11.12.2025 | 16:15
211
ЧИН СИНЧИ
Тилнинг ғоят мукаммал ва беназир муҳташам бир синоат эканлиги кундай равшан ҳақиқатдир. Бу синоатнинг бутун мағз-у моҳияти, жонзотга инсон деган олий рутбани ато этмоқдай азалий ва абадий вазифаси бу сеҳркор қудратда зоҳир бўладиган минг бир хил мазмун замзамалари-ю сарҳадсиз тасвир ва таъсир имкониятларининг кўламини тасаввур ва тахайюл этмоққа кўпда инсон ақли ожизлик қилади.
Зеро, улуғ Алишер Навоий инжа таъбир ила шундоғ демишлар:
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билки, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.

Ўзбек тили ер юзидаги қадимий тиллардан биридир, унинг тарихи, бугуни ва келажагини ўрганиш бениҳоя шарафли ва муқаддас юмушдир. Бу ҳақиқатларни теран англаган, ўзбек ва бошқа туркий тилларни батафсил илмий тадқиқ этишни мунтазам мақсад қилган, ўзбек тилшунослигининг дарғаларидан бири, тил синоатининг чинакам ва ҳассос синчиси академик Ғанижон Абдураҳмоновнинг илмий фаолияти ҳар жиҳатдан ибрат намунасидир. Бу улкан аллома бугун ҳаёт бўлганларида, бир аср билан юзлашган бўлар эдилар. Тил ва тилшунослик илмига адоқсиз эътиқод билан қараган Ғанижон Абдураҳмонов илмий-тадқиқот фаолиятини анчайин эрта бошлаган. У педагогик фаолият олиб бориш билан бир қаторда профессор Улуғ Турсунов раҳбарлигида “Ҳозирги ўзбек тилида сифатларнинг отлашуви” мавзусида номзодлик ишини тайёрлаб, 25 ёшида, яъни 1950 йилда муваффақиятли ҳимоя қилган. 1960 йилда эса олим 35 ёшида “Ўзбек адабий тилининг қўшма гап синтаксиси асослари” номли иши учун филология фанлари доктори илмий даражасини олган.
Аллома тилшуноснинг илмий ва илмий-методик тадқиқ нигоҳи серқамров, тилшуносликнинг айтарли барча соҳалари ва долзарб муаммоларини эътибордан четда қолдирмаган. Унинг илмий изланишлари доираси фонетика, морфология, синтаксис, тил тарихи, тарихий фонетика, қиёсий грамматика, қадимги ёдгорликлар тили, миллий тиллар тараққиёти, нутқ маданияти ва услубшунослик, бадиий тил муаммолари каби тилшуносликнинг хилма-хил йўналишларини, шунингдек, олий, ўрта махсус ҳамда ўрта таълимда она тилини ўқитиш каби қатор соҳаларни ўз ичига олади. Закий тилшуноснинг деярли ҳар бир китоб ёки мақоласида, албатта, янги бир қараш ёки янгича бир илмий талқин манаман деб туради.
Ер юзидаги, каттадир-кичикдир, деярли барча тилларнинг негизини грамматика ва сўз бойлиги ташкил этади. Зотан, туркий тил грамматикасининг расолиги жуда кўп ғарб олимларини ҳайратга туширган. Қадимги туркий тилнинг таранг мантиғи-ю расо қоидалари, сўнги йўқ синоатлари ҳақида улкан олмон алломаси, шарқшуноси Макс Мюллер шундай деган эди: “Туркийчанинг грамматика қоидалари шу қадар бемисл ва гўзалдирки, бу тилни тилшунос олимларнинг бир ҳайъати шуур билан вужудга келтирган деб ўйлаш мумкин”. Маълумки, Марказий Осиёдаги, Туркистондаги ҳозирги туркий тилларнинг шаклланишида чиғатойча (ўзбекча) алоҳида ўрин тутган. Мазкур тил узоқ вақтлар бу улкан ҳудудда адабий тил вазифасини бажарганлиги ҳам сир эмас. Бу ҳол ўзбек тилининг нуфузи эскидан баланд бўлганини кўрсатади. Буларни жуда яхши билган Ғанижон Абдураҳмонов ўз илмий фаолиятида туркий тилларнинг, хусусан, ўзбек тилининг грамматикаси, айниқса, синтаксиси тадқиқига алоҳида эътибор берган. Ўзбек тилшунослигида қўшма гап синтаксиси асосларининг мукаммал назарий тарҳи бевосита Ғанижон Абдураҳмонов томонидан яратилган.
