Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


10.09.2025 | 12:24

img163

БУГУН БИЗГА ЖАДИДЧА РУҲ КЕРАК

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик Қаландар Абдураҳмоновни юртдошларимиз яхши билади. Инсон капитали ва меҳнат иқтисодиёти йўналишида илмий мактаб яратган таниқли олим билан суҳбатимизнинг асосий мавзуси мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида кечди.

– Устоз, Янги Ўзбекистон ғояси мамлакатимиз тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Олим сифатида бу ислоҳотларнинг асосий йўналишларини қандай баҳолайсиз?

– Янги Ўзбекистон ғояси мамлакат тараққиётида янги босқични очди. Бу ғоянинг марказида оддий инсоннинг манфаати, қонун устуворлиги, тадбиркорликка қулай муҳит, сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш ҳамда рақамли ечимлар турибди. Яъни ислоҳотлар фақат қонуний ҳужжатлар эмас, балки ҳар бир хонадон ҳис қиладиган ўзгаришлардир.

Биринчидан, давлат хизмати очиқроқ ва тезкорроқ бўляпти, кўплаб рухсатнома ва аризалар электрон тартибга ўтди, навбатлар қисқарди. Бу тадбиркор учун ҳам, аҳоли учун ҳам вақт ва сарфни тежайди. Иккинчидан, хусусий секторга эътибор кучайди, солиқ ва бож жараёнлари соддалашмоқда, экспортга чиқиш учун сертификат ва текширувлар бир дарча орқали ташкил этиляпти. Учинчидан, инсон капиталига сармоя ошмоқда: мактаб, касб-ҳунар мактаблари ва университетларда амалий тайёргарликка эътибор кучайиб, иш берувчилар билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Тўртинчидан, яшил энергетика ва сув тежамкорлигига ўтиш бошланди, бу нафақат атроф-муҳит, балки келгуси ҳисоб-китобларимиз учун ҳам фойдали.

Амалиёт нуқтаи назаридан нималарни устувор деб биламан? Биринчидан: ҳар бир туманда тезкор касбий қайта тайёрлаш марказларини кенгайтириш керак, у ерда 3–6 ойда амалий касб эгаллаш имкони бўлсин. Коллеж ва университетларда иш берувчи билан шартнома асосида амалиёт ўташ тизими   ҳақиқий иш тажрибаси ва биринчи маошга олиб чиқади. Иккинчидан: кичик бизнес учун арзон кредит ва кафиллик механизмлари осонлашиши шарт, лойиҳа ҳужжатларини кўп ойлаб кутиш ўрнига қисқа рўйхат ва аниқ муддат бўлсин. Учинчи амалий қадам: экспорт қилувчи корхоналарга сертификат, лаборатория текшируви ва логистикада “тез йўлак” жорий этиш, тунда ҳам ишлайдиган электрон навбат орқали ҳужжат айланишини тезлаштириш лозим. Тўртинчидан: аҳоли учун сезиларли бўладиган кичик, лекин муҳим ислоҳотлар – поликлиникада навбатни тўлиқ онлайн бронь қилиш, таълимда болалар учун бепул базавий рақамли кўникмалар курслари, коммунал хизматларда “аъло хизмат кўрсатган хонадон” каби мотивация дастурлари ҳаётга татбиқ этилса, “инсон қадри энг устувор вазифа” деган ғоямизга кенгроқ ва тезроқ эришамиз.

Албатта, ҳар қандай катта ўзгариш ижро интизомига боғлиқ. Шунинг учун мен натижага таянган бошқарувни муҳим деб биламан: ҳар бир лойиҳанинг жавобгари, муддати ва ўлчовлари ошкора эълон қилинса, жамоатчилик фикри билан доимий мулоқот бўлса, самара тезлашади. Янги Ўзбекистон ислоҳотлари халқ учун қулайлик, иш ўринлари ва одил имкониятлар яратишга хизмат қилаётганини кўряпмиз. Бу йўлни изчил давом эттирсак, рақобатдош иқтисодиёт ва эртанги кунга ишонч янада мустаҳкамланади.

