20.01.2026 | 10:46
560
БАДИИЯТ ДАРҒАСИ
Мустабид тузум иллатларини чуқур англаб етган адабиётшунос, танқидчи ва таржимон Асил ака Рашидов ҳақида гапирганда, ҳар гал ички бир тараддуд сезаман. Бу гал ҳам шундай бўлди. Асил Рашидов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган “Эътироф” китобини ўқир эканман, бутун умрини миллий адабиётимиз, маънавиятимиз ривожига бағишлаган, чин маънодаги фидойи, серқирра ижодкорнинг бадиий-ижодий салоҳияти ва беназир шахсияти кўз ўнгимда гавдаланди. Замондошлар хотиралари жамланган ушбу китоб Инобатхон Рашидова томонидан нашрга тайёрланган экан.

Асил акани аспирантлик чоғларидан биламан. Чунки бир вақтда аспирантурага киргандик. Аммо кейинчалик ўқишни ватанпарварлик ва миллий кадрлар етиштиришда тенги йўқ забардаст олим, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Ҳабиб Абдуллаев тавсиясига кўра, Ленинградда давом эттиришимга тўғри келди.
50 йиллар охири эди. Сентябрь миёнасидан декабрь ниҳоясигача ўзбекистонлик барча аспирантлар қаторида пахта теримида бўлиб, илк бор Асил ака билан яқиндан танишганман. Сиёсат шунақа эди-да, ўқувчимисан, аспирантмисан, академикмисан – фарқи йўқ, ҳамма далага ҳайдалар, “оқ олтин”ни сўнгги мисқолигача териб олиш шарт эди.
Балки, бугунги авлодда савол туғилар: “Асил акангиз республиканинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири бўлмиш Шароф Рашидовнинг туғишган укаси, жон-жигари бўлса, теримда нима қилиб юрибди?” У киши Шароф Рашидовнинг кенжа укаларидан бўлса-да, ҳеч қачон акасининг мавқеини суиистеъмол қилишга уринмаган. Оилавий анъанага кўра, Шароф Рашидов Олий Совет Прездиуми Раиси бўлганда ҳам, биринчи котиблик даврида ҳам оила аъзоларини, биринчи навбатда укаларини ўз меҳнати билан яшашга ўргатган, бу масалада қаттиққўл бўлган. Шундай тарбия кўрган Асил ака ҳам ўз билимига, иқтидори ва кучига ишонган, нимага эришган бўлса, ҳалол меҳнати сабабли эришган инсон эди.
Шу ўринда Шароф Рашидов билан боғлиқ бир воқеани айтмасам, инсофдан бўлмас. 1982 йилнинг кузи. Сурхондарёдаги Жарқўтон бронза даври ёдгорлигида қазишмалар олиб бораётган эдим. Бир куни манзилгоҳга Шароф Рашидов ташриф буюрди. Мен 2-2,5 метр чамаси чуқурликда қабила сардорининг қабрини очиш билан банд эдим. Раҳбарлар келганини сезмай қолибман. Қарасам, Шароф ота мен томон яқинлашиб, қўл узатяпти. Шогирдларимга тезда нарвон, сув ва сочиқ келтиринглар, дедим. Шу пайт Шароф Рашидович: “Сизнинг қўлингизга юққан аждодлар гарди менинг қўлимга ҳам юқсин”, деб мени бағрига босиб, оталарча манглайимдан ўпди.
Асил ака ана шундай зотнинг жигари эди, ўзи ҳам юксак фазилат руҳида тарбия топган шахс, ижодий меҳнатда тобланган жасур журналист, букилмас ирода соҳиби, таниқли адабиётшунос олим, моҳир таржимон бўлиб етишди.
Асил Рашидов портретидаги энг муҳим чизгилардан бири буюк адиб Чингиз Айтматов билан боғлиқ. Ўзбекистонда Айтматов ижодини чуқур биладиган, асарларининг барчасини ўқиб, уларда кўтарилган ғояларни теран англаб етган Асил Рашидовдек бадиият дарғаси кам бўлса керак.
Бунинг сабаби бор, албатта. Асил ака нафақат Чингиз оға ижодининг қаймоғини ўзбек китобхонларига юксак маҳорат билан етказа олди, улар ҳақида қатор мақолалар, китоб ва адабий портретлар эълон қилди. Узоқ йиллик ижодий изланишлар ўлароқ майдонга келган “Чингиз Айтматовнинг бадиий олами” асари юқорида эътироф этилган уч йўналишдаги меҳнат ҳосиласи ўзбек миллий адабиётшунослигининг ёрқин тимсоли бўлиб тарихга кирди.
Тарихда ҳам, ҳозир ҳам таржимонман, деганлар кўп. Аммо бадиий таржима ўта мураккаб иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Тил билишнинг ўзи камлик қилади. Бундай таржимон киши руҳининг ички дунёсига кира билиш иқтидорига эга бўлиши керак. Бу аснода Асил ака беназир эди. Унинг бу ноёб иқтидорига Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳам тан берган.
Асил ака ижод билан бирга педагогика институтида узоқ йиллар адабиёт фанидан дарс бериб, навқирон қалбларни бу сеҳрли дунёнинг сир-асрорлари билан ошно этди.
У кишининг “Акам ҳақида” номли рисоласи Шароф Рашидовни юрт сардори, ижодкор сифатида эмас, балки оила бошлиғи, меҳрибон ота ва ака сифатидаги соф инсоний фазилатларини мухтасар тарзда ифода этгани билан ҳам қимматлидир. Аслида, Асил ака бир умр акасига қилинган туҳмат-у ёлғонлардан озор чекиб ўтди. У кишининг илм-маърифатга тўлган қалби бўҳтонларга узоқ бардош бера олмади. Давлат ва халқ Шароф Рашидовнинг пок номини тиклаб, хотирасини улуғлагандан кейин у кишига тош отганларнинг бирдан ўзгариб қолганини кўрганда аллома таржимон хаёлидан нелар ўтди экан…
Китоб баҳона, улуғларимизни йод этдик. Илоҳим, иккисининг ҳам руҳи шод бўлсин!
Аҳмадали АСҚАРОВ,
академик, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби
“Жадид” газетасининг 2026 йил 16 январдаги 3-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



