28.11.2025 | 12:49
203
ЮРАГИ ЎЗБЕККА АЙЛАНГАН ДУГОНАМ
Шоҳсанам НИШОНОВА

ОҚ ЎРИК
Бу аёл билан ўрик соясида танишганмиз. У тўкилган меваларни тераётган пайтда қизимнинг ўрик егиси келди. Аравачадаги укасининг йиқилиб кетишидан хавфсираб, дарахтга яқинлашолмай турган эдим, қийиқкўз, нимтабассумли аёл меваларини биз томон узатди. Кийиниш услубини ҳисобга олмаганда, ўзимизнинг аёлларга ўхшаб кетади. Бир дона ўрикни қизимга узатиб, унга “спасибо” дедим. Ўзинг учун олмадинг-ку, дегандек қўярда-қўймай яна мева берди. Рус тилида айтган “раҳмат, етади, керак эмас” каби сўзларимга жавоб ололмагач, инглизча айтдим. Шунда у қизиқ қилиб “рамаат”, яъни “раҳмат”, деди жилмайиб.
Гоҳ инглизча, гоҳ ўзбекча, гоҳ имо-ишоралар билан “умуминсоний” тилда кечган мулоқотдан кейин маълум бўлдики, бу хонимнинг исми-шарифи Ми Жунг Жанг, кореялик. “Юртингизга келишимдан аввал танишларим менга инглиз ёки рус тилини ўрганишимни маслаҳат беришди. Чунки Кореяда бошқа тилларда адабиётлар етарли, аммо ўзбек-корейс тили бўйича луғатлар топиш жуда мушкул, йўқ ҳисоби. Тўғри, бу ерда рус, инглиз тилини биладиганлар, айниқса, ёшлар жуда кўп экан, аммо мен ўзбекистонликларга ҳурмат юзасидан ўзбек тилини ўрганишга киришдим”, деди у.
Шундан кейин кунора кўришадиган бўлдик, тилни жонли мулоқотда ўрганишни афзал кўрар экан. Уйга таклиф қилдим. Мўъжаз китоб жавонимизни кўрган Ми Жунг хоним шундай ҳайратландики, унга китоблар совға қилмоқчилигимни билиб, ҳайрати баттар ошди. Дастлаб ўзимнинг кафтдеккина биринчи китобимни, кейин каттароқ адабиётлар, адабий-бадиий журналларни кўрсатдим. У кейинги сафар олишини айтиб, журналларни уйимда қолдирди. “Аввал шу китобни ўқиб, сизга имтиҳон топшириб, кейин бошқа китобни ўқийман”, деганига ҳайрон қолдим, рости. Тайёр китоблар оламига тушиб қолсанг-у, кафтдеккина китоб билан чеклансанг.
Ҳа, уларда одат шундай экан – китоб йиғишдан кўра кўпроқ ўқишга қизиқаркан. Ўша кундан бошлаб мен ҳам ярмида тўхтаб қолган китобларимни ўқишга киришдим…
АСАЛ ОЙИ ЎЗБЕКИСТОНДА
Халқимизнинг “Қиш ғамини ёзда е” деган доно нақлига амал қилиб шарбат ва тузламалар тайёрлаётсам, телефонимга хонимдан хабар келди. Кўришгани вақтим йўқлигига ишора қилиб жараёндан видеолар жўнатдим. Орадан бир соатлар ўтиб корейсча овқат ва ўрикли мураббо солинган пакет эшигим олдида турибди. “Сизни безовта қилмай, овқат сиз ва болаларингиз учун етарли, менимча. Бу бизнинг миллий таомимиз кимбап, сизга ёқади, деган умиддаман”, деган хабар қолдирибди. Ундан дарҳол ортга қайтишини илтимос қилиб мен ҳам совға бериб, қайта бундай овора бўлмаслигини таъкидладим. “Сиз менга қимматбаҳо совға – китоб бердингиз, эвазига терган ўрикларимни қолдирай, десам, кўнмадингиз. Бугун уларни мураббо қилиб келдим. Сиз меҳрибон инсонсиз, болалар билан осон эмас шунча иш”, дея қўшимча қилди. Эҳ, Ми Жунг хоним, ўзбек аёлларининг меҳнаткашлигини кўрмабсиз, дедим ичимда.
