25.09.2025 | 17:27
278
БУЯМ БИР АШУЛА
– Ўв, пақиркалла, нега мен гап бошласам, қиёмига етган пивахўрга ўхшаб, тиззангни тиззангга ишқаб, совутилган отдай депсинасан? Бир пайтлар “Мен дардимни кимга айтаман?” деган қўшиқ бўлгич эди. Вақтида “Ҳа, энди, буям бир ашула-да”, деб унча парво қилмаган эканмиз. Бечара шоир азбаройи ичи куйганидан нима қилишини билмай ёзганакан-да энди билсам.

Хўп, гапни охиригача эшит, эрийман, яримтага эрийман. Хуллас, ўғил жанаварлар ёнимга кириб, топган-тутганидан чўтал ташлайдиган бўганидан бери акангга жир битиб, маҳалладаги Ўктам хачир деганлариям қўш-қўллаб кўришишга ўтганига ўзинг гувоҳ. Одамлар қизиқ-да, сенга тешик тангача фойдаси бўладими-йўқми, киссангдан соққа ҳидини олса дарров ўзгаради. Ҳа, муллажирингнинг ҳавоси унча-мунча курси-калондан баланд. Хўп, гапни қисқа қиламан. Ана энди, индалло гап шуки, шайтон етаклаб, қўшни қишлоққа айтилмаган савзиарчарга бориб қопман. Ҳа, тўғри топдинг, Қуйқага. Гап ораси Аъзам шилта “шулай-булай, палончини кенжаси палон ўқишга супер контрактга илашибди-ю, суяшиб юборадиган шери мард топилмаяпти”, деб сопол косани кетига Чуст пичоғини ишқаб қолди. “Ўбба, суликат-э, жойидан тутамлади-ю”, деб шинғов тортдим-у, бир ҳисобдан гапнинг пайнови мени шонли томорқамга бурилганидан юзимда ҳосил бўлган табассумни тахтакач билан пича ёпиб, ёлғонтакам йўталиб олдим. Қарасам, ҳамманинг кўзи мени синовчан пайпаслаяпти. Шайтон қитиқлади, чорданадан чўккага ўтдим, худди ҳозирнинг ўзида қўйнимдан қадди саломга эгилмаган икки юз мингталикни ўрамини мушукни ўлигидай қилиб, якандозни ўртасига дўппиллатиб ташлайдигандай сўзни сўздан ажратмасдан “Нечпулбўларканўзи?” деб сайраб юборибман. Қисталақ шилта оғзимдан олди-ю ёқамга ёпиштирди: “Бор-йўғи палонча”. Ўша “бор-йўғи”га иккита пишқириб турган сўқимни дарвозамга боғлаб кетади. Мен дардимни кимга айтаман? “Тилимга боғла, тилимга!” Савзитўғрардан кейинги шавла қаёққа кетди, аканг ҳайрон. Хуллас, чориғимни судраб уйга қайтяпман-у, хотин акамга нима дейман, унинг човутидан муллажирингни қанақиб ажратиб оламан-у, найлаб ҳисоботини қиламан, деган шум саволлар оёқдан чалади дегин.
Ке, хотин билан наҳорда ташашарман деб, ичкари кирмай, айвондаги шолчага ёнбошлаб қўя қолдим. Саҳарда оёғимга қоқилиб кетган ёрижонимни қайрилган қарғишидан чўчиб уйғонибман: “Илоё, шу арақ деганларини заводига дрон тушсин! Шу эр деган махлуққа қуйиб узатганни қўллари акашак бўлиб, таҳоратигаям ҳашарчи чақирадиган бўлсин! Илоё иловандо, савзи тўғратганлар бир умр эркак савзини пўчоғидай беқадр-у хор бўлсин!..” Алам қилмайдими? Айвонни устунига ўралиб олган шайтонвачча пушти тилини чиқариб восвослайди. Таваккал деб, балои офатни рапата оғзига носқовоқни равона қиворай деган мўлжал ҳам йўқ бўмади. Ахир ўзинг ўйла, танглайимга бир ҳўплам теккан бўлса, тулаган тўнғизга ичкуёв бўлай! Қолаверса, Аъзам шилтани биласан, винони ҳиди келадиган чирик узумниям чиқитга чиқармайди. Эр-хотин пешайвонда тонгги консертни энди авж олдирятувдик, дарвоза тақиллаб қолса бўладими? Дарров қисқа антракт эълон қилиб, чиқишга қараб шитоб йўрғаладим. Хотинни қўлида ўқлови дутор, “тинғир-тинғир” қилганча доғда қолаверди.
