19.01.2026 | 10:37
638
ИЛМ АЗИЗ ҚИЛГАН ЗОТ
Азизхон Қаюмов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Пўлатжон Қайюмий хонадонида 1926 йилнинг 19 январь куни дунёга келган. Бу маърифатпарвар оиладан кейинчалик икки машҳур адабиётшунос етишиб чиқиши бежиз бўлмаган. ХХ аср боши Қўқон шаҳрида янги усулдаги мактабларнинг моҳир муаллими, жадидона янгича қарашли Пўлатжон домла фарзандлари тарбиясига махсус эътибор берар, оилада илм-у адабиёт руҳи устун турарди.

Кейинчалик “Хўқанд тарихи ва унинг адабиёти”, “Тазкираи Қайюмий”, “Тазкират уш-шуаро” асарларини ёзган домла ўлкашунос тарихчи ва мумтоз адабиётнинг катта билимдони сифатида ҳам машҳур эди. Уларнинг шажараси эса мирзоларга бориб, хонлик даврида ҳам илм-маърифатли хонадон сифатида маълум бўлган.
Ўқувчи Азизхон шеърга ҳаваси туфайли Ўзбекистон халқ шоири Чархийга шогирд тушган. Бу эса унинг ҳаётидаги муҳим бурилишга замин ҳозирлади. 1944 йилнинг баҳор кунларидан бирида ўша вақтлардаги давлат арбоби Усмон Юсупов Қўқонга боради. Ўз одатича, қўқонлик адабиёт ва санъат аҳлини чорлайди. У Чархий домлани кўпроқ ҳурмат қилар ва ҳофизлардан қўшиқ тинглашни хуш кўрарди.
Ана шу давралардан бирида қўқонлик ҳофиз янги басталанган ашулани ижро қилади. Унинг сўзларига диққат қилган Усмон ота муаллифига қизиқиб қолади: “Азизий, ким у?” Чархий домла кулибгина: “Пўлатжон домланинг ўғли” дейди ва 18 ёшли Қўқон нефт техникуми талабаси Азизхонни чақиртиради. Теран фикрли йигит юрт раҳбари билан муносиб суҳбат қургач, Усмон Юсупов уни Тошкентга олиб кетади. У 1944 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг шарқ тиллари факультетига ўқишга киради.
Азизхон Қаюмов университетда Й.Бертелс, А.Арендс каби машҳур шарқшунослардан таълим олади. Академик Воҳид Зоҳидов йигитчадаги зеҳн ва ҳаракатни кўриб, талаба эканига қарамай, Беруний номидаги Шарқшунослик институтига ишга таклиф қилади. Шу ерда ўз фаолиятини илмий ходим, илмий котиб сифатида бошлайди. Унинг Воҳид Зоҳидов билан устоз-шогирдлиги бир умр давом этди. Кейинчалик “Академик Воҳид Йўлдошевич Зоҳидов” рисоласини ёзди. Умуман, домланинг ажойиб хислатларидан бири – устозларга садоқати эди. У кишининг қаламига мансуб “Академик Ғафур Ғулом”, “Академик Ойбек” ва яна бир қатор таниқли сафдош олимлар (А.Ҳайитметов, Р.Аминова, А.Асқаров, Д.Азимова) ҳақидаги хотира-рисолалари ҳам жамоатчилик эътиборига тушган.
Кейинчалик Азиз Пўлатович Тил ва адабиёт институти директори, Маданият вазири, Кинематография давлат қўмитаси раиси, Маданият институти ректори бўлган йилларида ўзбек фани, маданияти ва маърифати ривожи йўлида ҳалол ва самарали ишларни амалга оширди. ЎзФА Ҳ.Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтидаги кўпйиллик раҳбарлиги давомида эса адабий манбашунослик ва матншунослик соҳасида ўзига хос илмий мактаб ва муҳит ярата олди. Мамлакатимизнинг турли илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим даргоҳларида меҳнат қилиб, фан ва маориф ривожига ҳисса қўшган ва қўшиб келаётган кўплаб олимлар чин маънода домланинг шогирдларидир. 1998 йилдан умрининг охири – 2018 йилга қадар эса устоз Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида етакчи илмий ходим сифатида ёшларга илмий жабҳада ўрнак бўлиб, ўнлаб китоблар чиқарди.
