02.12.2025 | 16:32
138
ТАРИХИЙ ТАЪРИХ
Тарихдан маълумки, XX аср бошида большевиклар Россияда ҳокимиятни қўлга олгач, Халқ комиссарлари советининг дастлабки ҳужжатлари – Сулҳ ва Ер ҳақидаги декретлардан сўнг, “Россия халқлари ҳуқуқлари декларацияси” эълон қилинган ва унда “Россия халқларининг ажралиб чиқиш ва мустақил давлат ташкил этишгача бўлган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи” ҳам белгиланган эди. Хўш, бу ҳужжатга ишониш мумкинмиди? Ўша даврда бунга ишонганлардан ишонмаганлар кўпроқ бўлди. Лекин нима бўлганда ҳам бу қонуний имкониятдан фойдаланиб қолиш керак эди. Чунки бундай шароит яна бўладими-йўқми, Худо билади.

Шу тариқа, 1917 йил 12 ноябрда Тошкентда турли мусулмон фирқалари ва уюшмаларининг бирлашган маслаҳат қурултойи бўлиб ўтади. Қурултой “Ҳокимиятнинг аскар, ишчи ва деҳқон депутатлари совети қўлига ўтиши муносабати билан Туркистон ўлка мусулмонлари сезди бутун Туркистоннинг тўқсон саккиз фоизини ташкил қилувчи ўн миллион жон мусулмонлар Россия инқилоби ваъда этган озодлик, тенглик ва биродарлик асосида миллий-маданий ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга деб топади”, деган мазмунда қарор қабул қилади. Шундан сўнг, Туркистон ўлкасида мухтор ҳукумат барпо этиш ҳаракати бошланиб кетади.
Бироқ юқори идораларида бирорта маҳаллий миллат вакили бўлмаган Тошкентдай шаҳри азимда болшевикларнинг таъсири кучли эди. Шу сабабли, эрксевар кучларнинг нигоҳи Хўқандга – бир вақтлар йирик бир хонлик пойтахти бўлиб турган, 600 дан зиёд масжид, 60 дан ортиқ мадраса, 6 та марказий бозор, ўнлаб тармоқ бозорлар, 30 дан ошиқ саноат корхонаси, ўнлаб банк, савдо уйлари, ширкат ва молиявий уюшмалар, энг асосий божхона жойлашган, темир йўллар чорраҳаси ҳисобланган, адабиёт, санъат ва ҳунармандчиликда ўз муҳит ва мактабларини яратган, аҳоли нуфуси юз мингдан ошган Хўқанди латифга қаратилди.
1917 йил 26 ноябрда Хўқанднинг Пахта биржаси (эски театр, ҳозирги мусиқа мактаби ўрнида) биносида ўлка мусулмонларининг тўртинчи фавқулодда сезди бўлиб ўтди. Съездда пойтахти Хўқанд бўлган Туркистон мухтор ҳукумати ташкил топгани эълон қилинди. Мухторият идораси Туркистон халқ бошқаруви (54 киши), Туркистон вақтли Кенгаши (32 киши) ва ҳукумат (45 киши)дан иборат деб белгиланди. Бу оламшумул (ҳа, оламшумул, зеро, у дунёда биринчи мухторият ҳукумати эди) воқеага бағишлаб шоирларимиз томонларидан бир қанча таърихлар ёзилди.
Мазкур таърихлар Туркистон Мухторияти тузилгани ҳақида қуйидаги эълон – варақанинг ҳошияларига битилган эди:
“ЯШАСУН ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИ!
Туркистон мусулмонларининг дўртунчи фавқулодда қурултойи Туркистон ўлкасида бўлғон халқларнинг хоҳишлари бўйинча буюк Русия инқилоби тарафидан берилган асосларга биноан федерация асосига қурулғон Русия Жумҳурияти ила бирликда қолғони ҳолда, Туркистонни ерлик мухториятли, яъни территуриялний афтунумиялик эълон қиладур. Бу мухториятнинг на суратда вужудга қўйилмоғини яқин орада йиғиладурғон Умумтуркистон халқининг Учридителний Собраниясиға (Туркистон Мажлиси мусулмони)га тобшурадур.