Энди гапни, пақиркалла, кўчадарвозадан эшит. Чиқсам, киприги куйган, осилган мижжаси тўқ қизил, танқа бурун бир новвойсифат банда турибди. Луқмони ҳакимни мухтор вакилидай бобма-боб соғлиғимни суриштирди. Муддао майдонига амаллаб судраб ўтдим. Эмишки, бу ҳусни Юсуф кечаги савзиарчарнинг бош қаҳрамони – талабаликка номзодни туғишган амакиси бўлиб, ғарази – жигарваччага аталган хайрия пулига талабгор экан. “У валакисаланг ўқигани билан одам бўлиш сиёғи йўқ, мактабниям сиртдан, яъни спорт зални томида қарта ўйнаб битирган. Онлайн қимор ўйнаб, 8-синфда отасини кўк “Жигули”сини сотишга мажбур қилган. 9-синфга ўтиш таътилида эса мактаб аҳли отдихдалигидан унумли фойдаланиб, жонли бурчакдаги 27 нафар бўрдоқи қуённи Ултарма мол бозорида эчки бола деб тақдим этиб, содда фуқароларга пуллаётган чоғи қўлга тушган…” Э, тўғри айтасан, жуда маразпўрма нусха экан. Менам гапини охиригача эшитмасдан қўлимни арра қилдим: хўп, ўшанга мен нима қилий?! Бирдан сут қуйилган ҳалимдаккина бўлиб иккала қўлимни жуфтакай тутиб, ўша аталган пулни менга берсангиз, бозордан дўкон учун ер сотиб олардим, ҳозир авжи сота-сот бўп ётибди. Мениям тўрт-беш нафар норасида хотин-харишим бор, ҳам савоб бўлади, ҳам пулингизга куйиб қолмайсиз. эш-о н йилда думалоқ қилиб қайтариб бермасам, Шукур қасамхўр отимни бошқа қўяман, илло-билло, лавзимда турмасам, гумони ҳаётлигимча гумдони лаҳад бўп кетай, деб кекиртагини ўйнатиб турибди. Бахтимга хотин акам пақир кўтариб ёлғондакам сув сепгани чиқиб қолди. Мендан хавотир олгани аниқ: кўчадаги сувсиз ариққа танда қўйиб ётибдими ҳар доимгидек, деб ўйлаган бўлса керак. Ҳалиги қасамхўр бозорчи кўпни кўргани рост экан, ёстиқдошимни бепардоз чеҳрасига кўзи тушган ҳамоно велосипедини етаклаган кўйи сакраб миниб, Шумахердай ғойиб бўлди. Менам шуни айтаман-да, одамларам ғалати-е! Пулни ҳидини олса, тош деворга калла қўяди. Кейинми? Кейин бошланди-да…
Қасамхўрни изи ўчар-ўчмас бир опахон тикка ҳовлига бостириб келди-ю! Ҳалигини олдида Соли қассобни сурункали мов мушуги дам олади. Туппа-тузук нағманг боракан, илмингни хўр қилиб бировни эшигида жовлиб нимақасан? Блогер ё ашулачи бўвомийсанми, юрардинг “Гелик”ни елдириб, “Тик-ток”ни тўлдириб… Муддаосими? Билиб туриб сувни мўлжаллайсан-а, жанас… У дилбари жонон ҳалиги талабани аммаси бўлиб, ўша болани пулини бегона қилмасликни, шўртумшуқ жиян барибир ўқишга бормаслигини, бўйнидан боғланган ит эса янги калишни булғашини ва ҳоказоларни рўкач қилиб, агар бу кишимга омонат ўн йилга бериб турилса, Хитойдан тикка мол олиб келиб, Учкўприк Жаҳон бозорини гуллатиш билан бирга эл-у юрт равнақи ва фаровонлигига ҳисса қўшиш билан савобдан умидворлигини билдирди. Шу пайт томорқадан жўхори қайириб қайтган хоним ҳазратлари аёл шўрликни илғар-илғамас мени ёшликдаги қизўртоқларимдан деб чамалади шекилли, ўртаёш полвоннинг тирсагича келадиган думбул билан савобталабнинг қоқ оч биқинини нишонга олди. Афтидан жабрдийда савдогар акангни ёрижонини жанговар таърифини қониқарли даражада эшитган шекилли, ҳеч бир изоҳ-пизоҳсиз туёғини шиқиллатиб қолди-ю.
