Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


07.08.2025 | 12:25

img201

САНЪАТ САЙЁРАСИНИНГ ФУҚАРОСИ

Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов билан суҳбат

– Женисбек, бугун атрофимизда “юлдузлик касали”га чалинаётганлар кўпайиб бораётгани сир эмас. Лекин дунёга машҳур опера хонандаси сифатида сизда бундай қусур кўзга ташланмайди. Юз-кўзингизда камтарлик сезилиб туради. Айтинг-чи, сиз учун машҳурлик нима?

– Санъаткорда ўтиш даври бўлади. Шу даврда кимдир бирдан “юқорилаб” кетади, кимдир бу жараённи аста-секинлик билан босиб ўтади. Кутилмаганда баландга сапчиган одамнинг ўзини тутиб олиши қийин кечади. Бу ҳам бир синов, аслида. Зинадан қадамма-қадам кўтарилаётган инсон йўл машаққатини кўпроқ англайди. Халқимизда “камтарга камол” деган нақл бор. Чинакам санъат аҳли орасида тобланиб шуни билдимки, манаман деган санъаткорлар ҳам ҳаммамизга ўхшаган оддий одам бўлишган. Уларнинг ютуғи – изланишларида, тиниб-тинчимаслигида, ҳар қанча юксакликка кўтарилса ҳам ўқиб-ўрганишдан қочмаганлигида. Муҳими, улар доимо самимий ва камтар бўлишган. Бу борада улардан ўрнак олса арзийди.

Бироқ биргина қўшиғи қулоққа ўрнашиб қолгани ортидан ўзини машҳур санаб, босар-тусарини билмай қоладиганлар ҳам учраб туради. Ҳолбуки, уларнинг кейинги ижроси тақдири қандай кечади: оммалашадими-йўқми, савияси қандай бўлади, булар билан унча қизиқмайди. Шу тариқа аста-секин назардан қолиб, одамлар уларни тингламай қўяди. Баъзилар бундай “зарба”лардан кейин ўзига кела бошлайди. Умуман, айрим хонандалар санъатнинг қадрига етиш учун шундай босқичлардан ўтиши керакдек, эҳтимол.

– Санъат қадри ҳақида сўз очдингиз… Сизнингча, бугун тез танилиш илинжида эстрадага қизиқиш ортиб кетмаяптими?

– Саволингизни операга қизиқиш сусайиб кетмаяптими, дея талқин қилсак ҳам бўларкан. Келинг, шу ўринда ўз тажрибам билан ўртоқлашсам. 2007 йили Нукус маданият коллежининг актёрлик бўлимига ўқишга кирганман. Бизда қўшимча вокал дарси ўтиларди. Вокалдан сабоқ бераётган устозимга “Вокал ашулаларни айтолмаяпман, Хоразм лазгиларига овозим етмаяпти” дедим. Шунда у киши овозимни эшитиб кўриб, “Женисбек, сен опера айтишинг керак”, деб қолди. “Нима учун опера?” деб савол бердим ҳайрон бўлиб. Чунки ўша пайтда нафақат мен, бошқа тенгдошларим ҳам опера ҳақида тайинли тушунчага эга эмас эдик. Ҳозир юртимизнинг энг чекка ҳудудларида униб-ўсиб келаётган болакайлар ҳам опера санъати хусусида озми-кўпми тасаввурга эга.

Яқинда Самарқанд вилоятининг чекка бир қишлоғига бордим. Шаҳардан тахминан 300 километрча узоқликда. “Бу ерда мени биров танимаса керак” деб ўйлаган эдим, бир маҳал ўғил-қизлар келиб мен билан суратга тушяпти. Демак, бугун операга қизиқиш кучайган. Тўғри, классик операларни эмас-у, “ҳазми енгилроқлари”ни тинглашяпти одамлар.

Эстрадага келадиган бўлсак, бугун унинг ҳам шайдолари кўп эмас. Аслида, бу йўналиш енгиллашиб кетиб, битта аккордли қўшиқдан нарига ўтолмаяпти. Оқибатда одамларда енгил эстрадага мойиллик кучайиб кетди. Олдинлари етти-саккиз дақиқали қўшиқларни тинглашган бўлса, ҳозир эстрада қўшиқлари икки-уч дақиқадан ошмаяпти. Даврнинг шиддати, тезкорлиги қўшиққа ҳам таъсир қиляпти. Шу боис биз классик қўшиқларни оммага кўпроқ жонли ижрода етказишга ҳаракат қиляпмиз.

