12.01.2026 | 16:19
383
МИЛЛАТ КУРАШЧИСИ
1938 йилнинг бошларида НКВД томонидан қамоққа олиниб, “Сталинга суиқасд уюштирмоқчи бўлган” деган айб билан Тошкентда отиб ташланган ўз даврининг фаол ёшларидан бири, ўзбек спортининг ифтихори Ҳидоят Иноятов эди.

Ҳидоят Иноятов 1913 йили Тошкент шаҳрининг Тахтапул даҳасидаги Қозикўча манзилида туғилган. Унинг болалик даври Октябрь тўнтариши рўй бериб, жадид мактаблари ёпила бошлаган ҳамда улар ўрнига намунавий мактаблар пайдо бўлаётган паллага тўғри келади. Қозикўчанинг шундоқ биқинида “Улуғбек” мактаби очилади. Қаҳрамонимиз шу ерда ўқийди. Эрталаб маҳалладаги ўзбек мактабида, тушдан сўнг Янги шаҳардаги рус мактабида таҳсил олади. Ер-сув ислоҳоти йилларида отаси қулоқ қилиниб, бутун оила синовлар гирдобида қолади. Ҳидоят мактабдан қолиб, мустақил ҳаёт йўлини танлашга мажбур бўлади.
Ўша йиллари Тошкентда янги артел, завод ва фабрикалар изма-из ишга тушаётган, шаҳар ҳаётига ишчилар қатлами кириб кела бошлаган эди. Бу корхоналар маҳаллий ёшлар билан фаол иш олиб бориб, уларни ишга жалб этиш билан бирга, муайян ғоялар асосида тарбиялашга ҳаракат қиларди. Ана шу муҳит, юқорида айтганимиздек, оилавий шароит масаласи эндгина ўн беш ёшдан ошиб-ошмаган ўсмирни Тошкент трамвай трестига етаклайди. У тезда трамвай ҳайдашни ўрганиб олади. Унинг тиришқоқлиги, янгиликни тез қабул қилиши раҳбарият эътиборини ҳам тортади. Ҳидоят қисқа вақт ичида жамоада ўз ўрнига эга бўлиб, ишонч қозонади. Унинг таъсирида аста-секин қўни-қўшни йигитлар ҳам трамвайчилик касбини эгаллай бошлайди.
Сўнг Ҳидоят Иноятов трестдаги фаолиятини тўхтатиб, рус тилини мукаммал билгани учун 1933 йил февралда Ўрта Осиё давлат экспорт идорасига ишга ўтади. Бу ерда 1934 йилнинг май ойигача масъул ижрочи лавозимида ишлайди.
1920 йиллар охири ва 1930 йилларнинг биринчи ярми мамлакат ҳаётида кадрлар тез-тез алмашган, турли соҳалар ўртасида ҳаракат кучайган давр эди. Айниқса, иш фаолиятини энди бошлаган ёшлар бир идорада муқим қолмас, заруратга қараб янги вазифаларга жалб этиларди. Ҳидоят Иноятов ҳам айнан шу шароитда иш олиб борди. 1934 йили Мудофаа, авиация ва кимё қурилишига кўмаклашиш жамиятининг Куйбишев туман кенгашига раис ўринбосари этиб тайинланади. 1935 йили у мазкур кенгаш ҳайъатининг масъул котиби вазифасига ўтказилади. 1936 йили Куйбишев райони ёшлар ташкилоти котиби ўринбосари сифатида фаолият юритади. 1937 йилдан иш жойи яна ўзгаради. Эндиликда у Халқ Комиссарлари Кенгаши қошидаги Физкултура ва спорт ишлари комитетида раис ўринбосари бўлади.
Сиёсий ва ижтимоий жараёнлар кескин тус олган, кадрлар сиёсати марказдан бошқариладиган шароитда, бошқа давлат идоралари сингари комитет фаолиятида ҳам жиддий муаммолар кузатилади. Ҳужжатлардан маълум бўлишича, бу идорада ҳам асосан Европа миллатларига мансуб ходимлар ишлаган. Улар шовинистик қарашлар таъсирида спорт соҳасида ҳам миллий кадрларни четга суришга уринган. Нуфузли мусобақалар, халқаро ва марказий шаҳарларга уюштириладиган сафарлар ўзбек ёшлари учун деярли ёпиқ эди. Ўша йилларда Москвада ўтказилган мусобақалардан бири бунга ёрқин мисол бўла олади. Ҳужжатларда “ўзбек жамоаси” сифатида 30–35 нафар иштирокчи юборилгани қайд этилган бўлса-да, амалда улар орасида бирорта ҳам ўзбек бўлмаган. Бу ҳолат қоғозларда яратилган тўқималар билан ҳақиқат ўртасидаги чуқур жарликни кўрсатади.
