Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


25.08.2025 | 09:21

img306

ҲУҚУҚСИЗ ҲУҚУҚШУНОС ҚИСМАТИ

Муҳаммаджон Мўминов 1903 йил Наманган шаҳрида туғилган. Дастлаб эски мактабда, сўнг гимназияда ўқиган. 1917–1920 йилларда мустақил таълим олиб, ёшлар ташкилотига ишга киради.

Ўтган асрнинг 20 йилларида ўлкамизда миллий озодлик ҳаракати авж олган эди. Большевиклар халқ қаршилигини тезроқ бостириш ҳамда эътиборни чалғитиш мақсадида обрў-эътиборли уламо, эл ихлос қўйган йўлбошчиларни бирин-кетин хуфёна қатл этиб, айбни ўзлари учун ноқулай бўлган, халқ орасида нуфузи баланд миллатпарвар шахсларга тўнкар, шу тариқа бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи бўларди. Ўз даврининг илғор фикрли диний раҳнамоларидан бири ҳисобланган Яҳёхон Тўра ана шундай фитна қурбонига айланади. Суиқасдни амалга оширган босқинчилар барча айбни маҳаллий ёшлар ташкилотига ағдаради. Табиийки, жазавага тушган муридларнинг ғазаби айбсиз айбдор ёшлар етакчиларига қаратилади. Оқибатда Муҳаммаджон 1921 йил сентябрда мутаассиблар таъқибидан қочиб, Қўқон шаҳрига кетишга мажбур бўлади ва ишчи факультетига ўқишга киради. Орадан бир йил ўтгач, факультет талабалари Тошкент шаҳридаги Ўрта Осиё давлат университетига сафарбар этилади. Уқуви ва лаёқати билан яққол ажраб турган Муҳаммаджон ишчи факультетининг охирги курсига қабул қилиниб, 1923 йилда уни тамомлайди.

Бу пайтга келиб жадидларнинг “Кўмак” ташкилоти сараланган йигит-қизларни Германия, Россия, Озарбайжондаги олийгоҳларга йўллай бошлаган эди. Муҳаммаджонга ҳам омад кулиб боқиб, у Москва давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига киради. У ерда Акмал Икромов, Боту каби кўзга кўринган ёшлар билан ҳамсабоқ бўлади.

Илми толибларнинг бошини бириктириш ҳамда асосий ғояга йўналтириш мақсадида туркистонлик ёшларнинг маънавий раҳбари Усмонхон Эшонхўжаев илмий тўгараклар ва деворий газеталар ташкил этади. Ғайратли ёшлар ўта долзарб мавзуларда илмий маърузалар қилар, советлар пойтахтида ўзбек халқи маданияти ва қадриятларини тарғиб этарди. Ана шу қизғин жараён Муҳаммаджоннинг фикрини очиб, қўлига қалам тутқазди. У “Фарғона”, “Туркистон” ва “Зарафшон” газеталарида таҳлилий мақолалари билан фаол қатнаша бошлади.

Шундай бир шароитда “кўмак”чи талабалар Ўзбекистонда “шўролар шовинизми”га қарши курашиш ҳамда раҳбар кадрларни маҳаллийлаштириш масаласини илгари суради. Сталин томонидан демократик эркинликларнинг таъқиб этилишига, диктатура ва зўравонликнинг тобора авж олиб бораётганига қарши чиқади. 1927 йил 7 ноябрда Москва кўчаларида аҳолининг тинч намойиши ўтказилади. Улар сафида юртдошларимиз ҳам бор эди. Ҳар қандай мухолифатга муросасиз бўлган совет ҳокимияти уларни Сталин номидаги Шарқ меҳнаткашлари коммунистик университети талабалари қўли билан тарқатиб юборади. Иштирокчиларни “троцкийчи-зиновевчи аксилинқилобий гуруҳ аъзолари” деган бўҳтон билан таъқиб этиш бошланади.