– Таълим ва илм-фан соҳаси барқарор тараққиётнинг асоси ҳисобланади. Юртимиздаги янгиланишлар жараёнида олий таълим муассасаларининг роли ва масъулияти қандай?

– Барқарор тараққиёт шароитида университетнинг роли – жамият эҳтиёжига тез ва аниқ жавоб берадиган билим ҳамда амалий кўникмаларни шакллантиришда кўринади. Шу маънода, ўқув дастурларини меҳнат бозорига боғлаб бориш, иш берувчилар билан “ўқиш-амалиёт-иш” занжирини кенгайтириш, талабага 3–6 ойлик қайта тайёрлаш ва микросертификатлар орқали тезкор касбий юксалиш имконини яратиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Илм-фан натижаларини ҳаётга яқинлаштириш учун кафедра ва илмий гуруҳлар маҳаллий ҳокимликлар, корхоналар билан  “бир лойиҳа – бир муаммо” тамойилида ҳамкорлик қилишини қўллаб-қувватлардим; натижа ўлчовлари фақат мақола эмас, жорий этилган ечимлар ва консалтинг ишлари билан ҳам баҳоланса, фойдаси катта бўлади.

Рақамли университет тамойилларини кенгроқ қўллаш, баҳолаш мезонларини очиқ платформада кўрсатиб бориш, академик ҳалолликни мустаҳкамлаш (антиплагиат, одил апелляция) оммавий ишончни оширади, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, ижтимоий адолатни назарда тутиб, чекка ҳудуд ёшлари ва қизлар учун мақсадли стипендиялар, менторлик дастурлари кенгайса, таълимнинг ижтимоий таъсири кучаяди.

Халқаро рақобат нуқтаи назаридан қўшма дастурлар, халқаро аккредитацияга тайёргарлик, инглиз тили ва рақамли саводхонликни базавий кўникма сифатида мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир. Кампусларда энергияни тежаш, чиқиндиларни саралаб йиғиш каби “яшил” амалиётларни оммалаштириш ҳам иқтисодий, ҳам тарбиявий самара беради. Қисқача айтганда, университет жамиятга яқинлашган сари – битирувчига касб, иш берувчига сифат, мамлакатга рақобатдошлик келади.

– Халқаро тажрибани олий таълимга жорий этишда қайси моделлар Ўзбекистон учун самарали деб ҳисоблайсиз? Сиз раҳбарлик қилаётган университет битирувчилари меҳнат бозорида қай даражада рақобатдош?

– Халқаро тажрибани жорий этишда ўзини оқлаган моделлар сифатида дуал ва кооператив таълим, компетенцияга асосланган баҳолаш, “стаcкабле” микросертификатлар, жамоат буюртмасига боғланган кейс ва капстон лойиҳаларини тилга олиш мумкин. Бу ёндашувлар талаба портфолиосида аниқ кўникма ва натижани кўрсатишга, “университет – иш берувчи” алоқасини кучайтиришга хизмат қилади. Халқаро аккредитацияга тайёргарлик, қўшма дастурлар, инглиз тили ва рақамли саводхонликни базавий стандарт сифатида мустаҳкамлаш ҳам меҳнат бозорига мосликни оширади.

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали 30 йил мобайнида беш мингдан ортиқ мутахассис тайёрлади. Бакалавриатда инсон капиталини бошқариш, халқаро савдо, иқтисодий таҳлил ва эконометрика, бизнес-статистика, лойиҳаларни бошқариш, молиявий менежмент, ресторан бизнеси менежменти, бошқарувда рақамли инновациялар, сунъий интеллект тизимлари каби йўналишлар; магистратурада корпоратив молия, халқаро иқтисодиёт ва бизнес, иқтисодий консалтинг, рақамли бизнес, стратегик менежмент, иқтисодиётда Data Scientist каби дастурлар шаклланган. Шу таркиб меҳнат бозори талаб қилаётган ноёб комбинацияларни беради ва битирувчи имкониятларини кенгайтиради.

