Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


09.01.2026 | 14:33

img427

АБДУЛЛА ҚАҲҲОР ИБРАТИ

Мен атоқли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларига, адибнинг “Ёшлар билан суҳбат” китобидаги қимматли маслаҳат ва ўгитларига тез-тез мурожаат қилиб тураман, улар менга ижодкорнинг адабиёт олдидаги масъулиятини эслатиб туради.

Қолаверса, мен дастлаб ўқиган ва хотирлаб қолган бадиий асар “Ўжар” ҳикояси эди. Ўшанда, адашмасам, 4 синфда ўқирдим. Бадииётга қизиқиб, бир нималар ёзишни машқ қила бошлаган кезларимда мактаб дарсликларидаги Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Уйғун каби машҳур шоир-ёзувчиларнинг суратларига қараб ҳавас қилар, аммо ўша пайтда уларни қачондир ҳаётда кўраман, бир куни менинг ҳам ҳикояларим мактаб дарсликларига киради, деган фикрни хаёлимнинг бир четкасига ҳам келтирмаган эдим. Тақдиримдан миннатдорманки, ана шу улуғларимизни яқиндан кўриш, уларнинг суҳбатларида бўлиш, минбарларда айтган гапларини эшитиш насиб этди.

“Мен Ғафур Ғуломни кўрганман” деган мўъжазгина хотираномамда шоирни Ёзувчилар уюшмаси ўтказган “Кулги кечаси”да, Ўзбекистон Фанлар академиясининг фойесида кўрганимни баён этганман. Ойбекни ҳам уюшмадаги йиғилишларда (бир гал унинг нутқини ёзувчи Ҳамид Ғулом ўқиб берган эди), охирги марта Чиғатой қабристонида, Абдулла Қаҳҳор дафн этилаётганда, қазилаётган қабрдан берироқдаги ёғоч ўриндиқлардан бирида умр йўлдоши Зарифа Саидносирова билан ўтирганида кўрганман. Устоз адибнинг кенг, забардаст елкаларигина эмас, салобатли бутун гавдаси силкинишидан қардон дўсти, мўътабар бир ёзувчидан жудо бўлгани учун юрак-юракдан, унсиз йиғлаётганини фаҳмлаган эдик. Бир куни курсдошлар билан (Тошкент давлат университети филология факультетининг тўртинчи курсида ўқирдим) турганимизда, ёнимиздаги дурустгина кийинган кимсалардан бири шерига қараб, адиб эшитадиган даражада ачингандек “Ойбек ҳам қариб қопти, а?” деганида, унинг бефаросатлигидан жуда аччиқланганимиз ҳам кечагидек ёдимда.

Абдулла Қаҳҳорнинг Ёзувчилар уюшмасидаги бир йиғинда минбарда туриб, “Менчалик меҳнат қилса, маймун ҳам ёзувчи бўлиб кетарди”, деган гапидан ниҳоятда ҳайратланганман. Факультетимиздаги талабалар билан учрашувда унинг гапларидан ҳам кўра, тадбирдан сўнг ташқарида ўраб олишган йигит-қизлар даврасида жуда бемалол суҳбатлашгани, ҳар турли саволларга эринмай, оғринмай жавоблар берганида, шундоқ салобатли, маҳобатли, сирли (биз ёшларга шундай туюларди) ёзувчининг камтарлигига қойил қолганман.

Абдулла Қаҳҳорнинг 1967 йили Алишер Навоий театрида ўтган 60 йиллик юбилейида кейинчалик шов-шув бўлган “Кўплар менга сиз катта идораларнинг олдидан чест бериб ўтмайсиз, деб таъна қилишади, мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман”, деган гапини ўша залдагилар қатори мен ҳам ўз қулоқларим билан эшитган ва бошқалардек мен ҳам ёзувчининг жасоратига тан бериб, унга ихлосим янада ортган, шу билан бирга, бир вақтларгачам эндиликда нима бўларкин, деб хавотирланиб юрган эдим. У пайтларда бундай гапни айтиш шунчаки дадиллик, дангаллик эмас, балки ҳақиқатан жасорат ҳисобланарди.

Ёзувчининг Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов каби истеъдодли ёшларга ғамхўрлик, қўллов ва алқов билан ёзган хатлари филология талабалари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Ҳа, Абдулла Қаҳҳор юраги бақувват шахс, катта ёзувчи, жонкуяр устоз эди.