Бу талотўплар оқибатида Муҳаммаджон Мўминовга университет маъмурияти томонидан “ҳайфсан” берилади. Фақат Ўзбекистон ҳукуматининг аралашуви билан у ўқишдан ҳайдалмай қолади, лекин стипендиядан маҳрум этилади. Иқтисодий аҳволи танглашган талаба Ўзбекистон ХКС раиси Файзулла Хўжаевга ёрдам сўраб мурожаат этади. Биринчи раҳбар Москвага борганида у билан шахсан учрашади ва 100 сўм миқдорида пул беради.

1928 йил сўнгида қаҳрамонимиз “Мамлакатнинг бошқарув тизимида прокурор назорати” мавзусидаги диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, университетни қизил диплом билан битиради. 1928 йил Самарқандга келгач, Ўзбекистон Олий суди коллегияси аъзоси этиб тайинланади. Бу ҳақда “Ер юзи” журналида “…Масков дорулфунунининг ҳуқуқ шўбасини 1927 йилда битириб, диплом ёзиш учун бир йил Масковда қолди. Ўзбекистонга келганидан кейин Тошкент округ судида бирмунча вақт ишлади. Ҳозир ўртоқ Мўминов Ўзбекистон олий судининг коллегия аъзоси вазифасини бажариб турибдир”, деб хабар берилади. 1931 йилда М.Мўминов ЎзССР Адлия халқ комиссарлигида аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш ва суд ҳимоя бўлимининг мудири лавозимига тайинланади.

Иқтидорли ҳуқуқшунос ҳаёти ва фаолиятининг “олтин даври” 1932–1935 йилларга тўғри келади. Шу йилларда у Совет қурилиши ва ҳуқуқ илмий-текшириш институти директори вазифасида фаолият олиб борди. Шу ерда “Шўро қурилиши ҳам ҳуқуқ” журналини чоп этишни йўлга қўйди. Муҳаммаджон Мўминовнинг саъй-ҳаракатлари билан қисқа вақтда кўплаб юридик луғатлар, дарсликлар тайёрланиб, чоп этилди. Ўзи таржимон, ўзи муаллиф, ўзи тақризчи сифатида миллий ҳуқуқ базасини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди. 

Қаҳрамонимизнинг 1932 йилда нашр этилган “На фронте теории государства и права” китоби катта шов-шувларга сабаб бўлди. Мўминов ташаббуси билан ташкил этилган институт базасида кейинроқ юридик институт пойдевори қўйилади.

Фидойи ҳуқуқшуноснинг муваффақиятлари барчани бирдай қувонтирмаслиги аниқ эди. Советлар Москвадаги намойишни эсдан чиқармаган, ўч олиш учун қулай фурсат пойлаётган эди. “Қатағон машинаси”нинг ишга тушиши ички ва ташқи душманлар учун айни муддао бўлди. 1935 йилда Муҳаммаджон ҳам “троцкийчилик”да айбланиб, партия сафидан ўчирилди ва дарс бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Чорасиз қолган олим ўзининг айбсизлигини исботлай олмади. Шундан сўнг Файзулла Хўжаев ёрдами билан Фарғона музофотига прокурор этиб тайинланади. Бу ерда ҳам у ишончсизлик ва тазйиқлар остида яшайди ва оқибатда Тошкентга қайтишга мажбур бўлади…

1937 йил 28 март куни Муҳаммаджон Мўминов “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзоси, тротско-зиновевчилар намойишининг иштирокчиси ҳамда Ўзбекистон компартияси биринчи котиби Акмал Икромовга қилинган суиқасдда шерикликда айбланади. Эртаси куни унинг хонадонида тинтув ўтказилиб, ўзи ҳибсга олинади. Турмуш ўртоғи Дилором Юсупова икки фарзанди билан чорасиз қолади.