Эътиборли жиҳати, магистратуранинг барча тингловчилари ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритади. Шу боис дарслар иш жараёнига халал бермасдан учинчи сменада ташкил этилган. Бундай формат иш жойидаги вазифаларни дарсга, дарсдаги ечимларни ишлаб чиқаришга тез кўчиришга, корхона менторлари ва профессор-ўқитувчиларнинг қўшма кураторлиги орқали амалиётни мустаҳкамлашга имкон беради. Карера маркази, иш берувчилар кенгаши ва очиқ натижалар панели билан уйғунлашган тизим битирувчиларнинг бозордаги рақобат имкониятларини очиқ ва ишончли намоён этади. Бу – бир вақтлар жадид маърифатпарварлари орзу қилган “маърифат натижаси – жамият манфаати” тамойилининг амалдаги кўриниши, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

– Ёшликда орзу қилган касбингиз ҳозирги фаолиятингизга яқинми? Ҳаётингиздаги энг катта устозингиз ким ва у инсондан нимани ўргангансиз?

– Ёшлик орзуларим адабиёт, санъат ва журналистикага боғлиқ эди. Шу туйғу ҳозирги фаолиятимда ҳам мени тарк этмаган: иқтисодий китоблар, илмий асарлар билан бирга шеъриятни меҳр билан ўқийман. Сўзга эҳтиром, ҳикоя қилиб тушунтириш, фикрни равон баён этиш одати айнан ўша қизиқишлардан шаклланган, шу боис иқтисодчи ва устоз сифатидаги ишимга яқинлик сезилади.

Тақдир йўлимда Тошкент халқ хўжалиги институтидаги талабалик хотиралари ўзига хос ўрин тутади. Ўша даврда зилзила сабаб бинолар шикастлангач, ўқишимни Москвадаги Г.В.Плеханов номидаги институтда давом эттиришимни тавсия қилишди. 1968 йил диплом олдим, кейин Тошкент давлат иқтисодиёт университетига қайтиб, ўқитувчиликни бошладим. Кейинроқ Москвада кандидатлик ва докторлик даражаларини ҳимоя қилдим. ТДИУда проректор, Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги илмий марказда директор бўлиб ишлаганимдан сўнг, Плеханов университети филиалини Тошкентда очиш таклифи берилди. Шу кунгача раҳбар сифатида ушбу масканда, олий таълим ва фаннинг ривожланишида хизмат қилиб келмоқдаман. Бу йил филиалимиз 30 йиллигини нишонлади. Қувончимиз шундаки, минглаб мутахассисларимиз мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ҳаётда устозлар изи узоққа етади, деган нақл бор. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори бўлиб ишлаган Муҳаммаджон Қориевдан талабчанлик ва одилликни, академиклар Станислав Струмилин ва Леонид Абалкиндан илмий ҳалоллик, меҳнат иқтисодиётини чуқур таҳлил билан боғлашни ўрганганман. Академик Мурод Шарифхўжаев мактабидан мустақил фикр ва тадқиқот интизомини, академик Раъно Убайдуллаевадан инсонпарварлик ва устоз-шогирд анъанаси, академиклар Оқил Салимов ва Саидаҳрор Ғуломовдан эса давлат бошқарувига яқин, жавобгарликка суянган иқтисодий тафаккур сирларини ўрганганман.

Қисқача айтганда, ёшликдаги ижодий қизиқишлар менга илмни халқона тилда англатиш, иқтисодни инсон қадри билан боғлаш кўникмасини берди. Китоб ва шеъриятга муҳаббат эса йўлбошчи чироғим бўлиб қолаверади. Шу боис танлаган касбим орзуларимдан узоқ тушмай, аксинча, уларни амалда мазмун билан тўлдирган йўлга айланди.

– Қайси китоблар ёки муаллифлар сизнинг дунёқарашингизга таъсир кўрсатган? Замондош ижодкорлардан кимларни кузатиб борасиз?

– Дунёқарашим шаклланишига, аввало, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ойбек, Ҳамид Олимжон сингари ўзбек классикларининг асарлари таъсир қилган, деб ўйлайман.

Замондош ижодкорлардан Абдулла Орипов билан оилавий яқин муносабатларимиз бўлган. Эркин Воҳидов билан суҳбатлар, Ҳалима Худойбердиева билан самимий мулоқотлар – оила аъзоларим иштирокидаги давра суҳбатлари юрагимда мустаҳкам сақланиб қолган.

– Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳақидаги “Буюклар каҳкашони” китобингизнинг ёзилиш тарихи ва улуғ шоиримиз ҳақида китобга кирмай қолган фикрларингиздан ҳам баҳраманд бўлсак.

– “Буюклар каҳкашони” китобининг илк уруғи бир нафис суҳбатда униб чиққан. Абдулла Орипов ҳаётининг сўнгги йилларида уни кўргани академик Акмал Саидов билан хонадонига борганмиз. У киши саломатлиги ҳақида сўз очганда, руҳини кўтариш ниятида: “Абдулла ака, сиз – осмондаги ёрқин юлдузсиз. Сиз ёзган Ўзбекистон мадҳияси ҳар куни тонгги соат 6:00 да ва кун тугаётганда 24:00 да янграйди; давлатимиз раҳбари қайси мамлакатга борсалар ҳам мадҳиямиз янграб туради. Бу бамисоли осмондаги юлдузларнинг собитлигига ўхшайди”, дедим. У киши табассум билан: “Ўша ёрқин юлдузларнинг номини биласизми?” деб сўради. “Йўқ”, дедим. “Халқимиз уларни каҳкашон дейди”, деган жавобдан кейин менда янги китоб ғояси туғилди: 2009 йилда чоп этилган “Гўзал Италия, мафтункор диёр” асаримизни давом эттириб, уни “Буюклар каҳкашони” деб номласак, дедим.

Шу ғоя 2018 йилда нашр этилган китобга айланди. Китобда Италия сафарининг маънавий манзараси имкони борича ёритилган: шаҳарлар, музейлар, санъат асарлари орқали улкан маънавият билан учрашув руҳи берилган. Афсуски, бу китобни Абдулла ака кўра олмади. Мен шуни англаганманки, Абдулла Орипов учун шеър фақат санъат эмас, халқнинг юрагига йўл очувчи нур эди.

– Устоз, энди шеърият осмонидан яна реал ҳаётга қайтсак. Сунъий интеллект ҳақида баҳслар авжига чиққан, унинг имкониятларидан дунё ютоқиб фойдаланаётган, баъзилар эса уни англашга уринаётган бир пайтда, сизнинг аввал мақолангиз, кейинроқ “Сунъий интеллект барқарор иқтисодий ривожланиш асоси” монографиянгиз чоп этилди. Бугунги замон шароитида сунъий интеллект билан қандай муомалада бўлишимиз керак? Айниқса, ёшлар бу борада нималарга эътибор бериши зарур?

– Сунъий интеллект бугун ҳаётимизнинг оддий жараёнларигача кириб, янги имкониятлар очмоқда. Уни ҳамкор восита сифатида кўрсак, инсон тажрибаси ва ҳиссиёти сунъий интеллектнинг ҳисоблаш қуввати билан уйғунлашиб, тезкор ва аниқ ечимлар бериши мумкин. Масалан, тадбиркор учун бозор таҳлили, деҳқон хўжаликларида сувни тежаш, шифокорларда дастлабки диагностика, ўқитувчиларда эса индивидуал таълим траекторияси шунга мисол.

Ёшлар учун эътибор берса арзийдиган йўналишлар: биринчиси – рақамли саводхонлик ва маълумот маданияти. Маълумотни тозалаш, натижани текшириш, манбани кўрсатиш одатга айланса, сунъий интеллект билан ишлаш сифати ортади. Иккинчиси, креатив фикрлаш ва муаммо қўйиш маҳорати: тўғри савол қўя олиш устунлик беради. Учинчиси, этика ва ҳуқуқ: шахсий маълумот, муаллифлик ҳуқуқи ва академик ҳалолликка риоя ишончни кучайтиради. Тўртинчиси, фанлараро кўникмалар: иқтисод, тилшунослик, дизайн ва ИТни боғлай билган ёшлар тез ўсади.

