11.09.2025 | 12:47
398
ИЛМ ТОҒИНИНГ УЧ ЧЎҚҚИСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 августда имзолаган “Ўзбекистонда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум олим ва ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони халқимиз томонидан кўзда ёш, қалбда қувонч билан кутиб олинди. Тақдирланганлар рўйхатини ўқир эканмиз, зодагоний ифтихор туямиз. Бу эзгу ишнинг моҳиятини одамларга етказиш биз – зиёлиларнинг вазифамиздир. Шу маънода, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган, кенг жамоатчиликка нисбатан нотаниш бўлган уч олим ҳақида ёзмоқчиман.

XX асрдаёқ сунъий интеллект устида ишлаган олим
Восил Қобулов жаҳонга машҳур математик олим. У XX асрнинг 2-ярмидаёқ Ўзбекистонда кибернетика, сунъий интеллект, информацион ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича илмий ва амалий ишларни тизимли равишда олиб борган.

Олим меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли Математика институтининг ҳисоблаш техникаси бўлими мудири, Механика институти ва ҳисоблаш маркази директори, Кибернетика институти директори, “Кибернетика” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори вазифаларида ишлаган. Илмий фаолиятдан бир лаҳза бўлсин, узоқлашмаган. Аксинча, назарияни амалиётга жорий этиш асносида физика-математика фанлари доктори (1961), профессор (1964), Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1966) каби илмий даража ва унвонларга эришган.
Восил Қобуловнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизга замонавий электрон ҳисоблаш машиналари келтирилди, олий ўқув юртларида кибернетика, ҳисоблаш техникаси, информацион ва рақамли технологияларга ихтисослашган кафедра ва факультетлар ташкил этилди. Эътиборлиси, академик Қобуловнинг бевосита раҳбарлигида 1976 йили Тошкентда собиқ Иттифоқда ягона бўлган “Кибернетика” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси очилди.
Олимнинг “Ҳужайра кибернетикаси. Нанотехнологиялар”, “Рақамли автоматлар алгоритмлари”, “Ақл мўъжизаси”, “Кибернетика ва биосфера” каби китоблари маҳаллий ва хорижий олимлар томонидан эътироф этилган.
Илм-фан соҳасидаги юксак хизматлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
Замонавий сунъий интеллект тараққиётида Восил Қобуловнинг салмоқли улуши борлиги ватандош сифатида бизга фахр ва ғурур бағишлайди. Юртимизда сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришда олимнинг бой меросига суяниш ва ундан унумли фойдаланиш зарур.
Минтақамиз трансплантОЛОгиясининг ФАХРИ
Ўктам Орипов – таниқли ўзбек шифокори ҳамда олими. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби. Унинг номи Марказий Осиёда илк бор буйрак трансплантациясини амалга оширган жарроҳ сифатида тарихга муҳрланган.

