Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


06.08.2025 | 16:50

img249

ОҚИБАТНИ ЁД ЭТИБ…

Неъматуллоҳ Иброҳим давримизнинг нодир шахсларидан биридир. У киши катта олим, араб луғати билимдони, жамоат арбоби, улкан ташкилотчи.

Домлани Тошкент давлат университетининг Шарқшунослик факультетида декан лавозимида хизмат қилган чоғларидан биламан. 1991 йилда мазкур факультет базасида Тошкент давлат шарқшунослик институти ташкил этилди. Қаҳрамонимиз бу институтнинг асосчиси ва бош ташкилотчиси эди. Ўзи 1991–2005 йилларда ректор вазифасида хизмат қилди.

Факультет эканида иш осон кечган, ҳар жиҳатдан ТошДУнинг тасарруфида бўлган. Лекин бутун бошли олий таълим даргоҳини йўқдан оёққа турғизиш осон иш эмас. Неъматуллоҳ Иброҳим домла ташкилотчилик қобилиятини намоён этиб, мазкур институтни фақат Ўзбекистонда эмас, балки Марказий Осиёдаги энг обрўли илм даргоҳларидан бирига айлантирди.

Кейинчалик домла лавозимдан олиниб, Шарқшунослик институти исломшунослик кафедраси мудири вазифасига қўйилди. Лекин қалами, илми ва истеъдоди бор киши ҳеч қачон тушкунлик ва ғамгинликка берилмайди. Масъул вазифалардан енгиллашган аллома илмий-маърифий фаолиятга шўнғиб кетди.

Ёш ва бўлажак олимларга ўрнак ўлароқ Неъматуллоҳ Иброҳимнинг илмий-маърифий, ижодий фаолиятига тўхталиб ўтамиз.

Бир маҳаллар Тошкентда “Қомус” нашриёти бор эди, “Қомуслар бош таҳририяти” дейиларди. 1991–1996 йилларда нашриёт раҳбари Нурислом Тўхлиев ташаббуси билан ҳазрати Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Энг ишончли ҳадислар тўплами”) китоби ўзбек тилига таржима қилиниб, тўрт жилд ҳолида чоп этилди. Биринчи жилдни араб тилидан Зокиржон Исмоил таржима қилган. 1991 йилда чоп этилган. Китобнинг иккинчи бетида “Профессор Неъматуллоҳ Иброҳим ва шоир Мирзо Кенжабек таҳрири остида” деган ёзув мавжуд. Камина номим муҳтарам олимимиз номи билан ёнма-ён турганидан ифтихор туйганман. Абдулла Орипов “Ҳикмат садолари” туркум шеърларини мана шу китобдаги ҳадислар асосида ёзган. Китобни шоирга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари совға қилган. Устоз бу шеърлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан мукофотланиб, ҳаж зиёратига юборилган эди. Демоқчиманки, Имом Бухорийдек зотнинг китоби нашр этилишида Неъматуллоҳ Иброҳим домланинг номи ва меҳнати муҳим аҳамият касб этган.

Домла шогирдлари билан бирга машҳур сайёҳ Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома”, яъни “Туҳфат ан-нуззор фи ғароиб ал-амсор ва ажоиб ал-асфор” (“Ғаройиб шаҳарлар ва ажойиб сафарлар ҳақида назар соҳибларига туҳфа”) асарини араб тилидан таржима қилиб, нашр эттирди.

2001 йилда олий таълим муассасалари талабалари учун 2 жилдли “Араб тили грамматикаси дарслиги”ни чоп эттирди. Ушбу дарслик Ўзбекистоннинг кўплаб олий ўқув даргоҳларида араб тилини ўргатувчи асосий қўлланма вазифасини ўтаб келмоқда.

2017–2022 йиллар давомида арабча-ўзбекча тўрт жилдлик қомусни тузиб, мисли кўрилмаган улуғ ишни амалга оширди. Бу беназир асар “Ал-Қомус: арабча-ўзбекча энциклопедик луғат” деб аталади. Унда 100 мингдан ортиқ сўз ва иборалар жамланган. Ушбу луғатнинг чоп этилиши ўзбек илм-фани, хусусан, Ўзбекистон шарқшунослигининг улкан ютуғидир.