Амалиётда қўллаш оддий қадамлардан бошланса, яъни аввал сунъий интеллектдан ғоя тўплаш ва лойиҳа режасига ёрдам олиш, кейин ҳисоб-китоб ва моделлаштиришга ўтиш, якунда инсон томонидан танқидий текширишга вақт ажратилса, самарали бўлади. Тил ўрганишда мулоқот машқлари, таржима вариантларини таққослаш ва шахсий луғат тузишда сунъий интеллектдан фойдаланиш мумкин. Тадқиқотда манбалар рўйхатини тез тузишга ёрдам беради, аммо хулосани албатта ўзи қайта кўриб чиқиши зарур.

Жамият миқёсида ижобий таъсирни ошириш учун таълим, бизнес ва давлат хизматлари ўртасида очиқ ҳамкорлик кенгайса, натижа яхшироқ кўринади: университетларда капстон лойиҳаларни маҳаллий корхоналар эҳтиёжига боғлаш, сунъий интеллект асосидаги кичик стартапларни қўллаб-қувватлаш, давлат хизматларида аҳолига қулай чат-ёрдамчиларни жорий этиш шулар жумласидан.

Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект инсон ўрнини эгаллайдиган эмас, инсонга имконият берадиган янги йўналиш. Тўғри савол, тоза маълумот, этик меъёр ва ижод ўзаро уйғунлаштирилса, билим тезлашади, меҳнат унумдорлиги ортади.

– Бугун хусусий ташкилот очиб, унга “академия”, “халқаро муассаса” деган мақомларни бериб, одамларга ҳовучлаб академик унвонини тарқатаётганлар учрамоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси сифатида бунга қандай муносабатдасиз?

– Илмий унвон – жамият ишончи ва шахсий масъулият рамзи. У қонун-қоидалар, узоқ йиллик тадқиқот, очиқ муҳокама ва ҳамкасблар баҳоси билан берилади, пул тўлаб олинадиган нишон эмас. Бугун айрим хусусий тузилмалар ўзини “академия”  ёки “халқаро муассаса” деб атаб, унвон ва медалларни савдога чиқараётган ҳолатлар учрайди. Бундай вазиятда айбловдан кўра хабардорлик ва очиқликни кучайтириш самаралироқ кўринади.

Ишончни ошириш учун оддий, аммо фойдали текширув қадамлари бор. Биринчидан, унвон берувчи тузилманинг ҳуқуқий мақоми ва аккредитацияси расмий реестр ва веб-сайтларда мавжудми – шунга назар ташлаш лозим. Иккинчидан, “академик” деб эълон қилинаётган шахснинг илмий изи – очиқ профиллари (масалан, Google Scholar), ретсензияланадиган журналларда мақолалари, конференция материаллари, монографиялари борми? Учинчидан, унвон бериш тартиби очиқми: семинар-ҳисобот, илмий кенгаш қарори, экспертизадан ўтган иш – шулар назардан ўтса, жамоатчилик ишончи ортади.

Ёшлар учун энг тўғри йўл – қоғоз унвони эмас, амалда кўринадиган портфолио: қисқа курслардан кейин “академик” деган ёзув ўрнига жамоат учун фойдали кичик тадқиқот, стартап, кейс-лойиҳа, таҳлил ҳисоботи, очиқ платформада эълон қилинган натижалар бўлса, мана шу “кўринадиган илм” иш берувчи ва жамият кўз ўнгида ҳақиқий қадрга эга. Илмий унвонга даъвогарлик бўлса, унинг йўли ҳам аниқ: мутахассислик бўйича тезислар, ретсензияланган нашрлар, илмий кенгаш муҳокамалари ва очиқ ҳисобот – босқичма-босқич очиқ жараён.

Илм – очиқлик ва ҳалол меҳнатга суянади. “Сотиб олинган унвон” қисқа муддатли обрў келтириши мумкин, аммо жамоа эътирофи ва вақтга чидамли натижа фақат изланиш, ҳақиқий хизмат билан келади. Шу йўл қўлланса, сохта унвонларга эҳтиёж қолмайди, жамиятда эса ишонч ва адолат мезони мустаҳкамланади.

– Устоз, мана яқинда юртимиз мустақиллигининг 34 йиллигини кенг нишонладик. Мустақилликнинг маънавий ва тарихий қимматини қандай баҳолайсиз?

