05.08.2025 | 16:37
261
ҚЎЛИГУЛ ТОШТАРОШ
Ҳар инсоннинг бармоқ изи – унинг генетик коди. Бу код фақат унгагина хос. Лекин дунёда шундай соҳир қўллар борки, уларнинг кодлари – меҳнати ўз эгаси номини абадиятга муҳрлайди.
Сангтарошлар сулоласининг еттинчи авлоди бўлмиш Тоҳир ота Раҳимов моҳир уста. У пардозтош қазиб олиш ва ишлов беришга ихтисослашган саноат шаҳри – Ғозғонда икки ўғли, бир қизи, ўн набираси билан истиқомат қилади. Отамерос ҳунарига юксак иштиёқи билан меъморий санъат асарларини яратяпти. Машъум қатағон қурбони бўлган бобоси – халқ устаси Абдураҳим Турдиев изидан бориб, улуғлар мақбараларини таъмирлашда фаол иштирок этмоқда.

МАРМАРКЕНТ
Мармар қатламлари геологик жиҳатдан тахминан 400 миллион йиллик тарихга эга қадим ва навқирон Ғозғонда тош тилини топмаган одам йўқ. Кичиг-у каттасининг қон-қонига сингиб кетган ҳунар бу. Айниқса, Бухоро амирларининг ёзги саройи – Ситорайи Моҳи Хосага кираверишдаги икки мармар шер ҳайкалини ясаб, Бухоро хонлари эътирофига сазовор бўлган Абдураҳим муҳандисдан қолган сангтарошликнинг санъат тархи ғозғонликман деганнинг юрагига ўйилган. Йўқ дегани тош териб уй кўтаради, ҳовлисини тошдевор билан мозаик-модерн услубда безайди. Шу сабаб, бу экзотик шаҳарчага келган кимки бор, бир олам таассурот билан кетади.
Ғозғон оқ, қизил, каҳрабо ва гулранг – жами қирқ беш тусдаги бебаҳо мармари билан дунёда машҳур. Эрамизнинг VIII–IX асрларидаёқ Ғозғон табиий кафелларидан масжид ва мадрасалар қурилишида кенг фойдаланилган. Туркия, Эрон, Афғонистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларининг қадим обидаларини қайта таъмирлаш, Останкино телеминораси, Третяков галереяси, Москва ҳамда Санкт-Петербург шаҳарларидаги метро бекатлари каби кўплаб диққатга сазовор жойларнинг безак ишларида ҳам ишлатилган. Шунингдек, кўҳна Самарқанднинг Регистон, Шоҳи Зинда каби тарихий иншоотлари, Тож Маҳал ансамбли, Ветнамдаги Хо Ши Мин мавзолейига ҳам шу заминнинг олий декоратив тошлари муҳташамлик бағишлаб турибди.
Қарийб юз метр чуқурликдан қазиб олинадиган Ғозғон мармари ўта иссиққа ҳам, ўта совуққа ҳам чидамлилиги билан донг таратган. Айниқса, ҳар хил турдаги мармар тошларнинг бир ҳудудда жамлиги ер юзининг бошқа ҳеч бир нуқтасида учрамайди.
Мамлакатимизнинг энг кичик кентларидан бири бўлган Ғозғон ва унинг бебаҳо конлари ҳақида гап кетар экан, ҳайратланарли фактлар кўп келади. Мисол учун, бу ердаги юқори сифатли мармар захираси ҳажми 36 миллион метр куб, яъни шаҳарча майдонидан қарийб 52 баробар катта. Бундан ташқари, 108,3 миллион метр куб гранит ҳам айни шу ҳудудда жойлашган. Бу эса Ғозғоннинг экспорт салоҳиятини халқаро даражага яна бир карра кўтаради. Фақат имкониятлардан кенг ва унумли фойдаланиш, манфаатли инвестиция самарадорлигини оширишга эътиборни кучайтириб бориш зарур.
“ҒОЗҒОН ТОШИ – ЗАР”
Ҳа, юртимизнинг ҳар қаричида бир баракот бор. Шоир бежиз “Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди” демаган. Ғозғонда тош жавоҳирга айланади, уни қўлга олиб, тарошлаган устага зар тутади, бойлик беради. Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳоли орасида “Ғозғон тоши – зар, унга ишлов бермаган хор” деган нақл юради. Бу ҳар бир оиланинг дастуриламал шиори, десак хато бўлмайди.
Қолаверса, сангтарошлик ота-ўғил, устоз-шогирд анъаналари билан қоришиб, соф меҳнат муҳитини яратган. Сулоланинг еттинчи вакилини излаб “Мармар камёб” хусусий корхонасига борар эканмиз, бунга яна бир карра амин бўлдик. Корхонада 15 нафар ёш уста ўз ишига банд, бири ҳозиргина тоғдан олиб келинган улкан тошларни тушириш, яна бири махсус ускунада мармар йўниш, бошқаси гранитдан плита ва блоклар қирқиш билан овора.