Ми Жунг хонимнинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи жаноб Си Чан Парк автомобилларнинг янги кўринишларини яратадиган дизайнер. У юртимизга шартнома асосида ишга таклиф қилиниб, янги лойиҳалар устида ишлаётган экан. Ми Жунг эса аниқ фанлар соҳасида ўқиган бўлса ҳам, ижодни ҳис қилади, турмуш ўртоғини яхши тушунади, қўллаб-қувватлайди.
Етти йиллик муҳаббат қиссалари ширингина тўйга уланиб, ўтган йили никоҳдан ўтишибди. Хоним 50, жаноб 52 ёшда. Дугонамнинг айтишича, Жанубий Кореяда эрта турмуш ёши 30-35, нормал турмуш тарзи 40 дан юқори ҳисобланар экан. Куйов бўлмиш тўйдан роппа-роса бир ҳафта, Ми Жунг эса икки ой ўтиб Ўзбекистонга келибди. “Асал ойимиз Ўзбекистонда жуда мароқли ўтяпти. Корея кичик мамлакат, ўқиш, ишлаш қийин, шунинг учун тушкунлик кайфияти юқори. Масалан, илк кўришганимиздаёқ мени уйингизга таклиф қилдингиз. Ишонч учун раҳмат, аммо бизда ундай эмас. Қолаверса, турмуш ўртоғингиз билан ҳам таништирдингиз. Оилангизга яқин кўрганингиз учун ташаккур. Ҳа, айтганча, турмуш ўртоғингиз чиройли экан”, деди у кулиб суҳбатларимизнинг бирида.
“Барибир, одам ватанини соғинади, – деди дугонам. – Кеча Мейжиксити (“Магиc city”)даги асосий фавворани ёқишган пайтда корейсча мусиқа янгради. Яна айнан мен ёқтирадиган классик мусиқалардан. У пайтдаги ҳолатимни тасвирлаб беролмайман, болалигим, онам, сингилларим кўз олдимдан ўтди. Шунинг учун у ерга ҳар куни боришни мақсад қилдим, аммо энди йиғламасликка ҳаракат қиламан”.
“ПАМКИН СОМСА…”
У саёҳатларга бориб келди. Гоҳ Бухоронинг қадим кўчаларидан, гоҳ Хиванинг азим минорларидан, қўшиқларидан гап очиб, гоҳ лазгининг бир-икки ўрганган муқомларини ҳам кўрсатиб берса, гоҳ мазали таомларидан тўйиб еганини сўзлаб берарди. Унинг сўзларини мириқиб тинглаш чоғида, бора-бора талаффузидаги камчиликлар камайганини сезиб қувонаман. Билишимча, дугонамга “памкин” (ошқовоқ) сомса ёққан кўринади, унга тайёрлаб беришга ваъда бериб, ўзбекчада “қовоқ сомса” дейилишига ишора қилдим. У тилимизга катта ҳурматсизлик қилганликда ўзини айбдор санаб, бошини эгиб-эгиб, қайта-қайта узр сўрайди. Мен унга ҳаммаси жойида эканини айтиб жилмаяман. Шундай қилиб, қовоқ сомса тугишга киришиб кетамиз. У ҳам бизга ёрдамлашади. Бизнинг дўстлигимизга эътиқодларимиз, миллатимиз фарқли экани аҳамиятли эмас эди.
“Шоҳсанам, ўрикни соғинаман”, деб қолди у гап орасида. “Ў, туппа-тузук шоира бўлиб кетасизов яқинда, қаранг, образли чиқяпти гапларингиз”, дейман уни илҳомлантириш учун.
Унинг сафари якунига етаётганини сезиб, юрагим сел бўлади. Уни Кореяга қўйиб юборгим келмайди. Кинодаги машҳур иборадай, уни ҳамма яхши кўради, мен, болаларим, қўшниларим…
Бизда чиройли хотин-қизларни эркалаб, “оқ ўрик” деб қўйишади. Ми Жунгга бу эркалаш айнан мос тушар экан. Бу ёғи ўзбекчилик, ҳурматли одам исми эмас, мақоми ё тахаллуси билан айтилади. Хуллас, унинг миллати корейс, юраги ўзбекка айланган эди.
“Жадид” газетасининг 2025-йил 21-ноябрдаги 47-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



