Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


14.08.2025 | 15:08

img217

ТОЖМАҲАЛГА БОРСАМ МЕН АГАР…

Дунёнинг янги етти мўжизасидан бири – Тожмаҳал ҳақида кўп ўқигандим ва эшитгандим. Бобурий ҳумдор Акбаршоҳнинг набираси Шоҳ Жаҳон томонидан севимли маликаси Мумтоз Маҳалга атаб қурилган кўзларни қамаштирувчи маҳобатли даҳма салкам беш асрдан буён муҳаббат рамзи бўлиб келяпти. Бўлганда ҳам, беназир, улкан муҳаббат рамзи!

Ҳиндистонда бобурийлар сулоласи томонидан бунёд этилган меъморчилик обидалари кўп – Қизил қалъа, Қизил масжид, Ҳумоюн қалъаси, Акбар қалъаси… Лекин бу ўлкага отланган сайёҳ кўнглида аввало Тожмаҳални кўриш ишқи алангаланади. Саодатли бир айёмда камина ҳам муҳаббат ва афсоналар юртига йўл олдим.

Тож Маҳални кўриш учун узундан-узун, бир неча қатор навбатда турар эканман, ён-атрофимдаги ёш-у қарининг кўзида орзиқиш ва қувонч учқунларини кўраман.

Хорижликлар учун ўрта қатордан алоҳида йўлак ажратилган. Ҳар бир ташриф буюрувчи синчиклаб текширувдан ўтказилар экан. Мен фотоаппаратни олиб қўймасликларидан хурсанд бўлдим. Демак, Тожмаҳални суратга олиш, унинг манзарасида суратга тушиш имкони бор.

Қип-қизил дарвозадан ўтиб, қизил тошлар устида қадам ташлаб борар эканман, кўз ўнгимда қуёш нурида оппоқ товланиб турган оқ мармар бино – Тожмаҳал пайдо бўлади. Унга узоқ-узоқ тикиламан. Меҳр-муҳаббат билан тикиламан.

Тожмаҳал! Кунига 70–80 минг одам зиёрат қилаётган муҳаббат рамзи! Ана, дунёнинг турли томонларидан шу ишқ рамзи олдида аҳдлашув учун келган юзлаб йигит-қизлар бир Тожмаҳалга боқишади, бир ўзларига, яъни муҳаббат тўла кўзларига боқишади. Улар бир умрга вафоли ёр бўлишга аҳдлашар экан, қалбидан жой олган ишқ худди Хуррам ва Аржумандбонунинг буюк муҳаббати каби бўлишини орзу қилишади. Ошиқлар орасида атрофдаги одамлардан сира уялмай севги изҳор қилаётган икки ёшни кузатаман. Аравачада ўтирган икки қария эса, бир умр Тожмаҳал олдида муҳаббат изҳор этишни орзу қилган экан. Улар орзусига етишиб, бири ёшлик даврини эслаб, ўйланиб қолган. Иккинчиси эса Тожмаҳални суратга олиш билан банд.

Кимдир ортимда шивирлайди: “Бир жойда ўқигандим, Тожмаҳал қурилиши учун бугунги ҳисобда 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган!”

Мен бу буюк мўжизани пулга чақиш мумкинмикан, деб ўйлайман. Тожмаҳални асраш учун 1983-йилда у ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганини хотирлайман. 2007-йилда Тожмаҳал дунёнинг янги мўжизаларидан бири сифатида эътироф этилгани ҳам ёдимга тушади.

Тожмаҳал боғида узоқ сайр эта туриб, буюк ҳинд мутафаккири, дунёга донғи кетган адиб Рабиндранат Тагорнинг “Абадийлик юзидаги кўз ёш” дея Тожмаҳалга берган таърифини такрорлайман.

“Муҳаббат рамзи”ни ўз кўзим билан кўрганимдан сўнг йилига Ҳиндистонга келаётган бир ярим миллиард сайёҳнинг нега кўпроқ Аграга боришининг, нега Тожмаҳални зиёрат этишининг сабабини тушунгандек бўламан. Ҳа, айтгандай, Ҳиндистон давлати сайёҳлар ташрифидан оз эмас – йилига нақд 2,5 миллиард доллар фойда кўради-я!

Тожмаҳал билан хайрлашиб кетиб борар эканман, ортимда маъюс нигоҳни сезаман. Лекин энди абадийлик юзидаги кўз ёшига қайрилиб қарашга куч топа олмайман…

Ўринбой УСМОН
Ҳиндистон, Агра

“Жадид” газетасининг 2025 йил 8 августдаги 32-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855