– Илк бор саҳнага чиққан дамларингизни эслай оласизми? 

– Дастлаб эстрада, рокн-роль, реп айтганларимни қўя туринг, бахшилик ҳам қилганман. Тўрт йил бахшиликка ўқиб, “4” баҳога битирганман. Операга қизиқиш уйғона бошлагандан кейин устозим уч йил коллеждан ташқарига чиқармаган. Ҳатто уйдагилар ҳам билишмаган опера айтишимни. Сўнгра Тошкентга танловга келиб, 1-ўринни қўлга киритдим. Менга “Ниҳол” мукофоти топшириладиган бўлди. Очиғи, бу мукофотни олишимга ишонмаганман. Хуллас, биринчи катта саҳнам “Халқлар дўстлиги” саройи бўлган ва шу жойда муқим қолиб кетганман. Дарахт бир жойда кўкаради, дейишганидек, 17-18 йилдан буён қаерга борсам ҳам, яна шу қадрдон саҳнага қайтиб келаман.

– Сиз романс китобларини ҳам яратяпсиз. Шундай тўпламлардан жой олган “Кўринур” номли гўзал романс жуда машҳур. Шу  ҳақда ҳам сўзлаб берсангиз.

– “Кўринур” – улуғ бастакор Фахриддин Содиқов томонидан Низомий Ганжавий сўзига басталанган гўзал лирик асар. Эсласангиз, Озарбайжонда Низомий таваллудига бағишланган кеча ўтказилган. Ўшанда Озарбайжондан Илҳом Назаров телефон қилиб “Устоз, китобингиздан “Кўринур” романсини ўқидим. Шуни куйламоқчиман. Ижром ҳақида фикрингизни билмоқчиман”, деди. Китобим Озарбайжонга қандай бориб қолгани билан қизиқдим. Билсам, бу китоб Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам бор экан. Ушбу тўплам бошқа мамлакатларга ҳам тарқалиб, ундаги қўшиқлар куйланаётгани биз учун катта ютуқ, деб ўйлайман.

– Ҳозиргача нечта романс-китобингиз нашрдан чиққан?

– Йигирма олтита романсни ўз ичига олган иккита китобим бор. Яқинда яна бир лойиҳа устида ишни якунладик. Унда ўзбек композиторларининг фортепианога мўлжалланган мусиқалари жамланган. Шу йили ўзбек композиторининг операларидан ариялар тўпламини нашрдан чиқаришни режалаштирганмиз. Бу ҳам талабалар учун керакли қўлланма бўлади, деган умиддаман. Чунки Консерваторияда ўқиётганимда устозим менга рус ва Европа романсларидан ижро қилиш вазифасини топширарди. Табиийки, уларни интернетдан излардим ва аудиоси чиқиб келарди. “Зўр экан, ёдлашим керак” дердим. Лекин ўзбекча ария ва романслар интернетда топилмас эди. Концертмейстерлар эса уларни яхши билмагани учун ғалатироқ оҳангда чаларди. Ўшанда ўзбек романслари ва арияларининг ҳам аудио, видео шаклларини яратишимиз кераклигини тушуниб етганман.

– Миллий опера санъатимиздаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида фикрингиз…

– Асосий ютуғимиз – халқимизнинг операга қараши, муносабати ўзгаргани. Айни пайтда ҳукуматимиз томонидан опера ижрочиларига кўпроқ эътибор қаратилаётгани бизни хурсанд қилади. Қолаверса, саҳнада жонли ижро – бизнинг катта ютуғимиз. Санъат ихлосмандлари буни эътироф этаётганидан қувончимиз чексиз.

Камчиликларга келсак, ўзимизда янги миллий опералар қўйилмаяпти, шуниси оғриқли. Яъни, ўзимизнинг композиторлар ёзган опералар йўқ. Бу борада композиторлар “биз ёзяпмиз, улар қўймаяпти” дейишса, театр “улар ёзаётган асарлар бизга тўғри келмайди” деб жавоб беради. Ўртада айбдор биз – солистлар бўлиб қоляпмиз. Ваҳоланки, биз ижрочимиз, ҳар қандай қўшиқни ижро этиб бера оламиз. Композитор ёзмаса ёки ёзганини театр қабул қилмаса… бу билан бирор самарали ўзгариш бўлиши қийин.

