Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


05.01.2026 | 18:00

img374

ХИТОЙ САФАРИ

Хитой жаҳонда, жумладан, бизда ҳам энг кўп эсланадиган мамлакатлардан бири. Интернетда ҳам, вақтли матбуотда ҳам, радио-телевидениеда ҳам бу давлат такрор ва такрор қайд этиб ўтилади. Хитойнинг иқтисоди йилдан йилга жаҳоншумул равнақ топаётгани унинг номини тилларда достон этмоқда. Ўзбекистоннинг ҳам борган сари жадал ривожланаётгани ва халқаро обрўйи ошиб боргани сайин бу қудратли мамлакат бизнинг ишончли яқин ҳамкоримизга айланиб бормоқда. Бунинг учун, раҳбариятимизнинг мақтовга лойиқ амалий саъй-ҳаракати туфайли амалга оширилаётган улкан кўламли шерикчиликни кўз олдимизга келтиришнинг ўзи кифоя. Чин ўлкасидан кириб келаётган инвестициялар ва қўшма корхоналарга ҳозир ҳеч ким фавқулодда ҳодиса деб қарамайди. Масалан, қишлоқ хўжалагимизда, хусусан, пахтачиликда эришганимиз бу йилги ютуқлар ҳам (республика бўйича ҳар бир гектардан 46 центнердан ҳосил олдик!) хитойликлар тажрибасини ижодий ўзлаштириш туфайли рўй берди. Ҳамкорлигимиз минглаб нуқталарга бориб тақаладики, барчасини санаш учун камина ожизлик қилади.

Бироқ бу ўзаро ҳамкорликнинг баракали, бунёдкор ҳаракатлари жараёнида Чин юрти билан баҳамжиҳат ҳал этишимиз лозим бўлган бошқа жабҳалар ҳам борлиги тобора аён бўлиб қоляпти. Эҳтимол бу жабҳаларни шошмасдан кун тартибига киритилишида бардавом изланиш, қунт билан бажарилиши лозим ўринлар кўплиги ҳам ўз ролини ўйнаган бўлиши мумкин. Гап Хитой адабиёти ва маданиятини яқиндан ўрганиш, ўз навбатида, ўзбек адабиёти ва маданиятини шу тарзда хитойликларга таништириш ҳақида кетяпти. Мен Хитой ҳақида ўйлаганимда, бу буюк халқнинг адабиёти ва маданияти билан етарлича таниш эмаслигимга иқрорман.
Йўқ, Хитой мумтоз шеърияти намуналарини рус тилида ўқиганман, ҳатто бир қадар ўзлаштирганман, десам ҳам бўлади. Ли Бо, Ду Фу каби мумтоз шоирларнинг шеъриятидан ҳайратга тушганман. Конфуцийнинг ҳикмат-у авлиёларча кароматларидан иборат тўпламини, замонавий хитой насри асосчиси ҳисобланган Лу Синнинг бир жилдлик асарларини ўқиганим ҳам эсимда. Ҳа, ҳатто нисбатан замонавий шоирлардан бирининг туркум шеърларини ўзбекчага ағдарганман ҳам, аммо бу уринишларим уммондан бир томчи эканлигини ҳам англайман.
Бизда Хитой адабиёти ҳақида тасаввур жуда пала-партиш. Шу даражага етганки, Хитой мумтоз поэзиясида пайдо бўлган ҳакку ва танка жанрлари негадир япон шеъриятига тегишли эканлиги такрор ва такрор айтилади. Бу жанрларда ўзларича нимадир ёзганлар ҳам, бу хитойи мумтоз жанрлар чин назмидан япон шеъриятига ўтганлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар.
Ўзбекистонни қўяйлик, совет адабиётининг чинакам илғор адиблари ҳам хитой адабиётидан батамом бехабар бўлганлар. Чингиз Айтматовдан хитой адабиёти ҳақида сўралганда: “Хитой гўё чўнг тоғнинг ортида яшириниб олган – нима бўлаётганини ҳеч ким билмайди”, деб жавоб берганини ўз қулоғим билан эшитганман. Бу “Иностранная литература” журналига бош муҳаррир бўлган ёзувчининг эътирофи эди.


