Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


21.01.2026 | 12:50

img822

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда муҳим натижаларга эришган. Шу боис, бир қатор халқаро мукофотларни ҳам қўлга киритган. 300 дан зиёд илмий ишлари хориж ҳамда республикадаги нуфузли журналларда чоп этилган. Унинг раҳбарлигида 19 нафар фан номзоди ва 5 нафар фан доктори илмий иш ёқлаган.

– Буюк аждодимиз Мирзо Улуғбек фикрича, “Математика (риёзиёт) ғоят юксак бир фанки, унда бир олам мўъжиза ётади”. “Математика – фанларнинг энг биринчиси ҳамда барча фанлар учун фойдали ва зарурдир”, деб ёзади инглиз файласуфи Бекон. Шу маънода математика бошқа фанлар ва жамият тараққиётида қандай рол ўйнайди?
– Математика барча табиий фанларнинг фундаментал асоси ва умумий тили ҳисобланади. Физика, кимё, биология, тиббиёт, иқтисодиёт, ҳатто ижтимоий фанларда юз бераётган жараёнлар математик моделлар орқали ифодаланади ва чуқур таҳлил қилинади. Масалан, замонавий биологияда генетик тармоқлар, популяция динамикаси, эпидемиологик жараёнларни математик тенгламалар ва эҳтимоллик моделларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Тиббиётда эса диагностика, тиббий тасвирларни қайта ишлаш, касалликларнинг тарқалишини башорат қилиш бевосита математик алгоритмларга таянган. Мана шуларнинг барчаси замирида математик назариялар мавжуд.
Бугун кўп гапирилаётган сунъий идрок (СИ)ни олайлик. Гўёки математика четга сурилиб, СИ алоҳида фан бўлиб кетгандек. Аслида, унинг пойдеворида ҳам математика турибди. Ҳаммаси математик ёндашув орқали амалга ошади. “Google” дунёдаги энг ривожланган қидирув тизимларидан бири. Уни яратганлар – математиклар. Уларнинг алгоритмлари эҳтимоллар назариясидаги Марков занжирлари деган назарияга асосланган. Мен айтаётган маълумот беш йил олдингиси, балки ҳозир ундан ҳам кўпроқдир, лекин ўша пайтнинг ўзида бу тизим бир дақиқада 37 минг доллар фойда келтирган. Бу математиканинг кучи қанчалик катта эканлигига бир мисолдир.
Бугунги кунда давлат томонидан таълимга, илм-фанга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки ривожланишни тезлаштириш, иқтисодий даромадларни ошириш учун фан ривожланиши керак. Бу ривожланишнинг асоси – математика. Шунинг учун ҳам, Президентимизнинг дастлабки қарорларидан бири математика фанига, Математика институти фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган эди. 2019-йилда биринчи бўлиб математика алоҳида эътибор марказига қўйилди. Натижасини йилдан йилга ўсиб бораётган иқтисодий кўрсаткичлар, олимларнинг илмий-амалий ютуқлари, ёшларнинг халқаро олимпиадалардаги ғалабасида кўриб турибмиз.
– Кўпчилик математикани мураккаб фан деб ҳисоблайди ва рақамлар билан келиша олмаслигини айтади. Яна бошқалар эса “математикани билмасдан ҳам яшаса бўлади”, “математика керак эмас”, деган фикрларни айтади.
– Математикага нисбатан “мураккаб фан” деган қараш асосан нотўғри таълимий тажриба ва психологик тўсиқлар натижасидир. Агар бола мактаб даврида математикани тушунмасдан ёдлашга мажбур бўлса, унда бу фан қўрқув ва ишончсизлик манбайига айланади. Натижада “мен рақамлар билан келиша олмайман”, деган нотўғри тасаввур шаклланади.
Масалан, бошланғич синф математикасида ўқувчининг тушуниши ва бажариши қийин бўлган амал – бўлиш амалидир. Бу амални ўқувчи ўрганади, лекин етмаса, нол бериш, нол бериб вергул ажратиш деган жойларини ҳаёт билан боғлаш ҳақида на ўқитувчи, на ўқувчи қайғуради. Бўлиш мавзусидан бошлаб синфдаги кўпчилик ўқувчиларда математикага қизиқиш сўна бошлайди. Чунки бу амалда ишлатиладиган усул ҳаётимизга алоқаси йўқдек.
Аслида, математика мантиқий фикрлашни ўргатувчи, инсон тафаккурини тартибга солувчи фан. У истеъдодлилар учунгина эмас, балки меҳнат қилишга ва ўйлашга тайёр бўлган ҳар бир инсон учун очиқ. Математикани ҳаётий мисоллар, мантиқий ўйинлар, реал муаммолар орқали ўргатиш бу муносабатни тубдан ўзгартириши мумкин.