Ўша йилнинг 10 апрель куни терговчи Агабеков юқорида келтирилган айбловларни такрорлаган ҳолда ҳеч бир қўшимча ва далилларсиз ЎзССР ЖКнинг 67-моддасини қўллаб қарор чиқаради. Мўминов ишида ягона сўроқ баённомаси мавжуд. Бу ҳужжат ўша пайтда бир хил қолипдан чиққан бошқа баённомалар каби бўҳтон ва куракда турмайдиган айбловлар билан тўлиб-тошган. Муҳаммаджон бу баённомага жисмоний ва руҳий қийноқлардан ақлдан озиш даражасига етгач ёки оиласи тақдирини ўйлаб имзо қўйгани шубҳасиз. Қолаверса, у Бухоро округи ИИХКда 3-бўлим бошлиғи ёрдамчиси вазифасида ишлаётган укаси Иномжон Мўминовнинг келажагини барбод қилмаслик учун ҳам шундай йўл тутган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу билан бирга, ўзи имзолаган қоғозларнинг қандай мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини Мўминов юрист сифатида жуда яхши англар эди.

Сафдошлари билан бўлган юзлаштиришлар ишнинг яхшиликка ўзгаришига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмади. Қийноқ ва азоблардан чарчаган, умидсизликка тушган Мўминов 1937 йил 2 октябр ва 1937 йил 18 декабрь саналари билан ёзган билдиришномаларида ўзининг “айблари”ни тан олади.

М.Мўминовнинг айблов баённомаси 1937 йил 20 декабрь куни ЎзССР ички ишлар халқ комиссари Леонов томонидан имзоланди. Унда аввал қўйилган, аммо тергов жараёнида бирортаси ўз исботини топмаган айбловлар такрорланган. Фақат бу гал ЎзССР ЖКнинг 64-,67-,58-моддалари қўлланади. Худди шу ҳукм орадан қарийб бир йил ўтиб, 1938 йил 3 октябр куни СССР бош прокурорининг исми-шарифи қайд этилмаган ўринбосари томонидан тасдиқланди. Унинг иши 1938 йил 4 октябр куни Ўзбекистон ИИХК қошидаги машъум “Учлик” томонидан 17:45 дан 17:55 гача кўриб чиқилди ва суд отув ҳукмини белгилади. Ҳукм шу куннинг ўзида ижро этилди.

Афсуски, унинг укаси Иномжон Мўминов ҳам узоқ давом этган даҳшатли сўроқлардан сўнг 1938 йил 9 октябр куни отиб ташланади.

Қуруқ туҳмат туфайли биратўла икки фарзандидан айрилган Мўмин Иноғомхўжаев тинимсиз руҳий азоблар туфайли бутунлай сўқир бўлиб қолади. У 1939 йили совет масъул идораларига ёзган аризаларида фарзандларининг айбсиз эканлигини қайта-қайта таъкидлаб, уларни озод қилишларини ёлвориб сўрайди. Бироқ ушбу илтимосномаларга ҳеч қандай жавоб қайтарилмайди. Фарзанд доғини кўтара олмаган шўрлик ота тез орада вафот этади…

1955 йил 27 май куни М.Мўминовнинг 75 ёшли онаси Тожихон Иноғомхўжаеванинг собиқ Иттифоқ Олий Совети раиси номига, 24 ноябрь куни Дилором Юсупованинг мамлакат прокурори номига ёзган аризалари асосида М.Мўминовнинг иши қайта кўриб чиқишга топширилади. 1956 йил 5 апрелда қайта сўроққа чақирилган Дилором Юсупова эрининг Совет қурилиши ва ҳуқуқ илмий-текшириш институти директори бўлган вақтида Ўзбекистонда олий маълумотли юристлар тайёрлаш мактабини юзага келтиришдаги олижаноб хизматларини бирма-бир баён қилади. Айни пайтда унинг бошига тушган қийинчиликлар ва баъзи бахил кимсаларнинг туҳматлари билан бир неча маротаба оғир ҳолатларга тушиб қолганини ҳам эслайди. Айниқса, терговчи Агабековнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини, терговда ўзига керакли маълумотни қўрқитиш йўли билан олганини баён қилади. Айбланувчининг хотини сифатида ўзи ҳам 1937 йилдан 1939 йил апрелгача турмада сақланганини таъкидлайди.

