01.08.2025 | 15:59
332
БАҲРОМБЕК ТАРЖИМОН КИМ БЎЛГАН?
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сирожиддин Аҳмад Баҳромбек Таржимонга бағишланган янги асарни китобхонларга тақдим этди. Олим Баҳромбек Таржимоннинг П-32607-рақамли “Жиноий иши” ва архив материаллари асосида маърифатпарварнинг таржимаи ҳолини тиклаган ҳамда “Миллий ашъори Таржимон” тўпламини тўлиқ табдил қилган.

Баҳромбек Таржимон (Давлатшоев) 1871–1933 йилларда яшаган ўзбек зиёлиси, шоир, ёзувчи ва таржимон. Неъматулло Муҳтарамнинг “Тазкират уш-шуаро” асарида ёзишича, “Таржимон – тил шевасининг андалиби ва сўз бўстонининг хазордостони (булбули) каттақўрғонлик Баҳромбекнинг тахаллусидир”. Пўлатжон Домулла Қайюмий эса “Тазкирайи Қайюмий” асарида “Таржимон – бу киши бухоролик бўлуб, номи Мулла Баҳромбек Давлатшоҳ ўғлидур. Эшитишимизча, Амир Абдулаҳадхон саройида русчаға таржимон ва хатлар, алоқалар устида мудир сифатида турар эмиш. Бу киши Бухорога сўнгра борган бўлса керакдур. Жадидизм журналларида илм олиш тўғрисида ўтлиқ, афсусли илмга тарғиб этиб ёзған ашъорлари бўлур эди. 1910 йиллардан бошлаб шуҳрати кўрулди…” дейди.
Баҳромбек Таржимон дастлаб Абдураззоқ Салимбоев қўлида мирзалик қилган. Кейинроқ Бухоро қушбегисига таржимон бўлиб ишга киради. Тўрт йил ўтиб қушбеги уни амир девонига ўтказади. Шу тариқа 1898 йилдан бошлаб Абдулаҳадхон ва Амир Олимхон саройида таржимонлик қилади. Амир Абдулаҳадхон “қоровулбеги” унвони билан тақдирлагач, исмига “бек” сифати қўшилади.
Баҳромбек Таржимон 1917 йилгача амирлик девонида таржимонлик билан шуғулланган. Март ойида Туркистон ХКС раиси Ф.Колесевнинг амирликка қарши босқини даврида советларга қарши ташвиқот олиб борган. Аммо ўша воқеадан сўнг амирлик томонидан “Ёш бухороликлар” ҳаракати билан алоқадорликда гумон қилинган. Натижада Бухоронинг тоғлик қишлоқларидан бирида махфий яшаб, имомлик қилган.
У 1920-йилги инқилобдан кейин Бухоро Халқ Жумҳуриятида, Файзулла Хўжаев ҳукуматида дастлаб терговчи, сўнг ҳукумат идораларида турли лавозимларда ишлаган. Аммо “совет ҳукуматига қарши киши” сифатида айбланиб, қамоққа олинган. 1923 йилда қамоқдан чиқарилгач, Каттақўрғонга келиб, ота ҳовлисида яшаб, шаҳар молия бўлимида ишлаган. Яқинда қамоқдан чиққанига қарамай, Баҳромбек Таржимон Колесев воқеаларига қаршилик кўрсатишда қайта айбланиб, 9 ойга барча сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқлардан маҳрум қилинган.
Баҳромбек Таржимон 1929 йил 1 сентябрда ўтказилган терговда эътиқодига кўра, барча миллатлар ўз тақдирини ўзи белгилаши тарафдори, эркин тараққийпарвар эканлиги, компартияни қўлламаслигини, Оренбургда чоп этиладиган “Вақт” газетасида мухбир бўлганлиги ва буларнинг барчаси уларнинг гумонига сабаб бўлганини таъкидлайди.
