30.09.2025 | 12:27
327
ТАРИХНИ ТИКЛАШ МАШАҚҚАТИ
Академик Аҳмадали АСҚАРОВ билан суҳбат

– Домла, Мустақиллик даври авлоди Сиз ёзган дарсликлар орқали Ватан тарихидан бохабар бўлди. Сизнинг фаолиятингизда устозларингиз армони ушалди. Айтинг-чи, советлар томонидан таҳрир қилиниб, таниб бўлмас ҳолга келган тарихни тиклаш қандай кечган?
– Ҳа, мен бахтли олимларданман. Ўзбекистон Истиқлоли тарих фанини ҳам мутелик занжирларидан халос қилди. Шу билан бирга, олимлар олдига миллий тарихни холис ва фактларга асосланиб тиклаш, халққа қайтариш вазифасини қўйди. Баҳоли қудрат бу шарафли ишга ҳисса қўшдик.
1994 йилда шахсий ташаббус кўрсатиб, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг директори сифатида ўрта мактаб ўқувчиларининг 5–10-синфлари учун илк бор ўзбек тилида “Ўзбекистон тарихи” дарсликларини яратиш мажбуриятини олдим. Ўз вақтида тайёрланган дарсликларимиз 1994-1995 йилларда ҳар бири 100 минг нусхадан нашр қилинди. 5-синф дарслигини археологик материаллар таҳлили асосида ўзим ёздим. Бу китоб ўзбек, рус, тожик, қирғиз, туркман, қозоқ, қорақалпоқ тилларида чоп этилди. Шунингдек, Ватанимиз Мустақил бўлган кундан бошлаб Тошкентдаги Ленин музейини Ўзбекистон тарихи давлат музейига айлантириш бўйича депутат сифатида қаттиқ курашдим ва пировардида бу эзгу ниятга эришдим ҳам.
– Илмий фаолиятингизнинг қарийб ярми Истиқлол даврига тўғри келади. Мана шу ўтган 34 йил мобайнида археологиямизда қандай ишлар амалга оширилди?
– Бу аввалги саволингизга боғланиб кетади. Чунки тарихни тиклаш, янги маълумотлар асосида дарслик ёзиш археологиясиз бўлмайди. Қисқача сарҳисоб қиладиган бўлсак, ёмон натижаларга эришмадик.
Биринчидан, Сополлитепа, Жарқўтон, Бўстон каби қадимги деҳқончилик маданияти ёдгорликларини ўрганиш ва улардан топилган ноёб археологик артефактларнинг янгича таҳлилига кўра, Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари жез давридан эътиборан Қадимги Шарқнинг бирламчи цивилизациялар таркибига кирганлиги илмий исботланди. Улар Жанубий Туркманистон ва Шимолий Афғонистон ёдгорликлари билан биргаликда жаҳон тарихига Окс цивилизацияси номи билан киритилди. Авваллари тарихшуносликда бундай ғояни айтиш амримаҳол эди. Ўзбек деганда даштда яшовчи туркийзабон чорвадор тушунилар эди.
Иккинчидан, тарихшуносликда Ўзбекистонда жез даврида таркиб топган қадимги шаҳарсозлик маданияти ва ўзбек давлатчилигининг асослари дастлаб Эрондан кириб келган, деган ғоя фанда ҳукмронлик қилиб келди. Ҳатто шу давр кулолчилигининг юксак ривожланган маҳсулотлари тўғридан-тўғри “Аҳмонийлар керамикаси” деб юритилди. Эндиликда бирламчи археологик материалларни ғоявий тазйиқсиз янгича таҳлил этиш натижасида тарихий ҳақиқат тикланди. Яъни, милоддан аввалги VI асрга қадар Марказий Осиёда жез даври бирламчи цивилизация ютуқларининг қайта тикланиш даври бўлганлиги илмий исботланди.