Мен Хитойда бўлганман. 1989-йилда совет ёш ёзувчилари делегацияси таркибида ўн беш кун Хитойни айланганман. Бу юртнинг қадимий меъморчилиги ва тасвирий санъатидан ҳайратга тушганман. Аммо мамлакатнинг умумкўриниши ўша пайт жуда ночор – кўчаларда эски совет автомобиллари, Пекиннинг шундоқ марказида кўримсиз маҳаллалар, тик турганининг ўзи мўъжиза бўлиб туюлган беш-тўрт қават уйлар, аҳён-аҳён норғул йигитлар тортиб бораётган рикшалар… Бироқ мен хитойликларнинг ғайрат-шижоатини лол қолиб кузатганман. Ўшанда Хитойда бозор иқтисоди эндигина эълон қилинган эди. Тўхтаб турган одамни кўрмайсиз. Ҳаммаси велосипедда, пой-у пиёда қаёқларгадир шошиб кетяпти. Уларнинг меҳнаткашлиги-ку таърифга сиғмайди – баъзи шарқликларга хос эринчоқликка изн бермаганлар. Барча турмуш ташвишида изғиб юрибди. Бозорлар гуриллаб турибди. Савдо миттигина дўконлардан тошиб, аравачаларга шарра-баррасини ортиб, кўчага чиққан… Бу мамлакатни, бир кун келиб, масалан, Япония каби гуллаб-яшнаб кетишини кўз олдимга келтиролмаганим рост.


Мен кўп мамлакатларда бўлганман. Аммо фақат Хитойни қайта кўришни орзу қилганим бор гап. Хитойнинг кўникиб қолганимиздан айрича меъморчилиги, бадиий ва амалий санъати мени ҳайратга солган. Мана, орзум амалга ошди. Чунки, юқорида айтганим, кемтикни тўлдириш учун Хитойга йўл оладиган бир гуруҳ олимлар қаторида, мен ҳам борадиган бўлдим.
Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Маданият вазирлигимиз шафелигида Алишер Навоий жамғармаси ҳамда Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ходимлари, навоийшунослар ва мен – ягона шоирдан иборат делегациямиз аъзолари Тошкентда – аэропортда учрашганимизданоқ менга ёқди. Рости, одамларни кўравериб кўзим пишиб кетган. Дарҳол англадим – яхши одамлар! Тик туриб бироз суҳбатдан кейин, эндигина танишганим, институт ходимларини ҳам ўзимга жуда яқин олдим. Фикрлари кенг, билимли, одам сифатида ҳам порлаб турган, зиёли кишилар экан бу йигитлар. Сафаримиз охирида эса, шундай укаларим бўлишини орзу қилдим…


Пекинда элчихонамиз ходимлари жуда хушнудлик билан кутиб олди. Элчимиз Фарҳод Арзиев Ўзбекистонга чақирилган экан. Учишга шайланаётган самолётдан туриб биз билан боғланди. Хитойдаги амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар учун шарт-шароитлар яратилгани, элчихона доим хизматимизга тайёрлиги ҳақида гапирди. Бизнинг келганимиздан хурсандлигини айтди. Унинг овози чиндан хурсанд бўлган одамнинг овози эди. Ўзи иштирок этолмаслигидан эса афсусланди. Кейинчалик маълум бўлишича, маданиятшунослик ва адабиётшунослик йўналишидаги Ўзбекистон делегацияси илк бор Чин ўлкасига ташриф буюрган экан. Мен эса, Хитойга қадамини қўйган мустақил Ўзбекистоннинг биринчи шоири бўлиб чиқдим. Аммо, тан олиб айтишим лозимки, мен Хитойга қадам босган иккинчи шоирман. Бу юртга биринчи қадам босган шоир эса Фарҳод Арзиевнинг ўзи! Шу элчимиз жуда сифатли ва теран шеър ёзадиган шоир ҳамдир. Элчихона ходимлари билан кейин кечган суҳбатларда бу катта дипломат жуда меҳнаткаш – ўзини аямай, эртадан кечаси бир вақтларгача ишлайдиган инсон сифатида таърифланди. Ишлайди-да! Ахир, ҳақиқий шоир Ватанини яхши кўради! Ватан учун ўзини аямайди!


