Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


10.11.2025 | 10:11

img195

БЕВАҚТ-У БЕНАФ тадбирбозликлар

Рўзимбой ҲАСАН

Яқинда бир танишим куюниб айтиб қолди: “Ўғлим пойтахтдаги университетлардан бирига давлат гранти асосида ўқишга кирганди. Биринчи курс битирув имтиҳонларининг барчасини “5” баҳога топширибди, аммо уни “ярим контракт” деганга ўтказишибди. Деканига телефон қилиб сабабини сўрасам: “Ўғлингиз барча фанлардан “аъло”га ўқийди, аммо жамоат ишларида фаол эмас, тадбирларда кам қатнашади. Шунинг учун “ярим контракт”га ўтказдик. Айтинг, тадбирларда фаол қатнашсин!” деди”.
Қизиқ, олийгоҳлар талабаларга мута­хассислиги бўйича сабоқ берадими ёки уларни тадбирбозликка ўргатадими? Бечора талаба йил бўйи дарс юкламаларини ўқиган, ўзлаштирган, зарур адабиёт­ларни ўрганиш учун кутубхоналарга қатнаган ва барча имтиҳонлардан “аъло” баҳо олган. Давлат гранти ўрнини сақлаб қолиш, оиласига оғирлиги тушмаслиги учун жонини жабборга берган. Бу ёқда эса… дарс сабоқларини қолдириб (кутубхона қайда эканини ҳам билмай), кунда-кунора бўлиб турадиган тадбирларга ясан-тусан қилганча қатнайдиган бошқа талаба “фаоллиги учун” контрактдан давлат грантига ўтказилган.
…Яқинда давлат идораларидан бири­да тадбирда қатнашдик. Соат 11 да бош­ланган тадбир бир ярим соатда якунланди ва меҳмонларни бир пиёла чойга таклиф қилишди. Дастурхонга фотиҳа ўқилиши арафасида бошлиқ қўл остидаги масъуллар­га эълон қилди: “Соат 15 да вазирликдан кел­ган масъулнинг бир соатлик тадбири бор. Соат 17 да “зўм” йиғилиши бошланади. Ҳамма қатнашиши мажбурий!”
Йўл-йўлакай тизимнинг бир туман бўлими бошлиғи билан суҳбатлашиб кетдик. У афсусланди: “Эрталаб ишхонага кириб, зўрға бешта ҳужжатни ўқиб, имзолаб, ижросига масъулларни тайинлаб, йиғилишга чопдим. Энди яна иккита тадбир билан кунимиз ўтади. У ёқда қанча одам кутиб ўтирибди”.
…Яқинда ёз чилласида сув насоси бузилиб, экинлар қовжираб қолгани сабабли, қишлоғимиздаги фермерни изладим. Қўл телефони ўчирилган. Ўғли билан боғландим. У ҳам отаси қаерда эканини билмайди. Кечқурун фермер қўнғироқ қилди. Ҳали гапимни бошламасимдан, ўз дардини тўкиб-солди: “Ҳозир мажлисдан келдим. Бу ёқда ғўза орасига ишлов бераётган трактор бузилибди. Мен мажлисдаман, эҳтиёт қисмни ким топиб келади? Бир кунни йўқотдик. Йиғилишда бир олим “Ғўза парваришида муҳим давр” мавзусида уч соат маъруза ўқиди”…
Катта ўғлим туман солиқ идорасида ишларди. Бир куни тунги соат иккиларда ҳам ишдан қайтмади. Қўл телефони ўчиқ. Ташвишланиб бошлиқларидан бирига телефон қилсам, “Ўғлингиз вилоятга мажлисга кетган”, деди. “Тунги соат иккида қанақа мажлис?” деб ҳайрон қолганимга изоҳ берди: “Уларнинг бўлимига соат 24.00 га мажлисга айтишганди. Ҳали соат 3.00 да яна бир йиғилиш бор, унга ҳозир ходимларни юбордим”.
Дунёнинг ривожланган давлатлари­дан кириб келган “беш дақиқалик” атал­миш мажлислар баъзи корхона-ташкилот­ларда тушга қадар чўзилганига гувоҳ бўламиз. Ахборот технология­лари тараққий топиши ортидан ходимларга кун­лик топшириқ ва кўрсатмалар бериш тартиби Ғарбда электрон кўринишга ўтди. Иш куни бошланиши арафасида ҳар бир ходим телефонига бугун бажариладиган ишлар режаси ташлаб қўйилади. Бизда эса…
