Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 12°C

TAVSIYA QILAMIZ


11.08.2025 | 15:35

img225

КЎНГИЛ – ХАЗИНА, КЎНГИЛ – БАЛО

“Кўнгил – Тангрининг тахти”, деб ёзади Юнус Эмро. Бу “тахт” адабиётнинг абадий мавзуси бўлиб келмоқда. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам асарларида кўнгил мотиви ўзгача аҳамият касб этади. Бир қараганда, жайдари, қўрс кўринган қаҳрамонларнинг гўзал кўнглини, ажиб ҳисларини қаламга олади адиб.

Қаҳрамонлар тасвирини чизишда адиб шахсиятидаги кўнгилчанлик, таъсирчанлик бўртиб туради ва бу ўқувчида ҳамдардлик ҳиссини уйғотади. Ёзувчи буни атайин қилмайди, ўйлаб топмайди, балки бу сифатлар аслида унинг табиатида, фитратида бор. Унинг, дейлик, “Пакананинг ошиқ кўнгли” асарида ҳам гап қаҳрамоннинг паканалигида эмас, ошиқ кўнглида.

Ёзувчи ошиқ кўнгилни шундай таърифлайди: “Лекин – кўнгли!.. Э, бу бир бошқа дунё экан. Кўнгил – подшо. Кўнгил – хазина. Кўнгил – бало”. Ёзувчи учун кўнгил – илоҳий макон, унинг ҳудуди чексиз, сирлари махфий.

“НОСТАНДАРТ” ОБРАЗЛАРНИНГ ИНЖА ТУЙҒУЛАРИ

Эркин Аъзамнинг “Забаржад”, “Сув ёқалаб”, “Шовқин” асарлари қаҳрамонлари ҳеч кимга ўхшамайди – “ностандарт”, қолипларга сиғмайди: беғараз, самимий, аммо қув ва шумлиги ўзига етар даражада. Жамиятга мослаша олмайдиган, ҳаммабоп бўла олмайдиган ўжар, ўр, қайсар… Асарда қаҳрамон хато қилади, нотўғри ишга қўл уради, кўникилмаган йўлларни танлайди, ақли истамаган юмушларни бошлайди, аммо уни ёмон кўриб қолмайсиз.

Ёзувчи қаҳрамонларининг билиб-билмай, истаб-истамай мақсад йўлида тентираши, ғайритабиий, ақлдан ташқари қилаётган “ҳунар”лари, қилиқлари ажабланарли бўлса-да, нима учундир уларга барибир хайрихоҳ бўлаверамиз, ишонаверамиз, улар билан бирга куйиб-пишамиз, яхши кўраверамиз…

Улар жамият билан муносабатда байроқ кўтариб шиорлар орқасида яшамайди, балки аввало кўнгил инқилобини афзал билади.

Адиб қаҳрамонлари ноодатий қарашлари ва ўзини тутиши билан мулоҳазага чорлайди. Бу қаҳрамонлар, қай йўсинда бўлса-да, сизнинг қалбингизга секингина кириши ёки ҳис-туйғуларингиз тирқишидан мўралаши мумкин.

ШОҲСАТР ВА БАДИИЙ НИЯТ

Лев Толстойнинг “Асар гоҳида бир сатр учун ёзилади” деган сўзлари бадииятнинг жавҳарини англашга ёрдам беради. Мана шу жавҳар ғоя билан бирикиб кетади. Ижодкорнинг асл мақсади шу сатрларга жойланган бўлади.

Зеҳн солиб қаралса, айрим асарларда ана шу калит сўзни топиш мумкин экан. Биз бу сўзга шартли равишда “шоҳсатр” деб ном бердик. Эркин Аъзам асарларига шу нуқтайи назар билан ёндашиб, ўша шоҳсатрни топиш умидида ёзувчи асарларидаги баъзи ўринларга диққат қаратдик.

Дастлаб “Забаржад” қиссасини олайлик. Асар “индамас” (ўз оти ўзи билан – С.Т.) ва Забаржаднинг хуфёна учрашуви билан бошланади. Йўқ, буни суҳбат деб ҳам бўлмайди. Чунки бундай эпизодларда сўзловчи-жавровчи бир киши – у ҳам бўлса Забаржад. Бизнингча, қисса айнан мана шу суҳбат учун ёзилгандек… Бор гап шу ерда айтилади. Қолгани ёзувчи мақсадини ойдинлаштириш, кучайтириш, бўрттириш, асослаш, далиллаш учун хизмат қилади. Қисса бошиданоқ асар коди имо-ишоралар орқали берилади.