Ўзбек тилшунослигининг катта ютуғи сифатида эътироф этилган, ЎзФА Тил ва адабиёт институти илмий ходимлари томонидан яратилган икки жилдли “Ҳозирги ўзбек адабий тили” ва икки жилдли “Ўзбек тилининг грамматикаси” (1975) асарларида Ғанижон Абдураҳмоновнинг мазкур назарий қарашлари ўз аксини топган. Профессор Абдулҳамид Нурмонов ҳақли равишда таъкидлаганидек, “Илгари гаплар объектив воқеликни ифодалаши ва предикатив белгисига кўра дихотомик тамойил асосида икки гуруҳга – содда ва қўшма гапларга ажратилган бўлса, кейинги икки асарда гаплар ана шу белгисига кўра политомик тамойил асосида содда, мураккаб ва қўшма гапларга ажратилди. Содда ва қўшма гаплар юқоридаги белгиларга кўра зидланишнинг икки қутбида турса, мураккаб (мураккаблашган) гаплар бу зидланувчилардан ҳар иккисининг муайян белгиларини ўзида намоён этувчи оралиқ ҳолат қилиб кўрсатилади. Бу фикр Ғанижон Абдураҳмонов томонидан 1971 йилда Москвада нашр этилган “Туркий тиллар тузилиши ва тарихи” тўпламидаги “Мураккаблашган гаплар синтаксиси” мақоласида акс этди” (Нурмонов А. Ўзбек тилшунослиги тарихи. –Т.: “Ўзбекистон”, 2002. –Б.205).
Тилшунослигимизда “боғловчисиз қўшма гап” тушунчасининг юзага келиши ҳам бевосита Ғанижон Абдураҳмонов номи билан боғлиқдир. Ўзигача илмий ўрганилмаган ва тилшунослигимизда айтарли таърифланмаган мазкур синтактик бирликларни атрофлича тадқиқ этиб, ана шундай тузилмаларнинг ўзбек тилида мавжудлигини асослаб берди ва бевосита илмий муомалага олиб кирди. Тилимизнинг тарихи-ю бугунини, унинг ривож-у равнақ йўлларини жуда теран билган ҳассос тилшунос ўзининг профессор Шариф Шукуров билан ҳаммуаллифликда яратган “Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси” китобида боғловчисиз қўшма гапларни шундай таърифлаган: “Боғловчисиз қўшма гаплар қўшма гапларнинг ибтидоий формасидир. Бунинг сабаби шуки, боғловчи иштирокисиз, фақат интонация ёрдами билан боғланиш қўшма гап тузишнинг энг оддий усулидир”. Шубҳасизки, мазкур китобнинг яратилиши ўзбек тилини диахрон тадқиқ этишни янада юқори поғонага кўтарди.
Ғанижон Абдураҳмонов қадимги ва эски туркий тили бўйича ҳам бир қатор илмий тадқиқот ишларини олиб борди. У тарихий тилшуносликнинг фидойи намояндаси сифатида тарихий манбаларни тадқиқ этиш ва уларни нашр қилишда ҳам фаоллик кўрсатган. Хусусан, қадим тилимиз луғат бойлигининг чин хазинабони Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит турк” асарининг нашрга тайёрланиши ва индекс-луғатининг тузилиши (1960–1967), Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари нашр этилишида (1971) унинг ҳаммуаллиф, масъул муҳаррир сифатидаги хизматлари салмоқлидир. Кейинчалик ҳам Ғанижон Абдураҳмонов бу манбалар устида ишлашни давом эттирди ва 2010-2011-йилларда ҳамкорликда “Қутадғу билиг” асари қўлёзмалари асосида 5 жилдли илмий-танқидий матнини тайёрлаб, русча таржимаси билан эълон қилди.
Чинакам маънодаги синчи туркийшуноснинг “Эски туркий тил синтаксиси бўйича тадқиқотлар (ХI аср)” китобининг рус тилида Москвада нашр этилиши (1967), академик Алибек Рустамов билан ҳамкорликдаги “Қадимги туркий тил” (1982) китобининг нашр қилиниши ўзбек туркийшунослигини янги босқичга кўтарганлигини эътироф этмаслик мумкин эмас.
