21.01.2026 | 09:47
857
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга берарди.

Ана шу кезларда Муродбой Низановнинг ажойиб-ғаройиб ҳажвиялари, ҳангома ва ҳикояларини ўқиб, содда ва самимий қорақалпоқ халқига меҳрим тушган…
Тақдир тақозоси билан 2004 йилнинг охирларида “Ўзбеккино” миллий агентлигининг ҳужжатли фильмлар таҳририятида муҳаррир сифатида иш бошладим. Муродбой Низанов бу пайтда “Қорақалпоқфилм” киностудиясига раҳбарлик қиларкан. Икки йилча бурун у кишининг асари асосида суратга олинган “Танка” филми ўзбек томошабинлари орасида ҳам машҳур бўлиб кетган эди. Очиғи, табиатан оғир-вазмин ва камсуқум бўлган бу инсоннинг таниқли юморист адиб эканига ишониш қийин. Қолаверса, шунча йил ёнма-ён ишлаб, бирон марта ҳазил-ҳузул қилгани ёки ичакузди латифалар айтиб кулдирганига гувоҳ бўлмаганман.
Муродбой оғани қорақалпоқ киносининг ҳақиқий жонкуяри сифатида танидим. Ҳар гал Тошкентга теша тегмаган мавзуларда ёзилган сценарийлар билан келар, уларни бадиий кенгашда маъқуллатиб, “Қорақалпоқфилм” киностудиясида ишга тушириб юбормагунча қайтиб кетмасди. Муродбой Низановнинг саъй-ҳаракатлари билан тез орада “Қорақалпоқфилм” энг намунали киностудиялардан бирига айланди. Бу ерда Тўранияз Қалимбетов, Баҳаватдин Баймурзаев, Дамир Абдимуратов, Асенбай Асқаров сингари истеъдодли режиссёр ва операторлар қизиқарли ҳужжатли фильмларни суратга олишар, Муродбой оға эса шунча ишлардан ортиб, уларнинг аксариятига ўзи сценарий ёзарди.
Энди ўйлаб кўрсам, ўша кезларда “Қорақалпоқфилм” киностудиясида ижодий жараёнлар ўзининг чўққисига кўтарилган экан. Бунинг асосий сабаби, Муродбой оға истеъдодли кино усталарини бир ерда жамлаб, уларга ҳамма шароитларни яратиб берганди. Ўзи ҳам улар билан баб-баравар ижод қилиб, янги-янги ғоялар устида тинимсиз изланди, “Қорақалпоқфилм”ни ҳар томонлама ривожлантирди. Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан киностудиянинг икки қаватли каттагина биносини таъмирдан чиқариб, замонавий кинокамералар ва монтаж жиҳозларини сотиб олди. “Ўзбеккино” миллий агентлигининг Қорақалпоғистонга борган вакиллари ушбу киностудиянинг фаолиятидан кўнгли тўлиб қайтадиган бўлди.
– Ҳужжатли кино олишни аллақачон ўрганиб олдик, – деди Муродбой оға бир гал Тошкентга келганида. – Энди маррани баландроқ олиб, қорақалпоқлар ҳақида бадиий кинолар суратга олиш ниятимиз бор. Бунга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади. Яхши ниятда битта сценарий ҳам ёзиб келганман.
Чиндан ҳам, қорақалпоқ тилида катта кинолар яратиш вақти аллақачон етган эди. “Танка” минг зўр бўлгани билан “Ўзбекфилм” киностудиясида суратга олинган. Мен у киши берган сценарийни тезда ўқиб чиқдим. “Ўғри” деб номланган комедия жанридаги асар жуда самимий ёзилганига амин бўлдим. Муродбой оғанинг фикри “Ўзбеккино” миллий агентлигининг ўша вақтдаги раҳбари Аъзам Исъҳоқовга ҳам маъқул бўлди.
– Бироқ бу йилги маблағлар аллақачон тақсимлаб бўлинган, – деди у киши. – Ҳозир ортиқча пул йўқ. Келгуси йилгача сабр қилинг.