Деярли барча ташкилотларда расман штатда белгиланмаган бўлса-да, амал­да “тадбир ташкилотчиси” мақомидаги ходим бўлади. У йиллик, ойлик ва ҳатто кунлик тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва ташкиллаштиришга бош бўлади. Бу тадбирларнинг замонавий атамалари ғоят кўп: семинар, тренинг, брифинг, давра суҳбати, авлодлар учрашуви, саналарни нишонлаш ва бошқалар.
Тадбир деганларини олиймақом ўтказиш учун тингловчи, иштирокчи, меҳмонлар ва бошқа тоифадаги қатнашувчилар керак. Катта-ю кичик залларни тўлдириш (ахир, бу ҳақда тепага ҳисобот бериш, телевизорда намойиш қилиш керак) учун мавзуга ва соҳага мутлақо алоқаси йўқ одамларни, кўпинча талабалар ва ҳатто мактаб ўқувчиларини ихтиёрий-мажбурий олиб келиш тажрибаси бенуқсон ишлайди. Талаба-ю ўқувчи дарс сабоқларини қолдиради, ярим кун ҳайҳотдек залда уйқусираб ўтиради… бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Муҳими, “тадбир кўтаринки руҳда, тингловчилар фаоллигида ўтгани” ҳақида ахборот бериш керак.
Ўша “тадбир ташкилотчиси” мақо­мидаги ходимнинг фаоллиги ижтимоий тар­моқларда очган саҳифаларига қанча­лик кўп маълумот, хабар, суратлар қўйгани билан баҳоланади. Уларни назорат қилади­ган масъуллар икки-уч кунда хабарлар янгиланмаса, “Нега ишламаяпсан?” деб дағдаға қилади. Гўё ходимнинг иши – ташкилот ва жамиятга фойдаси фақат тадбир ўтказишдан иборатдек.
Тўғри, куннинг долзарб мавзусида ташкил қилинадиган тадбирлар бор. Прези­дентимиз томонидан олға сурилган ташаббус ва лойиҳаларни кечиктирмас­дан ижрога қаратиш, масъулларни тайин­лаш, кунлик ёки ҳафталик ишларни таҳлил қилиш, пайдо бўлган камчилик ёки муаммоларга вақтида ечим топишни назарда тутган мажлис – иш устидаги тезкор танишув-тарғибот тадбирларини қўллаш керак.
Бугун тезкор дунё ислоҳотларни ҳар дақиқада жадаллаштиришни талаб қил­моқда. Ёки четдан таклиф қилинаётган инвесторлар нафақат ҳар цент пули, балки кетган қимматли вақтини ҳам ­эътиборга олади. “Фалон иншоотни фалон байрамга ишга туширамиз”, деган шиорни байроқ қилиб, пайсаллаш замонлари тарихда қолиб кетган.
Алоҳида эътироф этиш керак, Давлатимиз раҳбари амалиётда бўлган турли тонготар мажлисларга чек қўйди. Йодимизда, кеч куз – пахта йиғим-терими вақтида ҳокимликларда кунора мажлис бўларди. Унда пахта режасини бажармаган, кечиктираётган фермер сабаб, барча тизим ходимлари ва илғор, аллақачон режани уддалаган фермерлар ҳам чақирилиб, ҳар бири алоҳида муҳокама қилинарди. Шундай йиғилишлардан бири тунги соат 2 да тугади ва ҳоким: “Пахта режасини бажармаган фермерлар эрталаб соат 6.00 да шу ерда бўлсин!” деган топшириқни берди. Яқинроқда яшайдиган фермерлар уйларига қайтишди, узоқдан келганлари машина ичида бироз ухлаб, яна мажлисга киришди. Тасаввур қиляпсизми, мантиқсизлик қай даражага чиққанини?
Биз бу ўринда кераксиз тадбир­лар “болалаб” кетгани ҳақида гапиряп­миз. Масалан, миллий ҳунармандликка бағиш­ланган тадбирга барча туманлар­дан бир-икки ҳунармандга тайёрлаган маҳсулотларини олиб келиш мажбурий белги­ланади. Ҳунарманд барча иши­ни йиғиштириб, машина ёллаб ўз маҳ­сулотларини тадбир олдидан ташкил қилина­диган кўргазмага олиб боради. Тадбир иштирокчилари ярим соатча кўргазмани кўздан кечиргач, анжуманнинг назарий қисми бошланади. Ҳунармандлар эса маҳсулотларини йиғиштириб, машинага ортиб, ўз ишхонасига қайтиш ташвишида қолади. Кимдир юз чақирим йўл босиб келган – ярим соатлик кўргазма деб куннинг ярми, ҳатто кўпроғини йўқотди. У шу муддатда яна қанча маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин эди-ку!
