Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


30.09.2025 | 09:02

img279

ЯХШИЛИК ЭЛЧИСИ

Янги асрнинг янги қутблари

Башарият яралгандан бери қарама-қаршилик ҳам бардавом, ҳозиргача на жамият, на миллат, на давлатлар орасидаги зиддиятларга барҳам беришнинг имкони бўлган эмас. Табиат, коинот, ҳатто борлиқнинг ўзи турли қутблардан иборат эканини инобатга олсак, ҳамма бир томонда бўлишининг ўзи мантиқсизликдай, Яратганнинг иродасига зиддай туюлади.

Инсониятнинг бизга маълум бўлган ўтмиши Ғарб ва Шарқ, Шимол ва Жануб, капитализм ва социализм, диндорлик ва худосизлик, эзгулик ва ёвузлик, жаҳолат ва маърифат тушунчалари сингари қутбланиш азалдан мавжуд ва турли даврларда ҳар хил кўринишларда намоён бўлганидан хабар беради.

Илм-фан, саноат ва техника тараққиётига улкан туртки берган ХХ аср ўз поёнига етгунига қадар дунё капиталистик ва социалистик лагерларга бўлинган ҳолда қутбланди. Ҳар икки томондагилар ҳам ҳақиқат ўз танловларида эканига шубҳа қилишмади. Гоҳ у, гоҳ бу томоннинг қўли баланд келган даврларни кўрдик. Барча ютуқлар шу омилларга боғлаб талқин қилинди. Янги аср остонасига келиб, глобаллашув билан боғлиқ жараёнлар юзага чиқа бошлади.

Ахборот алмашинувининг тезлашиши, сўз эркинлиги, шахс дахлсизлиги, ошкоралик, жамоатчилик назоратининг кучайиб бориши янги бошқарув институтларининг жорий этилишига олиб келди.

Бугунги дунёнинг янги қиёфасига теранроқ разм солган киши, инсоният учун чин маънодаги қутбланиш аслида биз ўйлагандан кўра бошқачароқ, бир-бири билан ёвлашаётган давлатлар орасида эмас, илм-маърифатга юз бурган ё жаҳолатга ботганлар орасида содир бўлаётганини англайди. Глобаллашаётган дунёнинг янги қутблари айнан илм-маърифат ва жаҳолатдадир. Қолган барча ҳодисалар шу омиллар атрофида айланмоқда. Оқиллар эса, инсоният учун нажот илм-фанда эканини аллақачон англаб, ўз халқини шу қутб атрофида бирлашишга чорламоқда.

Ҳа, айнан шундай. Бугунги дунё – бошқача дунё. Ҳозир бирор давлатнинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилиш, унинг ерости ва ерусти бойликларига куч билан эга чиқиш, мамлакатнинг табиий ва инсон ресурсларидан мажбурий фойдаланиш осон эмас. Аммо империалистик манфаатларнинг жирканч қиёфаси батамом йўқ бўлган эмас. Истилочилик ҳам асло барҳам топмади. Бу жараён ўта пухта, инкор этиб бўлмас ёки баҳсли ёхуд иккиёқлама ҳақиқатларни ўзида акс эттирган ҳолда, афсуски, бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Демакки, қарамликнинг янги-янги таъсирларидан холи бўлиш учун илм-маърифатни ривожлантириш шарт. Бу – соғлом фикрли кишилардан иборат жамиятлар ва мамлакатлар интилаётган мақсад. Бу жаҳон саҳнасида  инқирозга учрамаслик учун миллат илм-фанда тараққий этиши бирламчи вазифа.

Мана шу сабаблар туфайли бугунги дунёнинг маънавий қиёфаси ўзгармоқда. Аниқ қилиб айтганда, инсоният иккига бўлинган. Бир томон соғлом ақлга таянган ҳолда илм-маърифатнинг тараққийи йўлида  бўлса, бошқа томон жаҳолатга етакловчи турғунликни танлаган. Мана шу ҳолни биз рамзий маънода дунёнинг янги қутблари деб атадик…

Илм бўлмаса, ҳимоя ҳам бўлмайди

Бугуннинг аччиқ ва очиқ ҳақиқати шу. Илм-фани ривожланмаган давлатлар ривожланган мамлакатлар учун истеъмолчи сифатидаги сармоя манбаи бўлиб қолаверади. Мисол сифатида айтсак, бир мамлакатда 1 гектар ерда 5 тонна ғалла етиштирилади, иккинчи мамлакатда эса 15 тонна. Биринчи давлатда агрономия бўйича етарли илм бўлмагани учун ҳосилдорлик сирини билмайди. Лекин бу давлат фуқароларининг йиллик ғалла истеъмоли 7,5 тоннани ташкил этади. Чунки илмсизлик сабабли истеъмол маҳсулотларининг хилма-хиллиги ҳам паст бўлади. Кейинги давлат истеъмоли эса 3 тонна, бунга соҳада илмни ривожлантириш, истеъмол маҳсулотларининг хилма-хиллигини ошириш туфайли эришилган.