Тоҳир бобо Раҳимов халқнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш, уни ривожлантириш ва авлодларга етказиш ишларига ўзи таъсис этган ана шу корхона фаолияти билан муносиб ҳисса қўшмоқда.
Тоҳир уста касбини яна бир хайрли ишга йўналтирган: табаррук қадамжоларни обод қилиш ишларида эсини таниганидан буён беминнат хизмат қилиб келади. Хусусан, Абул Муъин Насафий, Ҳаким Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хўжаи Азизхон, Бобойи Самосий, Сўфи Оллоёр, Хўжайи Жарроҳ, Занги ота ва Анбар отин, Сузук ота, Шайхонтоҳур мақбара ва мажмуаларини таъмирлашда асосий вазифани бажарди. Бунёдкор шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур зиёратгоҳига 5 тонналик рамзий қабр ўрнатилишида бор маҳоратини ишга солди. Уста Афғонистонда ҳазрат Навоий мақбараси учун сағана ва эшик, мавлоно Лутфий қабрига мармардан ёдгорлик ясаганини ҳаяжон билан эслайди:
– Бир кун келиб кимдир Тоҳир деганлари тош тарошлаб куни ўтди-да демайди, ҳар ҳолда, – дейди Тоҳир ота Раҳимов. – Ёшим олтмиш бешга қараб кетяпти. Вилоят Кенгаши депутатлигига ҳам сайлаб қўйишган. Бизнинг Ғозғонда тирикчилигидан нолийдиган одам йўқ. Тошнинг меҳнати ўзидай оғир, лекин ғозғонликларнинг бастини мармар кўтарган. Шунинг учун бўлса керак, бошқа жойлардагидай сайловчиларим мени майда-чуйда маиший муаммолари билан безовта қилмайди. Ёшлар янгидан, нуронийлар эскидан билганларига кўра, яхши-яхши таклифлар айтади. Юздан ошиқ шогирдим бор. Уларни ҳам гапга солиб, Ғозғонда аҳолининг турмуш тарзи янада яхшиланиши учун яна нималар қилиш мумкинлигига дохил режалар тузаман.
Тоҳир бобо айтганича бор: “Ғозғонда турмушидан арз қилиб идорама-идора юрган одамни кўрмайсиз”. Уста янги лойиҳаси устида зўр бериб ишламоқда. Шуни айтса керак-да, банд одамдан бало чиқмас деб.
– Тақдирни қаранг, – суҳбатда давом этди бобо. – 1914 йилда Амир Олимхон Абдураҳим бобомизга Ситорайи Моҳи Хоса ҳовлисига ўрнатиш учун мармардан фаввора ясашни буюрган. Бобом буюртмани бажарган, аммо кутилмаганда амирликнинг қулаши сабаб фаввора Ғозғонда қолиб кетган. Ҳар хил сабаб билан фаввора бир неча еридан учган, бир қисмида дарз еган жойи бор. Хуллас, мўртлашган. Республика Маданий мерос агентлигига шу фавворани қайта тиклаш вазифаси топширилди. Бир юз-у ўн йилдан кейин бобомнинг қолиб кетган ишини мен якунига етказар эканман.
БОБОМЕРОС БАХТ
Дарвоқе, “Жадид” мухбириман деганимга бўлса керак, Тоҳир бобо гап ораси “Бобомни биласизми?” деб қайта-қайта сўради. “Албатта, сизнинг бобонгизни билмаган одам борми?” дейман.
– Ўша бобомга Амир Олимхон эллик гектар узумзор, Файзулла Хўжаев патефон ва милтиқ совға қилган, – дейди уста. – Бобомизни қамаб йўқ қилиб юборишди, лекин мана, унинг номи ўчмади. Меҳнат қилган эртами-кечми элда азиз бўлавераркан. Мени ҳам давлатимиз орден ва медаллар билан мукофотлади. Бобомизнинг шарафи бир айланиб менга дўнди.
Тоҳир ота қилган ишларига керилмайди, олдинга қараб, ҳали ниятларим кўп дейди. Тўмтоқ тошга қадоқ қўли билан эмас, гўзал қалби билан шакл беради. Унинг мўъжаз устахонасидаги санъат даражасида ясалган тошбуюмлар устанинг юксак диди, ажиб фасоҳатидан дарак беради. Халқ амалий санъатининг нодир намуналари бўлиб қолажак ота ясаган лаганлар-у шамдонларни томоша қилиб, инсон муроди ҳосил бўлишига жаҳд қилиши кераклигини англадим.
Шаҳар мақомини яқингинада олган “оқ олтин” диёри – Ғозғон сафари ҳам тугади. Лекин бизнинг йўлларимиз асло тугамас. Бу йўллар қадимдан бугунга, бугундан эса келажакка олиб борувчи яхшиликлар йўлики, ундан фозил-у фузалолар, даҳо-ю дарғалар, ҳунарманд-у оқиллар эзгулик ўрнатиб кетмоқдалар, келмоқдалар. Ана шу яхшилик ҳаётга Ғозғон мармарларидек жило бериб турибди.
Муҳайё РУСТАМОВА
“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



