Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


30.12.2025 | 12:24

img443

“НЕКИ ТОПГАН БЎЛСАМ, ТЕАТРДА ТОПДИМ”

Ўзбекистон халқ артисти Рихси ИБРОҲИМОВА билан суҳбат

– Аяжон, “Шоҳ Эдип” – буюк Шукур Бурҳон (Эдип) ҳамда Сора Эшонтўраева (Иокаста) бош ролда бўлган спектаклда Римма Аҳмедова иккингиз ҳам саҳнага чиққансиз. Ёзиб олинган тасвирларни кўриб, одамни ҳаяжон босади. Буюклар билан роль ўйнаш осон бўлмагандир, тўғрими?

– 71 йилдан бери саҳнадаман – бир инсон умри. Ўзи 17 ёшга тўлар-тўлмас театрга келганман. Институтдаги дарс бир томон бўлса, саҳнада кўриб, ўрганганларим бир томон бўларди. Одам ёшлиги ўтган жойларга бир умр бўлакча меҳр билан қарар экан.

Сиз айтган роль учун ҳам рақобат кучли эди. Лекин иккаламизни танлаб олишди. Ана шу буюклар билан бир саҳнада роль ижро этиш энг катта мактаб бўлди бизга. Нафақат “Шоҳ Эдип”, балки саҳнадаги ҳар бир йилим, ҳар бир чиқишим йодимда туради. Тўғри, кейинчалик кинога тушдим, телевидение ва радиода чиқишлар қилдим. Лекин театрда, шоира Ҳалима Худойбердиева таъбири билан айтганда, “энг шоҳ кунларимни яшадим”.

Яхши-ёмон кунлар ўтди. Кун ўтгани майли-ку, не-не устозлар ўтиб кетди. Бундоқ десангиз, бугун тенгдошларим ҳам саноқли қолди. Ёмон алам қиладигани – шогирдларнинг вафоти экан. Аммо одам кўнар экан, кўникар экан. Ҳаёт мана шундай йўқотиш ва топиш оралиғида ўтаркан.

Яхши эслатдингиз, Иокаста чўриси ролида эдим ўшанда. Шу мактаблардан ўтгандан кейин бош роллар ишониб топширилди бизга. “Мирзо Улуғбек”да – Феруза, Гавҳаршодбегим, “Алишер Навоий”да – Гули, “Ҳамлет”, “Қирол Лир”, “Отелло”да – Офелия, Карделия, Эмилия, “Ганг дарёсининг қизи” спектаклида Ҳемноли образини ўйнадим. Шунингдек, “Диёнат”, “Дунёнинг ишлари”, “Алишер Навоий” видеофильмлари ва “Шум бола”, “Олов қўйнидаги фаришта”, “Келинлар қўзғолони”, “Юзсиз”, “Кеча ва кундуз” бадиий фильмларида турли образларни гавдалантирдим.

Театрга энди келган пайтимда Аброр Ҳидоятов оламдан ўтган эди. Мен тўғри Сора опамнинг қўлига бориб тушганман. Биринчи устозим у киши. Бирин-кетин ролларини менга топшира бошладилар ўшанда: “Энди менинг ҳам устозим, ҳам саҳнадошим ўтди. Сизни секин тайёрлаб бораман. Агар баъзи жойлари ёқмаса, менинг уйимга келиб репетиция қиласиз”, деган пайтлари бўлди. Шу сабоқлар билан Москвага ўқишга борганман. Ишонсангиз, ўша вақтда марказий матбуот: “Рихси Иброҳимова деган ўзбекистонлик актриса кашф этилди, тайёр актриса қабул қилдик”, деб ёзиб чиққан. Бу шов-шувлар Ўзбекистонда ҳам акс садо берган, албатта.

– Бунча шон-шуҳрат, устозлар сийловидан бошингиз айланиб қолмаган­ми? Очиқчасига айтганда, “юлдузлик касали”га чалинганмисиз?

– Кўз олдингда улкан тоғ, пурвиқор чўққи­лар турганида, қирга чиқиб бошинг айланадими, она қизим. Хурсанд бўлганмиз, дугоналарга, тенг-тўшларга мақтанганмиз. Лекин театр остонасидан ҳатлашимиз билан баландпарвоз хаёллардан ерга тушардик.

Тасаввур қилинг, атрофингизда дунёга маш­ҳур санъаткорлар вазмин, сипо юрган бир вақтда сизнинг машҳурлигингиз қаерга борарди? Устозлар олдида ҳамиша шогирд бўлиб қоламиз. Чунки улуғларимиз ана шундай хокисор одамлар эди. Ҳозиргина саҳнада қирол ё малика ролини ўйнаб, ярим соатлаб олқиш олган бўлса ҳам, гримхонадан чиққач, оддий одам сифатида гаплашиб кетаверарди. Юксак мукофот олиб қайтган пайтлари ҳам на юриш-туриши, на гап-сўзида кибрни сезмасдик. Улар, аввало, ШАХС сифатида шаклланган эди.

