Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


21.07.2025 | 09:57

img194

АКА-УКАНИНГ АЯНЧЛИ ЭГИЗ ТАҚДИРИ

Инсон ва жамият тараққиёти ҳеч қачон осон кечмаган. Тарих тажрибаси шуни кўрсатади. Табиийки ижтимоий ўзгаришлар, маънавий уйғониш, ҳуррият учун кураш синов-у имтиҳонларсиз ўтмаган. Эрк осонликча келмаган ва ёки “ойдан тушган эмас”. Ўз даврининг етук олими, шоир Рудакий деганидек:

Билки, қийин ҳаёт берур
таппа-тахт,
Фозиллик, улуғлик,
мардлик ҳамма вақт.

XX асрнинг 30-йилларидаги сиёсий қатағон даври айни ҳақиқатни янада яққол намоён этади. Биз эса мана шу ҳикматни маърифат йўлида фидойи икки инсон, икки шахсият – Аҳмаджон ва Абдушукур Ҳакимов ҳаёт йўли мисолида англашга уринамиз. Қуйида эса уларга “қийин ҳаёт берган мардлик”дан сўзлаймиз.

Аҳмаджон Ҳакимов 1903-йили Андижон вилоятининг Сувюлдуз қишлоғида дунёга келган. У замонасининг илғор фикрли, маърифатга ошно, маданиятли ва эътиборли кишилари қаторида турган оилада вояга етди. Бу оила нафақат моддий жиҳатдан фаровон, балки маънавий жиҳатдан ҳам тўкис бўлиб, фарзанд тарбиясига катта аҳамият қаратарди. Шу боис, фарзанднинг билимли, кенг дунёқарашли ва элга нафи тегадиган шахс сифатида улғайиши оилада табиий ҳаёт тарзи эди.

Гарчи биз ҳозир бир оилада ўсган икки шахсият тўғрисида ҳикоя қиляпмиз, бироқ уларнинг тақдир ҳикоятида гўё икки алоҳида китобни варақлаётгандек бўламиз.

Аҳмаджон болаликдан хат-саводли бўлиш, билим олиш, ўзидан кўра кўпроқ ўзгалар келажагини ўйлашга мойил улғайди. Бола табиатида аввалбоши маърифатпарвар муҳит таъсирида шаклланган бу эзгу қадриятлар бора-бора унинг таълим ва жамоат фаолиятида ҳам акс этмай қолмади.

Жадидлик давридаги аксар маърифатпарвар бой хонадонлар каби Ҳакимовлар оиласи ҳам  ижтимоий ўзгаришларга, янги ғояларга очиқ эди. Оқшом чоғлари оила аъзолари тўпланган пайтларда янги усул мактабларининг аҳамияти, жадид зиёлиларининг фаолияти, туркий оламда кечаётган ижтимоий ва маданий жараёнлар ҳақида қизғин мунозаралар бўлар, газета ва журналлар мунтазам ўқиларди. Бу эса ўз-ўзидан ёш Аҳмаджонда эртароқ савод чиқариб, суҳбат мағзини чақишга зўр иштиёқ уйғотарди.

Аҳмаджон Ҳакимов илк саводни ўша даврдаги кўплаб ўзбек болалари сингари маҳаллий қорихонада чиқаради. Қорихона анъанавий таълимнинг илк босқичи сифатида хизмат қилган бўлса-да, қаҳрамонимиз ҳаётидаги ҳал қилувчи бурилиш бу эмас, бошқа – “Ватан” номли миллий мактаб билан боғлиқ бўлди. Бу мактаб ўша замон учун жуда илғор бўлиб, унда дарсларни Туркияда ҳарбий ва маърифий тайёргарлик кўрган турк офитсерлари олиб боришарди.

“Ватан”даги таҳсили давомида Аҳмаджон таълим орқали миллатни уйғотиш, маданият орқали мустамлака тизимига қарши туриш, ҳуррият учун ўта муҳими, аввало, билим эканини англай борди. 

1920-йиллар бошларида Аҳмаджон ўқишни давом эттириш учун Кавказга – Ганжа шаҳрига йўл олади. Турк зиёлиларининг таъсири унинг шахсиятида чуқур из қолдиради. Ана шу маънавий таъсир натижасида Аҳмаджон ўз фамилиясини илм ва маърифат меросини давом эттирувчи шахс сифатида “Ҳакимзода”га ўзгартиради.

Бу дафъа Андижондаги “Миллий иттиҳод” ташкилоти Кавказда таълим олаётган Аҳмаджон Ҳакимовни моддий жиҳатдан таъминлаб турарди. Таъминот ишларида, айниқса, Вақф бўлими раиси Қоризода Насриддиннинг ўрни бениҳоя катта эди. Унинг кўмаги Аҳмаджоннинг таълим йўлида узлуксиз илгарилашига йўл очиб, янада улкан мақсадлар сари етакларди.

