Ўзбекистонимизни ана шундай фирдавс боғига қиёс қиламиз.
Дарахт дарахт бўлмас қуруқ шох билан,
Кўрк ва мева топар минг япроқ билан, –
деб ёзган эди буюк немис шоири Фридрих Шиллер. Янги Ўзбекистонимиздаги “шохлари осмонларга тегиб турган” дўстлик чинорининг қадди-бастига кўз тегмасин.
Зарнигор ИБРОҲИМОВА
“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