– Ҳар бир истеъдоднинг ўз бадали, тўлови бор, дейишади. Рихси ая қандай бадал берди санъат оламига қўйган қадами учун?

– Онам ўсал ётган кунлар эди. Менга роль берилган. Бош режиссёримиз Александр Гинз­бург. Борадиган ҳолим ҳам, имконим ҳам йўқ. Катта опам доктор эди. “Бугун кетма, онам тонггача етиб боришига кўзим етмаяпти”, деди. Бу ёқда режиссёр қўймаяпти. Хат юборган: “Ибрагимова, доро­гая. Никто тебя не заменит. Машина за тобой приедет в семь трицать. После спектакля сразу, без грима, сени уйингга олиб бориб таш­лайди. Бугун келмасанг бўлмайди, меҳ­монлар бор”.

Иложсиз, бордим. Спектаклнинг йиғлайдиган жойида-ку, ҳўнграб-ҳўнграб ёш тўкаман. Куладиган жойини қандай амаллаганман, ҳалиям билмайман. Гримни ювишга ҳам тоқат қилмай шифохонага қайтиб келганман. Келсам, ҳамма онамнинг бошида ўтирибди. Мени кўп сўрабди, недир демоқчи бўлган экан. Мен келганда ўзида эмасди. Нафас олишлари ҳар хил. “Онаси, онаси, қизинг келди, Рухсор келди, Рухсор келди”, деди дадам. Онагинамнинг кўзлари катта-катта бўлиб очилди. “Вой, ойим кўзларини очди”, дедим. Менга тикилиб қаради-ю, шу лаҳза бирдан кўзи юмилди… Менинг актрисаликка тўлаган энг катта бадалим – онамнинг сўнгги сўзларини эшита олмадим, меҳрибонимнинг дарди ичида кетди. Ўша соатларни эсласам, мана тўқсонга киряпман, ҳалиям музлаб кетаман.

Саҳнада она ўлаётганда дод-вой қилар эканмиз-у, ҳаётда ичга оқди ёшларим. Кўргансиз, актрисалар онанинг ўлигини силталаб, у ёғига уради, бу ёғига уради, “Туринг, кўзингизни очинг!” дейди. Ўзингизнинг онангизни шундай қилиб кўринг-чи?! Онани уриб бўладими, қизим? Ўша ҳолат ифодасини фақат Абдулла Ориповдан топдим:

Бировлар мотамида оҳ-у

фарёд айлаган эрдим,

Сенинг-чун, эй, ғарибим,

ич-ичимдан бўзлагайдурман.

– Одатда, ёши улуғлар ёшлардан нолийди. Бу ҳолат сизга ҳам танишми?

– Жойи келса панд-насиҳат бериш, хатосини кўрсатиш, камини тўлдириш катталарнинг бурчи. Бу фақат эзмаликка ўтиб кетиши керак эмас, жўяли фикр айтиб, тўғри йўлга солиб юбориш керак. Масалан, ёшлардан кўнглим тўладиган ўринлар кўп. Ўзбек Миллий академик драма театри бош режиссёри Асқар Холмўминовни билсангиз керак. Шу йигитнинг ижоди менга жуда маъқул тушяпти. Устоз кўрган – Олимжон Салимовнинг шогирди. Қатор ютуқларни қўлга киритди. Ақл ёшда эмас, бошда, деб бекорга айтмаган.

Ёш режиссёр атрофига ёш ва янги талантларни йиғади. Бизга ўхшаган кекса­лар янги авлодни тўғри тушуниши керак, йўл бериши керак уларнинг ғоя ва таклифларига. Баъзилар ўзи ҳам бир пайтлар ёш бўлганини унутиб қўяди. Агар ўз вақтида устозларимиз ўзини четга тортиб, бизни юзага чиқармаганларида сояда қолиб кетардик. Ўша яхшиликларни энди шогирдларга қай­тариш фурсати етди.

Давлатимиз раҳбари бугун ёшларга ишон­япти. Демак, биз ҳам уларга ишонамиз. Доим уларнинг ёнидамиз, маслаҳатимиз керакми, ижромизми, қўллаб-қувватлаймиз.

Жадид боболаримиз ҳам театр келажагини ёш йигит-қизларда кўрган. Бутун ўлка бўйлаб истеъдодли ёшларни йиғиб, таълим-тарбия берган. Ўзбек театрининг замини жадид драматургиясидир.

– Ҳар бир роль фарзанддай азиз, дейди санъаткорлар. Лекин, барибир, ижодкорнинг юрагига яқин ижролари бўлади.

– Тўғри айтилган гап. Ҳар бир роль – хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, актёр ҳаётининг бир парчасига айланади. Битта пьесани бир умр ижро этганлар бор. Одамлар сизни шахсиятингиз билан эмас, ролингиз билан эслаб қолади.