Кундалик турмушда математика инсонни тежамкорликка, масъулиятга ва келажакни олдиндан кўра билишга ўргатади. Оила барқарорлиги кўп жиҳатдан ана шу ҳисоб-китобли ва оқилона ёндашувга боғлиқ. Этикдўз бўлиши мумкин, дурадгор бўлиши мумкин, ҳайдовчи бўлиши мумкин – қандай касб бўлишидан қатъи назар, агар унда математик фикрлаш бўлмаса, у ўз касбида мукаммал бўла олмайди. Математик мантиққа таянган одам эса, албатта, ўз соҳасида яхши мутахассис бўлади. Чунки математик фикрлашга эга инсон ҳар қандай соҳада ўзини кўрсата олади.
Ҳозир нафақат мактабда, олий таълимда ҳам бу масала долзарб. Президент қарори билан институтимизда математика таълимини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича лаборатория ташкил қилинган. Республикадаги барча математика дарсликлари ва адабиётлари бизнинг институтда экспертизадан ўтказилади. Мен китоб ёзаётган устозларга доим айтаман: масалан, чизиқли алгебра бўйича китоб ёзсангиз, ҳар бир мавзунинг тагига камида битта амалий татбиқини ҳам ёзинг. Топологик фазо, чизиқли фазо каби тушунчалар жуда абстракт. Агар талаба улар қаерда ва қандай масалаларда қўлланишини билмаса, фан унга бегона бўлиб қолади.
– Математика институти жойлашган бино бетакрор меъморий ечим асосида бунёд этилган. Бу жиҳатдан унча-мунча халқаро илм даргоҳлари ҳам ҳавас қилса арзийди. Ана шу муҳташам даргоҳда ички мазмун қандай, бугунги кунда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Институтимизнинг фахрланадиган жиҳатларидан бири: бизда дунё миқёсида тан олинган илмий мактаблар мавжуд. Эҳтимоллар назарияси, математик анализ, дифференциал тенгламалар, алгебра, математик физика йўналишларида халқаро миқёсда танилган илмий мактабларимиз бор.
Бугунги кунда Математика институтининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, янги бинолар барпо этилди, олимларнинг ойлик маошлари бир неча бор оширилди. Ана шу қўллаб-қувватлашлар натижасида ҳозирда институтимиз халқаро миқёсда танилган илмий марказга айланди. Масалан, институт олимлари ҳар йили камида 200 та илмий мақолани нуфузли халқаро манбаларда чоп этади. Бундан ташқари, монографияларимиз хорижда, энг машҳур нашриётларда чоп этилмоқда. Институтимизнинг уч нафар профессори Бутунжаҳон фанлар академиясининг академиги этиб сайланди.
Шунингдек, бизда кўплаб халқаро конференциялар ўтказилади. Хитой, АҚШ, Европа давлатлари билан илмий алоқаларимиз мустаҳкамланди. Ҳар йили институтимиздан камида 10-15 нафар олим хорижга бориб, илмий ҳамкорликларда иштирок этади. Институтимиз математикани халқаро стандартлар асосида ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу ёндашув натижасида ютуқларимиз ҳам шунга яраша бўляпти.
Бизнинг вазифамиз фақат янги теорема исботлаш ёки янги натижа чиқариш билангина чекланмайди. Агар дунёнинг бирор илмий марказида математиканинг маълум бир йўналишида янги теорема исботланган бўлса, уни ўрганиш ва ўргатиш ҳам бизнинг вазифамизга киради. Чунки замонавий математика билан шуғулланиш учун ўзимиз янгилик қилишимиз, бошқаларнинг ютуқларини ҳам чуқур англашимиз керак. Дунё фанининг талабларини билиш ва уларга мос ишлаш зарур.
Албатта, бу ютуқларнинг барчаси давлатимиз томонидан яратилган шароитлар, илм-фанга бўлган эътибор натижасидир. Биз эса ана шу ишончни оқлаш, илмий натижалар билан жавоб беришга ҳаракат қилиб келяпмиз.
– Маълумотларга қараганда, сиз ёзган китоблар дунёнинг 200 дан ортиқ университетида илмий фаолият учун қўлланар экан, асарларингиздан 4 мингга яқин иқтибос олинган – бу катта ютуқ. Шундай катта натижалардан ўзингизнинг кўнглингиз тўладими?
– Мен ҳеч қачон муваффақиятларни охирги нуқта, “мана энди бўлди”, деб қабул қилмайман. Аксинча, уларнинг барчасини кейинги ютуқлар учун навбатдаги пиллапоя, янги босқич, янги масъулият деб биламан. Ютуқ инсонни тўхтатиши эмас, янада олдинга ундаши керак, деб ўйлайман.