Таништирувнинг ўзи ҳам савол, ҳам жавоб: “Забаржад деган бир… қиз деймизми энди, жувонми…” Энди унинг қалбига чуқурроқ разм солиш учун “ичкариси томон мўраласак: “Кўнглидан кечгани эса бундай: “Шугина керакмиди сизларга? Мана, тамом! Кўнглингиз жойига тушдими, жоним? Баттар бўлинг!” Шу ўринда Забаржадда иккиланиш, бўлиниш юз беради: ақл ва кўнгилнинг можароси. Бири иккинчисига иддао қилади. Аммо афсус-надомат борми бу “таъна-маломатда”? Бизнингча, қайтага “яхши бўлди, ўзим ўзимдан қутулдим”, дейди. Ўз-ўзидан қутулиш – тутилишми? Кўнгил ақлга изоҳ беряптими ёки ақл кўнгилга юпанч бўлмоқчими?

КЎНГИЛ МУЛКИ СОТИЛМАЙДИ!

Асар саҳналаридан бирида Забаржад тарвузнинг “юраги”ни ажратиб олиб “дўстининг оғзига мажбурлаб” тиқиши бежиз эмас. Бу каби эпизодлар асарда талайгина. Аммо қисса матнида очиқ айтилганидан айтилмай қолгани кўп. Забаржаднинг ўзи ташаббус кўрсатиб пинҳона учрашув ташкил қилмаганда, “индамас”нинг журъати етармиди… Қишлоқдаги йигитчага қарата “Юракка буюриб бўларканми, укажон” дейди. Бу қизнинг ҳаётдан топган ва ўзи иқрор бўлган, билган ҳақиқати, фалсафаси!

Ёзувчи суҳбатлардан бирида шундай дейди: “Забаржад” қиссасининг дастлабки номи “Мулк” эди. Забаржаднинг бир гапи бор: “Мулк сотилмайди. Кўнгил мулкини савдога қўйиб бўлмайди!” Мана шу жумлада асарнинг асос мағзи тўлиқ қамраб олинган.

Эркин Аъзам доимо “индамас”ни (“Забаржад”) парда ортида тасвирлайди. Фарҳодда (“Шовқин”) эса аксинча. Вика нима учун Фарҳодга боғланганини ўзи англаб етмайди, образ мантиғи етарли далилланмаган. Ёзувчи фақат Фарҳоднинг муҳаббатини муҳим деб билади, Вика фақат севилади. Виканинг севиши айтилмайди. Аммо иккинчи тараф ҳам бефарқ эмаслигига ишора бор, аммо “кўрсатилмайди”.

Забар, Вика, Диля… Ёзувчи ўзи суйган қаҳрамонларини шундай атайди. Бу атовда муаллифнинг ҳам меҳр-муҳаббатини сезиш қийин эмас.

“БЎЙИМДАЙ БЎЙ ТОПДИМ-У…”

Эркин Аъзамнинг кейинги асарларидан бири “Сув ёқалаб” деб номланади. Бир вақтлар раис бўлиб, амал супасида кўп ишларни кўрган, билган Болта Мардон қишлоқ бўйлаб айланади. Сув танқис, сув жанжали баҳонасида яшаган маконини бирма-бир айланиб чиқади.

Ёзувчининг нияти аста-секин очила боради. Болта Мардондаги “ақл” ўзидан рози бўлса-да, кўнгил кемтик. Кемтикликни ҳеч нарса тўлдира олмайди. Вақт ҳукмини ўтказиб бўлган. Ўзини кўндириб яшашдан зада бўлган инсон умри ниҳоясида дилидагини тилига кўчиришга мажбур. Бундан бу ёғига бу армонни кўтариш оғирлик қилади.