– Фильмнинг сметасини тайёрлаб қўйганман, – деди Муродбой оға бўш келмай. – Кўп харажат кетмайди. Сиз икки-учта ҳужжатли фильмнинг маблағини берсангиз етади. Қолганини ўзим топаман.
Тез орада фильм ишга туширилиб, Баҳаватдин Баймурзаев унга постановкачи режиссёр этиб тайинланди. Муродбой Низанов уни охирига етказиш учун тинимсиз ҳаракат қилди. Қорақалпоғистондаги қатор ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимларга илтимос қилиб, улардан ҳам озми-кўпми кўмак олди. Хуллас, биринчи қорақалпоқ бадиий киноси ҳашар йўли билан қисқа муддатларда тасвирга олинди. Шундан сўнг киностудияда бирин-кетин комедия ва мелодрама жанридаги “Курорт”, “Қўшнилар”, “Ўқилмаган хат”, “Умрнинг уч фасли”, “Меҳригиёҳ”, “Қўрғон” сингари бадиий фильмлар дунё юзини кўрди.
“Курорт” фильмини яратиш жараёнида Муродбой оға каттагина ижодий гуруҳни азза-базза пойтахтга бошлаб келиб, унинг маълум қисмини “Чинобод” санаторийсида тасвирга олди. Бу картина профессионал камерада суратга олингани боис, сифати ҳам анча баланд эди. Ушбу фильмнинг Нукусдаги премьерасида мен ҳам қатнашдим. Киностудиянинг маҳаллий зиёлилар, оддий томошабинлар билан тўлиб-тошган шинамгина залида тақдимот жуда кўтаринки, байрамона руҳда ўтди. Намойиш тугаб, ижодкорлар саҳнага чиққанида, зални гулдурос олқишлар тутиб кетди.
Ушбу фильмларнинг аксариятида қорақалпоқ ижодкорлари билан бирга Эркин Комилов, Аида Юнусова сингари бир гуруҳ таниқли ўзбек санъаткорлари ҳам эсда қоларли ролларни ижро этишди. Муродбой Низанов сценарийлари асосида тасвирга олинган мазкур фильмларнинг аксариятида ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг азалий қардошлиги, бир-бирига самимий меҳр-оқибати ҳамда қуда-андалик ришталарига алоҳида урғу берилган.
Камина ушбу фильмларнинг яратилишида озми-кўпми ҳиссам борлигидан доимо фахрланиб юраман. Зотан, уларни қорақалпоқ тилидан ўзбекчага ўгириш, бадиий кенгаш муҳокамасидан ўтказиш ва билдирилган таклиф-мулоҳазалар асосида қайта ишлашдан тортиб, суратга олиш, овозлаштириш ва томошабинларга тақдим қилишгача бўлган жараёнларда таржимон ва муҳаррир сифатида иштирок этганман. Кези келганда, “Қўшнилар” комедияси сценарийсини Муродбой Низанов билан ҳаммуаллифликда ёзганимизни ҳам таъкидлашни жоиз деб биламан.
Очиғини айтганда, ушбу сценарийлар “Ўзбеккино” миллий агентлиги бадиий кенгашида жиддий баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлган. Кенгашнинг айрим аъзолари сценарийларнинг мазмуни ва савиясига эътироз билдириб, “Қорақалпоқфилм” киностудияси ҳали катта кино олишга тайёр эмас, деб оёқ тираб туриб олишарди. Шундай кезларда Аъзам Исъҳоқов: “Қорақалпоқлар Голливуд даражасидаги фильмлар ярата олмаслиги мумкин, бироқ ўзларининг томошабини қабул қилса, шунинг ўзи кифоя. Уларга ишониб, имконият берсак, аста-секин ҳаммаси жойига тушиб кетади”, деб барча масъулиятни зиммасига оларди.
Чиндан ҳам, фильмдан-филмга киностудия киноижодкорларининг маҳорати ўсиб борди. Муҳими, улар яратган кино асарларида қорақалпоқ халқининг миллий характери, ҳаёт тарзи жуда ишонарли тасвирланар, актёрларнинг ижроси ҳам ҳаётга яқин ва самимий бўларди. Шу боис, мазкур фильмларни Нукусда ҳам, Тошкентда ҳам томошабинлар бирдай катта қизиқиш билан қарши оларди. Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги миллий кино саройида ўтказилган қорақалпоқ фильмлари тақдимотларида залда бот-бот кулги ва гулдурос олқишлар янграгани ҳалигача йодимда.