Тил тарихи ва тилшунослик илмининг беназир билимдони сифатида Ғанижон Абдураҳмонов ўзбек адабий тилининг тарихини даврлаштиришдай муаззам ва мураккаб масалага ҳам жиддий эътибор билан қараган. Олим ўзигача бўлган турли даврларда турли олимлар томонидан илгари сурилган тил тарихини даврлаштириш бўйича қарашларини таҳлил қилади ва ўзининг бу борадаги илмий асосланган, ишончли тарихий-лисоний далиллар тақозоси ўлароқ ўзбек тили тарихини даврлаштиради. У “ўзбек адабий тили тарихида қуйидаги даврлар ажралиб туриши”ни таъкидлайди: I. Энг қадимги туркий тил (VII асргача бўлган давр). II. Қадимги туркий тил (VII асрдан ХI асргача). ИИИ. Эски туркий тил (ХI асрдан ХIII асргача). IV. Эски ўзбек адабий тили (ХIV асрдан ХIХ асргача). В. Янги ўзбек адабий тили (ХIХ асрдан ХХ асрнинг бошларигача). VI. Ҳозирги замон ўзбек тили. Табиийки, бу даврлар ҳам тарихий, ҳам тегишли лисоний далиллар асосида батафсил тавсиф ва таъриф қилинган. Таъкидлаш жоизки, олимнинг ўзбек адабий тили тарихини бундай даврлаштириши туркийшуносликда эътироф этилган.
Тилни туганмас сир-у синоат олами деб билган Ғанижон Абдураҳмонов бадиий асар тилини ўрганиш, тадқиқ этиш заруриятини ҳамиша таъкидлаб келган, тил ўзининг бадиият бобидаги бутун инжаликларини тўласича намоён қилмоғи учун бадиий матндай сарҳадсиз майдонга кирмоғи табиий эканлигини яққол кўра ва кўрсата олган филология донишмандидир. Ўтган асрнинг 60-йилларидаёқ мактаб таълимида ҳам, олий мактабларнинг тегишли йўналишларида ҳам бадиий асар тилини ўрганишнинг фавқулодда муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаган. Таълим жараёнларининг ҳамиша ичида (вазир, ректор, профессор мақомларида) бўлган олим Ғанижон Абқдураҳмонов “Адабий асар тилини ўрганиш ҳақида” номли мақоласида шундай ёзган: “Шуни эсда тутиш керакки, асарнинг тили асарнинг мазмунини таҳлил қилгандан сўнг эмас, балки унинг мазмуни билан баробар олиб борилиши зарур… Ёзувчи умумхалқ тилининг бой имкониятларидан фойдаланиб, адабий тилни бойитади, мукаммаллаштиради. Ёзувчининг мазкур имкониятлардан қандай фойдаланганини ўрганиш асосий вазифалардан биридир”. Олим бунда асарнинг синтактик структураси билан боғлиқ кузатишларни олиб бориш, нутқий услуб ва услубларни кўчириш муаммоларини тадқиқ қилиш, ёзувчининг жонли халқ тилидан фойдаланганлик даражасини аниқлаш, ёзувчи яшаган даврни эътиборга олиш каби масалаларни ҳам назарда тутиш лозимлигини таъкидлайди.
Мамнуният билан айтиш лозимки, Ғанижон Абдураҳмонов бутун умри давомида устоз деган беҳад шарафли номни адоқсиз ҳузур билан елкалаб ўтди. Устоз олий ўқув юртлари, академик лицей ва ўрта мактабларда тил ўқитиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича ҳам самарали меҳнат қилди. Унинг олий ўқув юртларининг филология факультетлари талабалари учун ёзган “Ҳозирги ўзбек адабий тили. ИИ қисм. Синтаксис”, “Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси. Морфология ва синтаксис”, “Ўзбек тили грамматикаси (синтаксис)”, “Қадимги туркий тил”, нофилологик олий ўқув юртлари талабалари учун ёзган “Ўзбек тили ва адабиёти”, академик лицейлар учун ёзган “Ҳозирги ўзбек адабий тили”, ўрта мактабларнинг Х–ХI синфлари учун яратган “Она тили” дарсликлари бир неча йиллар мобайнида қайта-қайта нашр қилиниб, ҳозиргача ҳам ёшларни ўзбек тилининг соҳир хазинаси билан ошно қилиб келмоқда.
Улуғ устоз, тилимиз синоатининг чинакам синчиси академик Ғанижон Абдураҳмонов қолдирган бениҳоя рангин ва залварли илмий мерос ҳали жуда кўп миннатдор шогирдлар шуурини нурафшон қилаверади.
Низомиддин МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор
“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 декабрдаги 49-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
829
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
822
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
857