Болта Мардон юрагидаги бу юкдан қутулиш учун зиммасидаги юкни елкалайдиган одам қидиради. Дардни бировга айтиб, ундан қутулиб бўлармикин? Айтса, кимга айтади? Бу – аввалгисидан ҳам оғирроқ юмуш. Бунинг учун кўнгил маҳрами, сирдош, “жураги” бор мард бўлмоғи лозим. Оқил ота ўйлай-ўйлай бу мардни топади. У сицивилизациясига‘ғил муносиб маҳрам бўла олади, деб ўйлайди. Фарзандлар орасидан ҳали уйланмаган кенжанинг лойиқ кўрилишида ҳам гап кўп… Мана асардаги бизни қизиқтирган шоҳсатрлар: “Тағин бир гап, ўғлим. Эртага бир кун орқамда қолмасин-да. Сен энди ёш бола эмассан, билиб қўйганинг маъқул. Нолиган – ношукр дейдилар. Энангни айтаман-да, яхши хотин. Ювош. Ўзим ҳам ундан бирор ёмонлик кўрмадим. Лекин кўнгил қурғур ҳе-эч… Билмадим – нимага…”

Рафиқасидан ҳеч бир ёмонлик кўрмаган, болаларининг меҳрибон онаси, “ювош”, муштипар аёл садоқатли бўлса-да, кўнгилни кўндириш қийин. Болта Мардон халқ ҳикмати билан айтганда, “бўйидай бўй топди-ю, кўнглидай кўнгил топмади”… Ақл билан кўнгилнинг муросага келиши, кўнгилга буюриш, мажбурлаб итоатда сақлаш осон эмас. Кўнгил тубидаги дардларнинг юзага қалқиб чиқиши, кимнидир соғинишини, кўнгли нимадир тусашини Болта Мардоннинг ўзи англай олмай ҳалак.

КЎНГИЛНИНГ “ШОВҚИН”И ТИНАРМИДИ?!

“Шовқин” романи қаҳрамони Фарҳод Рамазон “қулоғи”даги шовқинни йўқотиш илинжида юрт кезади. Ҳаётидан ўзини, ўзлигини қидириш, кечмишини тафтиш этиш орқали Фарҳод кўнгил ройишини топади. У бир муддат Вика билан учрашади, гуёки қидирганини топгандай бўлади. Топиб ҳам кўнгил деганлари тинчимайди-да. Хотирасида из қолдирган ҳислар исканжасида умргузаронлик қилаётган Фарҳод икки дунё оралиғида яшайди. Реал ҳаётда туппа-тузук амалдор, оиласи, бола-чақаси бор тўкис одам. Аммо ичкаридаги “шовқин” унинг тинчини бузади, оромини олади. Кўнгилни даволаб бўлармикин?.. Фарҳод ўзини қийнаган сўровларга жавоб топиш учунми, олисга – ўтмишга йўл олади. Ҳадик-хавотирларни босиб ўтиб, Фарҳод Фарҳодович билан юзма-юз келишга куч топади. Фарҳод Рамазон жамият томонидан қабул қилинган ахлоқ меъёрлари билан келиша олмайдими? Исён деб атаганимизни мана шу анъанавий тутумларга нисбйодданэб ҳам қабул қилиш мумкин.

Шу вақтгача Фарҳод кўнгил ғалаёнларини босим билан ушлаб туришга муваффақ бўлади. Исён қўзғолонга йўл беради. Мажбурият остида зўрлаб бостириб турилган аланга тобора шиддат олиб, ловиллаб, гуриллаб кетади. Гуриллаган олов йўлидан чиққан нарсаларни ҳам ўзи билан олиб кетади. Оловда ёнаётган нарсанинг нима экани аҳамиятсиз. Бу асардаги шоҳсатрни мана шу лавҳада деб билдик: “Қаранг, ҳаёт ўзи ғала-ғовур шовқинга тўла-ку, тўғрими? Кўнгилни ўйланг, кўнгилни авайланг, иним. Кўнгил – ўзингизники, қолган шовқин-сурон эса дунёга тан. Одамзоднинг миллати ҳар хил бўлиши мумкин, лекин унинг ўзи ягона, бир нусхалик холос! Кўнгил ҳам шундай – биттагина, якка-ягона”.

* * *

Умуман олганда, Эркин Аъзам қаҳрамонлари учун Кўнгил рози олдидан барчаси ўтаберсин! Улар учун муҳими – кўнгил рози, юракка қулоқ тутиш. Забаржад, Болта Мардон, Фарҳоднинг қарашлари маълум маънода муаллифнинг қарашларини ўзида акс эттиради. Назаримизда, бу ўй-фикрлар муаллифнинг ҳам ҳаёт ҳақидаги фалсафаси, иқрори. Зотан, ҳар бир бадиий асар ёзувчининг ўзи англаган ва шуни маъқул билган ҳаёт фалсафасининг аксидир.

Санобар ТЎЛАГАНОВА

“Жадид” газетасининг 2025 йил 8 августдаги 32-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855