Хўш, ким яхши даромад қилади? Албатта, биринчи давлат эмас. Негаки, йиллик истеъмол эҳтиёжини қондириш учун 5 тонна устига яна 2,5 тонна ғалла қўшиши лозим. Бунга маблағ керак. Маблағ топиш учун табиий газ, нефть, олтин, уран ёки бошқа бир бойликдан воз кечишга тўғри келади.

Бир тафаккур қилиб кўрайлик. Бу ҳолат нимадан дарак беради – бу илм-фан ривожига эътибор қаратмаган жамият ҳамиша ижтимоий-иқтисодий ҳимояга муҳтож бўлиб қолаверишидан далолат эмасми?!

Бу ўринда ташқи тажовуздан ҳимояланиш ҳақида гапириш ҳам ортиқча.

Илм ривожланган давлатларда манзара тамом бошқача. Масалан, илм сабаб томчилатиб суғориш тизими жорий этилган мамлакатларда озиқ-овқат етиштириш мисли кўрилмаган даражада ортган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ошиб, озиқ-овқатдаги импорт ҳажми минимал даражага тушган. Бундан кўрилган даромад яна илм-фан ривожи учун сарфланади ва мамлакат янада ривожланиб бораверади. Илм-ҳунарда лоқайд, жаҳолат қутбида қолиб кетаётганлар ҳақида бундай деб бўлмайди, албатта.

Ҳаммаси мактабдан бошланади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илм-маърифат тараққиётисиз жамиятнинг барқарор келажаги йўқлигини қайта-қайта таъкидлагани ҳолда, таълим тизимини ривожлантиришни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлантираётгани бежиз эмас. Чунки барча ислоҳотлар мактабдан, барча эзгуликлар мактабдан, барча муваффақиятлар ҳам мактабдан бошланади. Шу боис, умумтаълим мактабларида замонавий ўқув дастурлари, янги дарсликлар, инноватсион методикалар жадаллик билан жорий этилмоқда. Мактабларни реконструкция қилиш, янги бинолар қуриш, замонавий лабораториялар билан жиҳозлаш ишлари қизғин тус олган. Бу эса таълим сифатига тўғридан-тўғри ижобий таъсир кўрсатади.

Президент мактаблари, ижтимоий-иқтисодий, техник ва гуманитар фанларга ихтисослашган мактаблар кўпаймоқда. Халқаро стандартлар асосида таълим бериш, хорижий тиллар, Ай-Ти ва фанларни ўзаро уйғун ўқитиш, назарий билимларни амалиёт билан боғлаш, ёшларда танқидий фикрлаш, ижодкорлик, муаммони ечиш, инновацион ёндашув кўникмаларини шакллантиришга алоҳида урғу берадиган бу мактаблар келажакдаги етук кадрлар учун “интеллектуал фабрика” вазифасини бажаришига ишончимиз комил. Айни вақтда, ЮНЕСКО, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистоннинг таълим ислоҳотларини юксак эътироф этаётганини таъкидлаш жоиз.

Жамиятимизда ўқитувчининг мақоми ва нуфузини оширишга қаратилган ишлар алоҳида мавзу. 2024 йил 1 февралда қабул қилинган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда муҳтарам устозларимизнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кафолатлари, хусусан, аттестация ва малака тоифалари бўйича устамалар, касбий фаолиятни рағбатлантириш, ўқитувчининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида бўлиши белгилаб қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўқитувчиларнинг ойлик маошини босқичма-босқич тарзда минг долларга олиб чиқиш ҳақида сўзлаган эди. Бу сўзнинг шунчаки илтифот учун айтилмаганини бугунги кун ўқитувчиси аниқ ҳис эта бошлади. Айрим мактабларда юқори тоифали устозларнинг устамалар билан олаётган умумий маоши 20 миллион сўмгача етмоқда. Бу ҳол келгусида ҳар бир мактабда кузатилиши учун барча зарур воситалар ишга солинаётганига гувоҳмиз.

“Тараққиёт стратегияси” маркази тақдим этган маълумотларга кўра, соҳадаги ислоҳотлар натижасида 2023 йили мактабгача таълим билан қамров даражаси 27,7 фоиздан 67 фоизга, мактаблардаги малакали олий маълумотли ўқитувчилар улуши 81,8 фоиздан 87,8 фоизга, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга етказилган. Тараққиёт стратегияси доирасида 2026 йилга қадар мактабгача таълимга қамров даражасини 80 фоизга етказиш, 7 мингдан зиёд янги нодавлат МТТларни ташкил этиш, халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш бўйича йўлга қўйилган ижобий амалиётни барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этиш кўзда тутилган. Олий таълимда қамров даражасини эса 50 фоизга, нодавлат ОТМлар сонини камида 50 тага етказиш белгиланган.