Академик Орипов умрининг катта қисмини тиббиёт соҳасидаги масъул лавозимларда ўтказган бўлса ҳам, тиббиёт фанидан, амалий фаолиятдан, соҳадаги янгиликлардан четда тургани йўқ. Касбига муҳаббати, кучли иродаси ва беназир илмий салоҳияти билан Ўзбекистонда тиббиёт, хусусан, трансплантология ривожига улкан ҳисса қўшди. Бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас.
Олим 1971 йилда аъзо ва тўқималар кўчириб ўтказишда тўқима номутаносиблигининг бардошлилигини ўрганишга ихтисослашган илмий-тадқиқот муаммолари лабораториясини ташкил этди. Бу ерда жаҳон амалиётида биринчи марта эшакнинг антилимфоситар ачитқи ва глобулини ажратиб олинди ҳамда улар буйрак трансплантациясида муваффақиятли қўлланилди. Шунингдек, II гуруҳ қандли диабет касаллари орасида кенг қўлланиладиган қоракўл қўйларнинг ошқозоности бези бета-ҳужайраларини кўчириб ўтказишнинг инновацион усули ишлаб чиқилди.
1972 йил 14 сентябр куни Ўктам Орипов раҳбарлигида Тошкент шаҳрида илк бор буйрак трансплантациясига оид жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Бу воқеа миллий тиббиётимизда инқилоб сифатида қабул қилинган. Бунгача аъзолар кўчириб ўтказиш собиқ Иттифоқнинг саноқли йирик шаҳарларидагина жорий этилган бўлиб, Марказий Осиё тиббиётида ҳали бундай шарафли ва масъулиятли тажрибага қўл урилмаган эди. Ушбу жарроҳлик амалиётидан сўнг Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги илғорлиги халқаро илмий конференцияларда ҳам эътироф этилди.
53 йил муқаддам қўйилган илк қадам кейингиларига йўл очди. Мамлакатимиз ва минтақамизда трансплантология тармоғига эътибор кучайтирилди. Бугунги кунда минглаб юртдошларимиз мураккаб жарроҳлик амалиёти учун чет элга чиқиш, минглаб доллар сарф этиш машаққатидан халос бўлиб, юртимизда даволаниш имкониятига эга бўлишди. Буларнинг барчаси бевосита Ўктам Орипович номи билан боғлиқдир.
Илмий раҳбар сифатида унинг қўл остида 26 та докторлик ва 65 та номзодлик диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинган. Ўзининг ҳам соҳага оид 500 та илмий мақоласи чоп этилган бўлиб, учта дарслик ва 16 та монография яратган. 1983 йилда Беруний номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.
Агар Ўктам Ориповга бугунги асримиздаги илф-фан ютуқлари маҳсулини кўриш ва улардан фойдалана олиш насиб этганида эди, Ўзбекистон трансплантология бўйича Ҳиндистон, Туркия каби локомотив давлатлардан ўзиб кетарди, деб ўйлайман.
Шу маънода, буюк академикнинг илмий мактабини давом эттириш, фаолиятини чуқур ўрганиш йўлида марҳум хотирасига ҳурмат кўрсатилгани айни муддао бўлди.
Миллий геологиямиз жадиди
Академик, Ўзбекистонда ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, геолог Иброҳим Ҳамрабоев 32 йил Ўзбекистон Фанлар академияси Геология ва геофизика институти директори бўлиб ишлаган. Илмий ишлари асосан Марказий Осиё магматизми, айрим мажмуали формацияларнинг геокимёвий ва металлогеник хоссаларига бағишланган. 50 йилларда Марказий Осиёда олтин билан маргимушнинг узвий парагенезисини аниқлаган. Шу асосда янги олтин конлари – Чормитон, Мурунтов, Том-дитов ва бошқалар топилган. Олтинли руда конлари ҳосил бўлишида Ер ички тузилишининг аҳамияти ҳақидаги ғояни ривожлантирган ва Ўзбекистонда олтин ва бошқа муҳим рудаларни қазиб чиқариш саноатини ривожлантириш билан шуғулланган. Илк бор Ғарбий Ўзбекистоннинг металлогеник харитасини тузган.

Олим халқаро геологик конгресслар қатнашчиси бўлган. Геология соҳасидаги назарий ва амалий ишлари кўлами, соҳадаги новаторлик ҳаракатлари жаҳон илмий доиралари ҳамда юртимиз олимлари томонидан бир овоздан тан олинган.
Олимнинг пок номини абадийлаштириш ва порлоқ хотирасига ҳурмат кўрсатиш мақсадида янги топилган минерал Иброҳим Ҳамрабоев шарафига “ҳамробоевит” деб қўйилган. Ҳамробоевит – титаннинг В ва Ғе аралашмаси билан биргаликдаги табиий карбиди. 1984 йилда топилган. Арашон тоғларидаги базальтли порфирлар ва Зарафшон тизмасидаги кварсланган гранитоидлар таркибида учрайди.
* * *
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, уч буюк олим давлатимизнинг юксак мукофотларига бежиз лойиқ кўрилмаган. Уларнинг хотирасини улуғлаш замирида аниқ фанлар, сунъий интеллект, тиббиёт, геология тармоқларига берилаётган катта эътибор ифодасини ҳам кўришимиз мумкин.
Мансур МУСАEВ,
сиёсий фанлар доктори
“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