– Мустақиллик – миллий хотирамиз ва келажак режамизни уйғунлаштирган энг катта қадрият. У ўз тақдиримиз ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқини берди, тил ва маданиятимизга асосланган ифтихорни тиклади, давлатимиз рамзлари орқали юртдошлик ҳисларини мустаҳкамлади. Бу йилги байрам тадбирлари ҳам ана шу маънога ҳамоҳанг ҳолда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзагига қўйган ҳолда ташкил этилди.

Тарихий жиҳатдан мустақиллик даври миллий давлатчилик устунларини барпо этди: булар қонун устуворлигига интилувчи тизим, очиқ дунё билан тенг ҳамкорлик, фуқаролик жамиятининг кенгайишида намоён бўлади. Маънавий тараққиётда ҳам янги саҳифа очилди. Аждодлар меросини эркин ўрганиш, театр ва матбуотда соғлом фикр муҳити, адабиёт ва санъатда янги нафас – буларнинг ҳар бири юртга муҳаббат ва жавобгарлик туйғусини кучайтирмоқда.

Ҳозирги ислоҳотлар – рақамли янгиланиш, яшил иқтисод, инсон капиталини қўллаб-қувватлаш, очиқ маълумотга таянган бошқарув билан боғлиқ янгиланишлар мамлакатимизни минтақада ҳам, жаҳон майдонида ҳам ишончли шерик сифатида намоён этмоқда. Менинг фикрим шундай, мустақиллик – меҳнат ва бирдамлик билан асраладиган бебаҳо неъматдир.

– 34 йиллик тараққиёт тажрибасидан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимиз истиқболи учун қайси йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

– Бир ҳақиқат бор: жадид боболаримиз орзу қилган эркин фикр, очиқ мактаб, замонавий фан ва халқ манфаатига хизмат қиладиган давлат ғояси бугун мустақиллик неъмати билан амалда шаклланмоқда. 34 йиллик тажриба шуни кўрсатдики, тараққиётни тезлатиш учун бугун биз учун жадидча руҳ – илмга муҳаббат, маърифатга суянган ислоҳот, жавобгарлик ва халқ манфаатига садоқат керак.

Фитрат: “миллат бой бўлса, илм бойийди”, деган фикрни уқтирган. Шу руҳда тадбиркорлик экотизимини соддалик ва ишончга қуриш: кичик бизнесга оддий қадамлар, тезкор хизматлар, “экспортга тайёр” лаборатория ва сертификатлаш тармоқларини кенгайтириш, креатив индустриялар, туризм ва рақамли хизматларни қўллаб-қувватлаш янги иш ўринлари ва юқори қўшилган қийматни таъминлайди. Ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлиги учун алоҳида дастаклар – грантлар, менторлик ва бозорга олиб чиқиш платформалари – жамиятдаги адолат ва имконият тенглигини мустаҳкамлайди.

Келажак барқарорлиги учун яшил энергетика, энергия самарадорлиги, томчилатиб суғориш, хусусан, айланма иқтисодиёт маданиятини кундалик одатга айлантириш муҳим: исрофдан хавфсизликка, қисқа фойдадан узоқ манфаатга ўтилади. Бу – нафақат иқтисод, балки тарбия ва маданият масаласидир.

Қонун устуворлигига суянган бошқарув, очиқ маълумотлар асосида ҳисобдорлик, жамоат назорати, лойиҳаларда натижага масъулият ишончни кучайтиради, сармоя ва ташаббус учун барқарор муҳит яратади. Оммавий ахборот воситалари эса жадидча услубда – равшан сўз, ҳақ маълумот ва конструктив мунозара билан жамоат фикрини бойитса, жамиятнинг маънавий иммунитети янада ошади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, келгуси истиқболда юртимизга зарур бўладиган тўрт устун шулар – маърифатга таянган инсон капитали, илм ва технология билан тўйинган иқтисодиёт, табиатга эҳтиромли яшил ривожланиш, адолат ва очиқ бошқарув. Шу йўл “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу шиорни ҳар бир лойиҳа, ҳар бир хонадонда реал натижага айлантиради. 34 йиллик тажриба шуни эслатади: ўтмишдан қувват олиб, бугун жасорат билан иш кўрсак, эртамиз янада равшан бўлади.

Зарнигор ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858