Автобус деразасидан қараб боряпман. Мен кўрган Пекиндан асар ҳам қолмаган. Ҳар қадамда тўда-тўда баланд бинолар, шакллари ҳам антиқа. Ўн қаватли иморатлар кўпроқ. Баъзан ҳашамдорлари учрайди. Бой компанияларга қарашли бўлса керак… Аммо манзаралар мени ҳайратга солмади. Ўзимизда ҳам бор. Кўрганмиз.
Манзилга етиб борибоқ, мўлжалланган ишларни бажаришга жадаллик билан киришдик. Биринчи манзилимиз Пекиндаги Марказий кутубхона бўлди. Ҳамроҳларим бошқа, мен бошқа уловда “Кутубхона қайдасан?” деб йўлга тушдик. Пекин жуда катта шаҳар. Айтишларича, ўттиз миллиондан ортиқ аҳоли яшар экан. Шу сабабдан борадиган манзилимизгача анча йўл босишга тўғри келади. Бунинг устига, тиқинга (Бор экан! Буларда ҳам бор экан!) тушиб қолдик. Ниҳоят, узун тиқин! Аммо Тошкентнинг тиқинларига чиниқиб қолганимданми, асабийлашмасдан бу кўримдан ўтиб олдик. Шофёрлик вазифасини бажараётган элчихонамиз ходими Дилшоджон илондай буралиб ётган тиқиндан бошқа йўлга ўтиб олди. Манзилга етиб борганимизда, ҳамроҳларимиз кутубхона эшиги олдида жам бўлиб туришган экан. Барчанинг юзида табассум. “Эй, сизни Хитойда ҳам билишар экан!” деб чуғурлашяпти менга қараб. Мен гўё бутун дунё танийдиган шоирдай вазминлик билан уларга қарадим. Қарасам, улардан ажралиб, сарвқомат бир хитой қиз, юзларини табассумга тўлдириб, мен томонга юриб келяпти.
– Усмон Азим? – деди қиз қўлини узатиб.
“Йигитлардан исмимни билиб олган-да”, деб ўйладим.
– Мен сизнинг шеърингизни биламан…
Мен бир чўчиб тушдим.
– Шеъримни?..
Камина ўзининг атрофидаги гап-сўзларга сал кулиб қарайди. Ахир, бу дунёда кимлар келиб, кимлар кетмаган…
– “Бахт ҳақида баллада”ни… – Қиз балладанинг биринчи сатрини ўқиди. – “Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ…”
Ҳақиқатдан, менинг шеърим. Ажабсиниб унга қарадим.
– Устозим Гулсора Мирзааҳмедова билан шу шеърни ўрганяпмиз.
Таржимон қиз Пекин университети талабаси, устози шу ўқув юртининг ўн беш йиллик ўқитувчиси экан.
Энди тушунарли.
Кейин уларнинг дарси тасвири туширилган видеони кўрдим. Икки одам бўйи катта экранда машҳур шеърхон актёримиз Эркин Бозоров “бахтни кўргани” ҳақида шеърни ўқияпти. Парталарда ўнтача талаба диққат билан қулоқ тутиб, ўзбекчани симиряпти… Камина математикани эсдан чиқармаган! Зўриқиб бўлса ҳам, ҳисоблаб чиқдим. Икки-уч йилда бу ҳаракатчан хитойликлар ўзбек тилини бошқаларга ҳам ўргата бошлайди… Демак, беш-олти йилда бу шеърни ёддан биладиган юзга яқин хитой талабалари пайдо бўлади… Зўр-ку! Тушуниб турибсиз, гап менда эмас, балки чин фарзандлари ўзбек тилини шеърни ўрганишдан, ёдлашдан бошлаганларида! Ахир, бизнинг шеърхон ўлкамизда қанчадан қанча одамлар шеърдан узоқлашиб кетди, ҳатто касбига кўра шеърни миридан сиригача билиши керак хонандаларнинг катта қисми, шеър деб бир балоларни куйга солиб ётишибди. Эшитсанг, кўнглинг айнийди… Ҳа, майли, қизишмасдан, Хитойга қайтайлик…
Бу таржимон қизнинг исми Лола экан. Асли исми бошқача, аммо бизга қулай бўлсин деб, шу исмни танлабди.