Йиллар давомида Муродбой Низанов икковимиз оға-инидек яқин ва ҳамфикр бўлиб қолдик. Мен бу инсоннинг тинимсиз изланадиган, ниҳоятда меҳнаткаш ижодкор эканига ишонч ҳосил қилганман. Гарчи у киши киностудия раҳбари бўлса-да, бир зум ҳам ижод қилишдан тўхтамайди. Бир гал меҳнат таътилига чиқиб, Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида икки-уч ҳафтада бутун бошли романни ёзиб тугатганига гувоҳ бўлганман.
Эътиборли жиҳати, узоқ йиллар давомида асосан сатира ва юмор жанрида қалам тебратиб келган Муродбой Низанов бу даврда бирин-кетин салмоқли қисса ва романлар яратиб, ўзини эпик кўламдаги адиб сифатида ҳам намоён қилди. Яширмайман, ана шу асарларни ўзбек тилига таржима қилиш мен учун ҳам чинакам тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўтади.
Эсимда, илк бор Муродбой Низановнинг “Ақчагул” қиссасини ўзбек тилига ўгирганман. Ўша кезларда бу асар адабий жамоатчилик орасида анча тилга тушди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Абдулла Орипов мазкур қиссани Чингиз Айтматов асарларига қиёслаб, 2007 йилда ўтказилган “Истиқлол: замонамиз қаҳрамонлари” адабий танловининг бош мукофоти билан тақдирлаган эди.
Танлов ҳайъати қиссани ўзбек тилига таржима қилиш ва китоб ҳолида чоп этишга қарор қилади. Бироқ таржимон масаласида муаммо туғилиб, бу иш анча ортга сурилади.
Муродбой оға бир гал Тошкентга келганида шу ҳақда куйиниб гапириб қолди.
– Балки мен бир уриниб кўрарман, – дедим.
– Агар таржиманинг заҳматидан қочмасанг, бу иш қўлингдан келишини биламан, – деди у киши ишонч билан.
Тез орада “Ақчагул”нинг таржимасига киришиб кетдим. Абдулла Ориповнинг таърифлаганича бор экан. Ақчагул исмли оддий қорақалпоқ аёлининг фожиали тақдирига бағишланган асар жуда катта дард ва изтироб билан ёзилганига ишонч ҳосил қилдим. Гўзал ва ақли расо Ақчагул не-не орзу-умидлар билан ўзи ёқтирган Нуржон исмли оддий йигитга турмушга чиқади. Дастлаб ҳаммаси яхши кечаётган эди. Бирин-кетин оилада фарзандлар дунёга келади. Бироқ ўша кезларда юзага келган иқтисодий қийинчиликлар туфайли Нуржон ишсиз қолиб, ношуд ва нотавон ҳолга тушади. Шундан сўнг Ақчагул оч ва юпун оила юкини елкасига олади. У эри ва фарзандларини боқиш илинжида кун бўйи зил-замбилдай тоғораларни кўтариб, кўча-кўйда одамларга таом сотади. Кечқурун ҳориб-чарчаб қайтгач, ярим тунгача рўзғор ташвишлари билан андармон бўлади. Тонг бўзармасдан ёстиқдан бош кўтариб, яна қозонга уннайди.