Учинчидан, совет даври тарихшунослигида Александр Македонскийнинг Шарққа ҳарбий юришлари туфайли Ўзбекистоннинг автохтон асосга эга қадимги шаҳарсозлик маданияти ва давлатчилик илдизлари антик давр Юнон-Рим цивилизацияси билан боғланган эди. Антик даврда анъанавий ўзбек давлатчилигига инновация сифатида кириб келган эллинизм амалда маҳаллий меъморий маданиятда, товар-пул муносабатларининг шаклланиши, диний қарашлар, ёзув маданиятида ўз аксини топган бўлса-да, аслида бу юксакликнинг заминида қадимги Шарқ маданиятига хос жез даври Сополли маданиятининг анъана ва омиллари ётарди.
Тўртинчидан, жез, илк темир ва антик даврларда юз берган инновациялар туфайли Марказий Осиё этносиёсий ҳаётида туркий руҳият, маданият ва маънавий ривожланиш ҳар жабҳада реал кўрина бошлаган. Антик даврдан бошлаб ўзбек халқининг этногенези ва давлатчилиги жадал ривожланиш босқичига кўтарилган. Бу мустақиллик сиёсати илк ўрта асрлардан то араблар босқинига қадар давом этган. Бу тарихий жараёнлар археологик ва антропологик материалларда ёрқин аксини топган ва унинг қиёсий локализацияси канкия ва кангар, ху ва рунг, тиек ва ғуз, хунну ва усун каби туркий этник атамаларда ўз ифодасини топган. Бу ҳақда ханзулаштирилган қадимги Хитой ёзма манбалари аниқ маълумотларни беради.
Бешинчидан, археологларимиз тўпланган материалларни янгича қарашлар асосида талқин ва таҳлил қилиб, қатор янги хулосаларни олға суришга муяссар бўлишди. Масалан, қадимги шаҳарларнинг келиб чиқиш илдизлари, хронологик кетма-кетликда даврий саналаш, уларнинг тарихий босқичларга бўлиниши ва бошқа масалалар жиддий изланишни талаб этди. Оддий қилиб гапирганда, ҳар бир археологик артефактни гапиртириш керак эди.
Олтинчидан, авваллари кўчманчи чорвачиликнинг келиб чиқиши илк темир даври тарихий жараёнлари билан боғлаб келинди. Эндиликда эса бу туб ўзгаришлар роса минг йил аввал содир бўлгани аниқланди.
Еттинчидан, чорва молларига ем-хашак эҳтиёжи кун саин ортиб бориши натижасида чорвадорлар янги яйловлар қидириб, бир жойдан иккинчи жойга кўчишга мажбур бўладилар. Бу эса, бир томондан яйловлар учун қабилалар ўртасида тўқнашувларни келтириб чиқарса, иккинчи томондан яшаш учун кураш хўжалик соҳибларини бир-бирига иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғлаб қўяди ва бу жараён товар-пул муносабатларига асосланган бозорнинг пайдо бўлишига, ўз навбатида, бозор қабилалараро савдо карвон йўлларининг таркиб топиши ва улар бўйлаб қадимги шаҳарларнинг қад кўтаришига олиб келади.
Мен халқимиз тарихида юз берган биринчи ва иккинчи цивилизациялар даври ютуқларига эътибор қаратдим. Аммо шундай таҳлилий хулосаларни шонли ўтмишимизнинг ҳар бир даври мисолида келтириш мумкин.
– Устоз, шоир-ёзувчилар каби олимларнинг ҳам шоҳ асари бўлади. Сизнинг илмий фаолиятингиз билан танишиб, “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобини ана шундай шоҳ асар дегим келди.
– Эътироф учун раҳмат, қизим. Китоб Ўзбекистоннинг маҳаллий халқи, ўзбек миллати ва унинг давлатчилиги тарихининг узоқ вақт давом этган ўзаро ижтимоий-иқтисодий, этномаданий алоқалар, сиёсий бошқарув ва тарихий мафкура базасида, мураккаб этнослараро қоришувлар асосида шаклланишига бағишланади. Дастлаб бу ҳақда олий ўқув юртлари талабалари учун махсус дарслик ёзишга жазм қилдим. 1997 йилда “Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи” номли ўқув қўлланмани чоп эттирдим. Илмий жамоатчилик ва кенг ўқувчилар оммаси асар ҳақида илиқ муносабат билдирди, турли мунозаралар бўлиб ўтди. Ўртага ташланган фикрлардан келиб чиқиб, танқидлардан тўғри хулоса чиқариб, кейинги даврда аниқланган фактлар асосида дарсликни бойитдим.