Шу пайт кутубхона ходимлари бизни ичкарига таклиф қилди.
Лифтда энг тепа қаватга кўтарилдик… Пастгина овозда, бир томони панжара билан ўралган китобхонага таклиф қилишди. Столлардаги компьютерлар қаршисида – келганларга қайрилиб ҳам қарамай – берилиб китобхонлик қилаётган юзлаб китобхонлар. Улардан нарида узун – жуда узун тахта жавонларда терилиб қўйилган китоблар. Мени ҳайрон қолдиргани эса, сал нарироқда – супа диванлар устида тош қотиб ухлаётган одамлар бўлди. Хитойга аввалги келишимда, меҳмонхона ходимларини тушликда, йиғма катларни очиб ухлаётганини кўрган эдим. Ўшанда Хитойда ходимлар тушликда ишхонанинг ўзида шу тарзда ҳордиқ чиқаришлари расм эканлигини менга тушунтиришган. Аммо китобхонлар… Айтишларича, кутубхонанинг ўзида мудраб олиш китобхоннинг вақтини тежар экан.
Жавонзорлар (шундай десам бўларов) оралаб, китобларни кўздан кечираман. Бу бўлимда хорижий китоблар жамланган экан. Ҳаммаси оригинал тилларида. Лотинча ёзувли китоблар муаллифларининг анчаси менга ҳам таниш… Муқовалари уринган, роса ўқилган китоблар…
Бизни панжара тарафга таклиф қилишди. Яқин келдим ва… ҳайратдан қотиб қолдим: пастки фоегача бўшлиқ атрофида қават-қават, чир айланма ўқув заллари. Бирор овоз эшитилмайди. Бирор бўш стол йўқ. Қаршисида компьютер, столида китоб – китобхонлар бош кўтармай билимни мияга жойлаяпти. Менга ҳатто улар негадир билимларни ютоқиб симираётгандай туюлди. Ҳа, пастки қаватларда ҳам ясси супа диванларда донг қотиб ухлаётганлар…
Ана, энди делегациямиз аъзоларини қизиқтираётган масалаларга ўтдик. Кутубхонада ўзбек муаллифларининг китоблари бор-у йўқлигини суриштирдик. Мезбонлар бироз уялганнамо ўзбек китоблари ўзбек тилида ҳам, хитой тилида ҳам, бошқа тилларда ҳам йўқлигини айтишди. Ўзимиз ҳам биладиганимиз, бу соҳада делегация биринчи бор Ўзбекистондан келганини ҳам қистириб ўтишди. “Қўлёзмалар жамғармаларингда-чи?” деган саволга ҳам шундай жавоб олдик. “Ўзимиз қўлёзмалар бўлимига тушиб, бирров назар солсак бўладими?” деган ниятимизга эса шарқона ширин-у шакар табассумларга аралаш рад жавоби олдик. Бу ниятимизни амалга ошириш учун нақ ўн олти кун аввал “илтимоснома” ёзилиши керак экан. Мен агар хитойликлар шундай ниятда Ўзбекистонга боришса, меҳмон истаги шу зумдаёқ бажо келтирилиб, ҳамма эшикларни очиб қўйишимизни айтдим. Кор қилмади. Яна ўша ширин-у шакар табассумда, тартиб шунақа эканлигини таъкидлашди, холос.
Шу жойда делегациямиз Хитойда из қолдириб кетишга жиддий ҳаракат қилди. Навоий жамғармаси бошлиғи, машҳур билимдон Олим Давлатовнинг имоси билан бир нечамиз тер тўкиб, кўтариб келганимиз, қоғоз тугунларни очдик-да, даста-даста китобларни кутубхона ходимлари қўлига тутқаздик. Бу китоблар Буюк Алишер Навоий ижоди ва ҳаёти таҳлил этилган китоблар мажмуаси. Нақ ўттиз жилд! Кутубхона ходимлари миннатдорлик билан қабул қилишди. Ростини айтсам, бу мамлакатда Алишер Навоийни билмасликларига ишонмадим. Ахир, Хитой катта мамлакат – қаердадир билиб, қаердадир билмасликлари мумкин-ку!