Шу йилларда комитетда масъул лавозимда ишлаган қаҳрамонимиз бундай адолатсизликка чидамасди. Бир сафар республика ўқчи ёшларининг мусобақаларга тайёргарлигини текшириш учун Қўқон шаҳрига боради. Маҳаллий жамоа таркибига бор-йўғи бир нафар ўзбек киритилганини кўриб, жамоа тарқатилиши юзасидан кескин қарор қабул қилади. Бу қарор ўша давр учун жасорат, ўз жонини гаровга қўйиш, айни дамда таваккалга тўла қадам эди.
Ҳидоят Иноятов спорт соҳасидаги шовинизм кўринишларини очиқ фош этиб, бу ҳақда республика ёшлар ташкилоти раҳбарларидан бири Исроил Ортиқов номига расмий хат йўллайди. Хатда масаланинг шахсий эмас, тизимли муаммо эканини таъкидлайди. Бироқ воқеалар ривожи унинг фойдасига ҳал бўлмайди. Республика ёшлар ташкилотига ўрнашиб олган шовинистик кучлар камчиликларни бартараф этиш ўрнига, муаммони кўтарган шахснинг ўзига қарши қилич қайрайди.
Ҳидоят Иноятов хизмат пиллапоясидан шиддат билан кўтарилиб бораётган бир пайтда, 1937 йил воқеалари кўпчилик зиёлилар қатори унинг ҳам ҳаётини тубдан ўзгартириб юборади. Сиёсий тазйиқлар кенг қулоч ёйиб, давлат ва жамоат ҳаётининг деярли барча қатламларини қамраб олганди. Ўша йилнинг баҳорида республикаининг икки йирик раҳбари – Файзулла Хўжайев ва Акмал Икромов қамоққа олинди. Борди-ю бу икки давлат арбоби, ислоҳотлар бошида турган икки йирик шахс совет тузумига қарши аксилинқилобий ташкилот раҳбарлари деб қамалибдими, мантиқан олиб қаралса, бу ёғи “туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр” бўлади. НКВД органлари Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоларини, вилоят, шаҳар ва туман партия ташкилотлари котибларини оммавий қамоққа олишга киришади.
“Катта террор” навбати ёшлар ташкилоти раҳбарларига етади. Раҳбарлар сафида Исроил Ортиқов ва Фёдор Тарасов ҳам “троцкийчи”, “аксилинқилобий ташкилот аъзоси” деган сиёсий айбловлар билан ҳибсга олинади. Тургaн гапки, бу тазйиқлар Ҳидоят Иноятовни ҳам четлаб ўтмайди. У ёшлар ташкилотининг иккинчи котиби Фёдор Тарасов ҳамда ташкилий бўлим мудири Лазар Пехович билан алоқада бўлганликда айбланиб, комсомол сафидан чиқарилади. Ўша пайти эгаллаб турган Физкултура ва спорт ишлари комитетидаги лавозимидан ҳам четлатилади. Бунинг оқибатида бир неча ой мобайнида ишсиз қолади. 1937 йил декабрь ойида ўзига тамоман бегона соҳа – ёғ-гоʻшт саноати трестида иш бошлайди.
Бироқ тазйиқлар шуннинг ўзи билангина тўхтаб қолмади. Республикаини алғов-далғов қилиб юборган “қама-қама”лар ҳамманинг кўнглига ғулғула солиб қўйди, қанчадан-қанча кишилар оиласи бағридан юлиб олиб кетилаётгани хавотирни ошириб юборди. Аслида, бу хавотирлар бежиз эмасди. 1938 йил 7 февраль куни Ҳидоят Иноятов Ўзбекистон комсомоли ва спорт соҳасининг қамоққа олинган раҳбарлари билан алоқада бўлганлик, шунингдек, аксилинқилобий ташкилот топшириғи билан террористик ҳаракат тайёрлашда иштирок этганликда айбланиб, иш жойидан ҳибсга олинади.

Тергов жараёнида Ҳидоят Иноятовга куракда турмайдиган айблар тиркалади. Терговдан муддао ҳам шу ёвуз мақсад эди, аслида. Одам зоти етти ухлаб тушига ҳам кирмайдиган қийноқларга ортиқ чидолмаган йигирма уч яшар йигит ўзига ёғдирилган барча туҳматларга тўла ҳужжат остига имзо чекишга мажбур қилинади. Бу орқали унинг бўйнига “халқлар доҳийси”га қарши террористик ҳаракат ҳам илиб қўйилади.
Тергов ҳужжатларида 1937 йил июнь ойида Москвада ўтадиган жисмоний маданият паради гўё террористик суиқасдни амалга ошириш учун “қулай баҳона” сифатида талқин қилинади. Айбловга кўра, Ҳидоят Иноятов спортчилар гуруҳи таркибида Москвага юборилиб, унга қурол ва махфий топшириқ берилган. Бироқ бу “хулоса”ларнинг барчаси қийноқлар остида олинган кўрсатмаларга таянган бўлиб, парад ортидан террорчилик уюштирилгани ҳақидаги гаплар тергов томонидан сунъий тўқиб чиқарилган бўҳтон эди. Бу асоссиз айбловдан кўзланган нишон фақат бир-икки шахс эмасди. Унинг ортида комитет ҳамда комсомолда ишлаган ўнлаб ходимларни бир занжирга тизиб, барчасини қирғин гирдобига тортиш режаси ётарди.