Домла қаерда ишламасин малакали миллий кадрларни етиштириш, хотин-қизларни кўпроқ илм-маърифатга жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор берарди. 1958–1961 йиллар давомида Тил ва адабиёт институти (ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти)да раҳбар эканлигида муҳим тадқиқотларга алоҳида урғу берди. Ўша даврда Порсохон Шамсиев, Ҳоди Зарипов, Солиҳ Муталлибов, Абдуқодир Ҳайитметов, Абдурашид Абдуғафуров, Маҳбуба Қодирова, Суюма Ғаниева, Собир Мирвалиев каби олим ва олималар етишиб чиқди.
Азизхон Қаюмовнинг миллий кадрлар, миллий адабиёт манфаати йўлидаги ишлари совет мафкурасига ёқмаган ва бир неча бор қаттиқ дашномлар эшитган. Айниқса, унинг докторлик диссертацияси асосида 1961 йилда нашр этилган “Қўқон адабий муҳити” китоби Республика Компартияси йиғилишида муҳокама қилинган, танқидга учраган. Адабиётимиз тарихи ва унинг ранг-баранглигини тушунмаганлар “Нега энди Қўқон адабий муҳити? Қаюмов маҳаллийчилик қилмоқда. Бизда ягона совет адабиёти бор”, дея аюҳаннос солган. Натижада, домлага ҳайфсан берилиб, бошқа ишга ўтказилган.
Олим яратган асарларда илк туркий ёзма ёдгорликлардан тортиб, то ХИХ асрнинг охиригача бўлган ўзбек адабиётига дахлдор материаллар тадқиқ этилган. Масалан, устоз “Ўзбек адабиёти тарихи” беш жилдлигининг ҳаммуаллифи, “Махмур”, “Ҳозиқ”, “Ғозий”, “Қўқон адабий муҳити (XVIII–ХIХ асрлар)”; “Қадимият обидалари”, “Беруний ва адабий ижод”, “Беруний ва Ибн Сино” китобларининг муаллифидир. Унинг ижодида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур мавзуси алоҳида ўрин тутади. “Садди Искандарий”, “Ҳайрат ул-аброр” талқини”, “Фарҳод ва Ширин” сирлари”, “Ишқ водийси чечаклари”, “Алишер Навоий”, “Нодир саҳифалар”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур”, “Бобур давридаги Андижон адабий муҳити” рисолалари сўзимиз исботидир. Яна, олимнинг Аҳмад Фарғоний, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Абдураҳмон Жомий, Огаҳий, Фурқат ҳаёти ва ижодига оид рисолалари ҳам кенг эътибор қозонган.
Мумтоз адабий асарларимизни нашр эттириб, тарғиб қилишда ҳам Азизхон Қаюмов олдинги сафларда бўлган. Совет даврида Бобур шахси ва ижодига муносабат совуқ бўлган бир пайтда унинг шеърларининг Ўзбекистондаги алоҳида илк икки нашри 1957–1958 йилларда домла томонидан амалга оширилган. Устоз илк бора Махмур, Увайсий, Нодира шеърлари, Пўлат Қайюмийнинг асарларини нашрга тайёрлади, адабий меросимизнинг кўпгина нашрларига муҳаррирлик қилди. Ибн Сино “Тиб қонунлари”ни арабчадан таржима қилишда қатнашган бўлса, унинг илмий таҳрири остида чоп этилган Қўлёзмалар институтининг икки жилдлик рус тилидаги каталоги 1998-йили халқаро Имом Бухорий мукофотига сазовор бўлган.