2010 йилда Абдулмалик ибн Ҳишомнинг “Ас-Сийра ан-набавийя” асарини ўзбек тилига тўлиқ таржима қилиб, нашр эттирди.

Домла илмий-ижодий фаолияти давомида манбашунослик соҳасидаги янги йўналишлардан бири бўлган Шарқ бадиий тафаккури ва юксак маърифатли зиёлилар маданиятининг яхлитлиги ҳақидаги қомусий асосларни тақдим этди.

Қизғин илмий-маърифий ишлар билан машғул бўлиб турганида домланинг мавқейи яна тикланди.

2018 йилда Президентимиз ташаббуси билан Халқаро Ислом академияси ташкил этилиб, Неъматуллоҳ Иброҳим ректор қилиб тайинланди. Бу раҳбар узукка кўз қўйгандек жойига тушган эди. Домла бор илми ва ҳаётий тажрибасидан фойдаланиб, янги давр руҳига мос равишда Академияни оёққа турғизди. Энг муносиб илмий кадрларни танлаб, Халқаро Ислом академиясини қувватлантирди. Илмий иш қилувчилар учун катта имкониятлар эшиги очилди. Кўплаб ёш олимлар фалсафа доктори ва фан доктори илмий даражаларини олишга эришди. Тошкент илмий-маърифий муҳитида янги имкониятлар юз кўрсата бошлади. Академия ишлари бир маромга тушиб олгач, домла яна илмий-ижодий фаолиятга қайтди.

Бир хил раҳбарлар ишдан кетса, обрўси, иззати ҳам кетади. Неъматуллоҳ домлада ҳеч қачон бундай бўлган эмас. Чунки домланинг бутун иззати – илмида.

Домла адабиётнинг чин ихлосманди ва билимдони ҳамдир. Суҳбатларда, давраларда кўпинча Эркин Воҳидов шеърларидан мисоллар келтирганини кузатганман. Бир анжуманда “атом” сўзини шарҳлаб, устознинг ушбу байтларини ўқигани эсимда:

Заррани ижод этиб,
Даҳшат-бало бунёд этиб,
Оқибатни йод этиб,
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.

Суҳбатда бу мисрадаги “зарра”дан мурод атом эканини домла чиройли шарҳлаган эдилар.

Олимнинг суҳбати олимонадир. Олимнинг ҳар бир сўзи олимга хос, ҳикматга моил сўздир.

Неъматуллоҳ Иброҳим жаҳонгашта олим. Домла илмий мақсад ва хизмат сафари билан АҚШ, Германия, Буюк Британия, Белгия, Нидерландия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Франция, Туркия, Россия, Миср, Жазоир, Сурия, Кувайт, Баҳрайн, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Саудия Арабистони ва бошқа манзилларда бўлди.

Ўтган вақт мобайнида ҳалол меҳнати билан филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби каби даража ва унвонларга эришди. Имом Бухорий номидаги халқаро мукофот соҳиби бўлди. Жаҳон ҳамжамияти ҳам у кишини муносиб эътироф этган. Неъматуллоҳ Иброҳим Қоҳира Араб тили академияси аъзоси, Жанубий Кореянинг Сен Кюн Кван университети фахрий доктори, Япониянинг Фукусима префектурасининг Ўзбекистондаги фахрий элчиси, “Ўзбекистон–Миср” дўстлик жамияти раиси, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамияти Кенгаши раиси, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши раиси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси каби мавқеларга эга бўлган. Яна у киши икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати этиб сайланган.

Неъматуллоҳ Иброҳим домла, менинг назаримда, ўз ҳақиқатларида собит турган нодир шахслардандир!

Домлага доимий сиҳат-саломатлик, узоқ, баракотли умр тилаб қоламан.

Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859