Эртаси хитойлик бир гуруҳ ижодкор зиёлилар билан учрашдик. Аввал театр, деб таништирилган бинодаги ажиб бир кўргазмани томоша қилдик.
Бошда айтганимдай, Хитой мусаввирларининг ишларини биринчи бор келганимда обдон томоша қилиб, яхши кўриб қолганман. Ҳатто соғиниб ҳам юрганман… Бир қарашда жуда оддий суратлар. Масалан, мусаввир дарахтнинг биргина новдасини оппоқ қоғозга ажиб бир тарзда туширган. Шохда учта-тўртта қушлар… Бу манзара бошқа суратларда ҳам ўзгача композицияда такрорланади. Аммо томошабин бу суратларнинг ҳар биридан айрича бир завқ олади… Хитойда мана шундай – кўзимиз ўрганиб қолган ғарбча мусаввирлик санъатидан тамомила фарқ этгувчи санъат намуналарига ҳар қадамда дуч келамиз. Бундай ўзига хослик биноларнинг ранг-баранг безагидан тортиб, дўконлар-у идораларнинг лавҳаларигача ўз аксини топган. Қандай яхши! Дунёда устувор халқларнинг таъсири натижасида бутун бошли тиллар, ўзгача кўринишдаги маданият ва санъат тизимлари, урф-одатлар йўқ бўлиб кетиш жараёни кечаётган пайтда бундай ўзига хосликнинг борлиги қандай яхши! Дунёдаги илғор технологияни сувдай симирган ва ўзи ҳам бу жабҳада олам аро таъсир кўрсатаётган Хитой ўзига хослигини заррача йўқотмаган. Ўзига хослик илк бор кўрганимдан-да, ярқираб турибди. Оддийгина овқатланиш маданиятини олайлик. Бутун дунёда қошиқ ва санчқи ёрдамида овқатланиш таомилга айланиб бўлди. Аммо хитойликлар бу таомилга парво ҳам қилганлари йўқ. Ҳануз иккита ингичка ёғоч-чўп билан овқатланадилар… Парвардигор дунёни мукаммал яратган. Турфалик ҳам охир-оқибат Аллоҳнинг ижодидир. Бу турфаликларсиз ҳаёт зерикарли бўларди, деб ўйлайман. Қолаверса, хилма-хиллик ҳам дунёнинг мувозанатларидан биридир. Бир хиллик эса таназзулнинг бир кўриниши. Агар ҳамма минтақа бир-бирининг нусхаси бўлса, саёҳат қилишга ҳам ҳожат қолмайди.
Хитойда яна бир диққатимни тортган кузатув: Хитой улкан туристик мамлакат бўлишига қарамай, дўконлар ва идоралар пештоқидаги барча лавҳалар хитойча ёзилган. Фақат аэропортларда хитойча кўрсатгичларнинг тагида кичикроқ тарзда, инглизча битиклар бор. Бу ўрнак оладиган ҳол экан, деган ўй сафар бўйи кўнглимдан ўтиб юрди… Тан олайлик, Тошкент хорижий тилдаги лавҳалар зуғумида…
Энди ажиб кўргазмага қайтайлик. Бу кўргазма икки-уч сантиметрли митти ҳайкалчалардан иборат экан. Уларга ҳатто фон ҳам берилган. Турфа рангларга бўялган ҳар бир ҳайкалчанинг феъл-у атвори ҳам шундоқ кўриниб турибди. Либослари ранго-ранг, майда деталларгача қойилмақом қилиб ишланган. Гуруҳ ҳайкаллар ҳам антиқа. Мана, дарахтнинг қорайиб кетган бир бўлак сўнгаги. У узунасига – қояга ўхшаш бир йўсинда қўйилган. Бу “қоя”нинг ҳар бир бўртиб чиққан жойида ҳайкалчалар ўрнатилган. Пастда “қоя”га кўтарилаётганлар, тепароқда уч-тўртта тик турганча суҳбатлашаётганлар, ундан баландда давра қуриб ўтирганлар, янада баландда – панжара билан ўралган чорпояда (чойхона бўлса керак) етти-саккиз ҳайкалча улфатчилик қилишяпти… Бир сўнгакда ҳар хил кўринишдаги юздан ортиқ ҳайкалчалар. Ниҳоятда антиқа манзара! Энг қизиғи, бу ҳайкалчалар гуруч ва буғдой хамиридан ясалар экан! Бизга тушунтириш бераётган йигит бу “касб”ни бобоси ўйлаб топганлигини, бобосининг ўнта фарзандидан бештаси мана шу иш билан шуғулланишини айтди. Йигитнинг ўзи ҳам шу санъатнинг мубталоси экан. Қаранг, бир одамнинг саъйи ҳаракати туфайли хитой санъатида бир йўналиш пайдо бўлибди… Бизда ҳам ҳунармандчиликка эътибор берилаётгани қандай қувонарли! Миллий ҳунармандчилик ўзлигимизнинг асосларидан биридир. Ҳунармандчилик халқимиз руҳини акс эттирувчи ижоднинг бир кўриниши эканлигини биз ҳам тушуниб етганмиз. Ота-боболаримиз касбини чуқур ўзлаштириб, унга янгилик киргизаётган ҳунармандларимиз эса ҳақиқий ижодкорлардир.