Москвада нашр этилган “Библиотека мировой литературы” ва “Библиотека поэта. Большая серия” китобларига ҳам айнан Азизхон Қаюмов Навоий асарларини рус тилида тайёрлаб берган. Шунингдек, ЮНEСКО томонидан 2000 йили Францияда чоп этилган “Дунё адабиёти” ва “Марказий Осиё маданияти” китобларининг адабиёт қисми устоз томонидан ёзилган. Умуман айтганда, академик Қаюмовнинг нашр этилган жами китоб, рисола ва мақолаларининг адади 500 дан ортиқни ташкил этади.
Домламизнинг яна бир ибратли жиҳати бор эди. У илмий жабҳада ҳам, ҳаётда ҳам деярли ҳеч тортишмас, танқидларга бардошли эди. Илмий мажлис ёки анжуманларда у ёқламаган фикр-мулоҳазалар қалқиб чиқса-да, ҳаяжонланмас, ўз илмий ёндашувини оҳиста баён этиб қўярди, холос. Матбуот орқали ҳам ҳеч қачон илмий мавзулардаги баҳсларга қўшилмасди. Бизга айтардики: “Агар бирор олимнинг илмий масала юзасидан чиқиши ёки фикри ёқмаса, танқид қилиб ўтирманг, ёзинг ва китоб ҳолида чиқаринг”.
Шунингдек, Азизхон домла истеъдодли шоир эди. Унинг “Азизий” тахаллуси билан яратган кўплаб шеърлари, жумладан, Алишер Навоий ғазалларига ёзган ўнлаб мухаммаслари эътирофга сазовор бўлган.
Домланинг миллий адабиётшунослигимиз тадқиқига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган узоқ йиллик изланишлари унинг 10 жилд (12 китоб)дан иборат асарларида ўз аксини топган, дейиш мумкин (Тошкент: Мумтоз сўз, 2008–2013). Таъкидлаш керакки, дунё адабиётшунослари орасида ҳам бундай кўп жилдли асарлари босилган олим кам топилади.
Азизхон Қаюмов том маънода ёш олимларни қўллаб-қувватловчи устоз эди. Қўлидан келса моддий ёки бошқа жиҳатдан, энг камида яхши сўзи ва эътирофи билан кўнгилни кўтарар эди. Гарчанд ўзи улкан олим, мумтоз адабиётнинг катта билимдони бўлса-да, бу соҳада амалга ошган бирор кичик ютуқни ёш тадқиқотчидан эшитса, олқишлаб: “Қаранг-а, билмас эканмиз. Сизга раҳмат”, дер эди.
Диққатга сазовор яна бир хусусияти – устоз ёши улғайиб қолганида ҳам илмий йиғин ва анжуманларда, айниқса, ёш олимлар конференцияларида имкони борича охиригача ўтирар, ҳар бир чиқишни диққат билан эшитарди. Ёдимда бор, бир ёшлар анжуманида устоз бироз толиқдими, тадбирни танаффус билан давом эттиришни таклиф қилди. Лекин узоқдан келганлар кўпроқ эканми, шу куниёқ анжуманни тезроқ тугатиш учун танаффуссиз ишлаш маъқул топилди. Шунда домла “мен академикман, ёшим улуғ” демади, индамай рози бўлди ва бир фурсатдан сўнг узр айтиб чиқди. Домлани кузатарканман, юзида хафалик сезмадим.
