12.01.2026 | 14:44
372
ЖАДИДЛАР ДАВРИДА КУТУБХОНАЧИЛИК
Бугунги кунда Ўзбекистон кутубхоначилик тизими модернизацияси, рақамли кутубхоналар, ахборот-ресурс марказлари ривожи жараёнида жадидлар яратган маърифий кутубхоначилик анъаналарини тарихий-илмий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш ва чуқур ўрганиш муҳим методологик аҳамиятга эга.

Жадидларнинг маърифий парадигмаси шуни кўрсатадики, улар учун кутубхона: билим манбаи сифатида – жамият ва инсон ҳақидаги илмий тасаввурларни шакллантириш воситаси; маънавий тарбия маскани сифатида – ахлоқий, диний ва фуқаролик қадриятларини тарғиб қилувчи майдон; ижтимоий мулоқот майдони сифатида – зиёлилар, ўқитувчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учрашув жойи ўлароқ талқин этилган. Шу маънода, жадидлар кутубхонани оддий “китоб сақланадиган жой” эмас, балки маърифий-сиёсий платформа сифатида қабул қилган.
Жадидлар фаолияти даврида Туркистонда қуйидаги турдаги кутубхоналар шаклланганини кўрамиз:
Мактаб ва мадрасалар қошидаги кутубхоналар – янги усулдаги мактаблар, хусусий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган кичик кутубхоналар ўқув-дарслик, дидактик ва тарбиявий-лисоний адабиётлар билан таъминланган.
Жамоат кутубхоналари – маҳаллий аҳоли, савдогарлар, ҳунармандлар, шунингдек, жадид зиёлилари маблағлари ҳисобидан ташкил этилиб, кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган.
Шахсий ва оилавий кутубхоналар – жадид зиёлиларининг уй-кутубхоналари (Беҳбудий, Авлоний, Фитрат ва бошқалар) атрофида ёшлар ва ҳамфикрлар тўпланадиган маънавий муҳитни вужудга келтирган.
Вақф кутубхоналари – масжид ва мадрасалар таркибида вақф маблағлари ҳисобига юритилган, аммо жадидлар таъсири остида уларнинг фонд таркиби ва ўқувчи доираси маълум даражада ўзгариб борган.
Мазкур зиё масканлари тармоғини умумлаштирган ҳолда айтиш муминки, жадидлар даврида “мактаб – матбаа – кутубхона – матбуот” занжири кўринишидаги ягона маърифий инфратузилма шакллана бошлаган.
Жадид кутубхоналарининг фонд сиёсати анъанавий диний-фиҳқий адабиётлар билан бир қаторда, тарих, география, табиатшунослик, математика каби дунёвий фанларга оид асарлар, турк, татар, рус, турк-усмонли тилларидан таржима қилинган қўлланмалар, замонавий педагогика, психология, тилшунослик бўйича рисолалар, бадиий-адабий асарлар билан бойитилганини кўрсатади. Бу ҳолат кутубхона фондни кўп тармоқли билим манбаига айлантирган.
Жадид зиёлилари фондни шакллантиришда илмий фойдалилик ва долзарблик, она тилида адабиётларни кўпайтириш, диний ва дунёвий билимлар ўртасида мувозанатни сақлаш, ёшлар учун оммабоп, тушунарли услубдаги асарларни танлаш тамойилларига амал қилганлар.
Миллий онгнинг шаклланишида тарихий хотира муҳим компонент ҳисобланади. Жадид кутубхоналарида туркий халқларнинг тарихига оид асарлар, мусулмон Шарқи тарихий манбалари, Марказий Осиё алломалари меросига бағишланган рисолалар сақлангани ёш авлодга ўз тарихий илдизи, илмий анъаналарини англаш имконини берган. Натижада илмий меросимиз ҳақидаги тасаввурлар, миллий ғурур ва ўзликни қадрлаш ҳисси, мустамлака мафкурасига нисбатан танқидий муносабат кучайган. Кутубхона шу тариқа миллий тарихни қайта ўқиш майдонига айланган.
Жадидлар она тилида таълим бериш ва матбуот нашрларини чиқариш масаласини миллий уйғонишнинг асосий шарти деб билдилар. Кутубхоналар фондида ўзбек тилидаги дарсликлар ва адабий асарлар, “Тараққий”, “Садойи Туркистон”, “Ойина” сингари жадид газета ва журналлари, чет тиллардан таржима қилинган оммабоп асарлар мавжуд бўлиб, улар китобхонлик маданиятини янги босқичга олиб чиқди. Кутубхона ўқув залларида газета-журналлар билан танишиш, баҳс-мунозаралар ўтказиш, мутолаага доир кўрсатмалар бериш каби ишлар олиб борилган. Бу жараён тилни модернизация қилиш, янги илмий-техник терминологияни шакллантириш, саводхонликни ошириш билан бевосита боғлиқ бўлиб, миллий онгнинг мазмунини бойитишга хизмат қилди.
Кутубхона фондидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий мазмундаги асарлар, шунингдек, турли мусулмон ва жаҳон халқларининг тараққиётига доир рисолалар ўша давр китобхонида жамиятдаги ижтимоий муносабатлар ҳақида танқидий фикрлаш, шунингдек, фуқаролик масъулиятини ҳис қилиш, ижтимоий адолат, тараққиёт, эркинлик каби тушунчаларни англаш сифатларини шакллантирган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кутубхоначилик тизимининг модернизацияси, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, электрон ва рақамли кутубхоналар, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, илмий ва олий таълим кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш жараёнида жадидлар меросига мурожаат қилиш муҳим илмий-назарий асослардан бири бўлиб бормоқда. Хусусан, жадидлар томонидан шакллантирилган кутубхонани миллий маънавият маркази сифатида кўриш, она тилидаги адабиётлар улушини кенгайтириш, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини тарғиб этиш, китобхон ва кутубхоначи ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот технологияларини маърифий мақсадларга йўналтириш тамойиллари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, вилоят ва тизим кутубхоналари фаолиятидаги тарихий меросни сақлаш, рақамлаштириш ва оммалаштириш, “очиқ фонд” тизими, интерактив хизматлар билан боғлиқ илмий-амалий лойиҳалар айнан жадидлар даврида бошланган маърифий анъаналарни янги шароитда давом эттиришнинг ифодаси сифатида кўрилиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш муминки, жадид ҳаракати даврида кутубхоначилик тизими маърифий ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида шаклланди ва тараққий этди. Кутубхоналар мактаб, матбаа ва матбуот билан биргаликда ягона маърифий инфратузилмани ташкил этди.
Бугунги Ўзбекистон кутубхоначилик тизими модернизацияси жараёнида жадид кутубхоначилиги меросини чуқур ўрганиш, унинг концептуал тамойилларини замонавий рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш, айниқса, Миллий кутубхона фаолиятида илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Келгусида жадидлар томонидан ташкил этилган махсус кутубхоналар, уларнинг фонд таркиби, китобхонлар контингенти, ижтимоий-сиёсий таъсири бўйича алоҳида архив ва манбашунослик тадқиқотларини кенгайтириш, ушбу мавзуни Ўзбекистон кутубхоначилик тарихининг махсус бўлими сифатида чуқур ёритиш, мақсадга мувофиқдир.
Умида ТЕШАБОЕВА,
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
“Жадид” газетасининг 2026 йил 1 январдаги 1-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