Бу кўргазма томошасидан сўнг хитой ижодкор зиёлилари билан суҳбатни бошлаб юбордик! Бир томонда мезбонлар, бир тарафда биз. Хитойликларда ажиб урф бор экан. Аввал мезбонларга бирин-кетин сўз берилди. Улар Ўзбекистондан бу йўналишдаги делегация биринчи бор келганини таъкидлашди. Халқларнинг маданият, санъат-у адабиёт арбоблари билан учрашувлари ўзаро яқинликка олиб келиши, халқларимизнинг бир-бирини теран англашига кўмак берувчи энг катта восита эканлиги ҳақида сўз кетди. Хитойда номоддий меросни қўриқлаш ва ўрганиш ҳақида гап кетганда сафимиздаги бу соҳа мутахассислари жонланиб қолишди. Ўз-ўзидан савол-жавоб мулоқотлари бошланди. Бу аснода маълум бўлишича, хитойда қирқ жабҳада номоддий бойликлар ўрганилар экан, бизда эса фақат ўн еттита… Мутахассисларимиз мезбонларнинг бундай кенг фаолиятларига аниқлик киритиб, бизда ҳам бу соҳани кенгроқ ўрганиш кераклиги ҳақида хулоса чиқардилар.
Сўз хитойлик шоирга берилди. Шоир яқинда Бразилияда уюштирилган назмий анжумандан куни кеча қайтгани ва у жойда жаҳон шоирлари қон-у қариндошдай яқинлашиб кетгани ҳақида гапирди. Хитойлик биродарим жуда тўғри айтди! Камина ҳам бир-ярим шундай йиғилишда иштирок этган ва бундай яқинликдан завқ олган эди. Ҳамкасбим жуда кескин фикрлар ҳам юритди. “Шеърият ўлса, деди у, келажак ўлади”. Қалай?
Мезбонлар сафида бир уйғур олима ҳам бор экан. У ўз тилида сўзлай бошлагач, таржимонга ҳожат қолмади. Олима туркий халқлар мумтоз адабиёти билан шуғулланувчи устози оламдан ўтгандан кейин, бу соҳада илмий иш олиб борувчи мутахассис қолмаганидан гапирди. Оббо!..
Навбат бизга етди. Олим Давлатов ўзбек адабиёти, адабиётлар ҳамжиҳатлиги ҳақида фикр юритди. Албатта, Алишер Навоийдан сўз очди. Анжуман бу пайтга келиб, тамоман суҳбат тарзига кўчиб улгурган эди. Олим укамиз шу орада иккаламиз маслаҳатлашиб улгурганимизни амалга кўчирди: “Хитой адабиётидан ўн носир ва ўн шоирни ўзбек тилига ўгирсак, сизлар ҳам худди шу қабилда бизнинг адабиётдан таржима қилсаларинг…” Бу таклиф анжуманни бошқариб бораётган катта мартабали хонимга жуда ёқди. “Шу пайтгача, деди у яйрабгина, хорижий меҳмонлар ўз адабиётларини хитой тилига ўгириш ҳақида гапиришарди. Сизлар биринчи бўлиб хитой адабиётини ўз тилларингга таржима қилиш тўғрисида ҳам таклиф беряпсизлар”. Хуллас, бу ишни амалга оширишга қатъий қарор қилдик. Энди навбат менга тегди. Мен мезбон шоирнинг сўзига изоҳ беришдан бошладим. “Шеър ўлса, келажак ўлмайди, дедим мен, аммо у жуда зерикарли бўлади”. Мезбонларнинг, мезбон шоирнинг юзларида табассум пайдо бўлди. Маъқуллашгандай бош қимирлатишди. Кейин ўзбек поэзияси ҳақида, билганимча хитой шеърияти ҳақида – хитой мумтоз шеъриятидаги табиат манзараси мусаввирона чизиш ва уни шоир дарди билан мутаносиб тасвирлашдаги маҳорат ҳақида гапирдим. Яна гап айланиб, Алишер Навоийга тақалди. Нурбой Жабборов домлага имо қилдик. Нурбой домла Навоийнинг бир ғазалини қадим йўсинда – ажиб бир қироат билан ўқиб қолди. Кейин мен бир шеъримнинг Хитойдаги тарихини айтиб (бундан ўттиз олти йил бурун келганимда ўқиганман!), ўшани ўқишга тушдим. Биз хитойликларга илгари ўзбекияда шеърни Нурбой домладай қироат билан, ҳозир эса камина ўқиган тарзда ўқилишини тушунтирдик. Икки тараф бир-бирига аралашиб, биродарлик бошланиб кетди ва… совғалар улашиш дақиқаларига етиб келдик. Хитойда ажиб бир удум бор – тортиқни бир дунё хурсандлик билан қабул қиладилар. Бизга ўхшайдилар – шарқликлармиз-да! Аввал мажлисни олиб борган хонимга ўзбекча ажиб бир нимча улашилди. Нимча синглимизга шундай ярашди, денг! Айланиб у ёғига қарайди, бу ёғига қарайди – беқиёс хурсанд! Шоирга эса дўппи-ю белбоғи билан чопон ёпадиган бўлдик. Мен унга чопонни кийгизиб, белини тортиб боғлаб, бошига дўппини маҳкам ўрнатиб қўйдим. Ҳамкасбимнинг жуссаси кичикроқ эканми, тўннинг ичида кўринмай қолди. Аммо оғзи қулоғида. Сўнг ўзбек таомилига қатъий амал қилиб, уни бағримга босдим. Шоир ҳам чин кўнгилдан – минг йил кўришмаган дўстлардай – бор кучи билан елкаларимни қисирлатиб қучоқлади. Ҳа, суҳбатдошларимиз ҳам бизга ёдгорлик совғалари улашдилар.
Мезбонлар билан гўё қариндошлар билан хайрлашаётгандай хўшлашдик. Суратга тушишлар, имо-ишоралар билан меҳр-у муҳаббат изҳорлари… Уйғур олима шеърларимни таржима қилмоқчи эканлигини ҳам айтиб қолди. Албатта, амалга ошмайди, аммо хурсанд бўлдим: шеър ўқишимнинг таъсири…


