16.10.2025 | 12:42
151
БОБОЛАРИМИЗДАН ҚАРЗДОРМИЗ
Ўзбекистон халқ артисти Карим МИРХОДИЕВ билан суҳбат

– Карим ака, Мустақиллик айёми арафасида “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” унвони билан тақдирланганингиз санъат ихлосмандлари ва мухлисларингиз учун ҳам қувончли воқеа бўлди. Газетамиз таҳририяти ва кўп сонли ўқувчиларимиз номидан, кечроқ бўлса-да, ушбу олий мукофот билан муборакбод этамиз.
– Эътибор учун раҳмат! Бу мукофот, тўғриси, мен учун кутилмаган воқеа бўлди. Мен 24 йил, Тоҳир Саидов 20 йил олдин “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига муносиб кўрилганмиз. “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонини, аввало, давлатимиз раҳбарининг санъатга қаратаётган эътиборининг яна бир намунаси, қолаверса, миллий санъатимиз ривожига баҳоли қудрат қўшаётган камтарона меҳнатларимизнинг юксак эътирофи деб биламан.
Халқимиз озми-кўпми бизни танийди, ролларимизни билади. Ҳар ҳолда, “Қайси хизматлари учун?” деган саволлар бўлмади. Аслида, бунга мендан ҳам лойиқроқ санъаткорлар кўп, деб ўйлайман. Яна нима дейиш мумкин? Давлатимиз эътибори, устозларимиз сабоғи, мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши бизни шу мартабага етказди. Тақдир, насиба деганлари шу бўлса керак.
– Санъат оламида қарийб асрлик йўлни босиб ўтдингиз. Улуғ актёрлар билан ишладингиз. Улардан ўргандингиз, ўзингиз ҳам ёшларга ўргатяпсиз. Шу маънода, бугунги актёр ва актрисалар ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик.
– Актёр санъатда ўзини меҳмон эмас, мезбон деб билса, асл образлар ярата олади. Кинога арзон шон-шуҳрат, бир-икки сўм даромад ё енгилтак кўнгилнинг ўткинчи ҳавасини босиш илинжида қадам қўйганлар ҳам кўп. Тарихни гапирмай, 4-5 йил олдин порлаб турган қанчадан қанча қиёфани бугун ҳеч ким эсламайди. Уларнинг ўзлари ҳам ўйнаган ролларини қайтиб кўрмаса керак.
Қай бир даражада роль ўйнаш мумкин, лекин санъатни ўйинчоқ қилиш мумкин эмас. Асло! Бугун нима бўляпти? Актёрнинг сири кўтарилиб кетди. Устозларимиз саҳнада икки соат роль ўйнаса ёки тўрт соат суратга олиш жараёнида бўлса, етти-саккиз соат репетицияда ёки кутубхонада бўларди. Устозларимиз ўзини ўзи реклама қилиш, уюштирилган саволларга жавоб бериш, умуман, ишдан ташқарида омма диққат марказида бўлишни ёқтирмаган. Бу кибрдан эмас, улар халқнинг меҳрини йўқотиб қўйишдан чўчиб, тинимсиз ишлаган. Обрў қозониш ҳамма замонларда осон бўлган, лекин уни сақлаб қолиш қийин. Мана, гап қаерда?
Айрим ҳамкасбларимиз, айниқса, ёшларнинг Интернетдаги тийиқсиз чиқишларини кўриб, уларнинг мақсадини тушунмай қоламан, тўғриси. Одам бахтли дамларини халқ билан бўлишса, зарари йўқдир. Лекин ҳар бир қадамини элга достон қилиб, томошабинни ўзидан бездиришнинг оқибати нима бўлади? Маиший фонда кўзни ўргатиб қўйган актёрнинг ижросига ким ишонади кейин? Кечирасиз, соҳилда тушган очиқ-сочиқ суратини Интернетга қўйиб, кейин экранда халоскор ёки маъсума қиёфасида чиқса, бу ёғи қанчадан тушади?
Ёшларга эртакдай туюлади. Лекин биз кўчада Ҳамза Умаров ёки Наби Раҳимовни кўриб қолсак, ҳаяжондан қотиб қолардик. Мабодо, ўқиш ё спектакллар якунида саломимизга алик олиб қўйса, мақтаниб юрардик. Чунки улар ниҳоятда сирли, салобатли одамлар эди.
Ҳозир болангиз тенгилар ҳам сўраб-нетиб ўтирмай микрофонини нақ бурнингиз тагига олиб келиб, камерасини пешонангизга тираб сўроқ-савол қилишга ўтади. Савол сўрашнинг ҳам маданияти бор, жойи, тартиб-қоидаси бор. Мен бундай нарсаларни қабул қилмайман. Майли, Интернетда трендга чиқмай, лекин ўзимнинг принципларимдан чекинмайман. Шунинг учун кўпинча интервью ва суҳбатларни рад этаман.
