Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


06.10.2025 | 16:11

img315

АВВАЛ ВАТАН, КЕЙИН ЖОН

Бу шиорни тасаввуф илмининг етук намояндаларидан бири, Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро айтган, деган ривоятлар бор. Улуғ олим куч-қудратда тенгсиз бўлган мўғул қўшинига юзлана туриб, ўз шогирдларига берган топшириқларини шу сўз билан якунлаган экан. Айтимдан мурод эса: то шогирдлар жон ва Ватан танлови қаршисида қолса, билиб олсинлар, энг биринчи танлов ҳамиша Ватандир.

Шайх Нажмиддин Кубронинг бу сўзлари шунчаки айтилган хитоб эмаслигини шогирдлари тезда чуқур изтироб билан англаганлар. Негаки, пири комилнинг ўзи истибдодга қарши курашда мардона жон беради… Бу тариқа шаҳид бўлган Ватан фарзандлари кам эмас. Билганларимиздан билмаганларимиз кўп. Ўз халқининг жасур етакчиси Алп Эр Тўнга замонидан, эҳтимол, ундан-да аввалги замонлардан то яқин даврларгача туркий халқларнинг Ватан озодлиги ва мустақиллик учун кураши бир лаҳза тўхтаган эмас.

Бугун озод халқимиз ва унинг одил етакчиси “Аввал Ватан, кейин жон” дея курашган жасур аждодларимизнинг порлоқ хотирасини муносиб тарзда абадийлаштиришга бел боғлаган. Ва бу борада бирламчи эътиборни тарихимизнинг яқин кунларига, сиёсий қатағонга учраган жадидлар фаолиятига қаратган, десак, адашмаган бўламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори ва унда мамлакатимизда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини Сиёсий қатағон қурбонларини йод этиш ҳафталиги сифатида нишонлаш белгилангани сўзимизнинг исботидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 2021–2024 йиллар мобайнида 1200 дан ортиқ қатағон қурбони оқланганини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Барча турдаги таълим муассасаларида махсус дарслар, уч авлод учрашувлари, спектакль ва ҳужжатли фильмлар намойиши, интернет орқали тарғибот фаол тус олган. Жадидлар мероси ва фаолиятини ёшларга ибрат мактаби сифатида етказиш ишларида жиддий қадамлар ташланмоқда.

ҚАТАҒОНЛАР СИЛСИЛАСИ

1937–1938 йилларда содир этилган “катта террор” нафақат Ўзбекистон аҳли, балки собиқ иттифоқ ҳудудида яшаган барча халқлар учун унутиб бўлмас хунрезлик, қатағонларнинг энг қонли палласи сифатида тарихдан жой олган. Бугун айрим манқурт кимсалар билиб-билмай қўмсаётган қаттол Сталин бошқаруви даврида “халқ душманлари”ни йўқотиш баҳонасида юз минглаб инсонлар ноҳақ отиб ташланган, миллионлаб одамлар турма ва лагерларга қамалган. Шу тариқа маънавий элита йўқотилган.

Бу даврда Ўзбекистоннинг сиёсий раҳбарияти қисқа фурсат ичида бутунлай алмаштирилган. Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Усмон Носир каби ўнлаб истеъдодли адиблар, юзлаб олим ва зиёлилар, давлат арбоблари “миллатчи”, “панисломчи”, “пантуркчи” ёки “жосус” деган айбловлар билан қатағон қилинган. Уларнинг асарлари, илмий мероси ҳам йўқотилган ёки қатъий цензура остига олинган.

Тарихчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, 1937-1938 йилларда собиқ иттифоқ ҳудудида камида 1,5 миллиондан ортиқ киши қамалган, уларнинг тахминан 681 минг нафари отилган. Қизил террор натижаси бўлган қатағондан фақат ўзбек халқи эмас, деярли барча миллатлар жабр кўрган. Айнан мана шу жиҳати билан “катта террор”ни умумбашарий фожиа дейиш мумкин.

Аслида, илдизи қадим минг йилликлардан сув ичувчи ўзбек халқининг бошидан бу каби қатағонлар кўплаб ўтганига тарих гувоҳ. Узоқ ўтмишни қўяйлик, биргина 1865–1917 йиллар мобайнида Чор Россиясининг босқини, Тошкент ишғоли, Қўқон хонлигининг тугатилиши, Туркистон қўзғолонининг шафқатсиз бостирилиши натижасида мильлий давлатчилигимизнинг йўқотилишини йодга олайлик.