Ҳартугул, унинг машаққатли меҳнатлари туфайли рўзғорга барака кириб, фарзандларининг қорни тўқ, эгни бут бўла бошлайди. Бироқ Ақчагул қанчалик тиришқоқ, уддабурон бўлгани билан барибир содда ва ишонувчан аёл эди. Ҳаммани ўзи каби оқкўнгил, самимий одамлар деб ўйлайдиган шўрлик аёл фосиқ ва бадкирдор кимсаларнинг зимдан тўқиган тузоғига тушганини сезмай қолади. Оқибатда унинг ҳаёти остин-устун бўлиб кетади. Аёллик шаъни, ор-номуси топталган ситамзада Ақчагулнинг адолатсизлик ва қабиҳликларга қарши исёни фожиа билан якун топади…
Маҳоратли адиб ана шундай оғир воқеалар қаламга олинган асарни ҳам келажакка ишонч ва умид ҳисси билан якунлайди. Марҳуманинг хорижда ўқиб қайтган тўнғич қизи Арзойим кутилмаган айрилиқдан қадди дол бўлган отаси ва кўнгли чўккан укаларига бош бўлиб, янги ҳаёт бошлайди. Зотан, Ақчагулни доимо олдинга ундаган ғайрат-шижоат ва ақл-заковат унга мерос бўлиб ўтган.
Муродбой Низанов ушбу ихчамгина асарида мушфиқ аёл зотининг нозик елкасига зилдай оғир вазифаларни юклаб, уларни хўрлик ва таҳқирларга гирифтор қилишнинг аянчли оқибатларини яққол кўрсатиб берди.
Тез орада “Ақчагул” қиссаси таниқли адиб Носир Фозилов сўзбошиси билан эълон қилинди. Қисса Ёзувчилар уюшмасининг наср кенгашида йилнинг энг яхши асарларидан бири сифатида эътироф этилди.
Шундан сўнг Муродбой Низанов асарларини таржима қилишдан ортмай қолдим. Оғамиз ҳам атай қилгандек, ҳали қарасанг янги роман кўтариб келади, кейинги гал сиёҳи қуримаган қиссани столимга қўйиб кетади. “Охират уйқуси”, “Душман”, “Муҳаббат қўшиғи”, “Ошиқ бўлмаган ким бор”, “Дарбадар” романлари, “Икки қотил” қиссаси, “Қорақалпоқлар” деб номланган салмоқли тарихий-маърифий рисолаларнинг биринчи ва иккинчи жилдлари, қорақалпоғистонлик машҳур давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камолов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Бир асрлик умр” китоби, ўндан ортиқ сценарийлар…
Адибнинг юқорида тилга олинган кўламдор романлари ҳақида бирма-бир тўхталсак, гапимиз чўзилиб кетади. Бир қатор таниқли адабиётшуносларимиз ушбу асарларни батафсил таҳлил қилишган. Келгусида ҳам Муродбой Низановнинг қисса ва романлари ҳақида салмоқли тадқиқотлар ёзилишига ишончим комил. Фақат шуни айтишим мумкинки, бу асарларда қорақалпоқ халқининг оғир ва машаққатли кечган бир неча асрлик тарихи, бетакрор қадрият ва анъаналари, оддий инсонларнинг ибратли феъл-атвори, беғубор ички дунёси манаман деб бўй кўрсатиб туради.
Ушбу мақолани ёзиш асносида Муродбой оғанинг ўзим таржима қилган асарларини бирма-бир санашга уриндим. Лекин ҳикоя, ҳажвия ва очеркларнинг ҳаммасини ҳам эслолмадим. Таассуфки, эътиборсизлик туфайли уларни бир жойга тўплаб ёки рўйхатини тузиб қўймаган эканман.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби, заҳматкаш адиб Муродбой Низановнинг ўзбек тилига таржима қилинмаган асарлари ҳали жуда кўп. Агар кимдир шу ишга бел боғласа, узоқ йиллар тер тўкишига тўғри келади. Муродбой Низанов ана шундай сермаҳсул, меҳнаткаш адиб. Муҳими, у кишининг биронта асари қўл учида ёзилмаган. Ҳар бири ўзига хос ва бетакрор, катта истеъдод ва юксак маҳорат билан битилган.
Ўрни келганда, ҳеч иккиланмасдан бир гапни айтиб қўймоқчиман: Муродбой Низанов ўзининг кенг қамровли ижоди, теран бадиий-фалсафий тафаккурга асосланган кўламдор асарлари орқали замонавий қорақалпоқ адабиётининг Жўлмирза Оймирзаев, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов сингари дарғалари сафидан муносиб жой олиб улгурди. Бунга заррача шубҳам йўқ.