Театр композиторлар ижодидан бохабар бўлиб туриши керак. Ана шу хабардорлик ортидан асарларни саралаш, яхшиларига буюртмалар бериш, муаллифларини рағбатлантириш мумкин. Нега ҳадеганда чет эл операларини харид қилиб, бу ерда саҳналаштиришимиз керак. Ўзимизда ҳам зўр опералар яралишига ҳаракат қилиш, халқни бу санъатга қизиқтира билиш лозим. Узоққа бормайлик, ҳозиргача айланиб-айланиб, “Майсаранинг иши” (Сулаймон Юдаков) операсини айтамиз. Негаки, пичоққа илинадиган бошқа миллий комик опера йўқ, афсус. Борлари ҳам “ўлдим-куйдим”дан нарига ўтмайди, бугунги кун талабларига жавоб беролмаяпти. Ёш ижрочиларнинг талаби катта. Улар классика билан бирга, замонавий асарларни сўрашяпти. Бунинг учун оркестрга қайсидир чолғуни қўшиш керак бўлса – қўшиш керак, тепадан саҳнага тушиш зарурати бўлса тушиш, халқ орасидан кириб келиш лозим бўлса, шундай қилиш керак. Чет эл опера театрларида бу борада кўп амалий ишларни кузатамиз.

Германиядаги Мюнхен театрида ишлаганимда “Аида” операси саҳналаштирилди. Ўша пайтда “Аватар” филми бутун дунёда оммалашиб кетган эди. Шу фильм эскизидан фойдаланиб, Аида ва Радамес бошқа-бошқа сайёраларда яшаган қаҳрамонлар сифатида талқин қилинди. Радамес Марсни босиб олиш учун “аватар” образида мазкур сайёрага келади. Кутилмаганда у Марсда яшаётган Аидага дуч келиб, уни севиб қолади. Бу ёшларга қизиқ, албатта. Шу асар йил давомида кўп тақдим этилди. Ёки “Эсмералда” мюзиклининг оҳангини эшитган ҳамоноқ кўзимиз чақнаб кетади. Чунки бу қўшиқ операнинг “ташриф қоғози”га айланиб бўлган. Имкони бўлса, бизда ҳам ана шундай “ташриф қоғозлари”ни кўпайтириш зарур.

– Санъат одами қалб билан иш тутади, қалбга бўйсунади, кўпинча унинг йўриғидан юради. Нима деб ўйлайсиз, қалбга қулоқ тутган яхшими ёки ақлга?

– Ақлга! Чунки ақлга таянсангиз, муаммонгиз кам бўлади. Агар кўнгилга қулоқ солсангиз… у нималарни хоҳламайди?! Бироқ ақл билан доимо чора излаб, йўл топса бўлади. Яна шуни тушуниб олишимиз керакки, ютқазиш баъзан ютуққа тенг, ютуқдан ҳам аълороқ бўлиши мумкин. Гоҳо қўлинг баланд келгани билан кўнглинг хотиржамликни туймаса, шунинг ўзи ютқизиқ. Қалб ва ақл танловида ана ўша ютиш ва ютқазиш ҳолатлари тўғри чамалаб олинса, қай биридан кўпроқ ҳаловат келиши англаб олинса, шунинг ўзида ғолиблик нашидаси бор. Бу ҳол дунё тажрибасидан аён. Мен бўш вақтим бўлди дегунча китоб ўқишга ҳаракат қиламан. “Темур тузуклари”да шундай фикрни ўқиб, уни ўзимга шиор қилиб олганман: “Ҳамма нарсани биламан-у, лекин билмасликка оламан”. Барчамиз мана шу ақидага амал қилиб яшасак, кўпроқ умр кўрамиз, ҳаловатимиз ўзимизда бўлади.

– Ҳаловатсизлик дард чақириши ҳам мумкин-да…

– Ўзи, ижод – бедорликнинг эгизаги. Дард эса ҳаловатсизлик дегани. Аслида, дардни ичга ютмаслик керак. Уни ижод шаклида бўлса ҳам юракдан чиқариб юборган маъқул.