Мен адибнинг асарларини таҳлил қилишга ўзимни ҳақли деб билмайман. Қолаверса, унинг ижоди тўғрисида йирик адабиётшунос олимлар, академиклар, таниқли ҳамкасблари, замондошлари томонидан юзлаб мақола ва йирик-йирик монографиялар ёзилган ва уларда муносиб баҳо берилган.

Абдулла Қаҳҳор ҳаётлигидanoq классик деган мақомга ҳақли равишда сазовор бўлган, чунки у том маънода ўзига хос услубли, ҳикоячиликнинг, ёзиш санъатининг пири калони эди. Рус ёзувчиларидан бири: “Биз ҳаммамиз Гоголнинг ‘Шинел’идан чиққанмиз”, деган экан. Шу гапга муқояса қилиб айтиш мумкинки, адабиётимиз юксалишига ўзларининг турли жанрлардаги бақувват асарлари билан катта ҳисса қўшган қатор ёзувчилар, ҳатто шоирлар ҳам, чунончи, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Носир Фозилов, Ўлмас Умарбеков, Неъмат Аминов, Жонрид Абдуллахонов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов ва бошқалар Абдулла Қаҳҳорнинг кенг ва бақувват қанотлари остида чиққан эди.

Абдулла Қаҳҳорнинг романчилаги ва драматургиясини қўя турайлик-да, ҳикоячилигини олайлик. Менимча, атоқли Америка ёзувчиси саккиздан бир қисмгина сув юзида кўриниб турадиган айсбергга қиёслаган бу жанр ёзувчимиз ижодида янада юксак поғонага кўтарилди. Собиқ Иттифоқ миқёсидаги таниқли сатирик ёзувчи Леонид Ленч устоз адибнинг “Тўйда аза” ҳикояси ҳақида шундай бир гапни айтган экан: “Одамнинг ўлими ҳақида кулгили қилиб ёзиш жуда қийин иш. Бу фақат Чеховнинг қўлидан келарди. Фақат французлар бунинг уддасидан чиқишарди. Ҳозир бизда буни эплайдиган ёзувчи камдан кам топилади. Буни қарангки, Абдулла Қаҳҳор шундай қийин ишни бемалол бажарибди”. Яна бир таниқли олима В. Смирнова ўз китобларидан бирида “Ўғри”, “Анор”, “Майиз емаган хотин” ҳикояларини жаҳон ҳикоячилигининг энг яхши намуналари қаторига киритган. Аёнки, ҳар қандай зўр ёзувчи бисотида ҳам энг яхши намуна кўп бўлмайди.

Ўйлайманки, санъат даражасига кўтарилган юқоридаги асарларни ва улардан ташқари, китобхон неча марта қайта мутолаа қилса ҳам даҳшатга тушаверадиган “Даҳшат” ҳикоясини ўқиганида, Гоголь ҳам, Чехов ҳам, заккий адабиётшунос ва адиб Фитрат домла таъбири билан айтганда, Абдулла Қаҳҳор ёнидан шляпаларини қўлларига олиб, таъзим бажо этиб ўтган бўларди.

Абдулла Қаҳҳорнинг энг яқин шогирдларидан бири, устоз каби кўплаб ёш ижодкорларнинг бошини силлаган Носир Фозилов шундай деб ёзади: “Ҳикоя жанрида Абдулла Қаҳҳорнинг етуклиги, унинг қандай ёзувчи эканлиги ҳақида гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак… Назаримда, у кишининг ҳар битта кичик ҳикоясининг ўзи бир оламга, катта жанрдаги бир асарга татигулик”.

Хўш, адиб шундай ихчамлик ва бир сўз билан кўп маънони ифодалашга, филология фанлари доктори, адабиётшунослик илмининг пешволаридан бири Матёқуб Қўшжонов айтганидек, жумлаларидан бирон сўзни алмаштириб бўлмайдиган маҳоратига қандай эришган? Яна улуғ мунаққид ёзади: “Абдулла Қаҳҳорни ёзувчиларимиз ичида сўзга энг моҳири дейдилар. Бу гап ҳеч кимда шубҳа туғдирмаса керак. Сўзларни маънодор қилиб ишлатишда, ихчам жумлага катта мазмун бағишлашда, фикрни лўнда ва аниқ қилиб бера билишда Қаҳҳор ўз сафдошлари ичида фахрли ўринни эгаллайди”. Иштибоҳ йўқки, ҳали-ҳануз шундай.