Ганжадаги ўқув муҳити эса миллий ва исломий қадриятларга содиқ, бир вақтнинг ўзида замонавий билимлар ва фикрлар билан бойитилган бўлиб, бу ерда юксак маънавий салоҳиятга эга зиёлилар тарбияланарди. Аҳмаджон айнан ана шу муҳитда етук шахс сифатида шаклланишда дастлабки мустаҳкам қадамларни ташлади.

Ганжада олган илк тажрибаси ва илмий асосларини янада мукаммаллаштириш ниятида у кейинчалик Боку шаҳридаги педагогик техникумга ўқишга киради. Бу даргоҳ Аҳмаджон Ҳакимовнинг шахс сифатида тўлиқ шаклланиш жараёнини яна бир поғона юқорилатганини кўрамиз.

Боку ўша пайтда жадидлик ва туркий уйғониш ғоялари кенг тарқалган, маърифат ва янгиланишга чанқоқ ёшлар жамланган марказлардан бири эди. Турган гапки, бу замин кўплаб ёшлар қатори Аҳмаджонни ҳам маърифатпарвар шахс сифатида камолга етказди.

Энди у нафақат таълим соҳасида, балки жамиятдаги фаоллиги билан ҳам кўзга ташлана бошлади. Хусусан, “Миллий иттиҳод” ташкилоти фаолиятида унинг иштироки сезиларли даражада кучайди. Бу ташкилот атрофида Файзулла Султонов, Шарифжон Ризаев, Собиржон Шарипов каби ўша даврнинг таниқли, фаол ва илғор ёшлари тўпланган бўлиб, улар миллий мустақиллик, маърифат ва эркин фикр ғояларини умумий мақсад сифатида олға суришарди.

Аҳмаджон учун ушбу давр том маънода тафаккур ривожи палласи бўлди. Ҳар бир мулоқот, ҳар бир муҳокама унинг миллат ва келажак ҳақидаги қарашлари, қайғуришларини мустаҳкамлай борди. У суҳбат ва учрашувларда советлар олиб бораётган сиёсатга қарши норозилик кайфиятини қатъий билдириб борарди. Жумладан, у шундай фикрни айтади: “Биз давлатга бир килограмм пахтани бир рубл ўттиз тийинга топширмоқдамиз. Аввал инқилобга қадар бир сўмга 3 аршин мато сотиб олиш мумкин бўлган бир метр матони 3 рублдан сотиб олмоқдамиз. Аввалари инқилобга қадар бир рублга 3 аршин мато олиш мумкин эди. Бир килограмм ипакни 7 рублдан топширмоқдамиз, ўзимиз эса кўйлак ёки чопонни 70–100 рублдан сотиб олмоқдамиз, баъзида эса бу матони топиб бўлмайди. Буғдойга келсак, илгари буғдой кўп бўлган, аммо ҳозир колхозчилар буғдойсиз, унсиз ўтиришибди, улар ишларини ташлаб, буғдой излашга кетишмоқда”.

Аҳмаджон Ҳакимов олдинига отаси, 1925-йилда онаси вафоти туфайли моддий етишмовчилик гирдобида қолади. Бокудаги ўқишини ташлаб, Андижонга қайтишга мажбур бўлади. Лекин юзага келган шароит унинг фаоллигини зинҳор сусайтирмайди, аксинча, у ўзини айнан йўқотишларда, қийинчиликларда топа бошлайди. Қайтгани ҳамоно вилоятдаги жамият ишларига бел боғлайди. Аввало, халқ таълими соҳасида иш бошлаб, 1925–1931-йилларда ўқитувчилик билан шуғулланади.

Кейинчалик Избоскан тумани халқ суди раиси (1931-1932) лавозимида ишлаб, қишлоқ аҳолисининг ижтимоий, маънавий муаммоларига ҳуқуқий ечим топишга ҳаракат қилади. Суд муҳитини таълим, тушунтириш ва адолат мезонлари асосида бошқаришга уринади. Янгиқишлоқ ҳудудидаги колхозда раис ўринбосари (1933-1936) сифатидаги фаолияти ҳам шу руҳда кечади: у оддий ишчи, деҳқонлар билан самимий мулоқотда бўлар экан, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Аҳмаджон Ҳакимовнинг фаолияти, айниқса, унинг таълим ва ҳуқуқ соҳаларидаги қарашлари жорий тузум манфаатлари билан кескин тўқнашади. У бой табақанинг билим, маданият ва иқтисодий тажрибасини жамият тараққиётига хизмат қилдириш зарурлигини бот-бот таъкидлар экан, била туриб бошини кундага қўяди.

Бурхон Машрабий, Ҳасанхон Ниёзий, Иброҳим Эшонхўжаев каби таниқли жадид зиёлилари билан доимий мулоқотда бўлиши қаҳрамонимизни советлар наздида кун сайин шубҳали шахсга айлантиради. Гумонлар ортидан кузатувлар кучайиб, ҳолат қаҳрамонимизнинг 1937-йил 27-сентябрда ҳибсга олиниши билан якунланади. Аслида, бу якун ҳам эмас, азоб-уқубатларнинг бошланиши эди, десак тўғрироқ бўлади. Чунки у на бир расмий суд, на асосли далил билан қамалади. Жазо тариқасида 1938-йил Байкал-Амур магистрали қурилишига жўнатилади.