Ишга берилиб кетиб, Пекинни томоша қилишга қўл тегмаган эди. Мана энди тўғри Хитой императорининг саройи тагига бориб, тўхтадик. Ажиб бир меъморлик ила ишланган сарой аркининг нақ рўпарасидамиз. Аввал кўрганман, бу иншоот биргина саройдан иборат эмас. Бир ҳовлисидан иккинчисига, иккинчисидан учинчисига, учинчисидан бошқасига… ўтиб кетилаверади. Қайсидир бир саройда эса бизга, албатта, хуш ёқадиган – аввал келганимда кўрганим – иккита арслоннинг ҳайкали бор. Бир гўзал иморат супасининг икки томонида арслонлар ерга бағир берганча, узоқларга тикилган кўйи, куч-у қудратга тўлиб турибди. Бу арслонлар… “бизнинг” совғамиз! Худди шундай! Биламизки, “туғи баланд эрлар юрти” Бақтриянинг рамзи арслонлар бўлган. Бақтрия подшоҳи бу икки ҳайкални Хитой императорига тортиқ қилган экан. Бақтрия эса ким бўлади, биз-да! Билағон гиднинг оғзидан ўз қулоғим билан эшитганман… Бугун ҳамроҳларимга бу ҳайкаллардан ривоятлар айтишга ўзимни чоғлаб турибман. Аммо… ниятимга етолмадим. Саройлар таъмирлаш сабабли вақтинча ёпиб қўйилган экан. Начора, аркнинг фонида расмга тушмоқ билан чекландик.