Мен кичик бир ҳикояси ёки бир саҳифага етмайдиган шеърни ҳам нари борса икки-уч бора кўчирадиган ва ўзининг омадсизлигидан нолиб юрадиган қаламкашларга Абдулла Қаҳҳор билан боғлиқ яна бир воқеани эслатгим келди. Унинг дўконддан бир қўлтиқ қоғоз сотиб олганини кўрган ҳамроҳи: “Абдулла ака, янги роман бошланибди, шекилли-а?” дея ўсмочлаганда, ёзувчи: “Бу қоғоз битта ҳикояга етса ҳам катта гап”, дея жавоб берган экан.

Юқорида Абдулла Қаҳҳорнинг ижод жараёнида қандай меҳнат қилиши хусусидаги эътирофини келтириб ўтдик. Адиб “Бир хатга жавоб”ида ўша фикрини давом эттириб ёзади: “Мен ёзилган жумлани, ҳатто саҳифани ҳам устидан тузатолмайман. Жумла, ҳатто бутун бир саҳифадаги бир сўзни ўчириб, ўрнига бошқасини ёзиш учун бошқа қоғозга ўша жумла, ҳатто саҳифани кўчириб ёзаман. Бир саҳифани ўрта ҳисоб билан 15–16 марта кўчираман, шубҳасиз, ҳар сафар саҳифага сайқал бераман”.

Буларнинг барчаси адибнинг ўзига нисбатан ниҳоятда талабчанлиги ва бадииётни муқаддас деб билганига, наридан бери ёзилган бўлар-бўлмас нарсалар билан адабиётнинг қадрини тушириб юборишга ҳатто ўзи каби тажрибали ёзувчининг ҳам ҳаққи йўқлигига, ихчамлик, асарнинг пишиқ-пухталиги, тилдаги миллийлик, диалоглардаги ўта ҳаётийлик ва жонлилик, китобхон кўз олдида муҳрланиб қоладиган характерлар яратиш маҳорати ва барҳаётлигидanoq классик мартабасига эришишнинг сири ана шу ўн марталаб қайта ишлаш ва қайта кўчиришларда, романгa етгулик қоғозни бир ҳикоя учун саранжом қилиб, аёвсиз заҳмат чекишда эканлигига ишора, далил эди.

Устоз адибнинг ўз даврида истаб-сўраб ўқилган “Ёшлар билан суҳбат” китобидаги қуйидаги сўзларини ижод ҳавасида юрган ёшларимиз ва бошқалар ҳам мағзини чақиб, улардан зарур хулосалар чиқариб олса, ўзлари учун ҳам, адабиётимиз камоли учун ҳам фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман:

“Адабиётимиз тарихида шундай ҳодисалар бўлади: ёзувчи битта асар ёзади-ю, мақтов кутиб атрофга қарайди, ҳеч ким эътибор қилмаса, хархаша бошлайди, нима учун мен фалон рўйхатда йўқман?.. Нима учун фалон танқидчи мени кўтармайди? Ёзувчини ҳеч қачон, ҳеч ким кўтармайди. Яхши ёзувчини яхши асарлари кўтаради, яхши ёзувчи кўтарилиб кетганини ҳатто ўзи ҳам билмай қолади”.

Абдулла Қаҳҳор қалби, бутун вужуди билан адабиётнинг шаффофлиги, мавқеи, шарафини истеъдодсизлардан, хом-хатала асарлардан муҳофаза қилиб турадиган қалқон эди. Шу боис талабни қаттиқ қўярди, яъни бола тарбиясига узоқни кўзлаб, фақат оила учуңгина эмас, балки жамият учун ҳам муҳимлигини ўйлаб қаттиққўллик билан ёндашадиган ота мисоли эди. Образли қилиб айтсак, адабиёт майдонини хас-хазонлардан тозалаб турадиган саришта боғбон эди.

Ёзувчи “китобхон олдида ҳар бир жумлaси учун жавобгарлиги” тўғрисидаги эътиқодий ақидасига ва бошқа талабларига аввало ўзи риоя қилгани ва ўзгаларни ҳам шунга даъват этгани учун ҳам унинг ижоди ўрганиш ва сабоқ мактаби, малака ибрати бўлиб қолаверади.

Қамчибек КЕНЖА

“Жадид” газетасининг 2026 йил 1 январдаги 1-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img829

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img822

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857