– Келгуси режаларингиз, орзу-мақсадларингиз ҳам, шубҳасиз, мухлисларингиз учун қизиқ.

– Бу йил мухлисларимизга янги – “Кохман эртаклари” операсини тақдим этмоқчимиз. Бу асарда менга ҳам бир партия теккан. Асосий ишим – ўша партияни йод олиш. Ўтган йили итальян тилидаги партияларни ёдлаган бўлсак, бу йил француз тилида ёдлаймиз. Тилимизни “ҳар қанақасига бураб”, бизни синашяпти. Опера айнан кўптиллилик нуқтаи назаридан ҳам фойдали. Бу борада озми-кўпми тажриба тўпладик. Аввалига Нукусдан Тошкентга келиб ўзбекчани, сўнгра Москвага борганда русчани ўргандим. Кейин инглизча, итальянча… мана энди французча. Муҳими, тил ўрганяпман. Тил ранг-баранглиги – катта бойлигим.

Бу йил режага кўра, Вашингтонда концерт бермоқчимиз, кейин Ню-Ёркда. Финляндиялик дўстим билан Тошкентда чиқиш қилиб, сўнг дастуримизни уларда намойиш қилмоқчимиз. Бу ёқда “Кохман эртаклари” ҳам турибди. Хуллас, иш тартибимиз ниҳоятда тиғиз.

– Ҳаракатларингиз таҳсинга лойиқ.

– “Вавилондаги энг бой одам” китобида ўқигандим: “Агар ҳар бир одам ўз ишини ривожлантириб бормаса, иши орқага кетади”. Санъаткор ҳам ўрганиш, изланишдан тўхтамаслиги керак.

– Шундай ўйловлар, ижод, юмушлардан ортиб…

– …Оиламга қанчалик вақт ажрата оляпман?! Ўринли савол. Фарзандларим “Дада, сиз доим ишда бўласиз, биз билан шуғулланмайсиз”,  деб ўпкалашади. Шу боис узоққа отланадиган бўлсам, оиламни ҳам бирга олиб кетишга уринаман. Бир гал тўнғичимни Самарқандга олиб бордим. Кейин ўртанчаси ҳам “бораман”га тушиб қолди. Сўнг кенжатойим. Аслида, бу йўллар улар учун аввало саёҳат, қолаверса, ишимни кўриб, сафар машаққатларидан бохабар бўлишади. Кўпинча уларни академияга, пойтахтимиздаги Темирйўлчилар маданият саройида ўзим ташкил этган “Пиязов академи”га олиб келаман. Дарсларимни кузатишади, шу муҳит ҳавосидан нафас олишади. Эсласам, вақтида ўзим ҳам нуқул дадамга эргашиб юрганман, у кишига чолғуларни жойлаштиришида ёрдам берардим, ўша пайтлар қизиқиш устунлик қилиб, ўзимча уларни чалиб кўрардим. Айни пайтда дадамнинг атрофдагилар, яқин ўртоқлари, меҳмонлар билан қандай суҳбатлашаётганини кузатардим… Умуман, ҳаётни ўзига хос дарсга қиёслаш мумкин. Оилавий ҳаётга келсак, уйга борганда фарзандларимнинг дарсларни қандай ўзлаштираётганини текшириб бораман. Шунақа гаплар.

– Тушунишимча, сиз отангиз туфайли санъатга қадам қўйгансиз?!

– Мен санъат муҳитида ўсганман. Бувам Зиел Пиязов Қорақалпоғистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, драматик актёр бўлган. У кишининг биргина “Ҳей” деган овози саҳнани титратиб юборган. Мен ҳам ана ўша мўъжизакор “ҳей” садосининг қудрати боис актёр бўламан деганимда, устозим мақсадларимни бошқа томонга буриб юборган. Бундан афсусланмайман. Чунки опера хонандаси саҳнада нафақат овози, балки актёрлик маҳорати билан ҳам томошабин диққатини ушлаб туриши керак. Хуллас, бу касбни танлашимга оилавий муҳит сабабчи бўлган. “Бу сайёрада фақат шу касб бор”, деган ибора қулоғингизга чалинган бўлса керак. Биз ҳам оилавий тарзда санъат сайёрасида яшаганмиз ва яшаяпмиз.

Гулчеҳра УМАРОВА суҳбатлашди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855