Шунинг ила баробар, Туркистон ўлкасида озчиликни ташкил қилғон миллатларнинг ҳуқуқларининг ҳар жиҳатдан сақланилмоғини ҳам тантанали суратда баён этадур.
Шаҳри Хўқанд. Ҳижрия 1336, сана 25 сафар ал хайрия, милодий 1917 йил 27-нўябр”.
Қуйида Туркистон Мухториятининг ташкил топиши муносабати билан битилган таърихлардан намуна келтирамиз.
Муҳаммад ЯҲЁХОН ХЎҚАНДИЙ,
Қўқон давлат музей қўриқхонаси илмий ходими
___
ТУРКИСТОНДА ЯНГИ ДАВЛАТНИ ИБТИДОЙИ ЗУҲУРИҒА ТАЪРИХ
Чустлик Домулло Саъдуллохон Аъламдан
Уйғонинг аҳбоблар, то чанд ўлурсиз масти хоб,
Кўрсатур Ҳақ охири бедорға роҳи савоб.
Етди бир айём Ҳақ инъомидин Фарғонаға
Қилғон эрди дабири оқил ҳаргиз китоб.
Тобқуси оройиш – у тазмин ила кўб интизом,
Одатан обод бўлур ҳар мулкким, бўлди хароб.
Бўлди Туркистон элидин муслимин жамъияти
Ҳар бири Туронзамин арбобидин бир интихоб.
Марказ Фарғона, дорулмулки Хўқанди латиф,
Ул жамоат ақлидин тобти зиё-и офтоб.
Ройизан бўлди ҳама бу мулкни тадбири учун
Кайқубод ўрнига қўймоқчи бу кун Афросиёб.
Дониши арбоб савол айлади ҳар бобдин,
Бир тарафдин раҳм эли айтур эди рангин жавоб.
Мустабид шоҳи муваққат азлини сўйлар хатиб,
Янги давлатни асосидин қилур эрди хитоб.
Бор эдим ман ҳам ўшал мажлисда бир курсинишин,
Бир жамоатдин бўлуб эрдим у кун ноиб маоб.
Мажлиси саргарм нотиқлар бари ширин мақол,
Элни ҳайратға солур бу касрати баҳс-у жавоб.
Афтўнумия ароға солдилар эълонини,
Учр. собранийя мустаҳкам қилур ҳозо жавоб.
Иттифоқ ўлди ҳама мажлис эли берди қарор,
Ерли Мухториятиға учр.да бир сўз жавоб.
Ушбу ижмои саодат тавоми матлубимиз
Қўлға келғуси дурур, валлоҳи аълам биссавоб.
Хатми мажлис ояти Қуръон ила тобти камол,
Бўлғумиз Аллоҳи акбар бу мақосидға мужоб.
Шаҳар халқи ул куни озодлик байроқини
Кўрсатиб жамъ бўлдилар, онларда йўқ ҳадди ҳисоб.
Жомеи Жаннатмаконда Ҳаққа айлаб илтижо,
Такбир айтиб кўб дуолар қилди, бўлғай мустажоб.
Аълами Чустийи Саъдий ном тахаллусим мани,
Янги давлат ибтидосин айладим назми китоб.
Маркази Фарғона бу давлат била бўлғай рафиъ,
Лафзидин таърих олинди, бўлди беранж-у ҳисоб.
Истадим пири хираддин янги давлат таърихин,
Зоҳир ўлғуси деюб, Фарғонадин берди жавоб.
Саъдуллохон Аълам ашъоридаги таърих моддаси “Фарғонадин берди жавоб” жумласидадир.
Яъни, абжад ҳисоби билан ҳижрий 1336-сана (милодий 1917) келиб чиқади.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