Қамоққа олиш вақтида унинг уйидан икки жилдлик қўлёзма асарлари, 98 дона турли ёзишмалар, 2 дона сурат, кундалик, 2 дона ёндафтар, сон-саноқсиз китоб, 1910 йилда чоп этилган “Миллий ашъори Таржимон” шеърий тўплами, амир Олимхон саройи ҳаётига оид 1925 йилда ёзилган “Мустабиднинг ҳайкали ва фаҳш ўчоғи” номли асари, Бухоро амири Абдулаҳадхоннинг бир аёл туфайли икки мулозим тақдирини ноҳақ ҳал қилганига бағишланган “Икки тақдир” сарлавҳали тугалланмаган романи мусодара қилинган.
Афсуски, Баҳромбек Таржимон ҳам давр қурбонига айланади. Камига у 1906 йилда “Тараққий” газетасида босилган мақоласида айрим дин вакилларини кескин танқид қилган эди. Шу боис кўп уламолар ҳам уни ёмон кўришар, динсизликда айблаб, жазоланишини талаб қилишарди. Натижада Баҳромбек Таржимон 1929 йилнинг 13 сентябрида ўтказилган терговдан сўнг қамоққа олинган ва 1930 йилнинг 23 апрелида беш йил муддатга Шимол ўлкаларига сургунга ҳукм қилинган. У айбсизлигини исботлаш, ҳеч бўлмаса аҳволини енгиллатиш, жазо муддатини камайтиришни сўраб, “…Биз қандай гуноҳ учун бундай жазо олганимизни била олмаймиз”, дея Файзулла Хўжаев номига ариза йўллайди. Таассуфки, бу мурожаатнинг манзилга етиб боришига йўл қўйилмайди. Оқибатда 1933 йилда қаҳрамонимиз совуқ ўлка қамоқхонасида вафот этади.
Баҳромбек Таржимон ўз даврининг мутафаккирлари, миллат ходимлари бўлмиш Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов ва татаристонлик Абдурашид қози Иброҳим, Мусо Жоруллоҳ, Фотиҳ Каримий ва турк, озарбайжон адиб-у шоирларининг таъсирида ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар сабабли ҳаётга танқидий назар билан қараш, миллатни уйғоқ ҳолда кўришни истади.
У шеърият ва публицистикада баракали ижод қилди. “Шўро” журналида босилган шеърлари, “Миллий ашъори Таржимон” тўплами буни тасдиқлайди. У Туркистон халқининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётганлигига жим қараб тура олмади. Ўша даврда оврупаликлар ва руслар орасида “мусулмонлар – қолоқ халқ” деган фикр мавжуд эди. Баҳромбек Таржимон бунинг сабабларини ўрганди. Хориж матбуоти ва адабиётини кузатди. У миллатни фақатгина замона талабидаги мактаб ижтимоий ва маданий “хасталик”дан қутқариши мумкинлигини таъкидлар эди. Шу боис ёзган шеър ва мақолаларида юртдошларини илм-у маърифатга, иттифоққа, бирлашмоққа чақирди. “Ўтмиш ҳоллардин таассуф ва истиқбол учун қўшиш” манзумасида шундай ёзади:
“…Бизим миллат эмасму ибтидо дунёни нурлатган,
Ҳама ғафлатнинг уйқусига ботқанларни уйғотган?!”
Замонамизнинг фидойи олими Сирожиддин Аҳмад тайёрлаган ушбу китобдан Баҳромбек Таржимон ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Мақсад – миллатни сақлаш” номли муфассал мақола, “Олим хаёлида туш, яъни уйқу кўрмак” ҳикояси, 1910 йилда Оренбургда нашр этилган “Миллий ашъори Таржимон” шеърий мажмуаси (тўлиқ), шеърлари, долзарб мавзудаги мақолалари ўрин олган бўлиб, уларнинг аксарияти илк бор эълон қилинмоқда.
Аҳамиятлиси шундаки, Баҳромбек Таржимон кўтарган айрим мавзулар, оғриқлар бугун ҳам аҳамиятини йўқотган эмас. Уларни ўқиш, ўрганиш ва тадқиқ этиш, миллат ойдинлари қалбини титратган оғриқларни қайта ҳис этиш, англаш бугунги кун ёшларининг бурчидир. Зеро, ўтмиш ҳақиқатларини чуқурроқ англаган сари бугунги кун шукронаси янада ортиб бораверади.
Холиёр САФАРОВ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 25 июлдаги 30-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
856