Эртаси тонг қоронғисидан Шанхайга жўнадик.
Шанхайни “кўприклар шаҳри” дейишар экан. Аэропортдан уч-тўрт дақиқа ўтмасдан, йўл ердан узилиб, кўприк устига чиқди. Бу “кўприк” ҳеч тугамайди денг, ердан узилиб, тепада қурилган катта йўл. Икки томонда дарахтларнинг учи кўринади. Пастроқда ҳам йўллар – бизнинг йўналишда, бошқа томондан бурилиб кетадиган, бизнинг йўлга қўшиладиган. Ёнимиздан поезд ўтиб кетди. У ҳам ердан узилиб қурилган темир йўл устида…
Эсингизда бўлса, Хитой катта – Алишер Навоийни бир жойда билишмаса, бошқа жойда билишар, деган эдим. Буни қарангки, Шанхай университетида буюк шоирни билишар экан. Бу ўқув юртида ўзбек тилини ўрганаётган талабалар ва уларнинг устозлари бизни кутиб олдилар. Давра суҳбати бошланиб кетди. Биз буюк шоиримизнинг маҳобатли ижодини уларга яна бир бор эслатиб ўтдик. Улар шоиримизнинг ҳурмати бу жойда ижодига яраша мақомда эҳтиром этилиши ҳақида ахборот бердилар. Яна китоблар тортиқ қилинди. Сўнг университетнинг кенг-у мўл ҳовлисида ўрнатилган шоир ҳайкалига ҳурмат бажо этгани қўзғолдик.
Ҳурматли ўқувчи, кўзингизга ишонаверинг! Адашмай ўқидингиз! Университет ҳовлисида ҳақиқатдан ҳам Алишер Навоий ҳайкали салобат бериб турибди. Биз яқин келганимизда, яна бир қизиқ кўринишнинг гувоҳи бўлдик. Ҳазрат бир ўзлари эмас эканлар. Уларнинг ортида (тахминан ўн беш метрлар нарида) жаҳон даҳоларининг ҳайкаллари, йўқ, нима десам экан?.. ҳайкалчалари ҳам бор экан. Барчаси жуда мўъжаз – тизза бўйи – саф тортиб туришибди. Бизнинг буюк шоирнинг ҳайкали эса росмана дейлик, Тошкентда кўрганимиздай маҳобатли, фақат пойларидаги педестал озгина пастроқмий-эй… Мутаносиблик бироз бузилгандай… Аммо бундай майда-чуйдага эътибор берамизми? Таъсирланиб кетганмиз! Хурсандмиз! Менинг эса хаёлимда шеър айланади:
Сўз очсам ўзбекнинг маҳобатидан,
Муқаддас бир калом тилимга ёрдир.
Бахт ёғар бу сўзнинг салобатидан:
– Ахир, Навоий бор! Навоий бордир!
Ҳазрат ҳайкалининг пойига расм-русумини келтириб, гулдаста қўямиз. Кейин ёппа таъзим қиламиз…. Сафимиздаги навоийшуносларга ҳавас билан қарайман. Қандай яхши, умрларини Навоий асарларини ўқиб ўтказадилар…
Кейин Шанхайнинг у-бу жойини айланган бўлдик… Аммо сезиб турдим, сафаримиз буюк Алишер Навоийнинг зиёрати билан ниҳоясига етган эди.

Усмон АЗИМ,
Ўзбекистон халқ шоири

2025 йил 16–22 декабрь,
Тошкент – Пекин – Шанхай – Тошкент.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 январдаги 1-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858