2015 йилда “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” номи остида фундаментал монографияни эълон қилдим. Ҳозирги кунда ушбу асар ўзбек тилида 25 минг, рус тилида 4 минг, хитой тилида минг нусхада чоп этилди. Жорий йилда 5 минг нусхада турк тилида нашр қилиш режалаштирилган.
Мавжуд қарашлардан фарқли ўлароқ, асарда ўзбек халқи этногенезининг бошланғич нуқтаси жез давридан бошлангани (бундан 4 минг йил аввал) илмий асосланган. Халқ тарихи билан миллат тарихи ўртасидаги фарқлар биринчи бор ушбу китобда ўз аксини топган. Эрон ва Туронда ўтган тарихий жараёнлар хронологик кетма-кетликда объектив баён этилган. Ўзбек халқининг суғдий, хоразмий, бохтарий ва сак-скиф асослари, туркийтил аждодларимизнинг иқтисодий-хўжалик ҳаёти, этномаданий қиёфаси, кўп этник компонентлиги асосланган.
– Дунё илмий жамоатчилиги билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйган, хорижий илмий янгиликлардан бохабар олимсиз. Шулардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда археология соҳасига бўлган бугунги муносабатни қандай баҳолайсиз?
– Бугун академик илм-фан қайта тирилди, десак, муболаға бўлмайди. Илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг ойлик маоши давлат бюджетига ўтказилди. Лабораториялар замонавий техника билан таъминлана бошлади. Замонавий талабдан келиб чиқиб, Тошкентда Миллий археология маркази ташкил этилди, унга бино ажратилиб, таъмирлаб берилди. Ходимлар археология изланишлари билан боғлиқ бирламчи илмий-техника асбоб-усканалари билан таъминланди. Махсус ҳимоя кенгашлари ташкил этилиб, археология мутахассислиги бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашга катта эътибор берилмоқда.
Миллий археология маркази мутахассислари ва Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти билан биргаликда 2030 йилгача илмий соҳада қилинадиган ишлар режасини туздик. Бу йўлда бир нечта таклифларимиз ҳам бор. Мавриди билан уларни ҳаётга татбиқ этиб борамиз.
– Ижтимоий тармоқларда археологик объектлар қаровсизлиги ёки била туриб уларни бузиб ташлашлар содир бўлмоқда, деган хабарлар учраб туради. Бунга нима дейсиз?
– Ижтимоий тармоқларнинг бу масалада жар солиши мутлақо тўғри. Ўзим ҳам бу мавзуда қатор фактлар келтирилган бир неча мақолалар билан матбуотда чиқишлар қилдим, телеканаллар орқали танқидий мулоҳазалар билдирдим, тегишли идораларга мурожаат қилавериб чарчадим. Маданий мерос агентлиги, қолаверса, суд, прокуратура органлари, маҳаллий раҳбарларнинг бепарволиги ёки масала моҳиятига чуқур кириб бормаслиги вазиятни оғирлаштиради. Кўп кузатиладиган ҳолат – фермер хўжаликлари ўз-ўзидан археологик объектларни ўзлаштириб олмайди-ку. Бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш шарт!
Халқимизда “Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ” деган доно мақол бор. Бугун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар бир жабҳада туб ўзгаришлар юз бермоқда. Бу соҳадаги нуқсонларни бартараф этиш йўлида бошланган саъй-ҳаракатлар ҳам яқин орада ўз самарасини беради, деб ишонамиз.
Зарнигор ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
ТАҲРИРИЯТДАН: Азиз муштарий! Ушбу суҳбат саҳифаланаётган чоғда расмий манбалар орқали хушхабар олдик. Ардоқли олим, жонкуяр зиёли домламиз Аҳмадали Асқаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Биз кўп минг сонли газетхонларимиз номидан ҳам миллат ойдини бўлган ҳурматли академигимизни юксак мукофот, эътироф ва эътибор билан муборакбод этамиз! У кишига танисиҳатлик, хотиржамлик ва илҳом-у ғайрат тилаб қоламиз!
“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