Дарвоқе, Муродбой Низанов 2013 йилнинг кузида кутилмаганда киностудия раҳбарлигидан кетди. Афсуски, “Қорақалпоқфилм” киностудиясига ўн йил раҳбарлик қилиб, унинг оёққа туриб олишига сабабчи бўлган, миллий адабиётимизнинг пешқадам вакилларидан бири бўлган адибни аттестациядан ўтказишмади. Агар шу билан киностудиянинг ишлари янада гуркираб кетганида, бугун бу воқеани тилга олиб ўтирмасдик. Афсуски, амалда бунинг тескариси бўлди…
Муродбой оға ўзининг аввалги касби бўлмиш ноширлик соҳасига қайтиб, қатор йиллар Нукусдаги “Билим” нашриётига раҳбарлик қилди. Бу ерда ҳам тинч ўтирмай, нашриётни ривожлантириш учун енг шимариб ишга киришиб кетди. Тошкентга янада серқатнов бўлиб қолди. Пойтахтдаги қатор вазирлик ва идоралардан буюртмалар олиб, қорақалпоқ тилидаги дарслик ва адабиётларни чоп этишни йўлга қўйди. Натижада қисқа фурсатларда ушбу нашриётнинг ҳам ишлари юришиб, ходимларининг косаси оқариб қолди.
Ўтган йили Муродбой оға ўз ихтиёри билан нашриёт директорлигидан истеъфо берди.
– Ёшим анчага бориб қолди, бу ёғига соғлиғимни ўйламасам бўлмайди, – деди у киши кутилмаган қарорини изоҳлаб. – Бундан буён уйда бемалол оёқни узатиб, оқлиқларни1 эркалатиб ўтирмоқчиман.
Ўшанда “мен билган Муродбой Низанов уйда тинчгина невара суйиб ўтириши мумкин эмас”, деган ўй кўнглимдан ўтди. Шундай ҳам бўлди. Тез орада оғамиз ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг қардошлиги мавзусига бағишланган “Кўприк” деб номланган янги, ажойиб сценарийни каминага юборди. Куни кеча тезкор почта ходими у кишининг атоқли қорақалпоқ шоири Бердақ ҳақида ёзилган янги асарини қўлимга тутқазиб кетди. Хуллас, Муродбой оға омон бўлсалар, биз сингари таржимонларга иш топилади.
Янги йил арафасида у киши алламаҳалда қўнғироқ қилиб, байрам билан табриклади.
– Умр вафо қилса, кираётган йилда 75 ёшга тўламан, – деди сўнг мақсадга кўчиб. – Фарзандлар билан шогирдлар “юбилейингизни ўтказамиз” деб бел боғлаб турибди. Шунга Тошкентдан ҳам қўноқ айтмоқчиман. Ўзинг уларни бошлаб келасан.
Бу таклифдан хурсанд бўлдим. Чунки айнан Муродбой оғанинг асарлари орқали кашф этганим – бепоён қорақалпоқ диёрини, ушбу заминда яшайдиган дарёдил инсонларни анчадан бери соғиниб, шу томонларга оёғим тортиб юрган эди. Шунинг учун у кишига “Насиб этса, албатта борамиз”, деб ваъда бердим.
Яна нима ҳам дейман. Тез орада таваллуд тўйингизда кўришгунча омон бўлинг, Муродбой оға!
Ғафур ШЕРМУҲАММАД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
1Оқлиқ – қорақалпоқ тилида “набира”.
“Жадид” газетасининг 2026 йил 16 январдаги 3-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
БАДИИЯТ ДАРҒАСИ
Мустабид тузум иллатларини чуқур англаб етган адабиётшунос, танқидчи ва таржимон Асил ака Рашидов ҳақида гапирганда, ҳар гал ички бир тараддуд сезаман. Бу гал ҳам шундай бўлди. Асил Рашидов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган “Эътироф” китобини ўқир эканман, бутун умрини миллий адабиётимиз, маънавиятимиз ривожига бағишлаган, чин маънодаги фидойи, серқирра ижодкорнинг бадиий-ижодий салоҳияти ва беназир шахсияти кўз ўнгимда […]
20.01.2026 | 10:46
558