1956 йил 2 июнда сўроққа чақирилган САГУ юридик факультети декани Хадича Сулаймонова шундай кўрсатма беради: “…Мен 1932–1935 йиллар Совет қурилиши ва ҳуқуқ илмий-текшириш институтида ўқиган давримда, у киши директор эдилар. Унинг маърузаларини ҳамма аспирант ва талабалар севиб тинглашар эди. У ўз вақтида ягона олий маълумотли ўзбек юристи эди. У ўта билимдон инсон эди. Тенгсиз иқтидор соҳибининг ҳаёти осон кечмади. Унинг ғайрати, илми ҳар доим бошқаларнинг ҳасадига сабаб бўлаверар эди ва қисқа даврда уни 6 марта партиядан ҳайдадилар. М.Мўминов қандай қийин шароитда меҳнат қилмасин, ўзидан сўнг катта юристлар армиясини етказиб бера олди, бутун бошли ўзбек ҳуқуқшунослик мактабини қолдирди”.

Қайта сўроқ жараёнида Муҳаммаджон Мўминов ҳеч бир асоссиз қатағон қилингани очиқ-ойдин аён бўлди. 1957 йил 23 январь куни собиқ Иттифоқ Олий суди ҳарбий коллегияси уни оқлаб қарор чиқаради.

Муҳаммаджон Мўминовнинг ўғли, математика фанлари доктори Марат Мўминов узоқ йиллар таълим тизимида самарали меҳнат қилади ва 1998 йили 68 ёшида вафот этади. Бироқ унинг қизи Сурайёнинг умри қисқа экан, боёқиш медицина институтини битириш арафасида автоҳалокатга учраб нобуд бўлади.

Шу ўринда М.Мўминовнинг садоқатли умр йўлдоши, 25 ёшида ёлғиз қолган бўлса-да, оғир дамларда ҳам аёллик шаънига доғ туширмасдан, умрининг охиригача турмуш ўртоғининг хотирасини эъзозлаб яшаган Дилором Юсупова (1911–1981) ҳақида ҳам тўхталиб ўтишимиз лозим.

Дилором Юсупова “Ёш бухороликлар” ташкилотининг аъзоси  Собиржон Юсупов хонадонида дунёга келади. Тараққийпарвар ота унга Динара деб исм қўяди. С.Юсупов мустамлакачилик сиёсатига қарши ҳаракат иштирокчиси сифатида бир умр таъқибда яшайди ва ҳаёти фожиали якун топади. Натижада қизалоқ онаси билан биргаликда Тошкентга кўчиб келишга мажбур бўлади. 1922 йили Динара Бухоро Халқ Республикаси томонидан Москвага ўқишга юборилади. 1926 йили Тошкентга қайтиб, САГУнинг суд бўлимига ўқишга киради ва уч йилдан сўнг Дилором Юсупова номига диплом олади. У университет йўлланмаси билан Самарқандда ишлаб юрганида Муҳаммаджон Мўминов билан танишиб, унга турмушга чиқади.

Ёш оила 1931 йили Тошкентга кўчиб келади. Дилором Юсупова Совет қурилиши ва ҳуқуқ илмий-текшириш институтининг аспирантура бўлимига ўқишга киради. 1934 йил декабрь ойида битириш имтиҳонларини муваффақиятли топширгач, йўлланма билан Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига ишга юборилади. Турмуш ўртоғи оқлангач, Дилором Юсупова умрининг охиригача Ўзбекистон транспорт прокуратурасида меҳнат қилади.

Баҳром ИРЗАEВ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 15 августдаги 33-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855