Домла Фанлар академиясидан бошқа тизимда ишлаганда ҳам илм-маърифатли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берар эди. Масалан, Кинематография давлат қўмитасининг раиси бўлиб ишлаб юрган кезлари, у вақтларда ёш ва истеъдодли шоир Рауф Парфининг ишсиз қолгани ҳақида эшитиб қолади. Шоирни ҳузурига чақиртириб, бироз суҳбатлашгач, уни ишга олади. Қизиғи шундаки, шоирга ҳеч қандай вазифа юклатилмайди. Фақат, ҳафта охирида раҳбар – Азизхон Қаюмов хонасига кириб ҳисобот топшириши керак эди. Бу жараён эса Рауф Парфининг янги ёзган шеърларини домлага ўқиб бериш бўлган. Шу зайлда шоир бир неча муддат ишлайди. Кейинчалик, шоир “ўзим уялиб, бўшаб кетдим”, дея эслаган ва “Битиктош. Азизхон Қаюмовга” дея шеър ҳам битган. Албатта, Азизхон домла кейинчалик ўзи ҳақида шоирнинг шеър ёзиши, илиқ хотирлаши учун эмас, ёш бир ноёб истеъдодни сарсон бўлмаслиги, хотиржам ижод қила олиши учун ўз имконияти доирасида ёрдам қилишни кўзда тутган.
Шу билан бирга, Азизхон Қаюмов мамлакат ижтимоий ҳаётида ҳам фаоллик кўрсатган. Унинг Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати (1995–2000) сифатидаги хизматлари, “Миллий тикланиш” партиясининг илк раҳбари ва партияни тузиш билан боғлиқ жонбозликлари ҳам зиёлиларга яхши маълум.
Устознинг хонадонига бориб юрган кўпгина шогирдлари билади, ҳовлига кираверишда ўнг бурчакда чала битган ғиштин иморат бўларди. Азизхон Қаюмов бу иморатни Тил ва адабиёт институтига директор бўлиб келганида бошлагани ва мана қариб қолди ҳамки ҳануз битиролмаганини кулиб сўзларди. Ўзи шу коттеж ҳовлининг асл эски хоналарида яшаб ўтди. Жуда катта лавозимларда, қўли узун бўлган даврлар кечган бўлса-да домла ҳалол меҳнат билан кун кечирарди. Иморатини ҳам ойлик маоши ҳисобига аста-секин қурарди. Аммо ниҳоясига етказа олмади. Сабаби нафақага чиқди…
Устоз Ҳ.Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтига йигирма йил давомида директорлик қилди. У билан ишлаган барча биладики, домла ғоят адолатли ва ҳалол раҳбар бўлган. Ҳатто, бир йили институт раҳбари учун ажратилган хизмат машинаси ва унга бириктирилган шофёрдан ҳам воз кечиб, унинг маблағини илмий ходимлар маошини кўтаришга сафарбар қилган. Буни бирор марта бирор ходимга миннат ҳам қилмаган…
Бир ҳамкасбимиз ўғлини уйлантириши сабабли тўй базмида домла билан меҳмон бўлдик. Базмда устоз ёшларга бахт тилаб, қисқагина, чиройли нутқ сўзлади. Тўй қизиган сари ўйин-кулги авж олиб, айрим кимсалар ўйнаётганлар устидан пул соча бошлади. Шунда мен биринчи марта Азизхон Қаюмовнинг ғазабланганини кўрдим: “Бу нимаси, қандай разолат?” дея аччиқ сўзлади. Сўнгра базмда кўп ўтирмай, секин чиқиб кетди.
Шундай, Азизхон устоз одамийлик ва маданиятга мос келмаган ҳар қандай иллатга нафрат билан қарарди. Ўзи ҳалол яшагани учун бошқаларни ҳам шундай яшайди, деган юксак фикрдаги инсон эди. Шунинг учунмикан, узоқ ва хайрли умр кўрди. У 2018 йил 16 февраль куни 92 ёшида вафот этди. Таъзия сабаб, домланинг уйига илк бор келган айримлар: “Академикнинг уйи шуми? Шунчалик оддий яшармиди?” дея ҳайрон ҳам бўлган.
Муҳтарам олимнинг сермаҳсул илмий-маърифий ва жамоатчилик фаолияти Беруний номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган. Азизхон Қаюмовнинг ҳалол ва ибратли ҳаёт йўли доимо барчамизга ўрнак бўлиб қолади.
Отабек ЖЎРАБОЕВ,
филология фанлари номзоди
“Жадид” газетасининг 2026 йил 16 январдаги 3-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