Мен учун энг севимли ролларим устозларим билан бирга ўйнаганларим. Масалан, “Алишер Навоий” асаридаги Гули образи. “Мирзо Улуғбек”да Шукур акам билан бирга ўйнаганмиз.

– Театр ва кинода саноқли актрисаларга миллат онаси образини шакллантириш бахти насиб этган. Уларнинг ижроси халққа шу қадар сингиб кетганки, кўрганда беихтиёр “ая”, “она”, “ойи” деб юборади киши. Сиз ҳам ана шундай оналардан бирисиз.

– Сиз айтган оналар қандай улуғ сиймолар бўлган экан, дейман бугун ортга назар солиб. Менимча, бу образ Лутфихоним Саримсоқовадан бошланди. У киши “Сен етим эмассан”да Фотима, “Маҳаллада дув-дув гап”да Меҳрихон ролларини қиёмига етказди. Ундан аввал Иккинчи Жаҳон уруши даврида суратга олинган ҳужжатли фильмларда она образида кўринди ва чеҳраси халқ дилига муҳрланиб қолди. Кейинги даврда Зайнаб Садриева (Фармон биби, Анзират буви), Марям Ёқубова (Ўзбек ойим) яратган образлар ҳам она сиймосини янги босқичга олиб чиқди.

Ўзимни уларга тенглаштира олмайман. Тўғри, “Дунёнинг ишлари” видеофильмида, “Шум бола”да Она ролини ўйнадим. Агар халққа маъқул келган бўлса, хурсандмиз.

Миллат онаси образи дегани – бу, жуда улуғ рутба. Менга миллат аёли образи ҳақида гапириш осонроқ. Бу борада Яйра Саъдуллаева, Тўти Юсупова, Дилбар Икромова ижроларига тан бермай иложингиз йўқ. Бошқаларни камситмайман, лекин Она, Аёл ролини ижро этган одамнинг инсоний фазилатлари ҳам юксак бўлиши керак ҳаётда. Чунки санъаткорнинг санъатидан кўра ҳаёти, ундаги икир-чикирлар кўп гапирилади. Ана шу томонини ўйлаш керак. Мухлислар муҳаббати, обрў топиш юз машаққат бўлса, уни сақлаб қолиш минг машаққат, айланай қизим.

– Бу борада яна бир жиҳат: узоқ йиллар “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувида қатнашганингиз бўлса керак. Бугун теленовелла деб савияси ҳаминқадар картиналар ҳам томошабинга тақдим этиляпти.

– Бугунги бозори чаққон, аммо тезда ёниб-ўчадиган телесериалларни кўриб, ёқа ушлайман. Рости, уларни кўра туриб, айниқса, “актриса” деб нисбат берилаётганларнинг суратларига боқиб, даҳшатга тушаман. Ярим яланғоч ҳолида халқнинг ҳузурига чиқаётганлар бор. Қўрқиб кетаман. Чунки очиқ беҳаёлик, ҳаддан ортиқ бўёқларга беланиш, ҳаёсиз ҳаракатлар, бетийиқ ноз-ишвалар, айниқса, бир думалаб режиссёр бўлиб олган ноинсофларнинг бир ҳафта ёки ойда суратга олиб ташлаган маза-матрасиз “фильм”лари мени қўрқувга солади.

Телеканалларда пайдар-пай берилаётган новеллаларни ҳам қайтадан кўриб чиқиш керак. Аксарияти талабга жавоб бермайди. Аммо борми бу ишлар учун бош қотириб, “Ҳой, бола, қаёққа кетяпсан?”  дейдиганлар, кинобузарларни тартибга, инсофга чорлайдиганлар, биз катта санъаткор бўлиб, унвонлар олганимизда ҳам, устозларимиз қаршисида япроқдек титраб, ҳайиқардик, ҳаяжонланиб турардик.

– Аяжон, Сизга ихлос қўйган халқимизга оналик дил изҳорларини сўрасам бўладими?

– Мен неки топган бўлсам, шу театрда топдим, нима йўқотган бўлсам ҳам – шу ерда йўқотдим. Меҳнат дафтарчамда фақат битта иш жойи кўрсатилган – Ўзбек Миллий академик драма театри! Менинг бор-йўқ бойлигим меҳри дарё халқимизнинг эътибори, эътирофи. Ана шу шарафни бир умр авайлаб, доғ туширмасликка ҳаракат қилиб яшадим. Сизларга ҳам менга берилган толе насиб этсин!

Ўзбекистонни бутун дунё танийдиган замон келди. Ёшларимиз турли соҳаларда улкан ютуқларга эришяпти. Президентимизнинг ўзи уларга тўғри йўлни кўрсатиб берди ва қўллаб-қувватлаяпти.

Яхшилик ўлмасин! Яхши асарлар битилсин! Устозлардан ўтадиган шогирдлар бўлсин! Одамлар “Устозидан ўтиб кетибди, устозига раҳмат” десин!

Суҳбатдош: Зарнигор ИБРОҲИМОВА

“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 декабрдаги 51-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857