Аҳмаджон Ҳакимов ўта оғир меҳнат шароити, инсон зоти дош бериши қийин шафқатсиз шароитда ҳалок бўлади.

*

Абдушукур Ҳакимов 1905-йили туғилган. Юқорида ҳикоя қилганимиз аянчли тақдир эгаси Аҳмаджон Ҳакимовнинг укаси. Бир қараганда, ўша оилавий муҳит укага ҳам бегона эмасдек, бироқ уканинг қисмати аканикидан фарқли, балки янада оғриқли эди, десак янглиш бўлмас. Отадан эрта етим қолгач, ҳали юмушда суяги қотмаган болакай меҳнатга илмдан олдинроқ кириб боради. 1915-йилдан 1922-йилгача турли оилаларда хизмат қилиб, болалигини оғир меҳнат соясида ўтказишга мажбур бўлади.

“1920-йили Андижон шаҳридаги Болалар уйига кирганман, бу ерда 1925-йилгача яшадим, шу ерда биринчи даражали ўқишни тугатдим”, дейди қаҳрамонимиз кейинчалик тергов жараёнида. Мана шу маълумотнинг ўзиёқ кўп нарсани ойдинлаштиради. Яъни Абдушукур Ҳакимовнинг Болалар уйига топширилиши ортида турли манзараларни чизамиз ва улар орасида кўнгилни ўртайдигани – бу онанинг ночор қиёфаси, иккала фарзандини бирваракайига ўқитишга қурби етмаслик, қўли калталик важи…

Беш йил мобайнида Болалар уйида хат-савод чиқариб, тарбия топган Абдушукур 1925-йили Фарғона шаҳридаги педагогика техникумига йўл олади.

У мавжуд тизим доирасидаги ишларни танқид остига олишда ҳам анча ўткир шахс эди. Бу борада унинг 1927-1928-йилларда техникум талабаси сифатида, айниқса, “Шимпанзе” ва “Кўркаламуш” каби яширин нашрлар билан боғлиқ фаолияти ғоят аҳамиятлидир. Бу номлар ҳазиломуз кўринса-да, улар орқали билдирилган фикр-ғоялар ўта жиддий, кескир ва кескин эди. Ушбу нашрлар орқали Абдушукур Ҳакимов жамиятдаги камчиликлар, тенгсизликлар, мафкуравий зўравонликларни нишонга олади ва, табиийки, мана шу журъати-ю жасорати алалоқибат ўзини нишонга тутиб беришига сабаб бўлади.

Кейинчалик ўшандай чиқишларидан бирида айтади: “Андижонда партия ташкилотлари ўқитувчиларга нисбатан ёмон муносабатда, энг яхши ўқитувчилардан Ҳасанхон ва Ҳусанхон Ниёзовларни қамоққа олишди. ГПУ органи ходимлари ноёб ва қимматли китобларни тортиб олишган. Ҳозирги вақтда ўта кучли тарзда хавотирдаманки, ташкилотимиз аъзолари орасида собиқ иттиҳодчилар кўпдан кўпки, агар улар ҳам қамоққа олинса, у ҳолда маърифат ишига кучли зарба берилиши мумкин”.

Олий маълумотли бўлиш ўша давр учун катта ютуқ саналган бўлса, бунинг маънавий масъулияти ҳам юқори эди. 1929-йили Абдушукур Ҳакимов техникумни муваффақиятли тамомлаб, Андижон шаҳрида она тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида иш бошлайди. 1930-йили 4-сон мактабга директор этиб тайинланиши, сўнгра 1936-йилда 30-сон мактабга раҳбар сифатида йўлланиши қаҳрамонимизга бўлган ишонч, унинг касбига садоқати ва салоҳиятининг амалдаги тасдиғи эди.

Абдушукур Ҳакимовнинг фаолияти кенг жамоатчилик иши билан ҳам узвий боғлиқ кечганини кузатамиз. У маҳаллий маърифатчилар уюшмасини бошқаради, ижтимоий тадбирларда фаол қатнашади. Шуларнинг ўзиёқ унинг шахсий ташаббусга, етакчилик қобилиятига эга, аҳолининг ишончини қозонган шахс бўлганидан далолат беради. Бироқ…

Кўрмайсизми, Абдушукур Ҳакимовнинг Файзулла Хўжаев шахсиятига бўлган ҳурмати, унинг портрети ва бюстини мактабдан олиб ташлашга қарши чиққани, ўзи директорлик қилган 30-сон мактабга Сталин исмини беришдан бош тортган – барчаси тергов материалларида қаҳрамонимиз гарданига “айб” сифатида илинади.

1937-йилнинг 5-октябрида Абдушукур Ҳакимов ҳибсга олинади ҳамда 13-ноябрь куни “аксилинқилобий фаолият”да айбланиб, у ҳам акасидек 10 йил муддатга меҳнат-тузатув лагерига ҳукм қилинади. Аммо акасидан фарқли ўлароқ, унинг кейинги тақдири ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 11 июлдаги 28-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855