– Демак, суҳбатимизнинг бир ой орқага сурилгани сабаби ҳам шунда…
– Рости, “Жадид” газетасининг номини биринчи эшитганимдаёқ сергак тортганман. Чунки санъаткорлар маърифатпарвар боболаримиздан қарздор. Ўзбек киноси юлдузларини айнан жадид театри тарбиялаб берган. Шу важдан, ўзимнинг қолипимдан чиқиб, суҳбатга тайёргарлик кўришимга вақт керак бўлди.
– Актёр шахсиятига яқин ролларни танлайди, ҳар бир ролда ўзининг бир парчаси бўлади, деган гапларга қандай қарайсиз? “Кичкина табиб”даги Тешавой, “Юлдузингни бер, осмон”даги Шукур, “Чархпалак”даги Эгамқул образлари ички дунёнгизга қанчалик яқин?
– Санаганларингиз орасида залвори оғири – Эгамқул образи. Чунки сериалда суратга тушиш кинодан кўра анча мураккаб. Аввало, жараён узоқ вақт давом этади. Ойлар, ҳатто, йилларга чўзилган суратга олиш жараёнида шахсий ҳаётингизда, ички дунёнгизда, соғлигингизда, жамиятда турли-туман ўзгаришлар, эврилишлар содир бўлади. Лекин аввалдан ёзилган сценарий буни тан олмайди. Биринчи қисмдаги образни охиригача сақлаб туришга мажбурсиз. Ҳатто, мимикалар, тана ҳаракати, энг муҳими, нигоҳлардаги ифоданинг ўзгариши ҳам томошабин эътиборидан четда қолмайди. Ўша Эгамқул ўзида ўз давридаги ўзбек эркаги кайфиятини акс эттирган. Ўзбекда қанақа хислатлар бўлса, ҳаммаси мужассамланган.
Феъл-атворимга келадиган бўлсак, мужмаллик, мавҳумликни ёмон кўраман. Гапирганда ҳам шунақа, бетга айтганнинг заҳри йўқ, деб ўйлайман. Нафратим ҳам, севгим ҳам аниқ бир нуқтага йўналтирилади.
Актёр ўзига берилган ролга виждонан ёндашиб, бор маҳоратини кўрсатиб, қаҳрамонини юзага чиқариши керак. Лекин ҳар доим ҳам образ ва шахсият мос тушавермайди. Кино ва театрнинг машаққатларидан бири ҳам шунда – мутлақо янги характерни олиб чиқасиз, мутлақо бошқа одамга айланасиз. Нима бўлганда ҳам, ролда, албатта, бир парчангиз бўй кўрсатади. Бусиз жонли чиқмайди.
– Яқинда устозлар байрамини нишонладик. Сизнинг ҳаётингизда устозларнинг ўрни қандай?
– Бугун сиз Карим Мирходиев билан суҳбат учун келган бўлсангиз, Карим Мирходиев шу жойгача устозлари шарофати билан етиб келган.
Қаранг, мен мактабда рус тилида ўқиганман. Островский номидаги Тошкент давлат театр ва рассомлик институтига кириш имтиҳонларида иншо ёзиш керак экан. Ижодий синовлардан ўтдим. Иншодаги ғализликлар-у имло хатоларни ўзингиз тасаввур қилаверинг. Шу пайт домлалардан бири – Раҳмат Сайфуддинов ижромдан қониқди, шекилли, ёзганимни комиссия олдига қўйиб, “Мана шу болага ёрдам қилайлик. Таланти борга ўхшаяпти. Майли, кирсин, камчилигини битирганча тўлдириб олади”, деди. Комиссия устознинг юзидан ўта олмадими ёки бошқаларга ҳам амалий ишим маъқул бўлдими, ҳар ҳолда, талаба бўлдим.
Ҳали талаба пайтимиз, кимсан Бахтиёр Ихтиёров институтга келиб, диплом спектаклимизни кўрган. Биз бунгача у кишини фақат киноларда кўрардик. Якунда саҳнага чиқиб: “Шу кунни эслаб қолинглар! Ҳусан Мусабоев, Малика Бегматова (Қаюмова), Карим Мирходиев, шу бугундан эътиборан сизлар “Ёш гвардия” театрининг актёрларисиз!” деб эълон қилган. Профессионал саҳнага илк қадамим “Ўн саккиз ёшлигим” спектаклидаги бош ролдан бошланган.