Амалга оширилаётган таълим сиёсати, олий таълимни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, тайёрлов синфлари формал таълимга киритилиб, умумий таълимнинг 11 йилдан 12 йилга узайтирилиши, мактабгача таълим муассасалари учун раҳбар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш, сунъий интеллект ва мултимедиа студияларини яратиш, мактаб таълими самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ўртага ташланаётган ижобий таклифлар миллий таълим тизимини халқаро стандартлар билан узвий боғламоқда.

Хайрият… Алвидо, мажбурий меҳнат

Бу сўзни мажбурий меҳнатдан безор бўлган ўқитувчи дўстим айтган эди. Рости, ушбу мақолада яқин ўтмишдаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ айрим ҳолатларни эслаб ўтмоқчи эдим, лекин хотирамда шу қадар аянчли манзаралар жонландики, уларни ёзиш тугул хаёлда жамлаш ҳам хижолатли бўлди. Ўша кунларнинг ортда қолгани рост бўлсин!

Ҳа, Янги Ўзбекистонда шукур қилишга муносиб ижобий ислоҳотлар юз бермоқда. Сўнгги йилларда ижтимоий аҳамиятга эга энг муҳим ўзгаришлардан бири, ҳеч шубҳасиз, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг пахта теримига мажбурий жалб этилишига барҳам берилгани бўлди десак, айни ҳақиқатдир. Бу ҳодисанинг ижобий натижалари ҳақида кўп гапириш мумкин.

Шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўқитувчи ва ўқувчилар мажбурий меҳнатининг бекор қилингани сабабли, эндиликда ўқитувчи ўз вазифаси – дарс бериш билан жиддий шуғулланмоқда. Ўқувчилар ўқишдан узилиб қолмаётгани учун таълим сифатининг ошиши кузатилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро майдонда ижобий нуфузга ҳам эга бўлди.

Мактабда бошланган ислоҳотлар яқин келажакда жамиятда маънавий юксалишни таъминлаб, иқтисодий ва миллий тараққиётга сабаб бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи қувончли. Ахир, дунёга уйғоқ нигоҳ билан қараган жадид маърифатпарварларининг ҳам энг улуғ орзу-аъмоли шу эмасмиди!

Гапнинг сираси…

Агар устознинг қўлидаги китоб, синфдаги ўқувчининг кўзидаги нур қадрланса, бундай жамиятда жаҳолатга ўрин қолмайди. Илм-маърифат қутби атрофида жам бўлган халқнинг йўли ҳамиша равон, келажаги мудом порлоқдир. Илм-маърифатга суянган халқ ҳар қандай қийинчиликни енгиб, ўз келажагини ўзи қуришга қодир бўлади.

Бугун баралла айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонда эзгу ислоҳотларни амалга ошираётган Инсон, ҳеч шубҳасиз, Ватанга яхшилик соғинган Инсондир. Бугун жонажон Ватанимизда янграётган ҳар бир чақириқ фақат халқ манфаатига қаратилган. Ҳар бир ташаббус, ҳар бир қарор, айниқса, таълим соҳасидаги туб ислоҳотлар – бугунги ва эртанги авлоднинг бахтли келажаги учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир.

Устоз қадрланган жойда миллат қадр топади, илмга эътибор берилган юртда Ватан юксалади. Бу ҳақиқатни барча юртдошларимизга англатишни истаган Инсоннинг ёшларимизга айтган ўтли даъватига қулоқ тутинг: “Ҳеч қачон ўқишдан, изланишдан тўхтаманг. Вақт тез ўтади, эртага ҳаётда муносиб ўрин топишингиз, замонга мос мутахассис бўлиб етишишингиз учун бугун ўқишингиз керак. Мен ишонаман, сиз мутлақо янги авлод ёшлари бўлиб улғаясиз, ота-онангиз, эл-юртингиз орзусини рўёбга чиқарасиз. Чунки сизда билим бўлади. Билим эса, ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Якка-ю ягона нажотимиз – илм”.

Улуғ аждодимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳам: “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмағай”, дея бу ҳақиқатга далолат қилган. Таълим-тарбия ривожига, устозларнинг нуфузини оширишга қатъий интилиш юртимизда эзгу мақсадга айлангани масаланинг энг муҳим жиҳатидир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шундай таъкидлайди: “Оққан дарё – оқаверади”, дейди доно халқимиз. Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд. Ҳамма гап ана шу имкониятлардан қай даражада оқилона фойдалана олишимизга боғлиқ”.

Изоҳга ҳам, қўшимча шарҳга ҳам эҳтиёж қолдирмаган бу сўзлар сиз-у биздан фақат илмга ошно тутинишни талаб этади.

Абдулҳамид МУХТОРОВ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858