Китобларимнинг хорижда ўқилишига келсак, бунинг биринчи сабаби – уларнинг инглиз тилида ёзилганидадир. Бугунги кунда математика бутун дунёда асосан инглиз тилида ўқитилади. Ҳатто рус тили ҳам бу даражада глобал аҳамиятга эга эмас. Инглиз тили эса универсал илмий тилга айланган.
Иккинчи муҳим сабаб – китобларимнинг нуфузли халқаро нашриётларда чоп этилганидадир. Масалан, Сингапурдаги “Wорлд Сcиентифиc Публишинг” нашриёти билан ҳамкорликда чоп этилган китобларимиз бор. 2025-йилда чиққан китобимиз “Гиббс меасурес ин мачине леарнинг”, яъни сунъий интеллектнинг энг замонавий йўналишларидан бири бўлган “мачине леарнинг” бўлимига бағишланган. Бу нашриёт чоп этган китобларни дунёнинг етакчи илмий марказлари сотиб олади ва фаол фойдаланади.
Масалан, Францияда математика бўйича дунёдаги энг нуфузли илмий марказлардан бири жойлашган – “Институте оф Адванcед Сcиентифиc Студиес”. Бу институтда доимий ишлайдиган профессорлар сони 20 нафар бўлса-да, ҳар йили дунёнинг энг кучли математикларини ҳамкорликка таклиф қилади. Менинг бахтим шуки, бу институтда тўрт марта бўлганман ва ҳар сафар тўрт ойдан ишлаб, етакчи олимлар билан бирга илмий фаолият олиб борганман.
Бир томондан, бу жуда катта завқ бағишлайди, иккинчи томондан эса янада масъулият юклайди, руҳлантиради. Бу ютуқларнинг яна бир муҳим томони бор. Масалан, 2013-йилда чиққан китобимни очсангиз, муаллиф номи остида “Институте оф Матҳематиcс, Узбекистан” деб ёзилганини кўрасиз. Ана шу жиҳати мен учун жуда муҳим. Бу сўзлар замонавий математика соҳасида ўзбек олимлари ҳам фаол иштирок этаётгани, жаҳон фанига ўз ҳиссасини қўшаётганининг далилидир. Китоб соф математика ҳақида бўлса ҳам, уни қўлга олган ҳар бир ўқувчи ёки тадқиқотчи “Ўзбекистон” деган сўзни кўради. Менимча, бу нафақат институтимиз, умуман, Ўзбекистон фанини дунёга танитишда жуда катта аҳамиятга эга. Инсон ўз меҳнатининг натижалари эътироф этилганидан мамнун бўлади.
– Илмий фаолиятингизда бурилиш ясаган энг муҳим давр ёки воқеа қайси эди?
– Аввало, 2002-йил бошида халқаро илмий марказларда олиб борган тадқиқотларим илмий дунёқарашимни тубдан ўзгартирди. Етакчи хорижий олимлар билан яқин ҳамкорлик, замонавий илмий ёндашувлар билан танишиш, мустақил илмий фикрлаш ва янги йўналишларни шакллантириш айнан шу даврга тўғри келади. Бу тажриба менинг кейинги илмий фаолиятим учун мустаҳкам ва барқарор асос бўлиб хизмат қилди.
Бироқ, ўзбек олимлари, хусусан, шахсий илмий фаолиятимдаги энг туб ва таъсирчан бурилиш Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс ғоялари билан бевосита боғлиқ.
Фанлар академиясининг қайта тикланиши, илм-фанга эътиборнинг кескин ошиши, олимлар учун яратилган янги имкониятлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари илмий муҳитни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Айнан шу даврда илмий изланишларим учун янги суръат, янги мазмун ва кенг истиқбол пайдо бўлди. Шу маънода, бу ислоҳотлар илмий фаолиятимни янада чуқурлаштириш ва уни халқаро миқёсда ривожлантиришга кучли туртки берди.
– Қимматли вақтингизни аямаганингиз учун ташаккур! Сермазмун суҳбатимиз муштарийларимиз кўнглидан жой эгаллайди, деган умиддаман.

Суҳбатдош: Васила ҲАБИБУЛЛАЕВА

“Жадид” газетасининг 2026 йил 16 январдаги 3-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857

БАДИИЯТ ДАРҒАСИ

Мустабид тузум иллатларини чуқур англаб етган адабиётшунос, танқидчи ва таржимон Асил ака Рашидов ҳақида гапирганда, ҳар гал ички бир тараддуд сезаман. Бу гал ҳам шундай бўлди. Асил Рашидов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган “Эътироф” китобини ўқир эканман, бутун умрини миллий адабиётимиз, маънавиятимиз ривожига бағишлаган, чин маънодаги фидойи, серқирра ижодкорнинг бадиий-ижодий салоҳияти ва беназир шахсияти кўз ўнгимда […]

20.01.2026 | 10:46

img558