“Илҳом” театрида ишлаган пайтимда бош режиссёримиз Анатолий Қобулов мени янги фильмга тавсия қилди. Синовдан сўнг Тўлепберген Қайипбергеновнинг “Қорақалпоқ қизи” романи асосида олинган “Бўйсунмас” бадиий фильмидаги бош қаҳрамонлардан бири – Турумбет ролига қабул қилишди. У асосий қаҳрамон – Жумагулнинг (Тамара Шокирова ижросида) турмуш ўртоғи бўлади. Фильмда Халқ артисти Наби Раҳимов билан суратга тушганмиз. Бундан ортиқ омад бўладими? Шу тариқа, устозларимнинг тавсиялари билан кинога ҳам бош ролларда қадам қўйганман. Буларнинг ҳаммаси устозларимнинг ғамхўрлиги, бағрикенглиги ва ишончи маҳсули эди. Менга берилган унвон ҳам аслида устозларимга тегишли, десам, буям адолатдан бўлади.
– Ҳар бир ролингиз ҳақида худди ҳозиргина суратга олиш майдонидан чиқиб келгандай гапиряпсиз. Ўзингизга манзур бўлмаган ижроларингиз ҳам борми?
– Одам ҳар бир фарзандининг туғилган вақтини, вояга етказган йилларини унутмайди. Роллар ҳам актёр учун шундай гап.
Маъқул бўлмаган ижроларим бор, эслаш шарт эмас. Ўзим хулоса чиқарганман. Лекин умуман ўйнамаган бир ролни менга нисбат беришади. Шунга изоҳ бермоқчиман: “Карим Мирходиев “Алибобо ва қирқ қароқчи” фильмида эпизодик роль ўйнаган”. Мен тушмаганман у картинада. Ҳатто, оммавий саҳналарда ҳам йўқман. Шу маълумот манбаи аниқланса, тузатиб қўйишларидан умидворман.
– Кино – ярим санъат, ярим саноат, деган гап бор. Аммо бугун бу соҳа тўлиқ саноатлашиб кетаётган ҳолатлар ҳам оз эмас. Хонтахта сериаллар-у, енгилтак фильмлар ижтимоий тармоқлар, сайтларда урчиб ётибди. Ёшларнинг ҳам ролларга бўлган муносабати шунга яраша. Бўлғуси санъаткорларга қайси соҳаларни чуқурроқ ўрганишни маслаҳат берасиз?
– Актёр ҳамма соҳадан бохабар бўлиши керак. Унга қачон ва қандай роль тегишини билмайди-ку. Тасвирий санъатни ҳам тушуниши, адабиётни, мусиқани ҳам ҳис қилиши керак.
Кино ва сериаллардаги энг таъсирчан саҳналарнинг келиб чиқишини астойдил ўргансангиз, албатта, уларнинг ортида бир машҳур рассомнинг картинаси турган бўлади. Суратлардаги ҳолат ва кайфиятни астойдил ўрганиш образга жон бахш этади. Рембрандтнинг “Адашган ўғилнинг қайтиши” деган асари бор. Дейлик, кинода афсус ва тавба-тазарру эпизоди бор. Ҳолатни чиқариб бера олмаяпти актёр. Тайёр “шпаргалка”дан эса хабари йўқ. Шунинг учун “Кузатинглар. Актёр кузатувчан бўлиши керак, эслаб қолиши керак”, дейман ёшларга.
Яна бир жиҳати, тасаввур ҳам кенг бўлиши керак. Кулги саҳнасини амалласа бўлар, лекин йиғи ва ғазабни сунъий чиқариб бўлмайди. Кўзингизга дори томизиб ёш чиқарарсиз, аммо нигоҳ сотиб қўяди-ку. Шунинг учун, актёр ҳаётнинг баланд-пастини кўрган бўлса, яна яхши. Айни суратга олиш чоғида ўзини бир вақтлар ғазаблантирган воқеани эслаб қолади. Хаёлида жонлантиради. Мана, тайёр образ. Жонли.
Назаримда, бугун кинода юзакилик ортиб боряпти. Бу худди муқоваси ялтироқ журналга ўхшайди: чиройли, ўзига жалб қилади, ичини очсангиз “пичоққа илинадиган” нарса йўқ. Ижроларда ички ҳислар йўқ. Самимийлик йўқ. Шунга қарамай, жуда кам бўлса-да, кўришга арзийдиганлари ҳам чиқади.
Авваллари томошабин диди ҳақида бошқалар қайғурарди. Энди ҳар ким ўзи учун ҳаракат қилиши керак. Одамлар қўлида имконият кенг: изласин, топиб кўрсин арзирли фильмларни. Агар буни истамаса, демак, “олдига қўйганни емоқ”дан бошқа чора йўқ. Айтса, гап кўп. Ишлаш керак.
– Қисқа ва мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Сизни янги ва яхши ролларда кутиб қоламиз.
Зарнигор ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 10 октябрдаги 41-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
856