Ёки буғдой, чигит экиш, уларнинг парваришига бағишланган семинарларни олайлик. Воҳанинг ҳар бир туманида тупроқ таркиби, сув йўллари тизими турлича. Асрий қумликларга ёндош ҳудудларда шўри ювилган майдонлар бошқа ҳудудлардан ўн беш кун олдин экишга тайёр бўлади. Ҳосили ҳам олдинроқ пишиб етилади. Ҳар бир фермер ўзи деҳқончилик қилаётган ер майдонидаги тупроқнинг таркиби, шўрланиш даражаси, экиш ва ишлов бериш, суғориш муддатларини яхши билади – кўп йиллар бу борада яхшигина тажриба тўплаган. Аммо тамомила бошқа ҳудудда ўтказиладиган семинарда нутқ ирод қиладиган мутахассислар ва олимларнинг маърузаларини соатлаб эшитиб ўтиради. Яна пойтахтдаги қайсидир кабинетда ўтириб ҳисобот тайёрлайдиган мутахассисларнинг қай бир илмий китоблардан кўчириб олган тавсия-ю йўриқномаларини тинглашга, улардан кўчирмалар олишга мажбурлигини айтинг!
Соғлиқни сақлаш мавзусидаги тад­бирларга зални тўлдириб ўқувчи ёки талабаларни олиб боришни тушуниш мум­киндир. Негаки, соғлиқ барча учун муҳим. Аммо фақат соҳа ходимларига асқотадиган, тор доирада тушуниладиган, масалан, чорва молларида мавсумий касалликлар мавзусида ташкиллаштирилган тадбирларга талаба-ю ўқувчиларни жалб қилиш кимга керак?
…Қишлоғимизда эрталаб рўй берган оилавий можарони ҳал қилишга маҳалла раиси­ни чақиришга тўғри келди. Раис туманда йиғилишда экани, фалон соатлардан сўнг бориши мумкинлигини айтди. Раис келгунча кун пешиндан оғди. Бу вақтда эр-хотин ўртасидаги можаро авжга чиқиб, қудалар аллақачон юз кўрмас ҳолатга боришган, келиннинг кўчини машина­га юклашаётганди. Қудаларни яраш­ти­риш учун раис бир соатлар тер тўкди. Кетаётиб: “Керак-керакмас маж­лис-у тадбир­­ларга чақираверадилар. Яна “маҳаллада осойиш­талик бўлсин!”  деб буйруқ бериш­ларини айтинг!” деб ўкинди.
Президентимиз яқинда маҳалла тизими ислоҳотларига бағишланган йиғилишда “Маҳалла “еттилиги”нинг ярим куни турли мажлисларда ўтмоқда!” деб масъулларга қаттиқ танбеҳ бергани бежиз эмас.
Бу борада ҳам жадид боболаримиздан ибрат олсак арзийди. Улар ўзлари ўртага ташлаган илм-маърифат соҳасини ислоҳ қилиш ғояси тарғиботини амалий иш билан кўрсатиб берган, катта-ю кичик йиғинларда соатлаб маъруза ўқима­ган. Шу боис, жадидлар чоп қилган вақтли нашрларда ҳам: “Фалон ишимиз тарғиботи учун жойларда фалонча тад­бир ўтказилди” қабилидаги хабарларга кўзи­миз тушмайди.
…Ёш аёл оғир дарддан ўтиб қолди. Жаноза вақтини белгилаш, маҳаллага жарчи юборишдан олдин имом билан қўнғи­роқлашдик. Имом вилоятдаги бир тадбирга кетаётгани, пешинда қай­тиши­ни, жаноза вақтини шунга қараб белги­лашимизни таклиф қилди. Мусибат тушган хонадон яқинлари – аёлларнинг бу муддатда йиғлайвериб кўзларида ёш қолмади, марҳуманинг синглиси қон босими кўтарилиб, икки марта “Тез ёрдам” чақиришимизга тўғри келди…

“Жадид” газетасининг 2025-йил 7-ноябрдаги 44-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859