Бу истибдод ҳадсиз-ҳисобсиз қатағонларга олиб келмаганмиди ўшанда?! Ундан кейин-чи?

1920 йилларда миллий озодлик учун курашган “босмачи”ларга қарши қатлиомлар, деҳқонлар, уламолар, миллий кадрлар уларнинг “тарафдор”и сифатида жазоланиши, қамалиши, сургун қилиниши ёки отиб ташланиши, 1940–1950 йилларда диний эркинликка берилган зарба натижасида масжидлар ёпилиб, уламоларнинг қамалиши, оқибати ҳеч кимни қизиқтирмаган оммавий депортациялар тарихий хотирага тушган чандиқ каби кўзга ташланади.

1980 йилларда Ўзбекистонда “Пахта иши” туфайли минглаб инсонлар тақдирининг вайрон бўлиши, 1980 йиллар охиридаги миллий уйғонишга қарши босимлар ўша кунларни кўрганлар йодидан чиқармикан? Айтиш мумкинки, Чор Россияси ва ундан кейинги мустабид тузум туфайли юзага келган қатағон турли шаклларда олиб борилган тизимли сиёсатга айланган.

“БОШСИЗ ЖАМИЯТ” ТАМОЙИЛИ

Сиёсий қатағонлар бежиз амалга оширилмагани, албатта, барчага аён. Жамиятнинг онги, ғоявий раҳбарлари бўлмиш зиёлиларни йўқ қилиш – ҳамма даврларда ҳам халқни “етакчисиз омма”га айлантиришнинг энг тезкор йўли ҳисобланади. Тоталитар тузум учун бу икки мақсадга хизмат қилади. Биринчиси шахсий ҳокимиятни мутлақлаштириш ва рақобатни йўқотишга оид бўлса, иккинчиси ғоявий характер касб этади, яъни миллий уйғониш ва мустақил фикр манбаини чеклашга қаратилади.

Бундай шароитда босқинчи тузумга хизмат қиладиган коллаборация механизми ҳам осон ишлайди. Шу ўринда истилочиликдаги коллоборатсия механизми атамасини изоҳлаб ўтсак. Босқинчиликдаги бу механизм маҳаллий аҳоли ёки элитанинг босқинчилар билан ҳамкорлик қилишини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш воситалари йиғиндиси бўлиб, у сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳарбий йўллар билан амалга оширилади. Натижада бир неча авлод давомида интеллектуал узилиш, маънавий сўниш ва ижтимоий инерция юзага келиб, миллий ғояни ҳимоя қилувчи “миялар”сиз жамиятда қаршилик ресурслари сўнади ва уни бошқариш осонлашади. Афсуски, собиқ иттифоқ даврида бу механизм жуда фаол ва шафқатсиз ишлаб турган. Сиёсий қатағонлар унинг бир кўриниши эди.

ХОТИРАНИНГ ТАРИХИЙ, МИЛЛИЙ ВА СИЁСИЙ АҲАМИЯТИ

Эътиборсиз қолдириш ва унуттириш ғоявий рақибни яксон қилишда энг кўп кузатилган ва ўзини оқлаган қабиҳ усуллардан бири экан. Ватан озодлиги ва халқ ҳуррияти йўлида фаол курашиб, шу йўлда жон берган аждодлар номини унуттириш сиёсати Ўзбекистон мустақил бўлгунга қадар давом этди.

Бугун қатағон қурбонларининг номларини тиклаш тарихий адолатни тиклаш билан баробар бўлиб, миллий ўзликни англаш йўлидаги ғоят муҳим қадамдир. Мамлакатимизда мустақиллик фидойиларининг шонли тарихи ва бебаҳо мероси чуқур ўрганилар экан, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва Ватанга садоқат, ўзликни англаш ва маърифатпарварликка интилиш туйғулари кучаяди. Жамиятимизда демократик маданият мустаҳкамланади. Бу фақат тарихни ўрганишга қаратилган ҳаракат эмас, балки халқ хотирасини уйғотиш билан боғлиқ миллий ирода намойишидир.

Ўктам ҲАМРААЛИ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858