Ҳидоят Иноятовнинг “жиноий иши” йиғмалари СССР Олий суди ҳарбий коллегиясига топширилади. 1938 йил 5 октябрда бўлиб ўтган суд ушбу айблов хулосасини тўғри деб топиб, уни отувга ҳукм этади. Шунингдек, унга тегишли мол-мулкни мусодара этиш ҳақида ҳам ҳукм чиқаради. Ўша куннинг ўзидаёқ Ҳидоят Иноятов ва яна 16 нафар собиқ хизматдоши отиб ўлдирилади.
Ҳидоят Иноятов отиб ташланганидан онаси Ҳафиза оя мутлақо бехабар, кўзи тўрт бўлиб ўғлининг ишдан қайтишини кутарди. Бироқ ўғли ишдан қайтмайди. “Уни ҳар ердан изладим. Бир ярим ой ўтгач, ҳибсга олингани ҳақида хабар беришди”, дейди Ҳафиза оя ўз мурожаатида. Онаизорнинг қўлида ўғлининг тириклигига ишора бўлиб умид бағишлаб турган ягона “ҳужжат” – ўнлаб сўровларидан бирига келган жавоб эди. Унда Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги Ҳидоят Иноятовнинг “айбдор шахс” деб топилиб ҳибсга олингани ва у ҳеч қандай хат-хабар алмашиш ҳуқуқисиз 10 йилга қамалгани ёзилганди.
Қатаг‘он йиллари ўйлаб топилган шафқатсиз қоидалар “айбдор” билан бирга унинг бутун бошли оиласини ҳам таъқиб қиларди. Аксилинқилобчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланган таниқли кишиларнинг хотини ҳам қамоққа олинар, уч ёшгача бўлган гўдаклардан ташқари барча фарзанди турли республикалардаги болалар уйларига юбориларди. Агар оилада икки нафар бола бўлса, улар атайлаб турли шаҳарларга жойлаштириларди. Шу зайл, улар ота-онаси ким, оға-инилари, опа-сингиллари ким – қон-қариндошлик ришталаридан йироқ ўсиб-улғайарди.
Бироқ ҳаёт кези келса ҳар қандай зулмга қарши жасоратни қўзғаб, кутилмаган қарорлар қабул қилишга мажбур қилади. Биз бунни қаҳрамонимиз оиласи тақдири мисолида яққол кўрамиз. Атоқли шоир Мақсуд Шайхзода Иноятов билан яхши таниш, шу сабаб унинг оиласи бошига тушиши мумкин бўлган фожиаларнинг олдини олишга киришади. Шоирнинг саъй-ҳаракатлари билан Ҳидоят Иноятовнинг хотини Ҳадича бошқа киши билан сохта никоҳдан ўтади. Болалар уйига жойлаштирилиши лозим бўлган қизи Мамлакат шу йўл билангина онаси бағрида қолади. Яна бир қизи Ҳуррият эса амакиси Неъмат исмини фамилия сифатида қабул қилиб, отини ҳам ўзгартириб, Кира Нигматовага айланади.
Сағир қолган қизалоқларга оталик қилмоқчи бўлган Неъмат Иноятов 1939 йили армия сафига олиниб, Финляндия билан урушда қатнашади. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан кўнгилли равишда фронтга отланиб, Сталинград остоналаридаги жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлади.
Бу ёқда Неъматгинасидан қорахат келган онаизор, энди бор умидини дом-дараksиз кетган ўғли Ҳидоят йўлига қадайди ва қарийб йигирма йил шундай яшайди. Фарзандининг “қайтиб келиши”ни 1957 йилга қадар кутади. Ана ўша йили 27 май куни Ҳидоят Иноятов ишида жиноят таркиби бўлмагани тан олиниб, вафотидан кейин оқлангани маълум бўлади. Ҳафиза оянинг узоқ йиллик кутувлари, умидлари шу жойда узилади. Кўп ўтмай, она омонатини топширади. Бу азоб-уқубатлар ичида Ҳидоят Иноятовнинг умр йўлдоши Ҳадича, қизи Мамлакат ҳам узоқ яшамайди.
Адабиётшунос олим, академик Наим Каримов таъбири билан айтганда, “Ҳидоят Иноятов ўзбек халқининг фарзандлари ҳар томонлама чиниққан, ҳар қандай машаққат ва қийинчиликларни енгиб, ўз мақсади сари дадил борувчи ва халқнинг дардига малҳам бўла олувчи авлод бўлишини истаган эди, холос”.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
“Жадид” газетасининг 2026 йил 1 январдаги 1-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
829
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
822
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
857



