15.08.2025 | 16:50
269
МЕҲНАТНИНГ НОНИ ТОТЛИ
Саодат ШЕРМАТОВА,
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ 8-автобус саройи электробус ҳайдовчиси:
– Аёл киши бировнинг қўлига қараб ё осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтирмаслиги керак. Соғлиги жойидами, куч-қуввати борми, ҳаракатда бўлсин: институтда ўқисин, ишласин, ҳунар ўргансин. Хоҳ ақлий, хоҳ жисмоний меҳнат одамни тоблар экан. “Ўтирган – бўйра” деб бежиз айтишмаган.

Эллик ёшга кирдим. Шу пайтгача бировдан таъма қилмадим. Афсус, шароит бўлмагани учун олий таълим олиш насиб қилмади. Тақдир экан, ҳаётнинг баланд-паст йўлларидан икки болам билан ёлғиз юришимга тўғри келди. Шундаям тушкунликка тушмадим. Тинчлик ва соғлиқ бўлса, одамда нолишга сабаб қолмас экан.
Болаликдан ҳайдовчиликка қизиққанман. Аммо ота-онам “Қиз бола темир-терсакка ўралашиб нима қилади?”, деб қўймаган. Кейинроқ, барибир, рулга ўтиришимга тўғри келди. Умр оқар сув экан. Мана, йигирма йилдан буён севимли касбим билан бандман. Турли техникаларни бошқардим. Ҳозирда электробус ҳайдовчисиман.
Ҳар саҳар одамларни манзилига еткази-ҳ учун ҳисса қўшаётганимни ўйлаб, қувонч билан ишга йўл оламан. Жамоат транспортини бошқаришнинг масъулияти катта. Аввало, автобуслар осонликча “жилови”ни сизга бермайди, чамбаракни буриш учун ҳам куч керак. Қолаверса, кунига юзлаб йўловчи тушиб-чиқади, уларнинг кайфияти, талаб ва истаклари турлича. Барчасини ҳисобга олиб ҳайдаш керак.
Йўлга қараш билан бирга салон тозалиги, ички тартиб ҳам хаёлингизнинг бир четида туради. Инжиқ йўловчи учраб қолса, уни ҳам рози қилиш керак. Чунки у айнан автобус хизматини танлади, тўлов қилди, демак, истеъмолчи сифатида ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга ҳаққи бор.
Одамларни кузатишни яхши кўраман. Сўнгги йилларда халқимизнинг кайфияти ижобий томонга ўзгарди. Ўз ишимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, пойтахтнинг қатор берк кўчалари очилди ва одамларнинг йўли қисқарди, йўллар мунтазам таъмирланяпти ва кенгайтириляпти, жамоат транспорти ҳаракати учун қулайликлар жорий этиляпти. Янги русумдаги автобуслар келтирилиб, аҳолига хизмат даражаси оширилмоқда.
Айниқса, электробуслар жоннинг роҳати, мен сизга айтсам. Салони кенг ва қулай, қишда иссиқ, ёзда салқин, арзон ва тўлов қилиш осон, шовқинсиз ҳаракатланади.
Шунинг учун ҳам кўплаб юртдошларимиз шахсий уловини қолдириб, жамоат транспортида ҳаракатланишни афзал кўряпти. Бу йўлда камтарона ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман.
Меҳнатимга яраша маош ҳам оламан, албатта. Ҳалол ризқ билан фарзандларимни вояга етказдим. Улардан умидим катта.
“Ёлғиз аёл ёки она сифатида махсус дафтарларга киритайлик, моддий ёрдам берайлик”, деб келишади масъуллар баъзан. Раҳмат айтиб, қайтариб юбораман. Чунки ишлайман, рўзғорни таъминлашга етадиган даромадим бор. Боқимандага айланиб қолишдан қўрқаман. Меҳнатим билан ўзимга ҳам, бошқаларга ҳам фойда келтирсам, шу менинг бахтим.
Йўлдаги одамман. Бир нуқтада қотиб қолишни истамайман. Юрганим учун соғлигим ҳам, кайфиятим ҳам яхши, тирикчилигим жойида. Барча йўлдагиларга сафари бехатар бўлишини тилаб қоламан!
Яна китоб ўқишни яхши кўраман. Асабларим дам олади, баҳри дилим очилади мутолаадан кейин. Болаларимга ҳам ҳар маошимдан китоб совға қиламан. Айниқса, шеърларни овоз чиқариб айтсам руҳим енгил тортади, ўзимда қандайдир қўшимча куч ҳис қиламан. Бетакрор шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг қуйидаги сатрларини доимо такрорлаб юраман:
Тўхтама, тўхтасанг тамом сен,
Тўхтаган соатга ўхшама.
Тўхтасанг ўликсен, тамомсен,
Юрганим учунам яхшиман.
Зарнигор ИБРОҲИМОВА ёзиб олди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 8 августдаги 32-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
829
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
822
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
857