Мен сенга айтсам, пақиркалла, оқибат шу даражага бориб етдики, бир фақир толиби илмга аталмоқчи бўлган оқчанинг сифати боланинг рост-ёлғон қариндош-уруғлари таърифида “бизни жиянни ҳақи”га айланди. Гўёки, мен у болакайдан қарздорман-у, омонатни еб-ютиб, муттаҳам бўлиб юрибман.
Байт:
Опоғдадам айтарди, савоб таги тешик деб,
Бир уйда ҳар хил бола, аммо битта бешик деб.
(Жаҳлий Мураккаб, “Беҳ-беҳ, булбулим” куллиёти 897-бет)
Ажойиб кунларнинг бирида мени тилпўнда йўқлаган тоғаси агар боланинг ҳақи еб кетиладиган бўлса, адолатпарвар кучлар борлигини, жазо муқаррарлигини писанда қилиб, ҳозирча омонатни ярим-ёртисини клик орқали ўтказиб туришимни буюрди. “Йўмасам, бошингда маймунлар йиғлаб, шоқоллар уввос тортади, тушунвосами, гўсалагов?” деб якун ясади Чорсуни чапаниларига ўхшаб товушини зўриқтириб. Бу дилкушо суҳбатдан кейин вафодор шайтоним бадар кетди… Кейин-чи, дейсанми? Бир ойча чўзилган “бор-барака”дан кейин маълум ва равшан бўлдиким, исми бор-у жисми ноаён толиби илм аллақачон шимолий ҳудудлардан бирида саксовул экиб, чўл қувиб, мўмайгина даромад топиб, манаман деган репетиторлардан сабоқ олаётган экан. Бу хушхабарни ўзаро суҳбат асносида тўнғич ўғлим Кенжабек айтиб қолди. Бирга ишлаб, бир ётоқхонада туришаркан. Каминани белбоққа ўралган оқчаси уларнинг бир ҳафталик моянаси эмиш. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма…
Аммо қойил қолганим шуки, бирорта қоракўз “Агар шу болага ёрдам бераётган бўлсанг, раҳмат сенга, бизам баҳоли қудрат ҳисса қўшайлик”, демади. Аксинча, тирноғи бори юлишни, тиши бори юлқишни пайида. Нега бунақа бўп кетдик? Нима учун текин бўлса, жайрани тескари ютадиган нафси ўпқонлар кўпайди? Нима? Имонбойлар ҳам кўп дейсанми? Тўғри, кўп. Инсофли тадбиркорлар мўл дейсанми? Тўғри, мўл. Янаям кўпайсин дейман-да, пақиркалла. Бўпти, мен кетдим, хотин тилпўн уряпти. Гаплашиш шартмас, нима дерди, қайси очиқ гўрда қоп кеттинг, дейди-да. Бир ҳисобдан шуни бориям яхши. Ҳаёт қизиқарли. Бўпти, мабодо хотиним разведкага тилпўн қип қоса, озгина гурунглашиб қолганимизни айтарсан. Тафсилотлар шартмас, ўртада шайтон бор-а?
Мулла ХУНОБ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 сентябрдаги 38-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



